Хузайма ибн Собит ибн Фокиҳа, Ансорий, Маданий. Куняси: Абу Уммора. Фарзандлари: Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Уммора. Хузайма (розияллоҳу анҳу) Умайр ибн Адий (розияллоҳу анҳу) билан бирга Бану Хутома қабиласининг бутларини синдирган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни алоҳида фазилат билан тақдирлаганлар.

* * *

Уммора ибн Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу) амакисидан ривоят қилади (у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаларидан бўлган): “Бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадина бозорида бир отга харидор бўлдилар. От эгаси Саваъ ибн Ҳорис исмли аъробий эди. Савдолашиб бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пулни олиб келиш учун илдамлаб кетдилар. Аъробийга ортларидан боришини тайинладилар. У эса секин юрди. Бу орада отнинг сотилганини билмаган бир неча кишилар аъробий атрофини ўраб олиб, савдолаша бошлашди. Бирлари ­аъробийга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) от учун бермоқчи бўлган пулдан ортиғини таклиф этди. Савдолашиб бўлгач, ­аъробий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни чақириб: “Агар бу отни олмоқчи бўлсанг, пулни ҳозироқ бер. Бўлмаса мен уни сотиб юбораман”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) аъробийнинг сўзини эшитганлари заҳотиёқ: “Ахир мен уни сендан сотиб олдим-ку?!” дедилар. Аъробий: “Йўқ, Аллоҳга қасам, мен уни сенга сотган эмасман”, деб туриб олди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ахир уни сендан сотиб олдим-ку?” дедилар. Шу тариқа ўрталарида мунозара бошланди. Одамлар келиб уларни ўраб олишди. Бир вақт аъробий: “У ҳолда сўзингга гувоҳ келтир!” деб қолди. Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар аъробийга: “Шўринг қурсин! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақдан бошқани гапирган эмаслар”, дейишди. Бу орада Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу) келиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг даъволарини, кейин эса аъробийнинг: “Қани, сенга сотганим ҳақида гувоҳингни келтир”, деган гапини тинглагач: “Отни сотганингга мана мен гувоҳман. Уни савдолашиб сотдинг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) овоз келган томонга ўгирилдилар. Гапирган Хузайма ибн Собит экан. Савдо тепасида у бўлмаганини билардилар: “Нимага асосланиб гувоҳлик беряпсан, эй Хузайма? Ахир сен биз билан бирга эмасдинг-ку?!” дедилар. Хузайма (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, сизнинг пайғамбар эканингизга қандай ишонсам, ўшанга асосланиб гувоҳлик беряпман. Сиз Аллоҳдан келтираётган шунча хабарда ростгўй бўласиз-да, битта от савдосида ёлғон сўзлармидингиз?!” деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хузайма (розияллоҳу анҳу)нинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлиги ўрнида қабул этдилар («Табақот»).
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Қуръони карим оятлари варақлар, кийик терилари, дарахт пўстлоқларига кўчириб бориларди. Орадан йиллар ўтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу дунёни тарк этдилар. Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Қуръони карим варақларини бир ерга тўплаб, ягона мусҳаф этиб тўплашга бел боғлади. Бу шарафли ҳамда масъулиятли ишни амалга ошириш учун Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) каби саҳобалар сафарбар этилди. Ҳар бир Қуръон ояти айнан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида кўчирилганига икки киши гувоҳ бўлиши шарт қилинди.
Бўлиб ўтган воқеани Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: «Мусҳафи шарифни кўчираётган вақтимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган: «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир. Бас, улардан ўз наз­рига вафо қилгани (шаҳид бўлгани) ва улардан (шаҳид бўлишни) кутаётгани бордир. Улар (аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб, 23) ояти кўчирилган терини йўқотиб қўйдик. Уни Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан топдик. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) рухсат берганлари учун гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлиги ўрнида қабул этдик».
 
* * *
Хузайма (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадислар ривоят қилди. Ундан ўғли Уммора, Абу Абдуллоҳ Жадалий, Умар ибн Маймун Авдий, Иброҳим ибн Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар каби Хузайма (розияллоҳу анҳу)нинг ҳам Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббати чексиз эди. Ҳамма вақт у зот (алайҳиссалом) билан бирга,  суҳбатларидан мириқиб баҳраманд бўлишга интиларди. Ҳатто тушида ҳам. Уммора отаси Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Тушимда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)­нинг пешоналарига сажда қилаётганимни кўрдим. Кейин бу ҳақда у зот (алайҳиссалом)­га гапириб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларини мен айтгандай қилиб кўтардилар. Пешонамни пешоналарига қўйдим” («Исоба»).
 
* * *
Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу) Уҳуд ва ундан кейинги жангларда қатнашган. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) даврида қўшин қўмондонларидан бири эди. Ҳижрий ўттиз еттинчи йили Сиффин воқеасида ҳалок бўлди.
Манбалар асосида Сирдарё вилояти 
Боёвут тумани отинойиси 
Маҳмудахон МУХТОРОВА
тайёрлади.