Мўминлар онаси Хадича бинти Хувайлиднинг жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсондир.

 * * *

Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилия даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.

Ҳаким ибн Ҳизом Муҳаммад Расулуллоҳ билан пайғамбарлик келмасидан олдин қалин дўст эди. Беш ёш катта бўлса ҳам оламлар Сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қилардилар.

Расулуллоҳ Ҳакимнинг аммаси Хадича бинти Хувайлидга уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.

* * *

Пайғамбар Ҳакимдек эсли-ҳушли, ақл-фаросатли одамнинг ишларидан ҳайрон бўлардилар. У ва у каби бир неча кишиларнинг тез кунда Исломни қабул қилишига умид боғлардилар.

Макка фатҳидан бир кун олдин Расулуллоҳ саҳобаларга:

– Маккада тўрт киши бор, уларнинг мусулмон бўлмай, мушриклигича қолиб кетиши ақлга сиғмайди, – дедилар.

– Улар кимлар, ё эй Аллоҳнинг расули? – деб сўрашди.

– Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳнинг фазли билан барчаси Исломни қабул қилди.

* * *

Расулуллоҳ Макка фатҳ этилганидан сўнг ҳам Ҳаким ибн Ҳизомга ҳурмат кўрсатдилар ва жарчиларга бундай дейишни буюрдилар:

“Ким шериги бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир, деб гувоҳлик келтирса, молию жони омонда.

Ким Каъбага кириб, қуролини топширса, молию жони омонда.

Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, молию жони омонда.

Ким Абу Суфённинг уйига кирса, молию жони омонда.

Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига кирса, молию жони омонда...”

Ҳакимнинг уйи Макканинг қуйи, Абу Суфённики эса юқори қисмида эди.

* * *

Ҳунайн ғазотидан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, ўлжадан улуш сўради. Пайғамбаримиз сўраганини бердилар. Яна сўради. Сарвари олам яна улуш ажратдилар. Сўрай-сўрай Ҳакимнинг улуши юзта туяга етди. Шунда Пайғамбаримиз :

– Эй Ҳаким, дунё ширин ва мафтункор. Ким ундан қаноат билан фойдаланса, баракага эришади. Очкўзлик билан ҳаракат қилган, ундан маҳрум бўлади. Тепадаги қўл пастдагисидан яхшироқдир, – дедилар.

Буни эшитган Ҳаким:

– Ё Расулуллоҳ, Буюк Зотга қасам, энди ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, – деди ва умрининг охиригача шу сўзида турди.

Абу Бакр даврида бир неча хазинадан улушини олишга уни чақиришди, аммо у ҳеч нарса қабул қилмади.

 

Замира ҚОСИМОВА тайёрлаган.