Хазраж қабиласининг раиси Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу)нинг таклифи билан бутун хазражликлар мусулмон бўлишди. Улар орасида Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Мўминлик тожини ўн саккиз ёшида кийган бу йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриш учун Мадинадан Маккага келди. Иккинчи Ақоба байъатида, кейинчалик эса барча юришларда иштирок этди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўлчи юлдуз мисоли дўстларидан бири, ансорларнинг пешқадамларидан Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс эди. Куняси: Абу Абдурраҳмон. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганлари ҳамон у зот (алайҳиссалом)дан ажралмади. Қуръони каримдан сабоқ олди, ислом шариатини ўрганиб, ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган олти саҳобанинг бири бўлди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни мазкур тўрт киши – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинг”, дея марҳамат қилганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал).

Асҳоби киром орасида бу саҳобий келишган қад-қоматли одамгина эмас, балки юмшоқ феълли, ҳаёли ва жўмард киши сифатида ҳам танилганди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни жуда яхши кўрар ва буни ўзига ҳам айтиб турардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, Аллоҳга қасам, мен сени жуда яхши кўраман. Шунинг учун сен ҳар бир намоз сўнгида: “Ё Аллоҳ, зикринг, шукринг ва Сенга гўзал ибодат қилишимда менга кўмак бер”, деб дуо қилишни унутма”, деганлар.Уни муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) билан биродар тутинтирганлар.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ҳаёт кечиришда зуҳду тақвога катта аҳамият берарди. Кечалари намоз сўнгида: “Ё Аллоҳ, ҳозир кўзлар уйқуда, кўкда юлдузлар порлаб турибди. Сен эса доимо барҳаётсан ва ҳар лаҳза махлуқларингни кузатиб турасан... Раббим, менга дунё ва охиратда ҳидоят насиб эт! Шубҳасиз, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан”, деб дуо қиларди (Ибн Асир).

Ҳазрат Муоз (розияллоҳу анҳу) Ибн Аббос, Ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилган ҳадислари 157 тани ташкил этади. Бу зот айни пайтда фақиҳ саҳобалардан бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт пайтларидаёқ фатво бера бошлаган эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу хусусда: “Умматим орасида ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган киши Муоз ибн Жабалдир!” деганлар (“Тажриди сариҳ”).

Шунингдек, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабални кишиларга исломни ўргатиш, Қуръондан таълим бериш ва ёд олдириш учун Яманга юборганлар. Жўнаб кетаётганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан ўрталарида кечган мазкур суҳбатни ҳазрат Муоз (розияллоҳу анҳу) кейинчалик энг эзгу хотира сифатида сўзлаб берган: “Аллоҳнинг Расули ўшанда мендан сўрадилар: “Эй Муоз, (сендан бир масала сўралганда) нима билан ҳукм қиласан?” Мен: “Аллоҳнинг китоби билан”, дедим. “Агар ундан (жавобни) топа олмасанг-чи?” сўрадилар яна. “Расулуллоҳнинг суннатлари билан”, деб жавоб қилдим. “Ундан ҳам топа олмасанг-чи?” яна савол бердилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). “У ҳолда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, дедим. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Пайғамбари рози бўлган нарсада муваффақиятли қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” дедилар” (Ибн Саъд).

Яманга жўнаб кетаётган Муоз ибн Жабал билан Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу муборак сўзларни айтиб видолашдилар: “Эй Муоз, балки бу сўнгги учрашувимиз бўлар. Аллоҳ сенга ҳидоят насиб этсин, олдингдан ва ортингдан, ўнгингдан ва сўлингдан, остингдан ва устингдан келадиган ҳар турли бало-офатлардан сақласин. Сендан инсонлар ва жинларнинг ёмонликларини нари қилсин. Эй Муоз, балки масжидимни ва қабримни зиёрат қиларсан”. Бу сўзларни Муоз юрак-бағри ўртаниб эшитди ва қайғудан йиғлаб-йиғлаб, ҳасрат билан йўлга чиқди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг айтганлари бўлди. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) Ямандан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг мўминларга раҳбарлиги вақтида қайтди. Қолган умрини Шомда ўтказди ва Иорданияда тоун касалига чалиниб, жуда эрта – ўттиз саккиз ёшида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал ШОАКБАР ўғли тайёрлади.