Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ҳижратдан 23 йил аввал, милодий 600 йил Қурайшнинг Бану Зуҳра қабиласида туғилган. Куняси Абу Исҳоқ. У ўн етти ёшида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг даъвати билан Исломни қабул қилган. У энг аввал мусулмон бўлган беш кишидан биридир.

Отаси Абу Ваққос Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб олтинчи отада (Ҳакамда) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шажаралари билан боғланади. Бобоси Уҳайб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оналари Оминанинг амакиси эди. Онаси Ҳамна бинт Суфён ибн Умайя Абу Суфён ибн Ҳарбнинг амакисининг қизи.

Саъд (розияллоҳу анҳу) жасур чавандоз эди. Унинг икки қуроли бор – биринчиси камонининг ўқи бўлса, иккинчиси дуоси эди. Жангда душманга қараб узган ўқлари аниқ нишонга тегарди ва дуолари ижобат бўларди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўзлари қувнаб, қалблари сурурга тўлиб, унинг ҳаққига: “Ё Аллоҳ, Саъднинг ўқларини тўғрилаб, дуосини ижобат қил”, деб дуо қилганлар.

Омир ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Саъд ибн Абу Ваққос Али, Талҳа ва Зубайрни ҳақорат қилаётган кишини кўриб қолди. Ҳар қанча қайтармасин, сўзидан тўхтамади. Саъд: “Сени дуоибад қиламан”, деди. У: “Нима, сен пайғамбармидинг, таҳдид қиляпсан?” деди. Саъд таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиди, сўнг қўлларини самога кўтариб: “Ё Аллоҳ Сен яхшилик ва ҳидоятга эришган инсонларни ҳақорат қилаётган кишини кўриб турибсан. У Сени ғазаблантирди. Унга Ўз ибратингни кўрсат”, деб дуо қилди. Бироздан сўнг бир ҳовлидан баҳайбат қутурган туя чиқиб, одамлар орасига кириб келди. Ҳеч ким уни тўхтатолмади. У бир нарсани излар эди. Сўнг саҳобаларни ҳақорат қилган кишига ташланди, уни ерга қулатиб, оёқлари билан янчиб, ўлдирди”.

Саъд (розияллоҳу анҳу) тақвосини ҳалол луқма ейиш билан қувватларди. У шубҳали бир дирҳамдан ҳам ўзини тиярди. У зот шундай ҳаёт кечириб, мусулмонлар орасида энг бой инсонлардан бирига айланди. У вафот этганда, ундан катта бойлик мерос қолди. Ҳолбуки, мол-давлат кўп бўлиб, унинг ҳалол бўлиши Аллоҳ таолонинг инояти эди. Саъд (розияллоҳу анҳу) садақа қилишда ҳам барчага ўрнак, намуна эди. Унинг Аллоҳ таоло йўлида қилган инфоқ-эҳсони тўпланган молидан зиёда эди. Саъд (розияллоҳу анҳу) қаттиқ касал бўлиб қолди. Унинг ҳузурига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўргани кирганларида, Саъд: “Ё Расулуллоҳ қизимдан ўзга меросхўрим йўқ, шунинг учун, молимни учдан икки қисмини садақа қилсам бўладими?” деб сўради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ”, дедилар. Саъд: “Ярмини садақа қилсам бўладими?” деди. “Йўқ”, дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). “Учдан бириничи?” деб сўради Саъд. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бўлади, аммо бу ҳам кўп. Чунки меросхўрларингни қашшоқ ҳолда қолишидан, уларни бой-бадавлат бўлиб қолишлари афзалдир. Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилган садақаларингни ҳар бирига ажр оласан. Ҳатто, аёлингнинг оғзига солган луқмангга ҳам”, дедилар».

Саъд (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолодан қўрқиб кўп ёш тўкарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваъз-насиҳат қилсалар, унинг кўзларидан шу қадар ёш тўкилар эдики, ҳатто кўкси жиққа ҳўл бўлиб кетарди.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): «Расулуллоҳнинг Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан бошқага «Ота-онам сенга фидо бўлсин» деганларини эшитмаганман. Уҳуд куни эса «От, Саъд, от... Ота-онам сенга фидо бўлсин» деганларини эшитдим», деб айтган.

У зотга ҳаётлик пайтида жаннат башорати берилган. Бир куни Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирган эдилар, тўсатдан кўзларини уфққа қаратиб, жим бўлиб қолдилар. Сўнгра саҳобаларга: “Ҳозир жаннат аҳлидан бўлган инсон ҳузурингизга келади”, дедилар. Саҳобалар кўзларини эшик томонга қаратиб, улкан насиба эгасини интизорлик билан кута бошлашди. Бироз фурсат ўтиб, уларнинг ҳузурига Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) кириб келди. Бу уч кун такрорланди. Шу ҳодисалардан кейин Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо) Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)га мақсадини билдирмай, уни Аллоҳ таолога яқинлаштириб, улкан мукофотга эриштирган қандай амаллари борлигини билиш учун уйида уч кун тунашга ижозат сўради. Бошқа мусулмонлардан ортиқ амали йўқ экани маълум бўлди. Сўнгра Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг башоратларини Саъдга айтиб, бу юксак мукофотга етиштирган қайси амали борлигини сўради. Саъд (розияллоҳу анҳу) мусулмонлар қилаётган ибодатлардан ортиқ амали йўқ эканини айтди. Аммо, мен бирор мусулмонга ҳасад ва адоват қилмаганман”, деди.

Муфассирлар Анъом (52), Анфол (1), Моида (9) сураларидаги бир қанча оятлар айнан Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган, деб таъкидлашади. Жумладан, Саъд (розияллоҳу анҳу) мусулмон бўлган пайтда, онаси Ислом динидан қайтариш учун очлик эълон қилади. У: “Онажон, мен сизни жонимдан ортиқ кўраман, аммо Аллоҳ ва Расулини сиздан кўра кўпроқ яхши кўраман”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилади: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен менга ва ота-онангга шукр қил! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир!” Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўл ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргаш. Сўнгра (яъни, қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман»(Луқмон, 14–15).

Манбаларда Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)нинг кароматлари ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Жанглардан бирида аскарлар билан Дажла дарёсидан сузиб ўтишгани бундай ҳикоя қилинади: «Саъд мусулмонларга: “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил”, дейишни буюриб, ўзи отда дарёга тушди. Унинг ортидан бошқалар ҳам сувга тушишди. Ҳеч ким иккиланмади, ортда ҳам қолмади. Улар сувда икки томонни тўлдириб, ер устида ҳаракат қилаётгандай кетишарди. Чунки улар Аллоҳ таолонинг нусрати ва кўмаги келишига ишонардилар».

Ҳижратнинг 54-йили Садъ ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) Атиқдаги ҳовлисида яшар эди. Умрининг охирги лаҳзаларини ўғли бундай ҳикоя қилади: «Отамнинг боши кўксимда, жони узилай деб турарди. Бу ҳолатни кўриб, йиғлаб юбордим. Отам менга: “Нима учун йиғлаяпсан, ўғлим? Аллоҳ таоло мени азобламайди. Чунки мен жаннат аҳлиданман!”» деди. Имоннинг салобатини ўлим даҳшати ҳам сусайтира олмади. У Раббига ҳаётидаги ажойиб ва гўзал таассуротлар билан йўлиқишни истарди. Шу боис эски ридосини олиб чиқишларини сўради. Саъд (розияллоҳу анҳу) аҳлларига ўзини манашу кийимга кафанлашларини буюриб: “Бу Бадр куни кийган ридойим. Буни шу кун учун сақлаб қўйганман”, деди.

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 55-йили Мадина шаҳри ташқарисидаги уйида вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн қилинди.

Каттақўрғон туманидаги

 “Халифа Худойберди” жомеи имом-хатиби

Шоҳимардон УМАРОВ

тайёрлади.