Солим ибн Убайд мавло Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) форс миллатига мансуб бўлиб, асли истахралик бўлган. Ислом келишидан олдин машҳур саҳобий Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)нинг аёли Саҳла (розияллоҳу анҳо)нинг хос қули эди. Абу Ҳузайфа уни озод қилса-да, оилавий борди-келди узилмаган. Абу Ҳузайфа мавлосини ўз ўғлидек кўрар эди. Ҳатто баъзилар уни «Абу Ҳузайфанинг ўғли» деб ҳам чақирган.
Солим мавло Абу Ҳузайфа Исломни биринчилар қаторида қабул қилган. Собиқ қул бўлишига қарамасдан, у тез орада мусулмонлар орасида улуғланиб, имомлик даражасига етди.
У қироатда моҳир эди. Ёш бўлишига қарамай, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида Мадинаи мунавварадаги “Қубо” масжидида имомлик қилган. Солим (розияллоҳу анҳу) Қуръонни яхши билган, шаръий аҳкомларни чуқур ўзлаштирган ва парҳезкорлиги билан танилган.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Бир куни кечқурун Расулуллоҳ билан бирга борар эдим. Шунда бир оз тўхтаб Қубо масжидига узоқ қараб, у ердан келаётган қироатга қулоқ солдим. Расулуллоҳ ҳам бу овозга қулоқ тутиб, Солим мавло Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)нинг қироати эканини танидилар. Шунда У зот: «Менинг умматим орасидан сенга ўхшаган зотни чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар.
Солим (розияллоҳу анҳу) ҳам ўз вақтида Мадинага ҳижрат қилди.
Муҳожирлар билан ансорлар ака-ука тутинтирилганда, Солим (розияллоҳу анҳу) Муос ибн Моис (розияллоҳу анҳу) билан биродар бўлди.
Солим мавло Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) барча жангларда мардонавор қатнашди. Жумладан, Бадр, Уҳуд ғазотлари ва Макка фатҳида ҳам иштирок этди.
Бир куни Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Қиёмат куни бир неча кимсалар тоғдек савоблар билан келурлар. Аллоҳ таоло уларнинг амалларини йўққа чиқарур ва шиддат билан жаҳаннамга улоқтирур» дедилар. Бу даҳшатли ҳолатни эшитган Солим (розияллоҳу анҳу) деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, биз у қавмни қандай таниб оламиз? Сизни пок Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолодан менинг улардан бўлиб қолишдан асрашини умид қиламан». Пайғамбаримиз: «Эй Солим, улар намоз ўқийдилар, рўза тутадилар, уларга ҳаромдан бир нарса таклиф этилган вақтда Аллоҳ таолодан ҳеч қўрқмасдан ҳаромдан қайтмайдилар. Аллоҳ таоло уларнинг амалларини ва ибодатларини қабул этмас», деб жавоб бердилар.
Солим (розияллоҳу анҳу) динга ниҳоятда кўп хизмат қилган. Ҳаммасидан энг яхши хислати унинг Қуръонга муҳаббати ва кучли ҳифзи эди. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қуръон қироатини тўрт киши – Ибн Масъуд, Солим мавло Абу Ҳузайфа, Убай ибн Каъб ва Муоз ибн Жабалдан ўрганинглар», дедилар.
Абу Бакр (розиял­лоҳу анҳу) замонларида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобга қарши Ямома ғазотида мусулмонлар байроқдори Солим мавло Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) бўлди. 
Умар ибн Хаттоб (розиял­лоҳу анҳу) вафотлари олдидан бундай деганлар: «Агар сизларнинг ораларингизда икки одамдан бири ҳаёт бўлганида, бирини ўзимдан кейин халифаликка тайин қилган бўлар эдим. Бири Солим мавло Абу Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ва яна бири Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу). Чунки бу зотларни тайин қилганимда Аллоҳнинг олдида ҳам юзим ёруғ бўлар эди».
Солим (розиял­лоҳу анҳу) ҳақида Расулул­лоҳнинг ўз­лари бундай деган эдилар: «Мен Со­лим­ни яхши кўр­дим, ё Аллоҳ, сен ҳам уни яхши кўргин». 
Солим (розиял­лоҳу анҳу) 633 йилда Мусайлама каззобга қарши олиб борилган Ямома жангида шаҳид бўлди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин.
 
“Мўъжамус саҳобаˮ, “Ал-Исоба фи тамйизис саҳобаˮ, 
“Усдул ғоба фи маърифатис саҳобаˮ китоблари асосида 
Салоҳиддин СИДДИҚОВ 
тайёрлади.