Абу Саид ибн Молик ибн Синон Худрий (розияллоҳу анҳу) мусулмон оиласида дунёга келди. Отаси Молик ибн Синон (розияллоҳу анҳу) Мадинада Исломни илк қабул қилганлардан эди.
Абу Саид (розияллоҳу анҳу) отасидан эрта айрилди. Унинг зиммасига оиласини боқиш масъ­улияти тушди. У очликдан кўпинча қорнига тош боғлаб юрарди. Унга оила аъзолари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг олдиларига бориб, ҳолатини тушунтиришини ва бирор нима олиб келишини айтишди. Абу Саид (розияллоҳу анҳу) бундай қилишдан уялди. Лекин кейинроқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига борди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Ким Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарсадан юз ўгириб, ҳамма нарсани Аллоҳдан кутса, Ҳақ таоло уни бой қилади. Сабрдан кўра устун ризқ йўқдир”, деяётганларини эшитиб, ҳеч нарса сўрай олмади. У бундай ҳикоя қилади: “Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳеч нарса сўрай олмай уйга қайтдим. Шундан сўнг, Аллоҳ таоло тавфиқи билан бизга ризқ юборди. Ишларим шу қадар юришиб кетдики, ансорлар ичида мендан бойи бўлмай қолди” (Аҳмад ибн Ҳанбал. “Муснад”).
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ёш бўлишига қарамай, Масжиди Набавийнинг қурилишида қатнашди. У муҳаддис олим ва фақиҳ саҳобалардан бири эди. Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳумо) даврларида Мадинада фатво бериш билан шуғулланди. Унинг шогирдлари жуда кўп бўлган.
Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу) иложи борича вақтини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида ўтказишга ҳаракат қиларди. Шу сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратлари ва суннатлари ҳақида 1000 дан ортиқ ҳадис ривоят қилгани тарихий манбаларда келтирилади. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) кўп ҳадисни билишига қарамай, доим ҳам ҳадис ривоят қилавермасди, фақатгина эҳтиёж туғилганида ёки суннатга амал қилишда хатолик кўрсагина ҳадис ривоят қилиб, хатоликларни тўғриларди.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) сахийликни ўзига касб қилган саҳобий эди. Йўқсил ва муҳтож кишилардан ёрдамини аямасди, уларга уйидан жой бериб, тарбия қиларди. Тўғри сўзни айтишдан қайтмайдиган жасур, Ислом дини учун фидокор ва жуда сабрли эди, оддий ҳаёт кечирарди.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 74 йилда 81 ёшида вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн қилинган.
 

Манбалар асосида Наргиза МИРЗАЛИЕВА тайёрлади.