Ҳорис ибн Навфалдан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Амморга: “... Албатта, сен жаннат аҳлидансан...”, деганлар (Абу Яъло).

Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу) Ислом динини биринчилардан бўлиб қабул
қилган, пешқадам саҳобалардан эди.

Амморнинг отаси Ёсир ибн Омир (розияллоҳу анҳу) асли яманлик бўлган. Ёсир ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ўғиллари Ҳорис ва Молик билан бедарак йўқолган тўртинчи фарзандини қидириб Макка шаҳрига келишган. Уни топа олишмагач, Ҳорис ва Молик­лар Яманга қайтиб кетганлар.  Ёсир эса муборак гўшада қолиб, Абу Ҳузайфа ибн Муғира билан шаҳарнинг қонунларига биноан тинч-омон яшашга битим тузади ва унинг ҳимоясида Маккада эмин-эркин истиқомат қилади. Абу Ҳузайфа Ёсирнинг гўзал хислатларини кўриб, уни ёқтириб қолади. Шунинг учун насли тоза, хулқи гўзал Сумайя исмли чўрисига уйлантириб қўяди. Аммор туғилгач, Абу Ҳузайфа Сумайя­ни озод қилган.

Аммор ақлли, эсли-ҳушли бўлиб улғайди, Ислом динини қабул қилди ва Аллоҳ таоло унинг қалбини имон ва ислом нури билан мунаввар қилганини айтиш учун отаси Ёсир ва онаси Сумайя томон ошиқди. Ўзининг мусулмон бўлгани хушхабарини айтиб, уларни ҳам Ислом динини қабул қилиш­ларини сўради. Аллоҳ таолонинг ҳидояти ва инояти билан Ёсир ибн Омир ва Сумайя (розияллоҳу анҳумо)лар ҳам имон келтириб, мусулмон бўлдилар.

Уларнинг мусулмон бўлганларидан хабар топган Бани Махзум қабиласи, уларни турли қийноқ ва азобларга солди.

Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу)  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Биз ниҳоятда қаттиқ азобланмоқдамиз”, деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сабр қил, эй Абу Яқзон! Эй Аллоҳ! Ёсирнинг оиласидан бирор кишини (дўзах) олов(и) билан азобламагин!” деганлар.

Аллоҳ таолодан ҳижратга изн келгунча Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу) шу каби қийноқ ва азоблар билан кун кечирди. Ҳиж­ратга изн берилгач, Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу) Макка шаҳрини тарк этди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аммор бошидан оёғига қадар имонга тўладир” дедилар» (Абу Нуайм).

Бошқа ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, жаннат уч киши: Али, Аммор, Салмонга  муштоқдир” дедилар (Имом Термизий).

Аммор ибн Ёсир ҳижрий сананинг 37-йили 94 ёшида вафот этган.

Манбалар асосида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Баҳодир БАҲРОМЖОН ЎҒЛИ тайёрлади.