Суҳайб Румий ибн Синон (розияллоҳу анҳу) асли араб миллатига мансуб бўлиб, куняси Абу Яҳёдир. У бой хонадонда туғилиб ўсди, отаси Форс подшоҳи томонидан Убуллага   волий этиб тайинланганди.

Кунларнинг бирида Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйлари олдида Суҳайб ибн Синон (розияллоҳу анҳу)га дуч келиб қолди. Улар аввалдан дўст эдилар. Аммор (розияллоҳу анҳу) дўстидан бу ерда нима қилаётганини сўради. Суҳайб (розияллоҳу анҳу) ҳам унга худди шу савол билан мурожаат қилди.
– Мен ичкарига кириб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини эшитмоқчиман ва унинг динига кирмоқчиман, – деди Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу).
– Мен ҳам шу мақсадда келдим!
Икковлари биргаликда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига кириб мусулмон бўлдилар ва кечгача ўша ерда қолдилар. Улар илк мусулмонлардан эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Исломдан олдин ҳам Суҳайбни яхши кўрар ва суҳбатлашиб турардилар. Унинг Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилиши у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни хурсанд қилди.
Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу)нинг мусулмон бўлганини эшитган мушриклар уни турли қийноқларга солдилар. Чунки Маккада уни қўллаб-қувватлайдиган бой-бадавлат қариндоши ёки суянадиган одами йўқ эди. Суҳайб (розияллоҳу анҳу) бу қийноқларга сабр қилди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилади: «Қурайш зодагонларидан бир гуруҳи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан ўтиб кетаётиб, у кишининг ҳузурларида Суҳайб, Билол, Аммор, Хаббоб ва бошқа заифҳол мусулмонларни кўрдилар ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй Муҳаммад! Ўз қавминг ичидан шуларга рози бўлдингми?! Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?! Энди биз шуларга эргашишимиз керакми?! Уларни ҳайда?! Уларни ҳайдасанг, эҳтимол биз сенга эргашармиз”, дейишди». Шунда қуйидаги оят нозил бўлди: «Эртаю кеч (доимо) Парвардигорларининг “юзи”ни истаб, Унга дуо (ибодат) қилаётганларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сиз уларнинг (ишлари) ҳисоботидан бирор нарсага (масъул) эмассиз. Улар (ҳам) Сизнинг (ишларингиз) ҳисоботидан бирор нарсага (мас­ъул) эмаслар. Уларни ҳайдаб, ситамкорлардан бўлиб қолманг!» (Анъом, 52).
Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу) Маккага келгач, ўзининг ғайрат ва шижоати, ҳалол меҳнати билан бойиди. Имом Фахриддин Розий бундай ривоят қилади: “Мадинага сафар қилмоқчи эканини эшитган мушрик­лар унинг олдига келиб:
– Сен Маккага келганингда қашшоқ эдинг, бу ерда мол-мулк орттирдинг. Энди бу бойликларни олиб кетишингга йўл қўймаймиз! – дейишди.
– Қўлимдаги ҳамма бойлигимни сизга берсам, мени ўз ҳолимга қўясизларми? – сўради Суҳайб (розияллоҳу анҳу). Асл мақсадлари бойлик бўлган мушриклар бу таклифни сўзсиз қабул қилдилар. Суҳайб (розияллоҳу анҳу) молларини мушрик­ларга берди”.
Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу) Мадинага келгач, тўғри Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига борди ва сафардан олдин мушриклар билан бўлган воқеаларни сўзлаб берди.
Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу) саҳобалар ичида доимо Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида юрганлиги билан ҳам машҳур эди. Унинг ўзи бундай ривоят қилган: “Мен ҳар доим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бўлганман, ҳар бир сафарда ва воқеада у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида эдим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор зарар етмаслиги учун ўзимни қалқон қилдим ва бу ҳол у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларига қадар давом этди”.
Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу) 658 йилда 70 ёшида Мадинада вафот этди.
 

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
 тайёрлади.