Абдуллоҳ ибн Наҳм ибн Афифнинг асл исми Абдулуззо бўлган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) номини Абудуллоҳга ўзгартириб, “Зулбижодайн” (икки бўлак мато эгаси) дея лақаб қўйганлар. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) акалари Ҳузоий ва Мағфалдан олдин мусулмон бўлди. Амр ибн Авф Музаний ҳамда Амр ибн Авф (розияллоҳу анҳумо) ундан ҳадис ривоят қилишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) беш кишини ўз қўллари билан қабрга қўйганлар. Улардан бири Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу)дир.

* * *

Муҳаммад ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Зулбижодайн моли йўқ бир етим эди. Отаси ўлганда унга мерос қолдирмади. Амакиси қарамоғига олиб, унга давлат берди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида Зулбижодайн мусулмон бўлишни жуда-жуда истади. Лекин амакисига айтишга ботинолмай юрди. Шу тарзда йиллар ўтди.

Бир куни у: “Эй амаки, Исломни қабул этишингизни узоқ кутдим. Лекин сиз буни истамас экансиз. Шундай экан, мусулмон бўлиш учун менга рухсат беринг”, деди. Амакиси: “Агар Муҳаммадга эргашадиган бўлсанг, қўлингда бир тийин қолдирмайман. Берган ҳамма нарсамни тортиб оламан, ҳатто кийимингни ҳам”, деди. Шунда Зулбижодайн: “Аллоҳга қасам, мен мусулмон бўлдим ва тошларга ибодат қилишни ташладим. Мана, менда бори. Уларни олинг”, деди-да, барча нарсани қайтариб берди. Амакиси ҳатто унинг шалварини ҳам ечиб олди.

Онаси қалин бир дағал матони иккига бўлди ва бир бўлагини шалвар, иккинчи бўлагини кўйлак қилиб берди. Шундан сўнг Абдуллоҳ Зулбижодайн Мадинага қараб йўлга тушди. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Вариқон тоғи этагидаги масжидда эдилар. Зулбижодайн бу ерга саҳар вақти етиб келди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг одатларича, одамларга юзландилар. Шу вақт нотаниш йигитни кўриб қолдилар ва: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини таништирди. Исми “Абдулуззо” эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенинг исминг Абдуллоҳ, лақабинг Зулбижодайндир”, дедилар

Шу-шу Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг меҳмонларига айланди ва Қуръони каримни ўрганишга киришди».

* * *

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) масжидда намоз ўқиётганида овоз чиқариб қироат қилиши билан машҳур эди. Бир куни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, Қуръонни баланд овозда ўқиётган анави аъробийни кўряпсизми, ахир одамларни бундан қайтарган эдингиз-ку?” деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Умар, уни тинч қўй, у Аллоҳ ва расули учун ҳижрат қилган муҳожирдир”, деб марҳамат қилдилар.

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зулбижодайн исмли киши ҳақида: “У Аллоҳ таоло (азобидан) қўрқиб кўп йиғловчи бандадир”, деб айтдилар. Чунки у Қуръони каримни ўқиб, Аллоҳ таолони кўп зикр этар ва баланд овозда дуо қиларди”.

Адроъ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­ни қўриқлаб юрардим. Бир кеча ташқарига чиққанларида мени кўриб қолиб, қўлимдан тутдилар ва биз бирга кетдик. Йўлда намоз ўқиётган кишининг ёнидан ўтдик. Унинг баланд овозда қироат қилаётганини кўриб: “Менимча, у риёкор”, дедим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, аксинча, у кўп тавба қилувчидир”, дедилар. Мен ўша кишига қарадим, у Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу) экан” (Имом Аҳмад).

* * *

Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу) Табук ғазотига чиққанида: “Ё Расулуллоҳ, шаҳид бўлишимни сўраб, Аллоҳга дуо қилинг”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Менга самура дарахтининг пўстини келтир”, дедилар. У топшириқни бажаргач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пўстлоқни олиб Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)нинг билагига боғлаб қўйдилар ва: “Ё Аллоҳ, мен унинг қонини кофирларга ҳаром қиламан”, дея дуо қилдилар. Буни эшитган Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, мен истаётган нарса бу эмас”, деб эътироз билдирди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар сен Аллоҳ йўлида ғозий бўлиб йўлга чиқсанг ва иситмалаб, вафот этсанг, шаҳидсан. Уловингдан йиқилиб, бўйнинг синса ҳам шаҳидсан”, деб тушунтирдилар. Улар Табукда бир кун турдилар. Сўнг Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу) вафот этди (Имом Воқидий, “Мағозий” асари).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ Зулбижодайн (розияллоҳу анҳу)нинг вафоти ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Ярим кечаси ўрнимдан турдим. Ўшанда мен Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан Табукда эдим. Шу вақт аскарлар томонида машъала кўринди. Бориб қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам), Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо) экан. Абдуллоҳ Зулбижодайн Музаний (розияллоҳу анҳу)нинг жони узилган эди. Улар унга қабр ковлашибди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қабрга тушдилар. Абу Бакр ва Умар Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)ни у зот (алайҳиссалом)га узатишмоқда эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дўстингизни менга яқин келтиринглар”, дедилар. Маййит қабрга туширилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Абдуллоҳни лаҳадга қўйиб бўлгач: “Ё Аллоҳ, мен ундан рози бўлдим. Сен ҳам ундан рози бўл”, деб дуо қилдилар. Шундан кейин: “Кошки қабр эгаси мен бўлсам эдим”, деб орзу қилдим» (Ҳофиз ибн Ҳажар).

 

Манбалар асосида Китоб тумани бош имом-хатиби Луқмонхон ОЛИМОВ тайёрлади.