Муғийра ибн Шўъба тахминан милодий 600 йилда Тоифда туғилган, Сақиф қабиласининг Аҳнаф уруғига мансуб. Тўлиқ исми Ибн Aбу Омир ибн Масъуд ибн Муаттибдир. Рaсулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Абу Исо куняси билан чақирганлар. Абу Масъуд унинг қўнғир ва сариқ сочли, олд тишлари йўқлиги сабаб лаблари бироз буришиб, ичкарига кирган, боши каттароқ, қўллари йўғон, баланд бўйли, елкадор, жуда ақлли ва шижоатли инсон бўлиши билан бир қаторда, ҳийла қилишга усталигини айтади. У “Ризвон” байъатида қатнашган. Ярмук куни бир кўзи шикастланиб, яхши кўролмайдиган бўлиб қолган.

Ривоятларга кўра, у Бани Молик уруғига мансуб бир неча қабиладошлари маст ҳолда ётишганида ўзига маълум сабаблар билан ўлдиргач, юртидан қочиб, Ҳудайбия сулҳидан бир муддат олдин Мадинага келган ва Исломни қабул қилган. Ўлдирган одамларининг хунини Тоифнинг улуғларидан бири, Муғийра отасининг амакиси Урва ибн Масъуд тўлаган.

Муғийра ўлдирган кишиларининг молларини ўзи билан олиб келиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бермоқчи бўлганида у зот айтдилар: “Исломингни қабул қиламиз, лекин уларнинг молларидан ҳеч нарса олмаймиз. Чунки сенинг бу қилган ишинг хиёнатдир. Хиёнатда яхшилик йўқ!” дедилар. Муғийра: “Бу ишни қавмим динида эканлигимда қилиб, кейин сизнинг олдингизга мусулмон бўлиб келдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Ислом ўзидан олдинги ишлар (гуноҳлар)ни ўчиради”, дедилар. Аммо барибир молини олмадилар.

Шундан сўнг, Муғийра Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан айрилмади. Илк бор у зот билан Ҳудайбияга сафар қилди. У ерда тузилган сулҳда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хос қўриқчилари бўлди.

Тоиф халқи мусулмон бўлгач, Пайғам­бари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг топшириқларига кўра, Муғийра Абу Суфён билан Тоифдаги Лот бутини йиқитди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида у зот билан энг охири видолашганлардан бири Муғийра (розияллоҳу анҳу) эди. Шаъбий унинг ўзидан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ билан энг охири видолашиш шарафига муяссар бўлганлардан бириман; Рaсулуллоҳ дафн қилинаётганларида Али ибн Абу Толиб қабрдан чиқди. Мен қабрга тупроқ тортилишидан олдин узугимни унинг ичига отиб, Алига буни айтдим. Али: “Қабрга тушиб, уни ол”, деди. Мен шу баҳонада қабрга тушиб, қўлим билан Рaсулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак кафанларини силаб, хайрлашиб чиқдим”.

Муғийра (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг даврида Рид­да урушларида қатнашди. Сўнг ёлғончи Мусайламага қарши Ямома юришида, Ярмук сафарида иштирок этди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) замонида Қодисия жангидан олдин Эрон шоҳи Яздижардга юборилган ҳайъат таркибидан ҳам жой олди, Эрон бош қўмондони Рустам билан ўтказилган музокараларда қатнашди.

Муғийра (розияллоҳу анҳу) бошқарув­чилик қобилияти билан ҳам бошқалардан яққол ажралиб турар эди. Жумладан, уни Умар (розияллоҳу анҳу) аввал Баҳрайнга, сўнг Басрага ҳоким этиб тайинлаганлар. Саҳобий (розияллоҳу анҳу) Басрада уч йил ҳокимлик қилган. Ҳижрий 23-йилда фатҳ қилинган Озарбойжонга ҳам ҳоким бўлган. Куфа шаҳрида ҳам ҳокимлик қилиб, у ерда кўплаб ислоҳотларни амалга оширган.

Муғийра ибн Шўъба Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг котиб­ларидан эди. Ундан бир юз ўттиздан ортиқ ҳадис ривоят қилинган. Шулардан тўқ­қизтасини Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда ривоят қилишган бўлса, биттасини фақат Имом Бухорий, иккитасини фақат Имом Муслим ривоят қилган.

Ислом тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк саҳобий, араб даҳоларидан бири Муғийра ибн Шўъба (розияллоҳу анҳу) милодий 670 йили, ҳижрий 50-йилнинг Шаъбон ойида, 70 ёшида вабодан вафот этди.

Аллоҳ ундан рози бўлсин!

Манбалар асосида Бекобод туманидаги
“Мулла Норқул” жоме масжиди имом-хатиби
Абдулбосит ОРИФЖОНОВ
тайёрлади.