Суюкли Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам), сўнг ҳидоят юлдузлари бўлмиш саҳобаи киром­ларнинг фазилат ва буюкликка, гўзал ибратларга бой бўлган ҳаёт йўллари бизни ҳайратга солади. Улар эга бўлган гўзал сифатларни ўзимизга сингдириш қалбимизга ёруғлик, руҳимизга тетиклик ва камолот бахш этади. Ана шундай зотлардан бири Саъд ибн Убайд (розияллоҳу анҳу)дир.

Саъд (розияллоҳу анҳу)ни мусулмонлар “Саъд ал-Қори” деб аташар эди. У зот (розияллоҳу анҳу) майин, оҳангдор овоз соҳиби эди. Унинг қироатидан қалблар тўлқинланар, Қуръоннинг улуғлигини ҳис этарди. У қироат бошласа, қалбларни мулойимлик эгаллаб олар, кўзлардан ёшлар тўкиларди. У зот (розияллоҳу анҳу)нинг қалбида жойлашган Аллоҳнинг муборак оятлари мусулмонларнинг ихлос ва садоқатини янада оширар эди. Зеро, Саъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик пайтларида Қуръонни тўлиқ ёд олган саноқли ансор саҳобаларнинг ­бири эди. Унинг бундай фазилатини яна ҳам зийнатловчи гўзал хислатлари бор эди. У зот (розияллоҳу анҳу)нинг тўғри йўлда қатъият ва матонат билан собит туриши, довюраклиги, моҳир чавандоз экани барчага ибрат эди.

Имом Шаъбий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик пайтларида  Қуръонни тўлиқ ёдлаб олган ансор саҳобалар олти нафар эканини таъкидлайди. Булар: Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Муоз ибн Жабал, Абу Дардо, Саъд ибн Убайд ва Мужаммиъ ибн Жария (розияллоҳу анҳум) (Имом Байҳақий ва Абу Довуд ривояти). Абу Убайд ўзининг “Қироат” асарида мазкур ансорий саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларидан ёдлаб олганини айтиб ўтади.
Абу Аҳмад Аскарий зикр этишича, Авс қабиласидан фақатгина Саъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик пайтларида айнан ўзларидан Қуръонни тўлиқ ёд олган машҳур қорилардан бўлган.
Саъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча сафарларида бирга бўлганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан кейин баъзилар муртад бўлиб кетганларида Саъд (розияллоҳу анҳу) Ямомадаги уйида, имон-эътиқодда собит қолди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) мусулмонларга бош бўлганларидан сўнг Ироқ ерлари фатҳ қилинди. Саъд (розияллоҳу анҳу) кундузлари муҳорабаларда қатнашар, кечалари Қуръон тиловати билан машғул бўлар эди. У зот (розияллоҳу анҳу) моҳир чавандоз бўлиши билан бир қаторда, элчилик вазифаларини маромига етказиб амалга ошириш қобилиятига ҳам эга эди. Айнан ушбу қобилияти Форс билан музокараларда яққол намоён бўлган.  Мусулмонларнинг қўмондони Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) Саъд ибн Убайд (розияллоҳу анҳу)ни Форс шоҳи Кисронинг волийларидан бўлмиш Ибн Мунзир ҳузурига элчи қилиб юборди. Саъд (розияллоҳу анҳу) Ибн Мунзирнинг ҳузурига кириб, унга ёзилган мактубни берди-да, мусулмонларнинг мақсадларини бирма-бир баён қилди. Шунда Ибн Мунзир: “Сен мусулмонларнинг каттасимисан?” деди. Бу гапни эшитган Саъд (розияллоҳу анҳу): “Йўқ. Лекин мусулмонлар бир-бирлари билан худди бир тан кабидирлар. Уларнинг энг кичиги берган омонликка энг каттаси ҳам амал қилади”, деди ва қайтиб кетди. Аммо икки ўртада Қодисия жанги бўлиб ўтди. Ушбу тўқнашувнинг учинчи куни Саъд ибн Убайд (розияллоҳу анҳу) вафот этди. Бу хабарни эшитган ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Биз учун Саъднинг вафоти оғирроқдир!” дея қайғу ичра қолдилар. Бу воқеа ҳижрий ўн бешинчи санада бўлиб ўтган эди.
Аллоҳ Саъд ибн Убайд (розияллоҳу анҳу)дан рози бўлсин!
 
“Рижалун ва нисаун ҳавлар Расул” 
асари асосида ТИИ талабаси 
Асадуллоҳ Турғунов 
тайёрлади.