Аббод ибн Бишр Ансорий (розияллоҳу анҳу) Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га доимо ёрдам қўлини чўзиб, у зотнинг эътирофларига сазовор бўлган Бану Абдул Ашҳал қабиласида таваллуд топди.
У ёшлигидан одобли, босиқ, мулойим бўлган. Бу эзгу сифатлар йиллар ўтиши билан унинг хулқи, юриш-туриши, муомаласида ўз аксини топди. Эндигина йигирма ёшдан хатлаб ўтган бу навқирон йигитнинг юз-кўзлари ва сўзларида катталарга хос босиқлик ва мушоҳада бор эди.
У маккалик Мусъаб ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг мажлисида иштирок этиб, у билан ўзаро дўстлик ришталарини боғлади. Мусъаб ибн Умар Аллоҳнинг каломини тартил билан дона-дона тиловат қилар, буни эшитган Аббод ибн Бишр беихтиёр унга маҳлиё бўлиб қоларди. Орадан кўп ўтмай, илоҳий каломга муҳаббати ҳамда маккалик дўстининг сўзларидан таъсирланиб, мусулмон бўлди. Аббод ибн Бишр Исломни қабул қилганда, ҳали йигирма беш ёшга ҳам тўлмаган, билаги кучга тўла, навқирон йигит эди. Шундай қилиб, у биринчилардан бўлиб исломга кирган ёш ансорий сифатида тарих зарварақларида қолди.
У мусулмон бўлгач, кўп вақтини Қуръон тиловати билан ўтказа бошлади. Юрса ҳам, турса ҳам, ҳар қандай ҳолатда имкон бўлди дегунча Аллоҳнинг каломини ўқирди.
Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг масжидга қўшни ҳужраларида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таҳажжуд намозини ўқиш учун турдилар. Шу маҳал Аббод ибн Бишрнинг Қуръон ўқиётгани қулоқларига чалинди. У Аллоҳнинг каломини Жаброил (алайҳиссалом) ўқиб берганидек мафтункор овозда қироат қиларди. “Эй Ойша, бу Аббод ибн Бишрнинг овозими?” деб сўрадилар Сарвари коинот. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деган тасдиқни эшитгач, “Ё Аллоҳ, унинг гуноҳларини мағфират қилгин”, дедилар.
Аббод ибн Бишр тақводорлиги, ҳалоллиги, омонатдорлиги ва доимо Қуръони каримни тиловат қилиши билан ажралиб турарди.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр билан Аббод ибн Бишр қоп-қоронғи кечада Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларида эдилар. Гаплашиб бўлганларидан кейин чиқиб кетишди. Шунда бирларининг таёқлари чарақлаб йўлни ёритди. Улар унинг ёруғида манзиллари томон юришди. Бир-бирларидан ажралган вақтларида, ҳар бирларининг таёғидан нур чиқиб атрофни ёритди. Шунда ҳар бирлари ўз таёғидаги ёғду билан атрофни ёритиб уйларига кетишди».
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) асҳоблари билан Зотур риқоъ ғазотидан қайтаётганларида саҳрода тунаш учун тўхтадилар. У зот икки кишини мусулмонларни қўриқлаб туришга пойлоқчи қилиб қўйдилар. Улар – Аббод ибн Бишр ва Аммор ибн Ёсир эди. У зот Мадинадалик пайтларида бу саҳобийларни ўзаро яқин дўст тутинтириб қўйгандилар. Шундай қилиб, бу икки довюрак саҳобий тун бўйи навбатма-навбат мусулмонларни қўриқлашга киришишди. Туннинг биринчи ярмида Аммор ибн Ёсир дам олиб, Аббод ибн Бишр қўриқчиликка турди. Тун сукунатида ибодатга иштиёқи ошган Аббод намоз ўқишга киришди. У ибодатга қоим пайтида, мусулмонлардан ўч олиш мақсадида уларнинг ортидан келаётган бир мушрик уни камон ўқи билан яралади. У ўқни суғуриб ташлаб, намозида давом этди. Ана шу тарзда унга кетма-кет учта ўқ тегди. Шунда ҳам у намозини бузмади. Салом бериб, намозини тугатгач, шеригини уйғотди. Шунда у: «Субҳаналлоҳ! Мени уйғотсанг бўлмасмиди?!» деган эди, у: «Бир сурани ўқиб турган эдим, уни бўлгим келмади», деб жавоб берди.
Аббод ибн Бишр мана шундай сабрли ва довюрак эди. У сўнгги нафасигача душманларга қарши курашди, жасорат кўрсатди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этиб, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифа этиб сайланганларидан сўнг, турли фитналар авж олди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Мусайлама каззоб ва муртадларнинг фитналарига чек қўйиш учун лашкар тайёрлади. Аббод ибн Бишр қўшиннинг илк сафидан жой олди. Дастлаб мусулмонларнинг омади чопмай, улар ўртасида тарқоқлик сезилади. Шунда Аббод ибн Бишр ансорларни тарқалмасликка, бирлашишга чақиради.
Бир кун олдин Аббод ибн Бишр тушида осмон очилганини, у киргач эса, яна ёпилганини кўради. Тонг отиши билан Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб, кўрган тушини баён қилади ва ушбу маърака майдонида ҳалок бўлишини айтади.
Тонг ёришиб, кун кўтарилгач, мушрик­лар билан муросасиз жанг бошланади. Ҳар доимгидек Аббод ибн Бишр бор куч-ғайрати билан жангга киришади. Афсус, жуда кўп жойидан жароҳат олади, жанг майдонида мардларча жон берди.
Манбалар асосида 
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.