Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ҳижрий еттинчи йилда Мадинага келди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисларига қатнашишни ҳеч канда қилмасди, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини ёдлаб, ёзиб юрарди. Буни билган баъзи саҳобалар уни қайтармоқчи бўлиб: “Сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан нима эшитсанг шуни ёзяпсан, ҳолбуки, у зот баъзан хурсанд, баъзан хафа бўладилар”, дейишди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўраганида, у зот: “Ёзавер, чунки жоним изнида бўлган Зотга қасамки, оғзимдан ҳақдан бошқа сўз чиқмайди”, дедилар (Муснад).
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)нинг жуда кўп ҳадис билиши, билганларини доим ёзиб юриши айтилган. У ёзганларини китоб ҳолига келтириб, “Саҳифатус содиқа” деб номлаган. Ундан нимадир сўралганда, ўша китобига қараб жавоб берарди.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) кундузлари рўза тутар, кечалари намоз ўқир, доим ибодат билан машғул бўларди. Унинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг “Модомики тирик эканман, кечасини намоз ўқиб, кундузини рўзадор бўлиб ўтказаман”, деганимни билганларида: “Шу гапни сен айтдингми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. “Сен у қадарига қодир бўла олмайсан. Рўза тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин. Ухлагин, бедор ҳам бўл. Ҳар ойда уч кун рўза тут, чунки бир яхшилик (ажри) ўн мисли баробарида берилади. Шу йил бўйи рўзасидек бўлади”, дедилар. “Менинг ундан кўпроғига ҳам тоқатим етади”, дедим. “Бир кун рўза тутиб, икки кун оғзинг очиқ юр”, дедилар. “Мен янада кўпроғига қодирман, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. “Бир кун рўза тут, бир кун оғзинг очиқ бўлсин. Бу Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. У энг яхши рўзадир”, дедилар». Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ўз ҳаётини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларига амал қилган ҳолда кечирди.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) саҳобалар орасида илми, сахийлиги билан танилганди. Кўпчилик ундан ҳадис ўрганди. У иброний ҳамда сурёний тилларини билгани боис, Таврот ва Инжилни бемалол ўқиб, таъвил қила оларди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Бир кеча туш кўрдим, бармоқларимнинг бирида ёғ, бирида асал бор эди. Иккисини ҳам ялаётган эдим. Тонгда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тушимни айтиб бердим. У зот: “Сен икки китоб: Қуръонни ва Тавротни ўқийсан”, дедилар. Мен ҳар иккисини ўқидим».
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу): «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ё Аллоҳ, мен Сендан фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва қабул бўлмайдиган дуодан асрашингни тилайман” деганларини эшитдим”, деди» (Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) 65-ҳижрий йили 72 ёшида Мисрда вафот этган ва ўша ерга дафн қилинган.
 

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.