Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Ҳазраж қабиласидан бўлиб, ансорий саҳобадир. Куняси Абу Абдуллоҳ.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)нинг уйи Масжиди Набавийдан узоқроқда эди. Шунга қарамай, доим масжидга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларига келишдан чарчамасди. У доимо ҳақ сўзни айтар, адолатни ёқлар, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда ғайрат кўрсатарди.
Бир куни Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини кўриб қолди. Дарҳол уйига борди ва аёлидан ейдиган нима борлигини сўради. Аёли бир неча ҳовуч арпа борлигини айтди. Жобир (розияллоҳу анҳу) бор арпани ун ҳолига келтириб берди, аёли хамир қориб, нон ёпди. Уйларида бир улоқча бор эди, сўйиб шўрва қайнатишди. Сўнг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб:
– Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз учун озгина таом тайёрлагандик, – деди.
– Таоминг қанча? – деб сўрадилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
– Бир улоқча гўштидан тайёрланган шўрва  ва озгина нон.
– Ҳам лаззатли, ҳам мўл таом тайёрлабсан. Аёлингга айт, мен боргунимча овқатни сузмасин, нонни тандирдан узмасин!
Шундан сўнг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаммани тўплаб, Жобир (розияллоҳу анҳу)нинг уйига келдилар. Энг аввал таомнинг баракасини сўраб дуо қилдилар. Ўз қўллари билан овқатни сузиб ва нонни бўлиб бердилар. Барча саҳобалар тўйгунларича едилар. Сўнг қўшниларга ҳам тарқатишди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жобир (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрар, уни зиёрат қилишга келиб турардилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан илм олган Жобир (розияллоҳу анҳу) 1500 дан ортиқ ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ”ларида ана шу ҳадислар келтирилган. Энг кўп ҳадис ривоят қилган олти саҳобийдан бири сифатида тан олинган.
Ҳаётининг сўнгги вақтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган. У 93 ёшида дунёдан ўтган. Манбаларда айтилишича, Жобир (розияллоҳу анҳо) Мадинада вафот этган энг сўнгги саҳобийдир.
 

Наргиза МИРЗАЛИЕВА  
тайёрлади.