Ҳазраж қабиласидан бўлган Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Имрул Қайс (розияллоҳу анҳу)нинг куняси Абу Муҳаммаддир. У Мадинада туғилган. Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га котиблик ҳам қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида у зотни меҳмон қилган саҳобалардан бири ҳисобланади.

Ўша даврларда Арабистон диёрида кўпчилик ўз фикрини шеърий мисралар орқали ифода қиларди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Шуаро (яъни “Шоирлар”) сурасида шоирлар ҳақида: “Шоирларга йўлдан озганлар эргашурлар. Уларнинг ҳар водийда (мавзуда) дайдишларини кўрмадингизми?! Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапириш­ларини ҳам?!” (224–226) оятларини нозил қилганида Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу) ва бошқа шоир саҳобалар йиғлай бошлашди. Кейин эса: “Аммо имон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодирлар). Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар” (Шуаро, 227) оятини эшитиб кўнгиллари таскин топди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Каъб ибн Молик ва Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳум) ана шундай мусулмон шоирлардан эди.

Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Ойша (розияллоҳу анҳо)­дан: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор шеърдан мисол келтирармидилар?” деб сўралди. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Ибн Равоҳанинг шеъридан мисол келтирар эдилар”, деди».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Бақара сурасининг 221-ояти ҳақида бундай дейди: «Бу оят Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида нозил бўлган. Унинг чўриси бор эди. У чўрисидан ғазабланиб, уни урди-да, кейин қўрқиб, бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абдуллоҳ, у қандай ўзи?” деб сўрадилар. “У намоз ўқиб рўза тутади, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сизни Аллоҳнинг расули эканингизга иқрор”, деб жавоб қайтарди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абдуллоҳ, у мўминадир”, дедилар. Абдуллоҳ: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни озод қиламан ва унга уйланаман”, деди ва айтганини қилди. Айримлар уни: “Чўрига уйланди”, деб таъна қилишди. Бу воқеадан сўнг Аллоҳ таоло: “Мушрика аёлларни, то имон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Зеро, ҳур мушрика аёлдан кўра, имонли чўри яхшироқдир, гарчи у (мушрика) сизларга манзур туюлса ҳам...” (Бақара, 221) оятини нозил қилди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу) милодий 629 йилда вафот этган.

Манбалар асосида
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
 тайёрлади.