Машҳур саҳобий Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли, фақиҳ, муҳаддис Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) нубувватдан бир йил олдин дунёга келди. Унинг куняси Абу Абдурроҳмандир. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кичиклигидан доимо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида бўлишга интиларди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суҳбатларида давомий қатнашганлиги боис беқиёс фазилатга эга бўлди.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳар доим эшитган ҳадисларини ёзиб юрарди. Манбаларда келтирилишича, 2630 та ҳадис тўплаган. Улардан 168 таси Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг асарларида келтирилган. У ҳадис ривоят қилишда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ке­йин иккинчи ўринда туради.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) суҳбатдошларига: “Қаддинг дол бўлгунча намоз ўқисанг ҳам, қилдек бўлиб қолгунча рўза тутсанг ҳам, ҳаромдан қочмагунингча у амаллар учун ваъда этилган мукофотларга ноил бўлолмайсан”, дерди.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳар бир ишни худди Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилганларидек бажаришга ҳаракат қиларди. Шунинг­дек, бирор нарсадан шубҳаланса, дарҳол Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўраб, аниқлаштириб оларди. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амалларига мувофиқ амал қилишда Абдуллоҳ ибн Умарга етадиган киши топилмайди”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин 60 йил яшади. Бу йиллар давомида ҳадисларни уммат орасида ёйиш, сингдириш ва фатво бериш билан машғул бўлди. Мадина ва Маккада ҳадисдан дарс берди.
Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг Бақара сурасини 8 йил ўрганганини айтади. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) етук мужтаҳид бўлишига қарамай, иложи борича фатво беришдан тийилар, билмаган нарсаси ҳақида: “Билмайман”, дея жавоб берарди.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сахий, чиройли хулқли зоҳид эди. У ёмонликлардан қочар, доим яхшилик қилиш, садақа бериш, қул озод этиш каби хайрли ишлар билан машғул бўларди. Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик билан жавоб қайтарарди. Илмда мужтаҳид даражасига етган тобеинлардан Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ) асли қул бўлиб, уни Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотиб олиб озод қилган эди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) мингта қул озод этган”.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) меҳмоннавозликда ҳам машҳур эди. Кечки таомни ёлғиз егани камёб ҳол бўлгани ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг елкамдан ушлаб: “Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Умри охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 73 (милодий 692) йили саксон тўрт ёшида Маккада ҳаж мавсумида вафот этди ва ўша ерга дафн қилинди.
 

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.