Саиднинг отаси Зайд ибн Амрнинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «...Иброҳим (алайҳиссалом) келтирган ҳаниф динни қидириб дунёни айлана бошладим. Шом шаҳарларига етиб келганимда, бир роҳиб олимнинг хабарини эшитдим. Унинг олдига бориб, бошимдан кечирганларимни сўзлаб бердим. У менга: “Эй маккалик биродарим, Иброҳимнинг динини истаётганингни биламан”, деди. Мен: “Ҳа, мен қидираётган нарса шу”, дедим. Шунда роҳиб: “Сен бугун ер юзида йўқ бўлиб кетган динни излаяпсан. Ҳақиқат сенинг шаҳрингда. Албатта, Аллоҳ сенинг қавмингдан Иброҳимнинг динини янгилайдиган кишини пайғамбар қилиб юборади. Агар уни топсанг, ундан ажралмагин”, деди». 
Сўнг Зайд Маккага йўл олди. Аммо Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашиш Зайдга насиб этмади. Чунки Маккага етмасидан бир тўда аъробийлар уни ўлдирдилар. Зайд охирги нафасини олаётганида: “Ё Аллоҳ, агар мени бу яхшиликдан маҳрум этган бўлсанг, ўғлим Саидни ундан маҳрум қилмагин”, деди.
Аллоҳ таоло Зайднинг дуосини ижобат қилди. Саид Аллоҳга имон келтирган ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатини тасдиқлаган пешқадамлар орасида бўлди. Чунки Саид Қурайшнинг залолатини инкор қиладиган оилада ва бутун ҳаёти давомида ҳақиқатни қидириб, ҳақ ортидан қувиб дунёдан ўтган отанинг қучоғида улғайган эди. 
Саид ёлғиз ўзи мусулмон бўлмади, балки у билан бирга хотини, Умар ибн Хаттобнинг синглиси Фотима бинти Хаттоб ҳам имон келтирди. Имони сабаб Саид қавмидан кўп азият чекди. Уларга бардош берди. Бардоши туфайли у ва хотини энг кучли ва жасур кишини залолат ботқоғидан суғуриб олишга – Умар ибн Хаттобнинг мусулмон бўлишига сабабчи бўлдилар.
Саид ибн Зайд йигитлик қувватини ислом хизматига бағишлади. У ёши йигирмадан ошмасдан мусулмон бўлган эди. Исломнинг илк онидан бошлаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бўлди. 
Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)га тааллуқли бир ҳодиса Мадина аҳли ёдида узоқ вақт сақланиб қолган: Арво бинти Увайс: “Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) еримнинг бир қисмини ўз ерига қўшиб олди”, деб даъво қилди. Мусулмонлар орасида бу гапини тинмай қайтарган у аёл Мадина волийси Марвон ибн Ҳакамга арз қилди. Марвон бу масалани ҳал қилиш учун Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)нинг олдига бир неча кишини юборди. Унга бу жуда оғир ботди ва уларга бундай деди: «Мени шу аёлга зулм қиляпти, деб ўйлаяпсизларми? Қандай қилиб унга зулм қиламан?! Ахир мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа, қиёмат куни бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб осилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), деганларини эшитганман. Ё Аллоҳ! Аёл мени зулм қилди, деб даъво қиляпти. Агар ёлғончи бўлса, унинг кўзини кўр қил, мен билан талашаётган ердаги қудуққа уни улоқтир. Ўзинг унга зулм қилмаганимни кўрсатадиган ҳужжатни зоҳир қил!».
Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида аввал ҳеч кузатилмаган кучли сел оқди. Сел низоли ерни ажратиб ташлади. Барча мусулмонларга Саид ибн Зайднинг ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерни айланиб юрганида қудуққа йиқилди. 
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан урушиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин”, деганини эшитар эдик.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ”, дер эдилар. Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) тириклигида жаннат башоратини олган ўн саҳобийдан бири эди. 
 
Манбалар асосида Чилонзор тумани 
“Новза” жоме масжиди имом ноиби
Абдулаҳад СОБИРОВ тайёрлади.