Саҳобаи киромлар... Муборак номингиз баҳор қуёши янглиғ кўнгилга илиқлик бахш этади! Ўрнак тўла ҳаёт йўлингиз ҳамиша сабоқдир. Мушкул дамларда, иккиланган онларимизда тўғри йўл танлашга журъат беради бизга!

 

Зайд ибн Амр

Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ибн Абду­луз­­зо Қурайший Адавийга Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарлик йилларини кўриш насиб этмади. Бир куни унинг ўғли Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, отам сиз кўрганингиз ва билганингиздек одам эди. Агар сизнинг пайғамбарлик кунларингизга етганида, албатта, имон келтирган ва эргашган бўларди. Унинг учун истиғфор айт­сан­гиз”, деб мурожаат қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳа, албатта. Унинг учун истиғфор айтаман. У маҳшарда ягона уммат бўлиб тирилади”, дедилар.
 
* * *
Зайд ибн Амр бутларга ибодат қилишдан воз кечиб, ўзини Аллоҳ таолога бағишлаган кишилардан. Ҳақ динни топиш истагида Шомга борди. Масиҳий ва яҳудийларни кўрди, лекин уларнинг динини тўғри деб топмади, сўнг: “Ё Аллоҳ, мен Иброҳим (алайҳиссалом) динидаман”, деди. Яна у қурайшликларга: “Қўйни Аллоҳ таоло яратди, унинг учун осмондан сув туширди, ердан ўт ўстирди. Сиз бўлсангиз қўйни Аллоҳдан бошқага атаб сўясизлар-а?!” дея таъна қиларди (Имом Бухорий).
Асмо бинти Абу Бакр (розияллоҳу анҳо) айтади: «Мен Зайд ибн Амрнинг Каъбага суянган ҳолда: “Эй қурайшликлар! Аллоҳга қасам, сизларнинг орангизда мендан бошқа Иброҳим (алайҳиссалом) динига эргашган киши йўқ”, деб айтганини эшитганман. Зайд ёш қизларни тириклайин кўмишга қатъиян қарши эди. Бирон кишининг ўз қизини ўлдириб юбормоқчи эканини билган заҳоти: “Тўхта! Зинҳор бундай қила кўрма! Уни ўзим боқиб оламан”, деб қизни ўз қарамоғига оларди. Улғайганидан сўнг отасига олиб келар ва: “Истасанг, уни сенга қайтараман. Йўқ десанг, ўзим боқиб оламан”, деб айтарди» (Имом Бухорий).
Зайд ибн Амр ибн Нуфайл Пайғам­баримиз (алайҳиссалом) келишларини муштоқлик билан кутди. Омир ибн Робиъа (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Зайд ибн Амрни Маккадан чиқиб, Ҳиро ғори томон кетаётганида учратиб қолдим. У менга: “Эй Омир, қавмимдан ажраб, Иброҳим (алайҳиссалом), ундан сўнг Исмоил (алайҳиссалом) эргашган динни ҳақ деб билдим. Шунингдек, мен Исмоил (алайҳиссалом) авлодидан, Абдулмутталиб ўғилларидан бўлган пайғамбар (алайҳис­салом) келишини кутмоқдаман. Лекин сезишимча, унга эргашиш менга насиб этмайди. Шундай бўлса-да, унга имон келтираман, пайғамбар эканини тасдиқлаб, гувоҳлик бераман. Агар ўша кунларга етиш сенга насиб бўлса, мендан салом етказгин”, деди. Вақти келиб, мусулмон бўлганимдан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га унинг саломини етказдим. У зот (алайҳиссалом) алик қайтардилар ҳамда унга раҳмат тилаб: “Мен унинг жаннатда этагини судраб юрганини кўрдим”, дедилар. Ўша ондан бошлаб саҳобалар Зайдни эслашган вақтларида унга раҳмат сўрайдиган бўлишди. Шу сабабдан ўғли Саид ҳамда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) Зайд ибн Амр ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)­дан сўрашди. У зот (алайҳиссалом): “Аллоҳ Зайд ибн Амрни раҳматига олсин, у Иброҳим (алайҳиссалом) динида вафот этди”, дея жавоб бердилар.
 
Саид ибн Зайд
Аллоҳ таоло Муҳаммад (алайҳиссалом)­ни пайғамбар этиб юборганида Зайднинг ўғли Саид (розияллоҳу анҳу)нинг қалбида имон нурлари порлади. Отаси етмаган кунлар, орзуларга ўғли етишди. Пешқадам саҳобага айланди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Дорул Арқамга кирмасларидан бурун мусулмонликни қабул этди.
Саиднинг умр йўлдоши Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг синглиси Фотима бинти Хаттоб (розияллоҳу анҳо) эди. Опаси Отика эса Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг завжаси бўлган. Кейинчалик Саид оиласи билан Мадинага ҳижрат қилди. Улуғ саҳобалардан бирига айланди.
 
* * *
Бадрдан бошқа барча юришларда иштирок этди. Бадрда бўлмаганининг сабаби, ўшанда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Саид билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳумо)ни Қурайш ҳақида хабар келтириш учун жўнатган эдилар. Улар Бадр воқеасидан сўнг қайтиб келишди. Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Бадрдан қайтганларидан сўнг Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Шомдан келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга улуш ажратдилар. Саид (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, менга ажр ҳам бўладими?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ажр бўлади”, деб марҳамат қилдилар».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрардилар. Ҳатто унга жаннат башоратини берганлари бир неча ҳадисларда ворид бўлган. Улардан бирини Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Али жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр жаннатда, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда, Саъд ибн Абу Ваққос жаннатда, Саид ибн Зайд жаннатда” ("Сунани Термизий").
Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига қадар у зот (алайҳиссалом), кейин эса хулафои рошидинлардан ажралмади. Ярмук жангида, Дамашқ қамали ҳамда унинг фатҳ этилишида иштирок этди. Шундан сўнг Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) Саидни Дамашққа волий этиб тайинлади.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) вафот этганда Саид ибн Зайд қаттиқ йиғлади. Ҳатто кишилар: “Эй Абу Авар, бошингизга қандай ташвиш тушди?” деб сўрашди. У: “Ислом учун йиғламоқдаман. Умарнинг ўлими қиёматгача беркилмайдиган бир ёриқ очиб кетди”, деб жавоб берди.
Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳижрий эллик биринчи йил, етмиш ёшдан ошганда Ақиқда вафот этди. Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ювиб, кафанлади. Сўнг уни Мадинаи мунавварага келтириб, дафн этишди.
Манбалар асосида
ТИИ 4-курс талабаси
Абдулносир БОБОМИРЗАЕВ
тайёрлади.