Абул Ос ибн Рабиъ Қурайш қабиласи­нинг Абду Шамс уруғига мансуб бўлган. Бу уруғ одамлари “Абшамий” деб аталган. Абул Ос (розияллоҳу анҳу) кўркам, очиқ чеҳрали, олижаноб киши бўлиб, аслзодалардек фаровон ҳаёт кечирарди.
Абул Ос моҳир савдогар эди. Қурайш қабиласи ёзда Яманга, қишда Шомга тижорат карвонларини юборарди. Абул Оснинг карвони юзта туя, икки юз туякашдан иборат бўлар, одамлар унга молларини ишониб топширишарди. Чунки унинг тўғрисўз ва омонатдор эканини билишарди.
Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) Абул Оснинг холаси, уни ўз ўғлидек кўрар эдилар. Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам уни мўминлар онасидан кам ҳурмат қилмас, қисқаси, Абул Ос муборак хонадоннинг қадрдони эди.
Шу зайлда йиллар ўта бошлади. Муҳам­мад (алайҳиссалом)нинг катта қиз­лари Зайнаб гўзал, оқила, доно бўлиб вояга етди. Бу эса Макка зодагонларининг эъти­боридан четда қолмади. Чунки Зайнаб насл-насаб, хулқ ва одоб билан Қурайш қизларидан ажралиб турарди. Абул Ос ҳам Қурайшнинг олди йигитларидан эди. Худди шу омил бу икки ёшнинг тақдир йўлларини туташтирди. Зайнаб ва Абул Оснинг тўйларидан кўп вақт ўтмай, Аллоҳ таоло Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ҳидоят ва ҳақ дин пайғамбари этиб танлади. Даставвал яқин қариндошларини огоҳ этишга буюрди. Биринчи бўлиб онамиз Хадича, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима мусулмон бўлишди. Лекин Абул Ос ота-боболари эътиқодидан ажрашни, аёли Зайнаб ўтган ҳақ динни қабул этишни хоҳламади. Зайнабни жуда яхши кўргани учун ундан воз кечолмади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Қурайш мушриклари ўртасида низо кучайгач, баъзилар Абул Осга: “Зайнабнинг талоғини бер, биз сени Қурайшнинг зодагон аёлларидан хоҳлаганингга уйлаб қўямиз!” дейишди. Бу гапни эшитган Абул Ос: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен аёлимдан ажрамайман. Унинг муҳаббати дунёдаги барча аёллардан устундир!” деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилдилар. Сўнг Бадр жанги бўлиб ўтди. Ушбу муҳорабага Абул Ос мажбурлаб олиб чиқилган эди. Чунки унда мусулмонларга қарши туришга ҳеч рағбат йўқ эди. Лекин қавм орасидаги мавқеига кўра, чиқишга мажбур эди. Воқеа мусулмонларнинг ғалабаси билан якунланди. Бир нечта курайшлик асир тушди. Улар ичида Абул Ос ҳам бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фидя эвазига асирларни қўйиб юборишга изн бердилар. Фидя миқдори асирларнинг мавқеига қараб, минг дирҳамдан тўрт минг дирҳамгача белгиланди. Зайнаб эри Абул Осни озод этиш учун фидя сифатида онаси Хадича (розияллоҳу анҳо) тўй кунида берган зеб-зийнатларини юборди. Буни кўрган Расулуллоҳ (алайҳиссалом) жуда қаттиқ қайғуга тушдилар ва асҳобларига юзланиб: “Зайнаб эри Абул Осни озод этиш учун мана буни фидя сифатида юборибди. Агар уни озод қилишни ва бу тақинчоқларни Зайнабга қайтаришни хоҳласангиз, шундай қилинг”, дедилар. Саҳобалар: “Сизнинг хурсандчилигингиз учун шундай қиламиз, ё Расулуллоҳ!” дейишди. Набий (алайҳиссалом) Абул Осни озод қилишдан олдин Маккага қайтиб бориши билан Зайнабни Мадинага жўнатиши ҳақидаги ваъдасини олдилар. Абул Ос Маккага етиб бориши билан ваъдасига вафо қилди. Аёли Зайнабга сафарга тайёргарлик кўришини буюрди ва Маккага яқин бир жойда отасининг ёрдамчилари кутиб турганини айтди. Укаси Амрга Зайнабга ҳамроҳ бўлиб, Расулуллоҳнинг ёрдамчиларига топширишни қаттиқ тайинлади.
Шундай қилиб, Абул Ос бир муддат Маккада оиласидан фироқда яшади. Макка фатҳидан бироз олдин тижорат карвони билан Шомга борди. У ердан Маккага юзта туя, икки юз етмишга яқин туякаш билан қайтаётган пайтда Набий (алайҳиссалом)­нинг саҳобаларидан иборат отлиқ қўшинига дуч келди. Улар карвонни қўлга олишди, лекин Абул Осни тутишолмади. Бу Мадина яқинида содир бўлди. Ўша куни тунда Абул Ос Мадинага яширинча кириб, аёл­и Зайнабнинг уйига келди ва ундан (араб­лар одатига кўра) ҳимоя сўради. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) уни ўз ҳимоясига олди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидда бомдод намозини ўқиб бўлганларида Зайнаб (розияллоҳу анҳо) бундай деди: “Эй инсонлар, мен Зайнаб бинти Муҳаммадман. Абул Осни ўз ҳимоямга олдим, сизлар ҳам ҳимоямни қабул этинг!” Набий (алайҳиссалом) одамларга юзланиб: “Сизлар ҳам мен эшитган гапни эшитдингизми?” дедилар. Улар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, бу ҳақда ҳеч нарса билмас эдим. Мен ҳам бу нарсани ҳозир эшитдим. Мусулмонларнинг заифаларида ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқи бор”, дедилар. Сўнг уйларига қайтиб, Зайнабга: “Абул Оснинг ҳурматини ўз ўрнига қўй, лекин сен унга ҳалол эмассан!” дедилар. Кейин Абул Оснинг карвонини қўлга олган сария аъзоларини чақириб: “Бу одам, билганингиздек, биздан. Унинг молини олдингиз. Агар унга тегишли нарсаларни қайтарсангиз, маъқул иш бўларди. Агар бош тортсангиз ҳам, ҳақлисиз. Зеро, у моллар Аллоҳнинг сизларга инъомидир”, дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, молини қайтариб берамиз”, дейишди.
Абул Ос Маккага бориб, барча ҳақдор­ларга молларини топширди. Сўнг уларга қараб: “Эй Қурайш жамоаси, бирортангизнинг менда моли қолиб кетмадими?” деб сўради. Улар: “Йўқ, Аллоҳ сени мукофотласин, сен омонатдор, сахий инсонсан!” дейишди. У: “Билиб қўйингки, сизларнинг ҳақларингизга вафо қилдим. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ягона ва Муҳаммад Унинг Расулидир! Аллоҳга қасам, мени Мадинада Муҳаммаднинг ҳузурида мусулмон бўлишдан фақатгина сизларнинг молларимизни еб юборди, деб гумон қилишингиз тўсиб турди. Аллоҳ молларингизни сизларга қайтарганидан сўнг ва зиммамдаги нарсадан фориғ бўлганимдан сўнг мусулмон бўлдим”, деди.
Шундан сўнг Маккадан чиқиб, Мадинага Набий (алайҳиссалом) ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса уни яхши кутиб олиб, қизлари Зайнаб (розияллоҳу анҳо)ни қайтариб бердилар. Бу воқеа Макка фатҳидан бир йил олдин содир бўлди. Узоқ айрилиқдан сўнг яна икки қалб ва ширин фарзанд бирга ҳаёт кечира бошлашди. Оила бутунлиги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг кўнгилларига сурур бахш этди! Аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) ҳижрий 8 йили 31 ёшида вафот этди. Орадан кўп вақт ўтмай, Абул Ос (розияллоҳу анҳу) ҳам ҳижрий 12 (милодий 633) йили Мадинада вафот этди. Ушбу муборак оиладан ёдгор бўлиб биргина Умома (розияллоҳу анҳо) қолган эди. Аллоҳ таоло ҳаммаларидан рози бўлсин!

Манбалар асосида
Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси
Йўлдошбек НУРИДДИНОВ
тайёрлади.