Машҳур саҳобалардан Зубайр ибн Аввом ибн Ҳувайлид Асадий Қурайший (розияллоҳу анҳу)нинг насаби Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насаблари билан Килобда туташади. У Хадича онамиз (розияллоҳу анҳу) сингари Бани Асад уруғидан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) аммалари София бинти Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳо)нинг ўғли бўлган.

Ибн Саъд (раҳматуллоҳи алайҳ) “Тобақотул Кубро” асарида София бинти Абдулмуттолиб (розияллоҳу анҳо) ўғли Зубайрга қаттиққўллик билан тарбия бераётганини кўриб одамлар: “Ахир уни жуда қийнаб юбординг”, деганларида: “Мен уни пишисин, қатъиятли бўлсин дейман”, деб айтганини келтирган.

Йиллар ўтиб, онанинг орзуси ушалди. Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) баланд бўйли, ўта чидамли бўлиб вояга етди. Унда вафодорлик, бирсўзлик, сахийлик каби фазилатлар мужассам эди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қўлидан тутиб: “Ҳар бир пайғамбарнинг хос ёрдамчиси бўлган, менинг хос ёрдамчим Зубайр ибн Аввомдир” деб марҳамат қилдилар (Имом Ҳоким).  

Зубайр (розияллоҳу анҳу) олдинига фақирона ҳаёт кечирди. Аёли Асмо (розияллоҳу анҳо) уй ишларидан ташқари чорва боқиш, ўтин териш кабилар билан турмуш ўртоғига ёрдамлашди. Кейинроқ Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) тижорат билан шуғулланиб, бойиб кетди. Аммо сахийлиги туфайли уйида бирор нарса турмаган. Катта маблағ тушса, уйигача етиб бормай, йўлдаёқ одамларга тарқатиб юборарди.

Ойша (розияллоҳу анҳо)  ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Зубайрнинг уйида чироқ ёниб турганини кўрдилар ва “Эй Ойша, Асмо фарзандли бўлганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен ўзим қўяман”, дедилар. У зот чақалоқни Абдуллоҳ деб атадилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар”» (Имом Термизий).

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) маслаҳат олган олти саҳоба, “аҳли шўро”нинг бири Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) бўлган.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг замонига келиб Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланди.

Зубайр ибн Аввом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир лаҳза ҳам ажрамади. Доимо хизматларида бўлиб, буюрилган ишни сидқидилдан адо этарди. У киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан жами ўттиз саккизта ҳадис ривоят қилди. Ҳижрий ўттиз тўртинчи санада (милодий 656) Басрада вафот этди.

 

Манбалар асосида «Саййид Муҳйиддин Махдум» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Алиқул РАҲМОНҚУЛОВ тайёрлади.