Бурайда ибн Ҳасиб (розияллоҳу анҳу) Аслам қабиласидан бўлиб, кунялари бир нечта бўлган. Энг машҳури Абу Абдуллоҳдир. Унинг Ислом динини қабул қилиши қуйидагича рўй берди: “Икки жаҳон сарвари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан бирга Маккадан Ясрибга йўлга чиққанларида, мушриклар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни тутиб ўлдирганга катта мукофотлар беришни ваъда қилдилар. Бу хабар Макка атрофларига қадар тарқалди. Бурайда ҳам бу мукофотларни қўлга киритиш мақсадида одамлари билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ортларидан йўлга тушди. Бир жойда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га дуч келди. Унинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни учратганимда мендан: “Сен кимсан?” деб сўрадилар.
– Бурайда, – дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га қараб:
– Кўнглимиз ёришди ва хотиржам бўлди, – дедилар. Сўнг яна саволга тутдилар:
– Кимлардансан?
– Аслам қабиласидан.
– Демак, тинчликдамиз.
–  Асламнинг қайси уруғидансан?
– Саҳм уруғиданман, – дедим.
Сўнг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га юзланиб, табассум билан: “Эй Абу Бакр, сенинг улушинг чиқди”, дедилар (“саҳм” сўзининг маъноси улуш деганидир). Мен бу суҳбатдан таъсирланиб: “Сиз кимсиз?” деб сўрадим. “Аллоҳнинг расули Муҳаммад”, деб жавоб бердилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)».
Шундан сўнг Бурайда (розияллоҳу анҳу) шаҳодат калимасини келтириб, мусулмон бўлди. Ёнидаги одамлари билан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларида туриб намоз ўқиди. Уларнинг қўлида оз миқдорда сут бор эди. Сутни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га беришди, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сутдан ичдилар ва Бурайда (розияллоҳу анҳу)ни дуо қилдилар. Ўша кеча Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бурайда (розияллоҳу анҳу)га Марям сурасининг илк оятларини ўргатдилар. Сўнг ҳаммалари биргаликда Ясрибга йўл олишди.
Манзилга етай деб қолишганида Бурайда (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Ясрибга байроқсиз кирмайлик”, дея бошидаги салласини ечиб, найзасининг учига боғлади. Манзилга қадар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни қўриқлаб борди. Орадан бир муддат ўтгач, ўзи ҳам Мадинага келиб жойлашди. Доим Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида бўлишга ҳаракат қилган Бурайда (розияллоҳу анҳу) жуда муҳим вазифаларни сидқидилдан бажарарди. Узоқ вақт байроқдорлик қилди. Шу билан бирга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Аслам ва Ғифор қабилаларига закот йиғувчи қилиб тайинладилар.
Бурайда (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ учун қилинадиган ҳар қандай ишга рози бўларди. Бошқаларни доим яхшиликка чорлар, одамлар орасида тарафкашлик пайдо этмасликка ҳаракат қиларди. Умар (розияллоҳу анҳу) бошқаруви даврида Басрага, Усмон (розияллоҳу анҳу) даврида Хуросонга сафар қилди. Бу диёр аҳолиси орасида динни ёйишга хизмат қилди, Қуръонни ўргатди.
Бурайда (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан олдин байроқ кўтарган ҳамда Хуросонда яшаган энг охирги саҳобийдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан 164 та ҳадис ривоят қилган. Милодий 683 йилда Хуросонда вафот этган.
 

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.