Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тим ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай Қурайший Таймий. Куняси: Абу Бакр. Лақаби: Атиқ ва Сиддиқ. “Атиқ” дейилишига юзи истарали ва яхшилик қилишда биринчи экани сабаб бўлган.

“Сиддиқ” деб лақабланишининг сабаби Набийни тасдиқлаганидир. У Пайғамбаримиз оиласига мансуб бўлмаганлар орасида биринчи бўлиб Набийни тасдиқлаб, у зотга имон келтирган. Шунинг учун Набий уни “Сиддиқ” деб атаганлар. Исро воқеасидан сўнг мушриклар Абу Бакрга: “Дўстингиз бир кечада Маккадан Қуддусга бордим”, деб айтяпти”, дедилар. Шунда у: “Рост сўзлабди”, деб тасдиқ жавобини берди. Бу ишонч сўзи ҳам Абу Бакрга “Сиддиқ” деб ном берлишига асос бўлди. Тафсири “Улусий”да келишича: “Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этганлар (мўминлар) – айнан ўшалар тақволи зотлардир” (Зумар, 33) оятидаги “Ростликни келтирган зот” Расулуллоҳ , “уни тасдиқ этганлар” эса, Абу Бакрдир , деб тафсир қилинади.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Набий , Абу Бакр, Умар ва Усмон Уҳуд тоғига чиқдилар. Шунда тоғ тебранди. Набий : Эй Уҳуд, тинчлан, сенинг устингда Набий, Сиддиқ ва икки шаҳид бордир, деб марҳамат қилдилар».

Айтишларича, онасининг фарзандлари турмаган, Абу Бакр туғилганида у Каъбага юзланиб: “Аллоҳ, бу Сенинг ўлимдан қутқариб қолганингдир, уни менга ҳадя қил”, деб айтган экан.

Фил воқеасидан икки йилу олти ой ўтганидан сўнг, милодий 573 йили дунёга келган. Абу Бакр Сиддиқ толмадан келган, озғин, юзида туклари кам, дўнгпешона киши бўлган.

* * *

У Расулуллоҳдан сўнг бу умматнинг энг яхши кишисидир. Набий : “Пайғамбарлардан сўнг қуёш чиқиши ва ботишида Абу Бакрдан афзал инсонни кўрмагандир”, дея марҳамат қилганлар (Абу Нуъайм).

Абу Дардодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ ҳузурларида эдим. Бир вақт кўйлагининг этагини ушлаганча Абу Бакр кириб келди, ҳатто тиззалари кўринай деб қолган эди. Буни кўрган Набий : “Дўстларингиз жанжаллашибди”, дея марҳамат қилдилар. Абу Бакр : “Умар билан орамизда бир иш ўтди. Тезда ортимга қайтиб бордим. Пушаймон бўлиб, ундан кечирим сўрадим. Умар узримни қабул қилмади. Кейин тўғри сизнинг олдингизга келавердим”, деди. Расулуллоҳ (алайҳисссалом) уч бора: “Аллоҳ сени кечирсин, эй Абу Бакр”, деб айтдилар. Бу пайтда Умар ҳам қилган ишидан афсусланиб, Абу Бакрнинг уйига борибди: “Абу Бакр борми?” деган сўровига ичкаридан: “Йўқ, Набийнинг ҳузурларига кетдилар”, деган жавоб бўлибди. Шундан сўнг у Расулуллоҳнинг ҳузурига келди. Пайғамбаримизнинг юзлари ўзгарди. Абу Бакрнинг раҳми келиб, тиз чўкди ва икки мартта: “Ё Расулуллоҳ, мен зулм қилаётган эдим”, деб айтди. Шундан сўнг Набий марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар қилиб юборди, ўшанда: “Сен ёлғон айтяпсан, дедингиз. Абу Бакр эса: “Рост сўзладингиз”, деб мени жони ва моли билан ҳимоя қилди. Дўстимни тинч қўйинглар, бундан сўнг унга ҳаргиз озор берманглар. У имонда сизлардан ўзди. Набийга дўст тутиниб, уни тасдиқлади. Қанчалик қийинчиликларга дуч келмасин, узоқ вақт Маккада мен билан қолди ва ҳижратда шерик бўлди. Абу Бакр ғорда ҳам менга шерик бўлди”, дея марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий).

* * *

Анас ибн Молик Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилди: «Ғорда эканимизда тепамизда турган мушрикларнинг оёқларига қарадим ва: “Ё Расулуллоҳ, агар улардан бири оёғи остига қараса, бизни кўради”, деб айтдим. Шунда У зот : “Эй Абу Бакр, икки кишининг учинчиси Аллоҳ бўлган кишилар ҳақида эшитмаганмисан?”, дея марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий).

Одамлар ўзини Абу Бакрдан устун қўяётганларини эшитган Ҳазрат Умар: “Аллоҳга қасам, Абу Бакрнинг бир кечаси Умарнинг оиласидан яхшироқдир. Абу Бакрнинг бир куни Умарнинг оиласидан яхшироқдир. Расулуллоҳ ғорга Абу Бакр билан бирга кирдилар. Абу Бакр бир соат Расулуллоҳнинг олдиларида юрса, бир соат у зотнинг орқаларида юрарди. Ҳатто бу иши билан Набийни ажаблантирди, у зот : “Эй Абу Бакр, сенга нима бўлди? Бир соат олдимда юрсанг, бир соат ортимда юрасан?”, деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ, изимиздан келишмаяптимикин деб ўйлашим билан орқангиздан юраман, йўл четида бир кузатувчи бормикан деган гап хаёлимга келган заҳоти эса олдингизда ўтаман”, деди. Шунда Набий : “Эй Абу Бакр, агар бирон нарса юз берса, менинг ўрнимга сен бўлишни истармидинг?” деб сўрадилар. Абу Бакр: “Сизни юборган Зотга қасам, бало сизга эмас, менга етишини истардим”, деб айтди. Ғорга етишганида эса Абу Бакр ичкарини тозалаб, супуриб чиқди. “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, ана ўша кеча Умарнинг оиласидан афзалдир”, деб айтди (Ҳоким, Байҳақий ривояти).

* * *

Кунларнинг бирида Набийнинг ҳузурларига бир аёл келди, У зот аёлга бир иш буюрдилар. У: “Ё Расулуллоҳ, қайтиб келганимда сизни тополмасам нима қилай?”, деб сўради. Шунда Набий : “Агар мени тополмасанг, Абу Бакрнинг олдига бор”, дея мараҳамат қилдилар.

* * *

Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ эҳсон қилишимизни буюрдилар. Шунда ўзимга ўзим: “Бир куни Абу Бакр мендан ўзиб чиққанди, бугун эса мен ўзиб чиқаман”, дедим ва ярим бойлигимни олиб келдим. Набий : “Оилангга нима қолдирдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Худди шунча қолдирдим”, деб айтдим. Кейин Абу Бакр келди. Набий : “Оилангга нима қолдирдинг”, деб сўрадилар. У: “Аллоҳ ва расулини қолдириб келдим”, деб жавоб берди. Шунда ўзимга ўзим: “Аллоҳга қасам, бирон нарсада ундан ўзиб кетолмас эканман”, дедим» (Имом Термизий).

Абу Саид Худрий айтади: «Набий одамларга хутба қилиб: “Аллоҳ бандага дунёдаги ва Ўзининг ҳузуридаги нарсаларни танлаш ихтиёрини берди. Банда Унинг ҳузуридаги нарсаларни танлади”, деб марҳамат қилдилар. Абу Бакр йиғлаб юборди. Биз ҳайрон бўлдик. Билсак, танлаш имкони берилган киши Расулуллоҳ эканлар. Абу Бакр биздан зукко эди. Пайғамбар : “Дўстликда ва молда менга энг кўп хизмати сингган Абу Бакрдир. Агар Аллоҳдан бошқа дўст танлаш имконим бўлганида эди, албатта Абу Бакрни танлаган бўлардим. Лекин Исломдаги биродарлик ва муҳаббатнинг ўзи етарли...” дедилар (Имом Бухорий ва Муслим).

Абу Бакр ҳақида Аллоҳ таоло оят нозил қилган: “Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг «юзи»ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) рози бўлур” (Лайл, 17–21).

* * *

Расулуллоҳ : “Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, дея марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа).

Ҳазрат Умар у ҳақда: “Расулуллоҳ динимизни топшириб қўйган кишига нега энди дунёмизни топширмаслигимиз керак?!” деб айтган.

* * *

Абу Бакр Сиддиқ ҳижратнинг ўн учинчи йили жумадул аввал ойида олтмиш уч ёшида вафот этган.

БУШРО

тайёрлади.