Усома ибн Зайднинг отаси Зайд ибн Ҳориса Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг асранди ўғиллари бўлган. Онаси Умму Айман Барака Ҳабашия Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) оналари Омина бинти Ваҳбнинг жорияси эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Зайд ибн Ҳориса инсонлар ичида мен учун энг суюклиси бўлган бўлса, ундан ке­йин бу Усома ибн Зайд инсонлар ичида мен учун суюклисидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усома билан неваралари Ҳасанни бирдек яхши кўрар, уларни бағирларига босарканлар: “Ё Аллоҳ, мен буларни яхши кўраман, сен ҳам уларни яхши кўргин!” деб дуо қилардилар (Имом Насоий).

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) навқирон ёшга етганида унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суйган хислатлар намоён бўлди. У зукко, ақлли, шижоатли, ёмон хислатлардан ўзини сақлаган, барчанинг муҳаббатини қозонган, тақводор инсон бўлиб етишди. Кўп ибодат қилар, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишни канда қилмас эди.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳаёти давомида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га нисбатан вафо рамзи сифатида мусулмонларнинг ҳурмат ва иззатларига сазовор бўлди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғли Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан кўра Усомага кўпроқ иш ҳақи белгилаган эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг дирҳам иш ҳақи тайинлабсиз. Ваҳоланки, унинг отасини фазилатли жиҳатлари сизникидан кўп бўлмагани каби Усоманинг фазилатлари ҳам меникидан ортиқ эмас”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Асло ундай эмас. Усоманинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун отангдан кўра севикли эди. Усома эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун сендан кўра севиклидир”, деди.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Воил, Абу Усмон Наҳдий, Урва ибн Зубайр, Абу Салама, Абу Саъид Мақбурий, Омир ибн Ҳасан, Абу Зубён, Ато ибн Абу Рабоҳ каби кўплаб саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилганлар.

 

Манбалар асосида Комилхон УМАРХОН ўғли тайёрлади.