Мория Қибтия (розияллоҳу анҳо) Пай­ғам­бар (алайҳиссалом)нинг аёллари, “мўминлар онаси” деган рутба соҳибаси. Мория Қибтия (розияллоҳу анҳо) Мисрнинг Ҳафн қишлоғида насроний оиласида дунё­га келган. Таваллуд йили маълум эмас. Ёшлик чоғидаёқ синглиси билан Миср подшоҳи Муқавқиснинг саройига бириктириб қўйилган эди. Саройда у тарих, дин ва бошқа илмларни ўрганади.

Милодий 627–628 йили Муҳаммад (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Миср подшоҳи Муқавқисга Ҳотиб ибн Абу Балтаа орқали мактуб йўлладилар.

Ҳотиб Искандарияга бориб, мактубни Муқавқисга топширди. Мактуб билан танишиб чиққач: “Агар Муҳаммад ҳақиқий пайғамбар бўлса, нега унга осийлик қилиб, юртидан ҳайдаб чиқарганларни дуойибад қилмади?” деб сўради. Ҳотиб: “Сен Марямнинг ўғли Исо Аллоҳнинг элчиси эканига ишонасан-ку. Исони ҳам ўз халқи ўлдирмоқчи бўлганида Яратган Эгам уни Ўз даргоҳига олиб кетган. Ўша пайтда Исо халқига ҳалокат тилаб, дуойибад қилдими?” деди. Унинг жавобидан мамнун бўлган Муқавқис: “Сен донишманд зот томонидан юборилган ақлли одам экансан. Мундоқ разм солиб қарасам, Муҳаммад одамларни ёмон ишларга ундамас, яхшиликлардан қайтармас экан. У адашган ёки сеҳргар ҳам, ёлғончи ҳам эмас экан. Унда яширин, ғайб сирларини, махфий ишларни билишдек пайғамбарларга хос фазилатлар бор экан. Биз бу таклифлар ҳақида ўйлаб кўрайлик”, деди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қуйидагича жавоб мактуби ёзди: “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим. Қибтийларнинг каттаси Муқавқисдан Муҳам­мад ибн Абдуллоҳга салом! Мак­тубингни ўқидим. Унда баён этилганларни ва нимага даъват этаётганингни тушундим. Мен пайғамбар келишидан воқиф эдим, уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Юборган элчингни иззат-икром билан кутдим, сенга қибтийлар орасида катта нуфузга эга икки канизак, кийим-кечак, минишингга бир хачир жўнатяпман, вассалом”.

Муқавқис томонидан ҳадя қилинган икки жория Ҳотиб билан узоқ ўлкага кетар экан, ватанларидан айрилиб, яқинларидан узоққа кетаётганларини ҳис қилиб, йиғлай бошлади. Ҳотиб уларни юпатиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида гапириб берди. Улардан бири – Мория (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг таърифларини эшитиб, у зотга ғойибона кўнгил қўйди.

Иккинчи жория, яъни Мориянинг синг­лиси Ширин эса Ҳассон ибн Собитга узатилди. Мория Қибтия (розияллоҳу анҳо)ни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳорис ибн Нўъмон хонадонига жойлаштирдилар. Сарвари олам Мория Қибтия (розияллоҳу анҳо)нинг аҳволидан хабар олиб турар ва унинг барча эҳтиёжларини бажо келтиришга ҳаракат қилардилар. Муқавқис саройида шоҳона ҳаёт кечирган, илмли ва чиройли Мория бирданига хийла машаққатли ҳаёт тарзига тушиб қолган эди. Шунга қарамасдан Ислом динига бўлган эътиқоди ва Сарвари оламга муҳаббати сабр қилишга ундади. Қарасаки, у зот жуда омонатдор, солиҳ инсон эканлар. Ўғил фарзандлари йўқлигини кўриб, эртаю кеч Яратгандан у зотга фарзанд сўраб, дуо қиларди. У зотнинг кўзларида қувонч кўришни истади. Аллоҳ таоло илтижоларини қабул қилиб, бир фарзанд ато этди. Мория (розияллоҳу анҳо) саройда яшаган вақтида Иброҳим (алайҳиссалом) қариган чоғларида Исмоилдек ўғил фарзанд кўрганларини ўқиб, йиғлаб, таъсирланиб юрарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳам шу бахтга муяссар бўлишларини орзу қиларди. У ўзини Ҳожарга ўхшатарди. Ҳазрат Ҳожар Сора онамиз томонидан Иброҳим (алайҳиссалом)га туҳфа этилганидек, Муқавқис томонидан Муҳаммад (алайҳиссалом)га жория этилганини кўп бор қиёслар эди.

Мория (розияллоҳу анҳо) гўзал хулқ-атворли, ширинсўз аёл эди. Доимо Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни хурсанд этишга ҳаракат қилар ва бунинг уддасидан чиқар эди. Ҳомиладорлик вақтида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга кўп меҳр кўрсатдилар. Ғамхўрлик қилиш мақсадида уни Мадинадаги Алия деган жойга олиб бордилар. 630 йили Мория ўғил фарзанд кўрди. Иброҳим (алайҳиссалом)га ўхшашини орзу қилиб, чақалоққа Иброҳим деб исм қўйдилар.

Мория (розияллоҳу анҳо) шу муносабат билан озод қилинди. Ўғил туғилган куни Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Ўғил муборак, эй Абу Иброҳим!” дедилар. Иброҳим туғилганининг еттинчи куни қўй сўйиб, ақиқа қилдилар. Чақалоқнинг сочларини Абу Ҳинд калталади. Суннатга мувофиқ, кесилган соч оғирлиги миқдорида кумуш садақа қилинди.

Расули акрам (алайҳиссалом) барча неъматни қадрлаганлари каби бу фарзандни ҳам Яратгандан улуғ туҳфа деб билиб, уни доим суярдилар. Тиззаларига ўтқизиб, ўпиб, қучардилар. Оталик меҳри Иброҳимни мудом севиш ва авайлашга ундарди.

Иброҳим 16 ойлик бўлганида тўсатдан касал бўлиб қолди. Абдураҳмон ибн Авф унинг бетоблиги ҳақида хабар бергач, у зот (алайҳис­салом) ўғил­ларининг олдига ошиқ­дилар.
Мориянинг маъсум юзлари сўлғин, кўзлари намли, Иброҳим эса онасининг бағрида жон бермоқда эди. Дарҳол уни қучоқларига олиб, юзларидан ўпдилар.  “Ўғлим Иброҳим, Аллоҳ томонидан сенга келган ҳеч бир нарсага қарши бўлолмаймиз”, дедилар. Ўғилларини бағирларига босар экан, унинг юзига Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг муборак ёшлари ёмғир каби ёғарди. Унсиз йиғлардилар. Ниҳоят, Иброҳим жон таслим қилди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кетганлар билан охиратда кўришиш умиди борлиги учун ҳам хотиржаммиз. Шу умид бўлмаганида сен билан айрилиққа чидаш қийин бўларди. Иброҳим, биз сендан айрилганимиздан ғоят маҳзунмиз. Кўз йиғлар, қалб маҳзун бўлар, аммо Аллоҳнинг қаҳрини келтирадиган бирон ножўя сўз айтмаймиз”, дедилар.

Иброҳимнинг жанозасини Фазл ибн Аббос ўқиди. Қабрга эса Расули акрам (алайҳис­салом) ўзлари қўйдилар. Кўз­ларидан ёш оқаркан: “Умматим, умматим”, дея йиғлардилар. Шунда Абдураҳмон бин Авф: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз қайтарган нарсани ўзингиз қиласизми, ахир ўликка йиғламанглар дер эдингиз-ку?” деди. “Сиз бўлган воқеадан бехабарсиз, бугун менинг бошимга тушган синов, бошқа бир инсон бошига тушса, оғирлик қиларди. Бугун Аллоҳ учун умматимни ихтиёр қилиб, ўғлимни топширдим”, дедилар.
Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилди. Одамлар: “Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди”, дедилар. Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қуёш ва Ой Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Бировнинг вафоти ёки туғилгани учун тутилмайди. Уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар”, дедилар.

Мория Қибтия (розияллоҳу анҳо) онамиз милодий 637 йили – Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан беш йил ўтгач, дунёдан кўз юмди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўқиди, сўнг Бақиъ қабристонига дафн этилди.

 

“Усудул ғоба...” ва “Ал-Исоба...” китоблари асосида
Салоҳиддин СИДДИҚОВ
тайёрлади.