Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) тоғ тарафдан бир қудуқни сотиб олди, кейин бир туя сўйиб одамларни таомлантирди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Талҳа, сен файёзсан!” дедилар» (Абу Нуъайм).

«Файёз» тошқин дарё маъносини англатади. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бежиз унга бундай куня бермаганлар. У топган нарсасини мусулмонлар фойдаси учун хайру эҳсон қилишга ошиқар эди.

*   *   *

Жаннат башоратини олган ўн саҳобанинг бири Талҳа ибн Убайдуллоҳ Қурайший, Таймий Маккийдир. Куняси: “Абу Абдуллоҳ”. “Абу Муҳаммад”, деганлар ҳам бор. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг таклифи билан Исломни саккизинчи бўлиб қабул қилди. Ўрта бўйли, кўркам юзли, шахдам ҳаракатли бу инсон ақллилиги, кенгфеъллиги ва сахийлиги билан мусулмонлар қалбидан жой олди. Шунингдек, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-нинг божалари бўлиб, ўн бир ўғил ва икки қиз фарзанди бўлган. Ўғилларига пайғамбарлар исмини қўйган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Бадр куни уни “Талҳатул хайр” (Хайрихоҳ Талҳа), Зул Аширо ғазотида “Талҳатул файёз” (“Тошқин дарё”, яъни қўли очиқ Талҳа), Хайбарда эса “Талҳатул жууд” (Сахий Талҳа) деб атаганлар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) маслаҳатини олган олти саҳобанинг биридир.

Сахий Талҳа

Имом Заҳабий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таоло йўлида азият чекди, сўнг ҳижрат қилди. Шом тижоратида бўлгани сабаб Бадрда иштирок этолмади. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлжаларидан унга улуш ажратганлар” (Имом Ҳоким).

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ер юзида юрган шаҳидни кўриш кимни хурсанд этса, Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа).

Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) бой ва мард эди. Хотини Сўъда бинти Авф (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Бир куни Талҳа уйга кирди. У хафа ҳолда: “Молим кўпайиб, мени ғамга ботириб юборди”, деди. Мен: “Сизга бунинг нима зарари бор?” деб сўрадим. Талҳа: “Уни тақсимлайман”, деди ва бир дирҳам ҳам қолдирмасдан барчасини тарқатиб юборди».

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Талҳа (розияллоҳу анҳу)дан кўра сўралмаса ҳам кўп мол берадиган одамни кўрмадим” (Абу Нуъайм).

Соиб ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)га сафарда ҳам, муқимликда ҳам ҳамроҳ бўлдим. Дирҳам, кийим ва таомда унингчалик сахий одамни учратмадим” (Абу Нуъайм).

Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ўз қариндошларининг харажатларини ҳам кўтарар эди. Уларнинг ичида никоҳланмагани бўлса, никоҳлаб қўяр, камбағали бўлса, хизматини қилар, қарздорлари бўлса, қарзини узарди.

Талҳанинг куни

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Уҳуд куни одамлар қочиб кетишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқа томонда ўн икки киши билан қолдилар. Уларнинг орасида Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) бор эди. Улар ҳалок бўлгунига қадар жанг қилишди. Шу тариқа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан фақат Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) қолди ва ўн бир киши билан яккама-якка курашди. Жанг асносида бармоқларидан айрилди. Сўнг Аллоҳ таоло мушрикларни қайтарди” (Имом Насоий).

Ўша куни Пағамбаримиз (алайҳиссалом) эгниларига икки қават совут кийган эдилар. Қояга чиқмоқчи бўлдилар. Лекин совутлари оғирлик қилиб, чиқолмадилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) энгашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг елкасига чиқиб, қояга кўтарилиб олдилар ва: “Талҳа жаннатга сазовор бўлди”, деб айтдилар (“Ал Бидоя ван Ниҳоя” асари).

Мана шу сабабларга кўра, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Уҳуд куни зикр қилинганида: “Бу бутунлигича Талҳанинг кунидир”, дерди.

Ваъдасига вафодор

Талҳа (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари бир аъробийга: “У зот (алайҳиссалом)дан ваъдасига вафодор одам ким эканини сўраб бергин”, деб мурожаат этишди. Ўзлари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳурматлари ва салобатларидан савол сўрашга журъат этишолмасди. Ҳалиги аъробий савол сўраганида у зот (алайҳиссалом) жавоб бермадилар. Кейин яна сўради, жавоб бермадилар. Сўнг яна бир бор сўради, жавоб бермадилар. Шу вақт мен масжиднинг эшигидан кириб келдим. Эгнимда яшил кийимим бор эди. Мени кўришлари билан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ваъдасига вафодор одам ҳақида сўраган киши қани?” деб айтдилар. Аъробий: “Мана мен, ё Расулуллоҳ”, деди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Ваъдасига вафодорлардан бири мана бу одам”, деб марҳамат қилдилар».

*   *   *

Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган иккита ҳадисга Имом Бухорий ва Имом Муслим иттифоқ қилишган. Шунингдек, Имом Бухорий иккита, Имом Муслим учта ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган.

Талҳа (розияллоҳу анҳу)дан ўғиллари Яҳё, Мусо ва Исо, яна Соиб ибн Язид, Молик ибн Авс Абу Усмон Наҳдий, Молик ибн Абу Омир Асбаҳий, Аҳнаф ибн Қайс Тамимий, Абу Салама ибн Абдураҳмон ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

*   *   *

Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) жумодул охир ойидан ўн кун ўтиб, ҳижрий ўттиз олтинчи йили олтмиш ёшида шаҳид этилди.

Манбалар асосида Маҳкам МАҲМУДОВ ва Нодира МУСАЕВА тайёрлашди.