Имрон ибн Ҳусайн ҳижратнинг еттинчи йили Исломни қабул қилди. Cевимли Пайғамбаримизга яқин ёрдамчи бўлди. Бир неча жангларда иштирок этди ва Макка фатҳи куни Ҳузоа қабиласининг байроқдори бўлди. Пайғамбар хонадонида илм олиб, фақиҳ бўлиб етишди.

Имрон ибн Ҳусайн мусулмон бўлгач, ҳаётини яхшиликка хизмат қилишга бағишлади.

 

* * *

Имроннинг отаси Ҳусайннинг мусулмон бўлиши Расулуллоҳнинг кўзларини ёшлатган. Ҳусайн ҳали Исломни қабул қилмасидан илгари қурайшликлар унинг ҳузурига кириб: “Муҳаммаднинг сўзлари бизларга оғир ботмоқда, у илоҳларимизни ҳақоратламоқда”, деб айтишди. Шунда улар Расулуллоҳнинг уйларига боришиб, эшиклари ёнида тўхташди. Ичкарига фақат Ҳусайн кирди. Набий уни кўришлари биланоқ: “Қарияга жой беринглар”, деб буюрдилар. Ўшанда бир неча саҳоба шу ерда эди. Расулуллоҳ : “Имон келтир”, дедилар ва Ҳусайн имон келтирди. Сўнгра: “Ё Расулуллоҳ, менинг қавмим ва яқинларим бор. Уларга нима дейман?” деб сўради. Расулуллоҳ : “Ё Аллоҳ, ишим тўғри бўлишига йўл кўрсат, фойдали илмимни зиёда қил”, деб айт, дедилар. Ҳусайн ҳали ўрнидан турмасиданоқ исломни қабул қилган эди. Шу пайт унинг ёнига Имрон келиб, отасининг боши ва қўл-оёқларини ўпди. Буни кўрган Расулуллоҳ йиғладилар. Саҳобалар нимага йиғлаганларини сўрашганида, у зот: “Имрон қилган ишидан йиғладим”, дедилар. Ҳусайн ўрнидан туриб кетаётганида Расулуллоҳ : “Уни уйига кузатиб қўйинглар”, дея марҳамат қилдилар.

 

* * *

 

Имрон ибн Ҳусайн Аллоҳга чексиз муҳаббатли, тўғри сўз, тақводор, садоқатли инсон бўлиб, Аллоҳ таоло унга тавфиқ ва ҳидоят неъматини берган эди. Шунга қарамай, у: “Қани энди шамоллар тўзғитиб юборадиган қум зарралари бўлсам эди”, деб тинмай кўзёш тўкарди. Исломдан илгари қилган гуноҳларини ўйлаб азоб чекарди.

Кунларнинг бирида саҳобалар Расулуллоҳдан : “Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда эканимизда қалбларимиз эриб, дунёдан узоқлашамиз ва худди охиратни кўриб тургандек бўламиз. Бу ҳол ҳузурингиздан чиқиб кетгунимизча давом этади. Лекин оиламизга, бола-чақамиз қошига қайтишимиз билан бу нарсаларни унутамиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўрашди. Расулуллоҳ уларга: “Аллоҳга қасам, агар менинг ҳузуримдаги ҳолингизда бардавом бўлганингизда эди, сизларни фаришталар қарши оларди. Лекин бир муддат диндор бўлиб, яна бир муддат ҳою ҳавас билан яшайсизлар”, деб жавоб қилдилар.

Бу ҳадисни эшитган Имрон ибн Ҳусайн таъсирланиб, холис ибодатдан оғишмай яшашни мақсад қилди.

 

* * *

 

Халифа Умар ибн Хаттоб Имронни Басра халқига йўл кўрсатиш ва дин илмларини ўргатиш учун юборди. Имрон ибн Ҳусайнни Басрага жойлашиши биланоқ, шаҳар аҳли уни қутлаб, дуосини олди.

Ҳасан Басрий ва Ибн Сирин: “Басрага Расулуллоҳнинг саҳобаларидан Имрон ибн Ҳусайндан яхшироғи келмаган”, деб айтишган. Бу икки алломанинг саҳобий ҳақидаги юксак фикри унинг даражасидан далолатдир. Имрон Басрада қозилик вазифасини адолат билан адо этди.

 

* * *

 

Имрон тақводор мусулмон эди, қимматбаҳо, чиройли кийимлар киярди. У зоҳидлик ҳамма нарсадан ўзини тийиб яшашда эмас, балки юракдадир деб биларди. Абу Ражо айтади: “Бир куни Имрон ёнимизга биз ҳеч қачон кўрмаган чиройли ёпинчиқ билан чиқди. Шугина ёпинчиқнинг пулига бир қанча кийим сотиб олиш мумкин эди. Яхши кийим кийишини кўриб, ҳайрон бўлганларга Расулуллоҳнинг “Агар Аллоҳ бандасига неъмат берса, ўша неъматни бандасида кўришни яхши кўради”, деган сўзлари билан жавоб қиларди. Имрон хоссатан намозга энг гўзал кийим кийиб келарди. Бу иши ҳақида сўрашганида эса: “Нега энди ясанмаслигим керак, ахир Раббимнинг ҳузурида турибман-ку”, дерди.

 

* * *

 

Али ва Муовия ўртасига катта низо тушганида, Имрон ибн Ҳусайн четга чиқиб олмади, балки овозининг борича мусулмонларни тинчликка чақирди. У: “Бир мусулмонга ўқ отганимдан кўра, ўлгунимча тоғда эчки боққаним яхшидир”, деб айтарди.

 

* * *

 

Ўттиз йиллик оғриқли касаллик боис Имроннинг имони комилликка эришди. У касалликка сабрсизлик қилмади ва бирор марта шикоят қилмади. Балки ўтирганида ҳам, турганида ҳам, ётиб қолганида ҳам ибодатда мустаҳкам бўлди. Биродарлари далда берувчи сўз айтганида, уларга кулиб: “Нафсимга энг ёқимли бўлган нарса Аллоҳ учун севимли бўлган нарсадир”, дер эди. Мислсиз сабр билан катта намуна кўрсатган Имрон ибн Ҳусайн ҳижратнинг эллик иккинчи йили Басрада оламдан ўтди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

 

БУШРО тайёрлади.