Собит ибн Даҳдаҳ (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага кўчиб келганларида, у кишига биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзган саҳобийлардан биридир. Баъзилар уни Абу Даҳдаҳ Ансорий дейишса, айримлар Абу Даҳдаҳ ибн Даҳдаҳ Ансорий ёки Собит ибн Даҳдаҳ дейишади.
У зот (розияллоҳу анҳу) ўткир фаҳмли, зийрак, шунингдек, моҳир чавандоз эди. Доимо ночорларга ёрдам беришга, мазлумларни қўллаб-қувватлашга, маҳзунларга ҳамдард бўлишга шошарди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббати чексиз бўлиб, хизматларини қилишни шараф деб биларди.
Абу Даҳдаҳ Ансорий «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир» (Ҳадид, 11) ояти нозил бўлганини эшитгач, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига бориб:
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло қарзи ҳасана беришимизни хоҳлаяптими? – деди. 
Пайғамбар (алайҳиссалом):
– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – деб жавоб бердилар.
– Қўлингизни беринг, ё Расулуллоҳ, – деди-да, у зоти бобаракотнинг муборак қўлларидан тутди.
– Нима бермоқчисан, эй Абу Даҳдаҳ? – сўрадилар Пайғамбар (алайҳиссалом).
– Агар мен савоб олиш мақсадида, Аллоҳ розилиги учун нимадир берсам, жаннатга кираманми? – деди.
– Ҳа, албатта, – жавоб бердилар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита боғим бор. Бирининг атрофи ўралган, унда етти юз туп хурмо кўчати бор. Мен Раббимга шу боғимни бердим.
– Эй Абу Даҳдаҳ, айтганингни бер, иккинчисини эса, оиланг эҳтиёжи учун қолдир.
– Сиз гувоҳ бўлинг, ё Расулуллоҳ, боғимнинг энг яхшисини эҳсон қилдим.
Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган қанча-қанча хурмолар Абу Даҳдаҳники бўлди”, деб айтдилар.
Сўнгра у ҳадя қилинган боққа борди. Боғ ичида юрган аёли ва болаларини кўриб: «Эй Даҳдаҳнинг онаси, бу боғдан тезроқ чиқинглар, Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир», дея марҳамат қилган оятига биноан бу боғни ҳадя қилдим», деди. Шунда аёли: “Аллоҳ бу эҳсонингизни баракотли қилсин ва сизни жаннат билан мукофотласин”, деб, фарзандларининг қўлларидаги, чўнтакларидаги хурмо меваларини ерга ташлаб, уларни бошқа боғига олиб кетди” (Абу Яъло ва Табароний ривояти).
Абу Даҳдаҳ (розияллоҳу анҳу) умрининг охирига қадар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бўлди. У ҳар қандай хизматга ҳозиру нозир эди, ўзининг гўзал ибратлари билан атрофдагиларга ўрнак бўларди. Мусулмонлар учун жуда ҳам оғир келган ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд ғазотида барча саҳобийлар сингари душманга қарши курашга отланди. Ўша жангда мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га зарар етказишга қаттиқ бел боғлашди. Ҳаттоки, атрофга “Муҳаммад ўлди!” деган ёлғон хабарлар тарқалди. Айримлар бундан саросимага тушиб, тарқала бошлашди. Шу маҳал кимдир: “Эй ансорлар жамоаси! Бардам бўлинглар, мен томонга келинг­лар, тарқалманглар, мен томонга келинглар! Агар Муҳаммад ўлдирилган бўлса, Аллоҳ тирик, У Зот ҳаргиз ўлмайди!” деб бақирарди. Бу жанг майдонида мардонавор курашаётган Абу Даҳдаҳнинг овози эди. Чақириқни эшитган ансорлардан бир қанчаси унинг атрофига тўпланди. Шу пайт мушриклар ҳужум қилишди. Бири Абу Даҳдаҳга ҳамла килиб, уни жароҳатлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), жанг майдонида саҳобийларни кўздан кечирар эканлар, Абу Даҳдаҳга дуч келдилар. Унинг юзидаги тупроқни арта туриб: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, эй Абу Даҳдаҳ! Ҳозир сиз учун жаннатда қанчадан-қанча осилиб турган мевали хурмо шодалари бор”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ (розияллоҳу анҳу) ҳижрий олтинчи йилда фоний дунёни тарк этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Осим ибн Адийни чақириб: “Орангизда унга насаб бўлган киши борми?” дедилар. “Йўқ” жавобини эшитгач, унинг меросини синглисининг ўғли Абу Лубоба ибн Мунзирга бердилар.
 
Ҳасанбой ЭРГАШЕВ,
Тошкент ислом институти талабаси