Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф (розияллоҳу анҳу) – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакиваччалари, у зотга қиёфаси жуда ўхшаш беш саҳобанинг бири, Ҳасан ёки Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)га эмикдош. Тахминан ҳижрий 4 (626 милодий) йили таваллуд топган.
Қусам (розияллоҳу анҳу)нинг отаси Аббос ибн Абдулмутталиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари бўлган. Онаси Умму Фазл номи билан машҳур Лубоба Кубро бинти Ҳорис ибн Хазан Ҳилолиядир. У Хадича (розияллоҳу анҳо)дан сўнг ислом динини қабул қилган иккинчи аёл ҳисобланади. Мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳориснинг синглисидир.
Ибн Можадан нақл этилган ривоятда айтилишича, бир куни Умму Фазл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га деди: «Ё Расулуллоҳ, тушимда оила аъзоларингиздан бири уйимдалигини кўрдим». У зот дедилар: «Яхшиликни кўрибсан, Фотима фарзандли бўлади ва сен уни эмизасан». Ўшанда Ҳасан ёки Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) дунёга келди. Умму Фазл Қусамга қўшиб улардан бирини эмизди. Умму Фазл деди: «Бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига кичкина Қусамни олиб бордим ва тиззаларига ўтказдим. Қарасам, Қусам у зотнинг тиззаларини ҳўллаб қўйибди, мен унинг орқасига урдим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ раҳм қилгур, боламга озор бердинг-ку», дедилар.
Умму Фазлнинг олти ўғли ҳам Ислом динини ёйиш учун дунё бўйлаб тарқалиб кетган эди. Машҳур муфассир Абу Солиҳ Умму Фазлнинг оиласи ҳақида бундай ёзади: «Умму Фазл ўғилларичалик қабри таваллуд жойларидан бунча узоқда жойлашган одамни кўрмадик: катта ўғли Фазл – Шомда (639 йил), Абдуллоҳ – Тоифда (688 йил), Убайдуллоҳ – Мадинада (705 йил), Қусам – Самарқандда Шоҳи Зинда мақбарасида (677 йил), Маъбад (Маъруф) – Африкада дафн этилган». Олтинчи ўғли Абдураҳмон ўз юртида вафот топган.
Манбаларда Абдуманоф уруғидан Жаъфар ибн Абу Толиб, Ҳасан ибн Али, Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб, Соиб ибн Убайд ва Қусам ибн Аббос Расулуллоҳга жуда ўхшаш бўлгани қайд этилади. Баъзи ривоятларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қусам ҳақида: «Одамлар ичида Қусам менга хилқат ва хулқ жиҳатидан энг ўхшашидир», деганлар. Қусам ибн Аббос ҳар бир ишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўхшашга ҳаракат қилар эди. Масжидга борадиган бўлса, сепиб олган атрининг хушбўйидан одамлар унинг қайси йўлдан ўтганини билар эдилар.
Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг энг ёш саҳобаларидан бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳни энг охирги кўрган саҳоба ҳам айнан Қусам ибн Аббос эди. Зеро, Расулуллоҳ вафот этиб, қабрга қўйилганларида, қабр ичига тушганларнинг энг кичиги бўлгани ва қабрдан энг охири чиққани ривоятларда машҳур. Шунда Қусам 8 ёшларда бўлган деб айтилади.
Қусам ибн Аббос Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг куёвлари Али (розияллоҳу анҳу)га содиқ ёрдамчи бўлган. Жамал, Сиффин ва Наҳравон жангларида иштирок этган. Али (розияллоҳу анҳу) халифалиги даврида Қусамни Макка амири этиб та­йинлаганлар. Шундай қилиб, Қусам ибн Аббос Макка фатҳ этилганидан кейинги 17-амир бўлиб, милодий 655–661 йилларда муқаддас шаҳарга раҳбарлик қилган. Бу вақтда у ўттиз ёшларда бўлган. Манбаларда Қусам ибн Аббосдан фарзанд қолмагани айтилади.
Қусам ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадислар жуда кам. Ҳониъ ибн Ҳониъ ва Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Амр ундан ҳадис нақл қилганлар. Ривоят қилишларича, Қусам ибн Аббосдан: «Қандай қилиб Али (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сизлардан кўра кўпроқ (илм) ўзлаштирган?» ёки «Нима учун Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг даражасидан кўра Али (розияллоҳу анҳу)нинг даражаси улуғроқ бўлган?» каби саволларга «У (яъни Али (розияллоҳу анҳу) орамизда (Расулуллоҳга) энг яқин юрган ва эргашган зот эди», деб жавоб берарди.
Қусам ибн Аббос Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)­нинг ўғли Саид ибн Усмон билан Муовия (розияллоҳу анҳу) халифалиги­нинг охирларида Хуро­сон­га, у ердан эса Амударёни кечиб ўтиб, Мо­ва­роун­наҳр­га келади. Са­мар­қанд яқинидаги жанг­ларнинг бирида 57/677 йилда оғир ярадор бўлади, кўп ўтмай вафот этади. Саид ибн Усмон (розияллоҳу анҳу) Қусамнинг жанозасини қўшин билан бирга ўқийди.
Самарқандда Қусам ибн Аббоснинг қабри Шоҳи Зинда мажмуасида бўлиб, қадимдан бу жой маҳаллий халқ томонидан қадамжо сифатида эъзозланади. Мустақиллик йилларида бу маскан янада обод бўлди.

Манбалар асосида Салоҳиддин СИДДИҚОВ тайёрлади.