Зайд ибн Собит зийраклига ва заковати юзида балқиб турган, ҳали ўн уч ёшга ҳам тўлмаган, энг катта орзуси Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнида бўлиш, диндан таълим олиш, у зотга хизмат қилиш бўлган ўспирин эди. Зайд Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўзини яқинлаштирадиган бир йўл топди. Бу илм йўли эди, онасига ҳам маъқул келди. Навор қавми кишиларига ўғлининг қизиқиши ва фикрини айтиб берди. Улар уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига олиб боришди ва: “Эй Аллоҳнинг набийси, бу фарзандимиз Зайд ибн Собит. У  Қуръонни сизнинг қалбингизга нозил қилинганидек тўғри тиловат қилади. Бундан ташқари, ўқиш ва ёзишни ҳам билади. Зайд мана шу хислати билан сизга яқин бўлишни хоҳлаяпти. Уни эшитиб кўринг”, дейишди.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайд ибн Собитнинг тиловатини эшитиб кўрдилар. Зайднинг нутқи равон, тиловати гўзал эди. Унинг тиловати таъсирланиб ўқиётганидан ишорат, керакли ўринда тўхташи эса уни қалбига жо қилганига далолат эди.
Пайғамбар (алайҳиссалом) Зайднинг фазилат­лари таърифлашганидан ҳам зиёда эканини кўриб, жуда хурсанд бўлдилар. Ўқиш-ёзишни яхши билишини эшитиб, янада шодландилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қараб: 
– Эй Зайд, ибрий тилини ўргангин, – дедилар. 
– Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули, – дея жавоб берди Зайд ва ибрий тилини қисқа муддатда мукаммал ўрганди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, Зайд ёзиб берар, улардан мактуб келса, ўқиб берарди.
Кейинроқ эса Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва ва саллам)нинг амрларига кўра сурёний тилини ҳам шундай тез ўрганди. Шундай қилиб илмга, Пайғамбар (алайҳиссалом)га бўлган юксак муҳаббати боис Зайд ибн Собит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таржимонига айланди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайднинг пухталиги, омонатдорлиги ва фаҳмининг дақиқлигини кўргач, ваҳий котиблигини унга ишониб топширдилар. Қуръондан бирор оят нозил бўлса, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)ни чақирар ва: “Ёз, эй Зайд”, дердилар. Зайд (розияллоҳу анҳу) ёзиб қўярди. Шу зайлда Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан узлуксиз таълим олиб борди ва камолотга эришди.
Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ваҳий нозил бўлиш сабабларига бевосита гувоҳ бўларди, шу билан бирга, Қуръони каримнинг ҳидоят нури ила  қалби нурафшон, ақли шариат сирлари ила мунаввар бўлиб борарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин эса одамлар Қуръон борасидаги  саволлар билан мурожаат қиладиган кишига айланди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврида Аллоҳнинг Китобини жамлаганларга бош бўлди. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замонида Қуръонни Мусҳаф шаклига келтирган жамоага ҳам раис эди. 
Қуръони каримнинг фазли ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан узоқ вақт бирга бўлгани шарофатидан Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) мусулмонлар учун йўлчи юлдузга айланди. Мусулмонлар қийин вазиятларда ундан маслаҳат олишар, халқ ундан фатво сўрар эди. Айниқса, мерос борасидаги масалаларда барча унга мурожаат қиларди. Чунки ўша пайтда бу илм аҳкомларида ундан олимроқ ва мерос тақсимотида ундан ҳозиқроқ ҳеч ким йўқ эди. 
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Жобия куни* мусулмонларга хутба қилиб: "Эй инсонлар, ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг олдига борсин... Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)нинг олдига борсин...", деди.
Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) вафот этганида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Бу умматнинг илм денгизи оламдан ўтди. Шояд, Аллоҳ таоло Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)ни унга ўринбосар қилса”, деди.
 
Манбалар асосида Чилонзор тумани 
“Новза” жоме масжиди имом ноиби 
Абдулаҳад СОБИРОВ тайёрлади.
 
  *Дамашқ ғарбидаги қишлоқ. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) унда саҳобаларни маслаҳатлашиш учун жамлаган ва хутба қилган.