Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли. Онаси Уммул Фазл (розияллоҳу анҳо).
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени кўксиларига босдилар ва: “Эй Аллоҳ, бунга ҳикматни ўргат”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) вақтини асосан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида ўтказар эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун таҳорат суви тайёрлар, бирга намоз ўқир, баъзан у зотнинг ёнларида ухлаб қоларди. Маймуна (розияллоҳу анҳо)нинг жияни бўлгани боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларига бемалол кириб чиқарди. Шу сабабли у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жуда кўп масалаларни ўрганган эди.
Қуръон, тафсир, ҳадис ва фиқҳ билан бирга, араб адабиётидан ҳам яхши хабардор эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) у ҳақда: “У Қуръони каримнинг таржимони, муфассирларнинг султонидир!”, деган эди.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ўткир зеҳнли, закий инсон бўлиб, илм олишда жуда тиришқоқ эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари туфайли илми баракали бўлди ва юксак мартабаларга эришди. Илми ва илмга бўлган муҳаббати боис, “Баҳрул илм”, яъни “Илм дарёси” деган ном қозонганди. Ўзига юклатилган элчилик, қўмондонлик, волийлик каби вазифаларни сидқидилдан бажарарди. 
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан 1660 га яқин ҳадис ривоят қилган. У фиқҳ илмининг тамал тошини қўйган саҳобалардан бўлган. Шу сабабли ҳам “Макка тафсир мактаби”нинг асосчиси деган шарафли номга сазовор бўлган. Саҳобалар ичида энг кўп фатво берган зот Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дир.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ҳақларида гап кетганда, саҳобалар доим у кишининг сўзи ва амали бир бўлган инсонлигини, олим ва муфассир эканини таъкидлашарди. Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ҳақида: “Ўткир фаҳм, ақлу идрок, илм ва ҳалимлик борасида Ибн Аббосдан кўра кучлироқ инсонни кўрмадим”, деган. 
Маймун ибн Меҳрон (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен Ибн Аббоснинг: “Менга фалончи сизни ёмонлади, деган хабар етиб келганда, уни учта даражанинг бирида деб билдим. Агар у мендан юқори инсон бўлса, бу қадрли инсон, деб қадр-қимматини ўз ўрнига қўйдим. Агар у инсон мендек бўлса, унга фазилат кўрсатиб, уни ёмонламадим. Агар мендан пастда бўлса, унга ғамхўрлик қилдим (яъни уни ҳам ёмонламадим). Мана шу менинг феъл-атворим. Кимга бу феълим ёқмаса, марҳамат, Аллоҳнинг ери кенг, кетавериши мумкин”, деганини эшитганман».
Товус ибн Кайсон (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг беш юзга яқин саҳобаларини кўрганман. Улар бир масалада тортишиб қолишса, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг сўзини қабул қилишарди”.
Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирди Ато ибн Абу Рабоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг мажлисидан кўра фойдалироқ мажлис кўрмадим. У ерда доим олимлар ва солиҳлар ҳозир эди”.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 68 (милодий 687) йилда етмиш бир ёшда Тоифда вафот этди. Ибн Саъд (раҳматуллоҳи алайҳ) Яъқуб ибн Язиддан, у отасидан ривоят қилади: «Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг вафоти ҳақидаги хабар етганда Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Одамларнинг энг илмлиси вафот этди”, деди».
 
Наргиза МИРЗАЛИЕВА 
тайёрлади.