Бир куни онамиз Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳузурларига бир киши келиб: "Хойра ўғил кўрибди", деди. Онамиз (розияллоҳу анҳо) хурсанд бўлиб, "Болани ҳам, онасини ҳам олиб келинглар", дедилар. Хойра Умму Саламанинг суюкли жориялари эди.

Хойра боласини кўтариб келди. Умму Салама чақалоққа Ҳасан деб исм қўйдилар.

Ҳасаннинг туғилиши Зайд ибн Собитнинг (розияллоҳу анҳу) хонадонига ҳам шодлик келтирди. Чунки боланинг отаси Зайд ибн Собитнинг (розияллоҳу анҳу) Яссор исмли хизматкори эди.

Ҳасан ибн Яссор Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) муборак уйлари Умму Саламанинг (розияллоҳу анҳу) қарамоғларида тарбияланди.

Айниқса, Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) таълим олди.

Ўн тўрт ёшида оиласи билан Басрага кўчгач, ҳамма уни Ҳасан Басрий деб чақирадиган бўлди. Ўша пайтда Басра шаҳри илм марказларидан бири эди. Ҳасан Басрий бу ерда Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ каби илмларни ўрганиб, улуғ фақиҳ бўлиб етишди.

Одамлар Ҳасан Басрийнинг атрофини ўраб олиб, ваъзларига қулоқ солишар, ҳикматга тўла сўзларидан қалблар юмшаб, кўзлар ёшланарди.

Маслама ибн Абдулмалик айтади: "Мен Ҳасан Басрийга ҳам қўшни, ҳам суҳбатдош бўлганман. У зотнинг сўзи амалига мувофиқ эди. Ҳеч қачон одамлардан таъма қилмасди ва Аллоҳ таолога муҳаббати кучли эди..."

Ҳасан Басрийдан дунё ҳақида сўрашганида, бундай жавоб қилган эканлар: "Дунё билан охират машриқ ва мағриб кабидир. Қайси бирига яқинлашсангиз, иккинчисидан шунча узоқлашасиз. Мол-­дунёни топиш қийин, лекин йўқотиш осон. Унинг боши қийинчилик, охири эса бир зумда йўқ бўладиган озгина роҳат, ҳалоли учун ҳисоб, ҳароми учун азоб тайин. Дунё дегани шундай, унинг нимасини сўрайсан", деб жавоб беради.

Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кўрди. Дунё аҳли унинг илмидан баҳраманд бўлди.

Ҳижратнинг 110 йили, Ражаб ойида вафот этган Ҳасан Басрийнинг жанозаси жума куни ўқилди. Бу хабардан Басра шаҳри аҳолиси қайғуга ботди.

 

Ҳақназар АБДУРАҲИМОВ тайёрлади.