Ислом оламида муносиб ўринга эга бўлган бу саҳобанинг тўлиқ исми Саъд ибн Рабиъ ибн Умар (баъзи манбаларда ибн Амр) ибн Абу Зуҳайр ибн Молик ибн Имрул Қайс  ибн Молик ибн Саълаба ибн Каъб Хазражий Ансорий бўлиб, туғилган санаси маълум эмас.
 
Саъд (розияллоҳу анҳу) қабиласининг ўқимишли, босиқ ва мулоҳазали, сўзга чечан кишиларидан эди. Айниқса, унинг саховати чексиз эди. Мусулмонлар Мадинага кўчиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амалга оширган аҳамиятли ишларидан бири – муҳожир ва ансорлар ўртасида дўстлик ришталарини боғлаш бўлди. Саъд (розияллоҳу анҳу)ни Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) билан дўстлаштириб қўйдилар. Шу боис Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)­га сидқидилдан боғланди. Бу йўлда мол-давлатини ҳам қурбон қилишдан тоймади. Ҳатто бир куни дўстига Мадинада энг бой одам эканини, хоҳлаган нарсасини беришга тайёрлигини айтди.
Абдураҳмон ибн Авф унга миннатдорлик билдириб: “Аллоҳ молинг ва бола-чақангга барака берсин, сен яхшиси менга бозорнинг қаердалигини кўрсатиб қўй”, деди. Саъд Абдураҳмонга бозорни кўрсатиб қўйди. Абдураҳмон тижоратини бошлаб юборди...
Аллоҳ таоло ҳазрат Саъд ва у кабилар ҳақида ушбу оятни нозил қилди: «У(муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадина)­да яшаган ва имонга (ихлос қилганлар). Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз наф­сининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир» (Ҳашр, 9). Бу оятда ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатлари ва одамгарчиликлари зикр этилган. 
Ҳижрий учинчи сана. Шаввол ойининг еттинчи куни, шанба тонги (милодий 625 йил 22 март). Уҳуд воқеаси куни. Саҳобалар орасида Хазраж қабиласининг бошлиқларидан бўлган Саъд (розияллоҳу анҳу) кўринмас эди. Бундан хавотирга тушган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга нима бўлганини билиш учун одам юбордилар. Ярадорлар орасида Саъд ибн Рабиъ ҳам бор эди. Пайғамбар (алайҳиссалом) уни эслаб излатганларини эшитгач, бениҳоя таъсирланиб кетди. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га саломимни етказ ва у зотга Саъд ибн Рабиъ: “Аллоҳ бирор пайғамбарни уммати номидан яхшилик билан мукофотласа, Сизни ўшанинг афзали билан мукофотласин!” деб айтгин. Қавмимга айтинглар, Расулуллоҳга берган аҳдида қаттиқ турсин. Худонинг номи билан қасамёд қиламанки, агар ваъдасида туришмаса, у дунёда менинг юзимга қарашолмайди», деди. Сўнг у вафот этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га унинг хабарини етказишди.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Бир аёл икки қизини олиб келиб: “Ё Расулуллоҳ, булар Саъд ибн Рабиънинг қизлари. У Уҳудда ўлдирилган. Қизларнинг амакиси уларнинг моли ва меросига эга чиқди. Қизларга ҳеч нарса бермади. Шунга нима дейсиз? Аллоҳга қасамки, улар мол-мулклари бўлсагина эрга тегишлари мумкин”, деди. Шу воқеадан сўнг мерос оятлари нозил бўлди: «Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми (берилур). Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур)...» (Нисо, 11).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Аёл ва ҳамроҳларини чақириб кел”, дедилар. Қизларнинг амакисига: “Иккала қизга мероснинг учдан икки қисмини бер, онасига саккиздан бирини бер, қолгани сенга”, дедилар.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг олдига кирганида у Саъд ибн Рабиънинг кичик қизалоғини кўтариб, уни ўпиб турганди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) қизчанинг кимлигини сўраганида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Бу биздан яхшироқ бўлган киши Саъд ибн Рабиънинг қизидир. У Ақаба куни вакиллардан бири бўлган”, деб жавоб берди. 
 
Абдулмалик ибн Ҳишомнинг “Ас-Сийратун Набавия”,
Саъд Юсуф Абду Азизнинг “Рижалун ва Ниса ҳавлар Расул” китоблари асосида 
Тошкент ислом институти 3-курс талабaси 
Сайдулло ТОҲИРОВ
тайёрлади.