Каъб ибн Зуҳайр ибн Абу Сулма Мазиний Абул Музарраб. Отаси Зуҳайр ибн Абу Сулма ислом келгунича арабларнинг таниқли шоирларидан эди. Кейинчалик Каъб ҳам шоирликда отасидан ҳам ўзиб кетади. Каъбнинг отаси насроний ва яҳудий олимларидан охирзамонда юбориладиган пайғамбар ҳақида эшитар ва ўша вақт келишини интизорлик билан кутарди. Бир кеча тушида осмондан бир арқон туширилганини, у арқонни ушлашга интилиб, қўлини узатса ҳам, ета олмаганини кўрди. Бу тушдан у охирзамон пайғамбари келадиган вақтгача яшай олмаслигини англади. Сўнгра ўғиллари Бужайр ва Каъбни чақириб, охирги пайғамбар юборилгани ҳақидаги хабарни эшитишлари билан унинг олдига бориб, имон келтиришларини васият қилди. Катта ўғли Бужайр васиятга амал қилиб имон келтирди, аммо укаси Каъб мутлақо тескари йўлдан кетди. У мусулмон бўлмагани етмаганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ашаддий душман бўлиб, исломни ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни мазах қилиб шеърлар ёзди. Бу ҳажвияларида у ҳатто мусулмон акасини ҳам масхараларди. Иш шу даражага бориб етдики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Каъбни қаерда бўлмасин, кўринган заҳоти ўлдиришга буюрдилар.

Жоҳилият даврида араб қабилалари орасида шоирлар кўп бўлган. Жумладан, Абу Дахбал Жумаҳий, Ахтал, Фараздақ, Жамил ибн Абдуллоҳ ибн Муаммар, Умар ибн Абу Робиа ва Ханса каби шоирлар таниқли бўлганлар. Каъбетакчисифатида улар биланатрофдагиқабиламаросимвамажлислариниўтказарди.

Шунда акаси Бужайр Каъбга ҳолатдан хабар бериб мактуб ёзди. Унда, жумладан, бундай сўзлар битилган эди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ҳажвия қилган маккаликлардан баъзилари ўлдирилди. Сен ҳам ўлимга ҳукм этилдинг. Энди сенга маслаҳатим, бу йўлингдан қайт, тавба қил ва мусулмон бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига кел. Зеро, у зот (алайҳиссалом) пушаймон бўлиб, олдиларига келган кишига ёмонлик қилмайдилар. Агар бу таклифимга кўнмасанг, ер юзидан бош олиб кет!”

Каъб ибн Зуҳайр мактубни олгач, чуқур ўйга толди. Гўё ер юзи унга торлик қилиб қолгандек эди. Мусулмонлар забт этган сарҳадлар тобора кенгайиб бораётганидан, барча шоирлар қатори Каъб ҳам қилмишларидан таъсирланиб, тобора изтиробга туша бошлади. Бу орада Макка ҳам фатҳ этилди. У ўз айбини яхши ҳис этса ҳам, шаҳодат келтириб мусулмон бўлиши анча чўзилди. Ниҳоят, кўнглини аста-секин ҳидоят нури ёрита бошлади. Мусулмон бўлишга қатъий қарор қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига йўл олди. Йўлда қилмишидан пушаймонлиги, мусулмон бўлгани баён қилинган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мадҳ этилган қасидасини ёзди.

Мадинага бориб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига ўтирди. Ўзини танитмасдан туриб: “Ё Расулуллоҳ, Каъб ибн Зуҳайр қилмишларидан пушаймон бўлиб, мусулмон ҳолида ҳузурингизга омонлик тилаб келди. Мен олдингизга олиб келсам, унга омонлик бериб, мусулмонлигини қабул этасизми?” деди. У зот (алайҳиссалом)нинг “Ҳа”, деган жавобларини олгач, “Ё Расулуллоҳ, мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Сиз Унинг расулисиз! Мен Каъб ибн Зуҳайрман”, деди. Унинг ўша шоир Каъб эканини билган саҳобалардан бири ўлдириш учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан изн сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бунга қарши бўлдилар ва: “Уни ўз ҳолига қўй. У пушаймон бўлиб, Ҳаққа юз бурган ҳолда келди!” дедилар. Бундан беҳад шод бўлган Каъб йўлда У зотга атаб ёзган қасидасини ўқий бошлади.

“Шубҳа йўқки, ул Расулуллоҳ тўғри йўлнинг ёрқин нуридир,

Ёмонликни даф этмоқ учун Аллоҳнинг бир қиличи кескир!”– мазмунидаги байтга келганида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таъсирланиб, ўз бурда (чакмон, хирқа)ларини унга инъом этдилар. Шундан келиб чиқиб, ушбу қасида «Қасидаи бурда» номи билан эл оғзида машҳур бўлиб кетди. Каъбнинг вафотидан сўнг, Муовия ибн Абу Суфён мазкур хирқани Каъбнинг ўғлидан сотиб олади. Дастлаб Муовия, ундан кейин барча халифалар байрам кунлари бу хирқани кийишар эди. Ушбу анъана аббосийлар даврида ҳам сақланиб қолган. Улардан кейин бу муборак хирқа усмонийлар қўлига ўтади. Ҳозирги кунда ҳам у муқаддас омонат сифатида Истанбулдаги «Тўпқопи» музейида «Хирқаи саодат» хонасида муҳофаза этилмоқда.

Каъб ибн Зуҳайр (розияллоҳу анҳу) 645 йили Шомда вафот этди. Улуғ саҳоба Пайғамбар (алайҳиссалом)га атаб ёзган қасидаси билан У зотнинг хос шоири ва эрка саҳобаси сифатида тарихда қолди. Бу қасида ҳозирги кунда ҳам машҳурдир.

Манбалар асосида

Салоҳиддин СИДДИҚОВ

тайёрлади.