Имом Заҳабий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) илм, амал ва қалб саломатлигини жамлаган кишилардан биридир. Ҳокимлик уни ўзгартиролмади, дунё уни ғурурлантиролмади” (“Сияру аъламин нубало”). Бу зот (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан илм ўрганди. Ҳазрат Умар ва Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳум) даврида Басрага волийлик қилди.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Қавмимдан элликдан ошиқ киши билан Нажошийнинг ҳузурига бориш учун Ямандан чиқдик. Дўстларим Абу Руҳм, Абу Амр, шунингдек, Жаъфар ва унинг ҳамроҳлари ҳам кемада биз билан бирга сафар қилдилар.

Хайбар фатҳи куни Мадинага қайтиб келдик. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизга икки сафар насиб бўлди: “Нажошийнинг ҳузурига ва менинг ҳузуримга сафар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Мусо Ашъарий ва унинг қавмдошларини жуда яхши кўрардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эртага олдингизга Исломга кўнгиллари сиздан кўра мойилроқ бир қавм келади”, дедилар. Кўп ўтмай ашъарийлар келишди. Улар яқинлашаётганида бундай дердилар: “Яқинда бизга суюкли бўлган Муҳаммад (алайҳиссалом) ва унинг саҳобалари билан кўришамиз...”. Етиб келишгач, қўл бериб кўришдилар. Биринчи бор қўл бериб саломлашишни жорий қилган шулар бўлади” (Имом Аҳмад).

Иёз Ашъарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “...Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган...” (Моида, 54) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Мусо, улар сенинг қавмингдир”, деб уларга ишора қилдилар” (Имом Ҳоким).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг саҳобалари орасида Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)га тенг келадиган овоз соҳиби топилмасди. Унинг ўзи бундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Мусо, дарҳақиқат, Довуд каби сенга ҳам хуш овоз берилган”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Абу Мусо(розияллоҳу анҳу)-нинг овози жуда ҳам ширали эди. Бир куни кечаси у туриб намоз ўқиди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) аҳллари уйғониб, уни тинглай бошлашди. Тонг отганда унга: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонидагилар бу кеча сени тинглашди”, деб айтилди. Бу хабарни эшитган Абу Мусо (розияллоҳу анҳу): “Агар бу ҳақда билганимда эди, уларни бундан ҳам кўп шодлантирган, бундан ҳам кўп завқлантирган бўлардим”, деди (Ибн Саъд, “Табақот”).

Абу Усмон Наҳдий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) овозида найда ҳам, танбурда ҳам сажда бўлмаган бир шира бор эди. У имомликка ўтган пайти гўзал қироатини кўпроқ эшитишни ўйлаб Бақара сурасини ўқисайди, дердик” (Ибн Асокир).

 

* * *

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ҳадис ривоят қилишга катта эътибор қаратди. Ундан Бурайда ибн Ҳусайб, Абу Умома Бохилий, Абу Саид Худрий, Анас ибн Молик, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Мусаййиб, Асвод ибн Язид, Абу Усмон Наҳдий, Абу Воил ва бошқа саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилдилар. Муҳаддислар Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган 355 та ҳадисни китобларига киритишган.

 

* * *

Солиҳ ибн Мусо Талҳий (раҳматуллоҳи алайҳ) отасидан ривоят қилади: “Ашъарий ўлими олдидан ибодатга шиддат билан киришди. Унга: “Ўзингизни бунча қийнаманг”, дедилар. У: “Пойгада маррага яқинлашиб қолган от ўзидаги бор кучни ишга солади. Менинг вақтим эса бундан ҳам оз қолди”, деб жавоб берди” (Ибн Асокир).

Имом Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Абу Мусо Ашъарий қирқ тўртинчи йили вафот этди”.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти

мударриси

Жаҳонгир НЕЪМАТОВ тайёрлади.