Аббос ибн Абдулмутталиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари. Куняси Абул Фазл. Отаси Абдулмутталиб, онаси Нутайло. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари вафотидан кейин боболари Абдулмутталибнинг тарбияларига ўтгач, ўзларидан бир-икки ёш катта бўлган амакилари Аббос (розияллоҳу анҳу) билан бирга улғайдилар.
Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) ёшлигиданоқ тижорат билан шуғулланиб, катта бойлик эгасига айланди. Бир гал Яманга қилган сафарида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳам бирга олиб борди. 
Араблар орасида Каъбада хизмат қилиш шарафли вазифа эди. Бундай хизмат алоҳида мавқега эга кишилар ўртасида тақсимланганди. Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) ва унинг укалари ана шундай шарафга лойиқ кўрилган эдилар. Улар ҳаж қилаётганларга Замзам сувини тарқатишарди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларини ниҳоятда ҳурматлар, унга мулойимлик билан мурожаат қилардилар. “Аббос мендандир, мен ҳам унданман”, дердилар. Яна у киши ҳақида шундай деганлар: “Абдулмутталиб ўғли Аббос Қурайшнинг энг сахий ва қариндошчилик алоқаларига ҳурмат билан қарайдиган кишидир”. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотлари барча мусулмонлар учун оғир мусибат бўлди. Барча нима қиларини билмай, довдираб қолди. Шунда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳушларидан кетдилар. Ким у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўлди, деса уни ҳам ўлдираман”, деб, ҳеч кимни ҳужраи саодатга яқинлаштирмади. Бу мушкул вазиятда тўғри йўл тутган Абу Бакр Сиддиқ ва Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳум) бўлишди. Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) масжидга бориб: «Эй одамлар! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Мен ўлмайман”, деганларини эшитганмидингиз?” деб сўради. Саҳобалар: “Йўқ, эшитмаганмиз”, дейишди.  Кейин Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдига келиб, унга ҳам шу саволни берди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Йўқ!” деди». 
Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу): «Ҳеч ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўлмайдилар деб айтолмайди. У зот (алайҳиссалом) ҳам шубҳасиз, ўлим шарбатини тотгувчидирлар. Аллоҳ таоло у зотга шундай деган: “(Эй Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар (мушриклар) ҳам ўлувчидирлар. Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни Раббингиз ҳузурида даъволашурсиз” (Зумар, 30-31). Эй одамлар! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. У зотни тезроқ дафн қилайлик...» 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак таналарини ювишда Али ибн Абутолиб, Усома ибн Зайд, Аббос ибн Абдулмутталиб ва унинг икки ўғли (розияллоҳу анҳум) қатнашди. 
Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳум) барча ишларни ҳал этишда Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу)нинг фикрига ҳурмат билан қарардилар. 
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй Аллоҳ! Олдин Сенга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни васила қилиб, ёмғир сўраб дуо қилдик. Дуоимизни ижобат этдинг. Энди у зот (алайҳиссалом)нинг амакилари – Аббос ибн Абдулмутталибни васила қиламиз. Бизга сув бер!” деди. Аллома Қасталоний “Мавоҳиб ул-ладуний”да бу воқеани шундай баён қилади: «Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилингандан кейин Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) жамоатга юзланиб шундай деди: “Эй одамлар! Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу)ни ўз оталаридек яхши кўрардилар. Сизлар ҳам у зотга эргашинглар!”»
Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) дунёқараши кенг, ҳамиша инсонларга ёрдам қўлини чўзадиган, саховатли инсон эди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фазилатли ва савоби улуғ амал дея баҳолаган қул озод қилиш унинг севимли иши эди. 
У зотдан Имом Бухорий ва Имом Муслим ўттиздан зиёд ҳадис ривоят қилишган.
Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 32 йили (милодий 653 йил) Мадинаи мунавварада 88 ёшда вафот этди. 
 
Наргиза МИРЗАЛИЕВА 
тайёрлади.