Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) ансорийлардан, Авс қабиласи бошлиқларидан эди. Саҳоба Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида бўлишга интилди. Натижада кўп­лаб муҳим ишларда иштирок этди ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўриқчилари қаторидан жой олди. У зот саводли киши эди. Макка фатҳида ҳам Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан бирга Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида турди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрган ҳар қандай ишни эътирозсиз бажарарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ҳақда: “Қандай яхши одам”, дер эдилар. Қабиладошлари эса Усайд (розияллоҳу анҳу)ни ақл-фаросатда кучли бўлгани учун “ал-комил” деб аташарди.

Овози ёқимли, қироати чиройли Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) Қуръон ўқишдан шунчалик ҳузурланар эдики, вақтининг кўп қисмини тиловат билан ўтказарди. Қуръон ўқиётган чоғида бутун дунёни унутарди. Қуръон тиловат қилаётган тунларнинг бирида ажойиб воқеа юз берди. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) тунда Бақара сурасини ўқиётган эди, боғлиқ турган оти безовта бўлди. У ўқишдан тўхтаса, оти ҳам безовта бўлишдан тўхтади. Бу воқеа бир неча бор такрорланди. Шунда Усайд туриб, яқин жойда ётган ўғлини от туёғи тегишидан қўрқиб, четроққа олди. Шу пайт осмоннинг бекилганини кўрди. Тонг отганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган ҳодисани сўзлаб берди. У зот (алайҳиссалом): “Ўқийвер, эй Ибн Ҳузайр, ўқийвер, эй Ибн Ҳузайр”, дедилар. Усайд: “Ё Расулуллоҳ, ўғлим отимга яқин жойда эди, босиб олишидан қўрқдим. Шу пайт осмонга қараб, булутга ўхшаш нурли бир шарпани кўрдим. У бирдан йўқолиб қолди”, деди. “Унинг нималигини биласанми?” деб сўрадилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). У: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар фаришталар, овозингни эшитиш учун яқинлашишган. Агар ўқийверганингда тонг отганида уни одамлар ҳам кўришарди. Фаришталар улардан ҳам бекинмасди”, дедилар (Имом Бухорий).

Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) Умар (розияллоҳу анҳу) бош­қаруви даврида вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Манбалар асосида Наргиза МИРЗАЛИЕВА тайёрлади.