Умму Айман (розияллоҳу анҳо)нинг асл исми Барокат бўлиб, Саълаба ибн Амр (розияллоҳу анҳу)нинг қизидир. Асли ҳабашистонлик бу аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оталари Абдуллоҳ  ибн Абдулмуттолибнинг чўриси бўлган. Оталари вафотидан сўнг у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оналари Оминанинг хизматида бўлди. Умму Айман (розияллоҳу анҳо) Пайғамбар (алайҳиссалом) туғилганларидан сўнг ҳам энагалик, ҳам хизматкорлик билан шуғулланган.
Нубувват келганида, Умму Айман (розияллоҳу анҳо) биринчилардан бўлиб мусулмон бўлди. Исломни қабул қилганидан сўнг ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хизматларида бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича (розияллоҳу анҳо) билан турмуш қурганларидан кейин Умму Айман (розияллоҳу анҳо)ни озод этдилар. Шундан сўнг Умму Айман Убайд ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) билан турмуш қуриб, Айман исмли ўғил кўрди. Аммо кўп ўтмай Убайд ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) вафот этди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жаннатий аёлга уйланмоқчи бўлса, Умму Айманга уйлансин”, дедилар. Буни эшитган Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу) Умму Айман (розияллоҳу анҳо)га совчи қўйиб, уйланди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Айман (розияллоҳу анҳо)ни тез-тез зиёрат қилиб турардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Умар (розияллоҳу анҳу)га: “Юргин, худди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Айманни зиё­рат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз”, деди. Кейин икковлари унинг ҳузурига боришганида, Умму Айман (розияллоҳу анҳо) йиғлаб юборди. Шунда икковлари: “Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузури яхши эканини билмайсанми?!” дейишганида, Умму Айман: “Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта, мен Аллоҳ ҳузури Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яхши эканини биламан. Лекин мени йиғлатаётган нарса (бу зот вафот этишлари билан) осмондан ваҳий тушишининг тўхтаб қолганидир”, деди. Умму Айманнинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди» (Имом Муслим ривояти).
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) доим: “Онам Оминадан сўнг менинг онам Умму Аймандир. У менга аҳлимдан қолганидир”, дердилар.
Бир ривоятда бундай келтирилади: «Бир куни Умму Айман (розияллоҳу анҳо)нинг қўшниси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларига келиб, Умму Айман (розияллоҳу анҳо) тонггача ухламасдан йиғлаб чиққанини айтди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни чақириб: “Эй Умму Айман, Аллоҳ сени йиғлатмасин, қўшниларинг сени эрталабгача йиғлаб чиққанингни айтишди. Нима сабабдан бундай бўлди?” деб сўрадилар. Умму Айман (розияллоҳу анҳо) жавоб берди: “Мен тушимда сизнинг танангиздан бир бўлаги уйимга кирганини кўрдим. Бу тушдан таъсирланиб йиғладим”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулиб: “Хайрли туш кўрибсан, эй Умму Айман. Яқинда қизим Фотима фарзандли бўлади. Уни уйингга олиб боради. Сен унинг тарбияси билан шуғулланасан”, дедилар».
Умму Айман (розияллоҳу анҳо) тахминан 60 йил умрини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида кечирди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир нечта ҳадис ривоят қилган. Шулардан бештаси “Саҳиҳи Муслим”да келтирилади. Умму Айман (розияллоҳу анҳо) 80 ёшида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан беш ой кейин вафот этди.

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.