Қатода ибн Нўъмон ибн Зайд Ансорий Авсий мадиналик улуғ ансорлардан, иккинчи Ақаба байъати иштирокчиси. Машҳур саҳоба Абу Саид Худрий билан она бир ака-ука. Ҳадис китоблари ва тарихий манбаларда унинг “Абу Амр”, “Абу Умар” ва “Абу Абдуллоҳ” деган кунялари бўлгани, ҳижратдан 42 йил олдин туғилгани қайд этилади. Отаси Нўъмон ибн Зайд Авсийнинг мусулмон бўлгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Аммо онаси Аниса бинт Қайс Нажжория (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Ақаба куни аҳд берган.

Қатода ибн Нўъмон (розияллоҳу анҳу) илк мусулмон бўлган ансорийлардан эди. У исломни қабул қилиб, мусулмонлар орасида юксак обрў қозонган. У Мадинага Қуръони каримнинг Марям сурасини тўлиқ ёдлаб олиб келган биринчи кишидир. Шунингдек, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Мадинага амирлик қилган саҳобалардан биридир.

Қатода (розияллоҳу анҳу) Мадинада мунофиқларни яхши ажратар, бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га ҳам кўп мурожаат қилар эди.
У Бадр, Уҳуд ва саодат асрида бўлиб ўтган барча воқеаларда иштирок этган. Манбаларда ёзилишича, бир жангда яраланиб, кўзлари осилиб қолади. Бу хабарни эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни чақирадилар ва кўзини жойига қўйиб, дуо қиладилар. Шундан сўнг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир бўлади.
Ҳадис тўпламларида Қатода ибн Нўъмон билан боғлиқ ушбу ҳадис кўп тилга олинади: Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Осмон жунбушга келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хуфтон намозига чиқдилар. Шу пайт чақмоқ чақди ва (унинг ёруғида) Қатода ибн Нўъмонни кўрдилар. Унга қараб: “Қатода, сенмисан?” деб сўрадилар. “Ҳа, менман ё Расулуллоҳ”, деб жавоб берди Қатода. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Намоз ўқиб бўлгач, олдимга кел”, дедилар. Қатода борди. У зот унга бир хурмо шохини бердилар. Ҳазрат Қатода кечалари бирон жойга борса, ўша хурмо шохини олиб юрар, у атрофга нур сочиб, соҳибининг йўлини ёритиб борарди».
Қатода ибн Нўъ­мон ривоят қилган ҳадис­ларнинг аниқ сони маълум эмас. У зотдан Абу Саид Худрий, Умар ибн Қатода ва Маҳмуд ибн Лабид кабилар ҳадис ривоят қилишган.
Манбаларда ҳазрат Қатоданинг Умар исмли ўғли отасидан бир нечта ҳадислар ривоят қилгани қайд этилган. Умар ибн Қатода халифа Умар ибн Абдулазиз даврида Мадина элчилари сафида Бағдодга келгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Қатода ибн Нўъмон (розияллоҳу анҳу) 23/643 йили Мадина шаҳрида 65 ёшида вафот этди. Унинг жанозасини ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўқиб, қабрга ҳам ўзлари қўйган.
 
Манбалар асосида ТИУ 
исломшунослик илмий-тадқиқот 
маркази илмий ходими 
Салоҳиддин СИДДИҚОВ 
тайёрлади.