Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) олти юз минг ҳадисни ёддан биларди. Баъзилар унга: “Сиз ниҳоятда кўп ҳадис ривоят қиласиз, ҳолбуки, муҳожир ва ансорлар бу ҳадисларни ривоят қилишмаган”, дея таажжубланиб сўрашса, у зот: “Менинг муҳожир биродарларим тижорат, ансор биродарларим деҳқончилик билан машғул эдилар. Мен эса ҳар доим Расулуллоҳнинг хизматларида бўлардим. Шу сабабли улар иш билан машғул бўлган вақтлари мен Расулуллоҳ билан бирга эдим. Мен “Асҳоби суффа” жамоасининг бириман, улар унутсалар ҳам, мен ёдлаб олар эдим”, дея жавоб берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра дастлаб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини унутиб қўйиб, бундан қалби безов­та бўларди. Ниҳоят, бир куни арз қилди: “Ё Расулуллоҳ, мен сизнинг баъзи ҳадисларингизни унутиб қўймоқдаман”. Пайғамбаримиз дедилар: “Чодрангни ёй”. У киши чодрани ёйди. Расулуллоҳ муборак қўлларини чодрага қў­йиб, дуо қилдилар. Сўнгра: “Энди буни кўксингга тутиб, ўраб ол”, дедилар. Абу Ҳурайра буюрилганидек қилди. Кейинчалик у киши бундай дер эди: “Ушбу воқеадан сўнг Пайғамбаримизнинг бирор ҳадисларини унутмайдиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг номи аввал Абдушшамс (қуёшнинг қули) эди. Аллоҳ таоло у зотга Ислом неъматини берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўришишга мушарраф бўлди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Исминг нимадир?” деб сўрадилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Абдушшамс”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энди исминг Абдураҳмон”, дедилар. У ҳам: “Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, бугундан бошлаб исмим Абдураҳмондир”, деди.
 
Бир куни у зот кичкина мушукни тиззаларида ўйнатаётганларини кўрган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Ҳурайра (мушукчанинг отаси)” деб чақирдилар. Шундан кейин "Абу Ҳурайра" исми кенг тарқалди. Кўп ҳолатларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишини яхши кўриб, "Абу Ҳир" ҳам дер ­эдилар. У зотга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мазкур тарзда эркалаб чақириш­лари ёқарди.
 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Исломни Туфайл ибн Амр Давсий таклифи билан қабул қилди. Ҳижратнинг олтинчи йилигача у зот Давс қабиласида яшади. Ке­йин Мадина шаҳрига келди. Қисқа вақт ичида саҳоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хос ходимига ва энг яқин суҳбатдошига айланди. 
 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлик пайтларида уйланмаган эди. Кекса онасини яхши кўриб, Ислом динига таклиф этди. Онаси эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақорат қилди. Бу воқеадан ке­й­и­н у зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига йиғлаб борди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Ҳурайра, нега йиғлаяпсан?” дедилар. “Онамни Исломга чақиришдан ҳеч чарчамайман, аммо у сиз ҳақингизда ёмон сўзларни айтади. Дуо қилинг, Аллоҳ таоло Абу Ҳурайранинг онасининг қалбини Исломга мойил қилсин”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг онаси ҳаққига дуо қилдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Уйимга бордим, эшик олдига келганимда сувнинг шилдираган овозини эшитдим. Кирмоқчи эдим, онам: “Кирмай тур”, деди. Бироздан сўнг уйга кирдим. Онам: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига иқрорман”, деб Ислом динини қабул қилди. Хурсандлигимдан йиғлаб юбордим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бориб: “Аллоҳ таоло  дуоингизни ижобат қилиб, Абу Ҳурайранинг онасини ҳидоятга бошлади...”, дедим».
 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) илмга чанқоқ эди. У зот (розияллоҳу анҳу) умрининг кўп қисмини илм ўрганишга бағиш­лади. Шу билан бирга нафсни тақво билан жиловлади. Кундузлари рўза тутиб, кечанинг учдан бирида қоим бўлиб, учдан иккинчи қисмида эса аёлини, сўнг охирги қисмида қизларини уйғотар эди. Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг уйида кечаси билан ибодат тўхтамас эди.
 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) вафотига яқин, касал бўлиб ётганида кўп йиғларди. У кишидан: “Нимага йиғлаяпсиз?” деб сўрашганида у зот: “Дунё учун йиғлаганим йўқ, балки йўлим узоқлигидан ва сафарим озуқаси камлигидан йиғлаяпман. Шундай йўлда турибманки, охири жаҳаннамми ёки жаннатми, билмайман”, дер эди.
 
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Пўлатхон  КАТТАЕВ тайёрлади.