Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ансорий саҳобалардан бўлиб, ўн саккиз ёшида Исломни қабул қилди. Куняси Абу Абдурроҳмандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) билан ака-ука тутинтирганлар. Муҳаммад ибн Саъд (розияллоҳу анҳу): “Муоз узун бўйли, жингалак сочли, кўзлари катта-катта, чатма қошли эди”, деб таърифлаган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, сени яхши кўраман”, деб айтардилар. Саҳобалар орасида юмшоқ феъли, ҳаёси ва сахийлиги билан танилганди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розия­ллоҳу анҳу) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ҳақида: “У яхшиликни биладиган, уни бошқаларга ҳам ўргатадиган, Аллоҳга ва расулига итоат этадиганлардан биридир”, – дер эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу ал­ай­ҳи ва саллам) даврларида Қуръонни тўлиқ ёд олган ўттиз саҳоба қаторидан Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ҳам жой олганди. У чиройли тиловат қиларди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар, улар – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфа озод этган Солимдир”, деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”). 
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) саҳобалар ичида фақиҳлардан саналарди. У Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик чоғларидаёқ фатволар бера оларди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ҳақда: “Умматим ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган одам Муоз ибн Жабалдир”, деганлар. 
Ўша даврларда динни ва Қуръонни ўргатиш учун Исломга кираётган халқларга саҳобалар жўнатилар эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбордилар. Унинг ўзи ушбу воқеани бундай ҳикоя қилган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени Яманга жўнатаётиб: “Сендан бирор масала сўралганда нима билан ҳукм чиқарасан?” дедилар. Мен: “Аллоҳнинг Китоби билан”, дедим. У зот: “Агар Қуръондан топа олмасанг-чи?” дедилар. “Аллоҳнинг расули суннати билан ҳукм қиламан”, дедим. “Ўшанда ҳам топа олмасанг-чи?” дея сўрадилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). “У ҳолда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, деб айтдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Расулуллоҳ элчисини уни рози қиладиган нарсага йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”, дея хурсанд бўлдилар”. 
Аизуллоҳ ибн Абдуллоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳикоя қилади: “Ўттиз кишидан зиёд бўлган асҳоблар мажлисига кирдим. Барчалари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадис ривоят қилишарди. Мажлисда қорамағиздан келган, кўркамгина ёш бир йигит ҳам бор эди. Унинг сўзлари жуда маъноли, ўзи эса оғир-вазмин эди. Мажлис аҳлининг ёш жиҳатидан энг кичиги  ҳам мана шу йигит эди. Шунга қарамай, мажлис иштирокчилари бирор бир ҳадисда иккилансалар, унга мурожаат этишарди. У фақат савол берилган вақтда сўзлар, бошқа пайт сукут сақлаб, мажлисга қулоқ тутиб ўтирарди. Мажлис тугагач, у зотнинг ёнига келиб: “Эй Аллоҳнинг бандаси, сиз ким бўласиз?” деб сўрадим. У: “Мен Муоз ибн Жабалман”, деди.
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Мен: “Ё Расуллуллоҳ, мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида хабар беринг”, дедим. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жуда катта нарса ҳақида сўрадинг, лекин у Аллоҳ таоло осон қилганлар учун енгилдир. Аллоҳга ибодат қилиб, Унга шерик келтирмайсан, намозни қоим қиласан, закотни адо қиласан, Рамазон (рўзасини) тутасан ва байт (Каъба)ни ҳаж қиласан”, дедилар. Сўнг: “Сенга яхшиликлар эшигига далолат қилмайинми? Рўза қўрғондир, садақа хатони сув оловни ўчиргани каби ўчирур”, дедилар. Сўнг: “Уларнинг ёнбош­лари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас” (Сажда, 16–17), деган оятни тиловат қилдилар».
Манбаларда келтирилишича, Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) 150 дан ортиқ ҳадис ривоят қилган. 
 
Наргиза МИРЗАЛИЕВА 
тайёрлади.