Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: "Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, мулкига масъулдир. Демак, ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар"

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:

Тим қоронғи кечада амирул мўминин Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) уйига бориш мақсадида йўлга чиқдим. Кетаётиб йўлда аъробийча кийинган бир кишини учратдим. У кийимимдан тортиб:

– Юр мен билан, эй Аббос! – деди.

Диққат билан қарасам, амир­ул мўмининнинг ўзи экан. Биров билиб қолмаслиги учун кўринишини ўзгартириб олганини анг­ладим. Яқин бориб, салом бергач:

– Қаерга боряпсиз, эй мўминлар амири? – дея сўрадим.

– Бу зулматли тунда араб маҳаллаларини айланиб чиқмоқчиман, – деди у.

Кеча салқин эди. Мен мўминлар амирининг ортидан эргашдим. У ҳар бир чодир ва уйга диққат қилиб, кузатиб борар эди. Ҳаммасини кўздан кечириб, энди қайтиб кетмоқчи эдик ҳамки, тўсатдан бир чодир эътиборимизни торт­ди. Унда бир аёл бўлиб, атрофида болалари чирқиллаб йиғлашарди. Ҳаммалари ўчоқ бошида куймаланишар, қозон тагига олов ёқилган эди. Аёл ҳадеб: "Озгина қолди, сабр қилинглар, болаларим, овқат ҳам пишиб қолади, ейсизлар", дер эди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) диққат билан гоҳ аёлга, гоҳ болаларга қарарди. Анча узоқ туриб қолдик.

– Мўминлар амири! Сизга нима бўлди? Юринг, кетамиз, – дедим ниҳоят. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Аллоҳ номи билан онт ичиб айтаман, токи аёл болаларига овқатни сузиб, улар еб тўйганларини кўрмагунимча, бу ердан ҳеч қаерга жилмайман! – деди.

Вақт алламаҳал бўлиб қолди. Болалар ҳамон қичқириб йиғлашар, аёл эса: "Ҳозир, озгина қолди, сабр қилинглар, болаларим", деган сўзларини такрорлашдан тинмас эди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) менга:

– Юр, кириб ундан сўраймиз, – деди ва чодирга кирди. Ортидан мен ҳам кирдим. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Ассалому алайкум, эй хола! – деди. Аёл:

– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, – деб гўзал жавоб қайтарди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Бу болаларга нима бўлди, нечун қичқириб йиғлашаяпти? – деди.

– Очликдан, – деб жавоб берди аёл.

– Нима учун қозондаги таомдан бермаяпсан?

– Қозонда нима борки, мен уни берсам. Бу ишим уларни овунтириш учун, холос. Шояд йиғлаш кўнгилларига тегиб, охири ухлаб қолишса, деб шундай қиляпман. Уларга едирадиган ҳеч нарсам йўқ, – деди аёл.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) қозонга яқин бориб қаради: ҳақиқатан ичида майда тошларгина бор эди, холос.

– Нима учун сен бундай ҳолга тушиб қолдинг? – деб сўради Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).

– Мен ёлғизман, ҳеч кимим йўқ. На акам, на отам, на эрим... Бошқа қариндошларим ҳам йўқ.

– Унда нимага амирул мўминин Умар ибн Хаттобга ҳолинг­ни арз қилмайсан? Бирор ёрдам берарди-ку.

– Худо ҳаққи, Умар менга зулм қилди, – деди аёл.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) аёлнинг сўзидан даҳшатга тушди:

– Эй хола, Умар сенга нима зулм қилди? – деб сўради.

– Ҳа, Худо ҳаққи, у бизга зулм қилди. Чунки бошлиқ қўл остидаги ҳар бир одамнинг ҳолидан хабардор бўлиб туриши керак. Уларнинг орасида менга ўхшаган қўли калта, бола-чақаси кўп, ёрдамчиси йўқлар ҳам бўлади-ку...

– Умар сенинг ҳолингни қаердан билсин? Сен унга арз қилиб, аҳволинг­ни билдириб қўйишинг лозим эди, – деди Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).

– Йўқ, Худо ҳаққи, чин ишончли бошлиқ қарамоғидаги одамларнинг ҳожатларини умуман ва хусусан текшириб хабар олиб туриши керак. Эҳтимол, камбағал одамнинг ҳаёси устун келиб, бошлиқ олдига боришдан қайтарар...

– Тўғри гапирдинг, хола! – деди Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу). – Болаларингни бир оз тинчлантириб тур, мен тезда қайтиб келаман.

Сўнгра биз чиқиб кетдик. Бориб Ҳазрат Умар хазинани очди, ичкари кирди, мени ҳам киришга буюрди. Битта қопга ун солди.

– Эй Аббос! Елкамга ортишиб юбор! – деди.

Мен у зот айтганидек қилдим. Сўнгра менга, мана бу кўзани кўтариб ол, деди. Кўзада ёғ бор эди. Иккаламиз чиқдик, эшикни беркитиб, ҳалиги аёлнинг чодири томон кетдик.

Қопдан Ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) соқолига, кўзи ва пешоналарига ун тўкилди. Йўл хийла узоқ бўлиб, юк Ҳазрат Умарни (розияллоҳу анҳу) чарчатиб қўйган эди. Мен унга:

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй мўминлар амири! Қопни менга беринг, мен кўтарай, – дедим.

– Йўқ. Худо ҳаққи, сен қиёмат куни менинг жиноятим ва зулмимни кўтара олмайсан. Билгинки, эй Аббос, темир тоғлар ва уларнинг оғирлигини кўтариш охиратда катта ёки кичик жиноят азобини кўтаришдан яхшироқ. Тезроқ юргин, эй Аббос, болалар аёл айтганидек йиғлаш кўнгилларига тегиб ухлаб қолмасларидан олдин борақолайлик.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) қадамини тезлатди. Мен ҳам тез-тез юрдим. Аёлнинг чодирига етиб боргунимизча ҳарсиллаб қолдик. Мўминлар амири қопни елкасидан туширди. Мен ҳам кўзадаги ёғни унинг олдига қўйдим. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўчоқ бошига бориб, қозондаги нарсаларни тўкиб ташлади. Сўнгра уни тозалаб, ёғ солди. Қараса, олов ўчай деб қолган экан.

– Ўтин борми? – деб сўради аёлдан.

– Ҳа, ўғлим, бор, – деб ўтинга ишора қилди аёл.

Ўрнидан туриб, ўтин олиб келди. Қозонни ўчоққа яхшилаб ўрнаштирди. Ўтинлар бир оз ҳўл экан, ҳадеганда ёнавермади. Энгашиб, ўчоқдаги чўққа пуфлай бошлади. Олов гуриллаб кетгунича шу зайлда давом этди. Ёғ эриб аста-секин қизий бошлади. Ёғни капгирда қўзғаркан, иккинчи қўли билан ун ташлаб, аралаштириб турди. Таом пишгач, аёлдан идиш сўради. У идиш олиб келди. Овқатни сузди. Уни совитиб-совитиб кичкинтойларнинг оғзига тутди. Болаларнинг қоринлари тўйиб, кифоя қилгунларича бирма-бир едириб турди. Сўнг болалар ўринларидан туриб, бир-бирлари билан ўйнай бошладилар. Ранглари кириб, қувнаб кулдилар. Бироқ кўп ўтмай, ухлаб қолишди. Бу ишларни кузатиб турган аёл Ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳу):

– Эй болам, сен Умарнинг ўрнига лойиқ экансан, – деди. Шунда Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) унга қараб:

– Эй хола, мен амирул мўмининнинг яқинлариданман. Ҳолингни унга эслатиб қўяман. Эртага эрталаб амирликка бор. Мени ўша ердан топасан. Яхшиликни умид қилавер, – деди.

Сўнгра аёл билан хайрлашиб, ташқарига чиқдик.

Бир оз юргач, мўминлар амири:

– Эй Аббос! Худо ҳаққи, мен аёл болаларини майда тошлар билан алдаб тинчлантираётганини кўрган вақтимда, гўёки тоғлар силкиниб елкамга ағдарилгандек бўлди. Келтирган нарсаларимиздан овқат қилиб, пишириб, болаларнинг қорни тўйиб, ўйнаб-кула бошлаганларидан кейин ўша тоғлар елкамдан тушганини сездим, – деди.

Иккимиз ҳам ўйга толсак-да, кўнглимиздан қандайдир ғубор аригандек енгил борар эдик. Уйига етгач, Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) мени ҳам ичкари киришга буюрди. Ўша кеча бирга тунадик.

Тонг отгач, аёл кириб келди. Ҳазрат Умарни (розияллоҳу анҳу) кўриб, қўрққанидан қалтираб кетди.

– Қўрқманг, она, мен сизни таклиф қилганимдан мақсадим, кеча сиз мендан Аллоҳга шикоят қилган эдингиз. Шу шикояти­нгизни неча пулга сотасиз? – деб сўради. Аёл сукут сақлар эди.

– Эй Аббос, сиз гувоҳсиз, шикоятни ўз пулимдан 500 динорга сотиб олдим.

Сўнгра пулни санаб аёлга берди. Аёлдан узр сўраб, унга ва болаларига ҳар ойга етарли миқдорда нафақа тайинлади...

 

Раҳима КАРИМ қизи тайёрлади.