Мазкур саҳобиянинг тўлиқ исми Асмо бинти Язид ибн Сакан ибн Рофеъ ибн Имри ул-Қайс Ансорий бўлиб, куняси Умму Омир (Умму Салима) эди. Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-Исоба” китобида Асмо бинти Язидни Муоз ибн Жабалнинг амакиваччаси деб ёзади. У ансорларнинг пешқадам саҳобияларидан эди. Мусъаб ибн Умайрнинг чорлови билан имон келтирди. Асмонинг кўпгина яхши жиҳатлари бор эди: ақлли, ибодатли, сабрли ва ихлоси баланд аёл эди. Барча саҳобалар Асмо ҳақида фақат яхши сўз айтар эдилар.

 

Асмо Исломнинг илк даврида Мадинада яшади, муборак нубувватдан файз олди. Кучли хотира, фасоҳатли сўз, чиройли нутқ соҳибаси бўлганлигидан уни “аёллар воизи” дейишарди. 

Асмо қизиқувчан бўлиб, кўп савол берар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саксон битта ҳадис ривоят қилган. Ансория аёлларнинг фақиҳи сифатида шуҳрат қозонган. Бир неча марта жаннат билан башоратланган эди.
Айнан шу хислатлари учун ҳам аёллар бирор масалада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га мурожаат қилиш керак бўлиб қолса, Асмони юборишар, у масалани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чиройли услуб билан етказарди. Бир куни улар ўзаро: “Эркаклар кўпроқ савобга эга бўлишадими ёки аёлларми?” деган масалада баҳслашиб, бир тўхтамга кела олишмади. Аниқ жавобни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўраб билишга қарор қилишди. Табиийки, бунинг учун Асмо бинти Язидни вакил этиб танлашди. Асмо одоб билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирди ва: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Мен баъзи аёлларнинг Сизга юборган вакилиман. Шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло Сизни эркагу аёлга пайғамбар қилиб юборди. Биз ҳам Сизга ва якка Аллоҳга имон келтирганмиз. Биз аёллар уйларимизда ўтириб, эрларимизнинг шаръий истакларини бажарамиз. Эркаклар эса жума намози ўқишади, намозларини жамоат билан адо этишади, касал кўргани боришади ва жаноза намозларига қатнашишади. Ҳамда такрор-такрор ҳаж ва умра амалларини бажаришади... Биз аёллар уларнинг молларини қўриқлаймиз, кийимларини ювиб-тозалаймиз, тикиб-ямаймиз. Фарзандларини парваришлаймиз. Мана шу ҳамма хизматларимиз билан эрларимизнинг савобларига шерик бўла оламизми?”
Пайғамбаримиз (алайҳис­салом) Асмо­нинг гапларини эшитгач, ёнларидаги саҳоба­­ларига қараб: “Сиз диний савол сўраган аёллар орасида бундан ҳам чиройли гапирадиганини кўрганмисиз?” дея унинг заковати ва фасоҳатини эътироф этдилар. Кейин Асмога ва у орқали барча аёлларга ушбу хушхабарни айтдилар: “Эй хотин, эшит ва сени вакил қилиб юборган бошқа хотинларга ҳам етказ. Агар бир хотин эри билан яхши муносабатда бўлиб, унинг розилигини олса, сен санаб ўтган барча фазилатли амалларнинг ҳаммасида эри билан тенг савобга эга бўлади” (“Усудул ғоба”).
Бу хушхабарни эшитган аёллар беҳад хурсанд бўлдилар. Чунки энди уй ишлари эзадиган юк эмас, балки савобга дохил қиладиган ибодатлиги аён бўлган эди.
Ансор саҳобалар ҳақида гапирар эканмиз, биз биринчи навбатда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин бўлганлари туфайли уларнинг энг яхши сифатлари ҳақида эслаймиз.
Сахийлик – бу гўзал сифат, шу сифат ансорларни бошқалардан ажратиб турган, саховатлари туфайли уларнинг ризқига баракот бериб қўйилган. Ибн Асокирнинг “Тарих” китобида Асмо бинти Язид (розияллоҳу анҳо)дан бундай ривоят қилинади: «Бир куни мен Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни учратиб қолдим ва У зотни меҳмонга таклиф қилдим. У зот уйимизга ташриф буюрдилар ва мен уларга тамадди қилишлари учун гўшт билан пишлоқ келтирдим. У зот саҳобаларига: “Аллоҳнинг номи билан енглар”, дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва уларнинг саҳобалари овқатланишди. Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг баракотлари туфайли нон ва гўшт худди тегилмагандек турганини кўрдим, лекин у ерда 40 киши овқатланган эди. Сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг идишимдан сув ичдилар ва кетдилар. Шундан ке­йин мен ва оила аъзоларим қачон касал бўлсак ёки хайру баракот истасак, ўша сувдан ичиб Аллоҳнинг изни билан шифо топардик. Ризқимизга ҳам барака кирарди».
Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг вафотларидан сўнг Асмо бинти Язид Абдул­малик ибн Марвон давригача Шомда яшади. Ҳижрий 69 йилда вафот этди, Аллоҳ рози бўлсин.
 
Халқаро алоқалар бўлими ходимаси
Моҳира ЗУФАРОВА 
тайёрлади.