Абу Саид Худрий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга хитоб қилиб: "Аллоҳ бир бандага дунёда (абадий қолиш) билан ўзининг ҳузуридаги (неъматларни) танлаш ихтиёрини берди. Бу банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани танлади", дедилар. Шунда Абу Бакр йиғлаб юбордилар. Биз ихтиёр берилган банда ҳақида Расулуллоҳ хабар берсалар Абу Бакрнинг йиғлашларидан ажабландик. Бу ихтиёр берилган киши Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ўзлари эдилар. Абу Бакр бу ҳақида бизнинг энг билувчимиз эдилар. Шу боисдан ҳам Жаноб Расулуллоҳ: "Менинг учун ўзининг суҳбати ва мол-дунёси борасида энг эҳсонда бўлувчи киши Абу Бакрдир. Агар Раббимдан бўлак (яна) бир кишини ўзимга дўст тутадиган бўл­сам, Абу Бакрни дўст тутган бўлар эдим. Аммо мусулмонлар учун Аллоҳ таолодан ортиқроқ дўст йўқ бўлиб, улар орасида Ислом биродарлигию муҳаббати (мавжуд бўлиши керак). Масжидда Абу Бакрнинг эшикларидан бўлак бирорта эшик қолмасин!" дедилар (яъни, ҳар ким масжид ҳовлисига ўз ҳовлисидан эшик очиб олган эди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ана ўша эшикларни назарда тутяптилар)" (Бухорий ривояти).

 

* * *

Ибн Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қиладилар: "Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (ҳаётлик) вақтларида (саҳобалардан) ҳеч кимни Абу Бакр Сиддиққа тенглаштирмас эдик. Кейинги ўринда ҳазрат Умар, ундан ке­йинги ўринда ҳазрат Усмон турардилар. Сўнг, у зотнинг саҳобаларини бир-бирларидан афзал кўрмасдик" (Бухорий ривояти).

 

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Алига (Аллоҳ ундан рози бўлсин): "Сен мендан ва мен сендадирман", деганлар (Бухорий ривояти).

 

* * *

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Алидан рози бўлиб бу дунёдан кўз юмдилар", дейдилар (Бухорий ривояти).

 

* * *

Иброҳим ибн Саъд­нинг оталари ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Алига: "Сен менинг олдимда Ҳоруннинг Мусо (алайҳиссалом) олдида тутган ўрни каби ўрин тутишингга рози бўлмайсанми?!" дедилар" (Бухорий ривояти).

 

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаъфар ибн Абу Толибга: "Сенинг (қиёфанг ва хулқинг) менинг қиёфам ва хул­қимга ўхшайди", деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

 

Замира ҚОСИМОВА тайёрлади.