Бу улуғ саҳобийнинг тўлиқ номи Қайс Ибн Саъд ибн Убода ибн Дулайм ибн Ҳориса Соидий бўлиб, онаси Фукайҳа бинти Убайд ибн Дулайм Ҳазраж қабиласи ансорларидан эди.
 
Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) маҳорати, заковати, зийраклиги, ўткир зеҳни, кучли хотираси билан бошқалардан ажралиб турарди. Бундай фазилатлар унга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган эди. Баланд бўйли, тўладан келган, кўркам, шижоатга тўла инсон эди. Агар хачирга минса, оёғи ерга тегиб турарди. 
Қайс ёши кичик бўлса-да, ансорлар унга раҳбар каби муомала қилардилар. Унда пешволик ва раҳбарлик учун зарур барча хислатлар бор эди. Отаси Саъд Исломга кирган чоғида ўғли Қайсни Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига олиб келиб: “Ё Расулуллоҳ, бу сизнинг ходимингиз бўлсин”, деди (Имом Бухорий, Имом Термизий).
 
“Пайғамбар (алайҳиссалом) Қайсдаги юксак қобилият ва салоҳиятни кўриб, уни ўзларига яқин тутдилар. Муҳорабаларда Пайғамбар (алайҳиссалом) ансорлар байроғини ибн Саъдга топширардилар. Сафарларда саҳобаларнинг озиқ-овқати тугаб қолса, Қайс тезлик билан моддий таъминотни ўз зиммасига оларди” (Ибн Шиҳоб). “У зот Пайғамбар (алайҳиссалом) саҳобаларининг улуғларидан эди. Жуда зукколиги, муҳорабалар чоғида уруш ҳийлаларини билиши билан алоҳида ажралиб турарди” (Абу Умар Воқидий)
 
Қайс ибн Саъд Исломгача бўлган даврда ҳам заковатли ва фаросатли, тижоратда маҳорат эгаси бўлган. Унинг бу қобилиятига бутун Мадина аҳли тан берарди. Шунинг учун у зотнинг ушбу сўзи зарбулмасал бўлган: “Агар Ислом дини бўлмаганида, араб­ларнинг кучи етмайдиган ҳийлалар қилар эдим”. Аммо Ислом дини бошқалар каби Қайсга ҳам адолатли ва инсофли бўлишни, заковати ва фаросатини эзгулик йўлида ишлатишни ўргатди. Шу боис у зот мусулмон бўлганидан кейин, ҳатто ўта танг вазиятга тушиб қолганида ҳам, унга туҳматлар уюштирилганида ҳам, ғирромлик, ҳийла ишлатмади, тўғриликдан айрилмади.
 
Бу зотнинг оиласи араб оилаларининг энг қадимийси ва энг саховатлиси эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу оила ҳақида: “Албатта, саховат бу оила аҳлининг одатидир”, деган эдилар. Қайс ҳам ёшлигидан сахий бўлган. Ибн Асокир айтади: «Бир куни катта ёшли бир аёл фақирлигидан шикоят қилиб келди. Шунда Қайс (розияллоҳу анҳу) ходимларига: “Унинг уйини нон, ёғ ва хурмо билан тўлдиринглар”, деб буюрди». Қайс оиласининг ўша замондаги араб бойлари ва сахийларининг одатига кўра, меҳмонларни чорлаш учун баланд тепалик устида туриб, ўт ёқадиган чақирувчилари бўлар эди. Улар: “Ким ёғ ва гўштни яхши кўрса, Дулайм ибн Ҳорисанинг ҳовлисига келсин!” деб жар солишарди. Дулайм ибн Ҳориса Қайс (розияллоҳу анҳу)нинг иккинчи бобоси эди. Ушбу қадимий хонадонда Қайс саховат ва олижаноб­лик туйғуларидан баҳра олиб улғайди. Бир гал у камбағал дўстларидан бирига катта миқдорда қарз беради. Белгиланган кунда дўсти олган қарзини Қайс (розияллоҳу анҳу)га қайтариб бергани келади. Лекин Қайс (розияллоҳу анҳу) уни қабул қилишдан бош тортади ва: “Албатта, биз берган нарсамизни қайтариб олмаймиз”, дейди.
 
Қайс ибн Саъд Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадислар ривоят қилган. Имом Ҳокимнинг “Мустадрак” китобида у зотдан келтирилган ҳадислар сони 15 тадан ортади. У зотдан ҳам кўпчилик саҳоба ва тобеинлар ривоят қилишган. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) даврида Қайс ибн Саъд Мисрда бир йил ҳокимлик (волийлик) қилди. Али ва Муовия (розияллоҳу анҳумо)лар ўртасида келишмовчилик­лар бошланган пайтда ҳокимликни топшириб, Мадинага қайтади. У зот умрининг охиригача Мадинада яшади ва Муовия (розияллоҳу анҳу) даврининг охирларида – ҳижрий 59 ёки 60 санада (мил. 678–679) вафот этади. Аллоҳ таоло Қайс ибн Саъддан рози бўлсин.
 
Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин нубало”, Холид Муҳаммад Холиднинг “Рижалун ҳавлар Расул” китоблари асосида Андижондаги  Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси 
Раҳмонқул АЛИҚУЛОВ 
тайёрлади.