Абдураҳмон ибн Абу Бакр (р.а.)нинг исми олдин Абдул Каъба бўлган. Кейинчалик Расулуллоҳ (с.а.в.) унга “Абдураҳмон” деб исм қўйдилар. Онаси Умму Румон бинти Омир (р.ан.). Абдураҳмоннинг оиласи бошқаларда топилмаган бир фазилат билан ажралиб турарди. Яъни, унинг хонадонидан тўрт авлод: бобоси Абу Қуҳофа, отаси Абу Бакр Сиддиқ, ўзи ва ўғли Абул Атиқ (р.м.) Расулуллоҳ (с.а.в.)га саҳоба бўлиш бахтига мушарраф бўлишди.

*  *  *

Аллоҳ таоло яратганларига инъом этиши мумкин бўлган барча яхшиликлардан Абдураҳмонни ҳам бенасиб қолдирмади. Қурайш қавмининг энг ботири, моҳир мергани ҳамда ажойиб шоири, ўз замонасида араб жазирасининг ўзғир чавандози ҳам Абдураҳмон эди.

Кунларнинг энг улуғи, мукаррами эди. Отасининг дўсти Муҳаммад Амин (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло томонидан рисолат берилди ҳамда у зот (а.с.)ни оламлар Сарвари бўлиш шарафига муяссар айлади. Албатта, бу ҳодиса ота бошлиқ ука-сингиллари томонидан қувонч билан қарши олинди. Лекин Абдул Каъбани асло қувонтирмади. У ўз йўлида давом этишни истарди.

Бадрда мушриклар томонида иштирок этди. Уҳуд куни эса жанг олдидан яккама-якка курашиш учун мусулмонлардан ўзига рақиб чорлади. Унинг бу чақириғига отаси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) жавоб қилмоқчи бўлди. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга йўл қўймадилар.

Кун келиб, ҳидоят нурлари Абдураҳмоннинг қалбини ёритди. Жаҳолат зулматидан озод бўлиш учун Мадина сари йўл олди. Макка фатҳидан бироз олдин, Ҳудайбия сулҳи арафасида мусулмон бўлиш шарафи унга насиб этди. Бундан отаси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) жуда қувонди. Ниҳоят, унинг тўнғич фарзанди, оиласининг ардоғи, эртасининг умиди Пайғамбар (а.с.)га эргашиб, саҳобалар қаторидан ўзига муносиб жой эгаллади. Исломни қабул қилган Абдураҳмон (р.а.)нинг ҳаёти янги тус, янги мазмун олди. У мақтовга сазовор мусулмонлардан бирига айланди. Самимий, қатъиятли, ихлосли, солиҳ ҳамда хушомаддан йироқлиги билан одамлар эътиборини қозонди. Ножўя хатти-ҳаракатлардан йироқ бўлди ва бор куч-ғайратини мусулмонлар фойдасига сарфлай бошлади.

От изини той босади, дейишади. Абдураҳмон ҳам отаси Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) сингари одамлардан ёрдамини аямайдиган очиқ қўл инсон бўлиб етишди. Ривоят қилишларича, бир араб аёли Абдураҳмон (р.а.)нинг олдига келиб, бундай шикоят қилади: “Ҳузурингга баланд-пастликлардан иборат кенг ердан келдим. Чўл мени оздириб, суягимни мўртлаштирди ҳамда ғамга ботириб юборди. Оилам ва кўп болаларимдан жудо бўлдим. Шундан сўнг юртим менга торлик қилди. Бошпана берадиган қариндошим ҳам, ҳимоя қиладиган қавмим ҳам йўқ. Мен араб маҳаллаларидан саховатпеша, айб-нуқсонлардан холи, кўп кишиларга яхшилиги теккан, сўраган кишини қуруқ қайтармаган инсон ҳақида суриштирдим. Сенга йўллашди. Ҳавозинлик бир аёлман. Шунинг учун ё шикоятларимни қондирасан ёки юртимга жўнатиб юборасан”. Абдураҳмон ибн Абу Бакр (р.а.): “Барча сўраганларинг амалга оширилади”, деб айтди.

*  *  *

Ойша онамиз (р.ан.) ривоят қилади: «Акам Абдураҳмон (р.а.) Пайғамбаримиз (а.с.)нинг бетоблик вақтларида зиёратларига кирди. Қўлида ҳўл мисвок ҳам бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) мисвокни жуда яхши кўрардилар. Шунинг учун назарларини мисвокка тикдилар. Мен: “Эй Абдураҳмон, мисвокдан синдириб бер”, деб айтдим. Сўнг уни оғзимда юмшатиб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг оғизларига солдим. Улар мисвок қилдилар».

*  *  *

Абдураҳмон (р.а.)нинг саботи ва қаҳрамонлиги Мусайлама каззоб ва диндан қайтганларга қарши жанг майдонларида катта самара берди. У диндан қайтганларни ҳимоя қилган Муҳаккам ибн Туфайлни енгиб, тарафдорларининг тарқалиб кетишига эришди.

Абдураҳмон (р.а.) ҳеч қачон ёлғон сўз ёки амал содир этмади. Абдуллоҳ ибн Нофе ибн Собит Жубайрий айтади: «Муовия одамларни ўғли Язидга мажбуран байъат қилишга чақирди. Абдураҳмон (р.а.) бош тортганда, Муовия унга минг дирҳам юборди. Абдураҳмон (р.а.) пулни рад этаркан: “Динимни дунё учун сотмайман”, деди».

*  *  *

Абдураҳмон (р.а.) Пайғамбаримиз (а.с.), отаси ҳамда бошқа саҳобалардан саксонга яқин ҳадис ривоят қилди. У кишидан ўғли Абдуллоҳ, жияни Қосим ибн Муҳаммад, Абу Усмон Наҳдий ва бошқалар ривоят қилишди. Бу ҳадислардан ўттизтасини Имом Бухорий ҳам, Имом Муслим ҳам (раҳимаҳумуллоҳ) “Саҳиҳ”ларида ривоят қилган.

*  *  *

Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 53 йили (милодий 675) Маккадан олти (баъзи манбаларда ўн икки) мил, узоқликдаги Ҳубшуй (баъзи манбаларда Ҳабаший) деган жойда тўсатдан, уйқусида вафот этади.Уни Маккага келтириб дафн этишади.

Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

 

Манбалар асосида Тошкент ислом

институти 1-босқич талабаси

Ҳасанбой ЭРГАШОВ

тайёрлади.