Миср ери кенг бўлса-да, Бани Исроилга торлик қилди. Мисрнинг ҳосилдор ва унумдор ерлари энди уларга кераксиз бўлиб қолди. Ахир улар зиндонда, ҳар куни азоб ва хўрланишнинг янги турини татиб ётган бўлсалар, қачонгача сабр қилишарди?

Аллоҳ таоло Мусога Бани Исроил билан тунда Мисрдан чиқиб кетишни ваҳий қилди. Буни Фиръавннинг одамлари сезиб, керакли жойларга етказишди, керакли тадбирлар кўрилди. Мусо Бани Исроил билан кечаси Фаластин томон юрдилар. Одамлар ўн икки гуруҳга бўлиниб, ҳар бирига йўлбошчи тайинланди. Мусо Шом йўлидан икки марта ўтган, йўлни яхши билардилар. Бироқ Аллоҳнинг иродасига кўра, Мусо ва йўлдошлари адашиб қолишди.

Карвондагилар шимол томон кетяпмиз деб ўйлаб, тун зулматида шарқ томон юришибди. Рўпарадан тўлқинлари мавж уриб турган Қизил денгиз чиқиб, йўллари тўсилди.

“Эй сақлагувчи Эгам! Эй асрагувчи Эгам! Қаердамиз ўзи?!” “Биз денгиз олдидамиз”, деган жавоб бўлди. Ортларида эса бутун уфқни чанг-тўзонга тўлдириб келаётган улкан қўшинни кўришди. Мана шу фурсатда у ер-бу ердан норозилик овозлари кўтарилди: “Эй Имрон ўғли! Бизни ўлимга етаклаб келибсан-ку! Биздан нима ёмонлик кўрган эдинг! Фиръавн бизни сичқонларни қириб ташлагандек қириб ташлаши учун олиб келганмидинг?! Ахир бу ердан қочиб қутулишнинг иложи йўқ-ку?! Осон қўлга тушишимиз учун денгиз қирғоғига олиб келдингми? Сенга ёмонлик қилганимизни эсламаймиз. Хўш, унда бу интиқомнинг сабаби нима?! Бу ерга келгунимизга қадар сен туфайли бизга етган бало-офатлар етмасмиди?! Мана, олдимизда душман каби денгиз, ортимизда эса денгиз каби душман турибди. Ўлимдан бошқа чорамиз қолмади!”

Дунё Бани Исроилнинг кўзига қоронғу бўлди, нигоҳлар маъюс тортди, кўнгилларни умидсизлик эгаллаб олди, овозлар ҳам тинчиди. Одамлар эс-ҳушини йўқотди.

Лекин Мусонинг Раббисига бўлган имони қалбини изтиробга туширмади: «(Мусо) айтди: “Йўқ, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта, У мени (хавфсиз) йўлга бошлар”» (Шуаро,62).

Аллоҳ таоло Мусога ҳассаси билан денгизга уришни амр қилди. Урганида эса денгиз ёрилиб сув икки тарафга баланд тоғ каби кўтарилди. Ўн иккита гуруҳ учун ўн иккита йўл пайдо бўлди. Қавм саломатлик билан қуруқликка етиб олди.

Фиръавн Бани Исроил денгизни саломат кесиб ўтганини кўргач, аскарларига: “Анави қочоқларни тутиб олишим учун денгиз амримга қандай бўйсунганини кўряпсизларми?” деди.

Бани Исроил яна бетоқат бўлди: “Анави душманлар, анави золимларни қаранглар, олдимизга ўтишмоқчи. Уларни биздан ҳеч нарса тўсолмайди, тезда бизга етиб олишади, ё Мисрга хўрлаш учун асир олиб кетишади, ё бу кимсасиз, овлоқ ерларда ўлдириб юборишади”. Шунда Мусо денгизнинг олдинги ҳолига қайтишини истаб, асосини қуруқликка урди. Лекин Аллоҳ унга: Денгизни тинч ҳолда тарк эт, “Улар ғарқ қилинувчи қўшиндир” (Духон, 24) дея ваҳий қилди.

Фиръавн ва одамлари етиб келганларида, қуруқлик бўлиб турган денгиз уларни ўраб олди. Фиръавн ўлими яқинлашганини сезди: «Унга (Фиръавнга) ғарқ бўлиш (соати) етишганида айтди: “Имон келтирдим, Исроил авлоди имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман”» (Юнус, 90).

«Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганида, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо, 18).

“Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди” (Анъом, 158).

Шунда унга дейилди: (Аллоҳ деди): «Эндими?! Ахир, сен илгари итоатсизлик қилган эдинг ва бузғунчилардан эдинг-ку!» (Юнус, 91).

Фиръавн чўкиб кетди. Минглаб чақалоқларни ва кишиларни сўйиб ўлдирган золим ўлди. Минглаб дўстларни қамоққа ташлаб, осиб ўлдирган, ҳаддан ошган кимса ўлди. Ўзининг тахтидан йироқда, султонлигидан олисда ўлим топди. Даволовчи табиби, кўнгил сўровчи дўсти ва ҳолига йиғловчи қариндоши топилмади.

Бани Исроил Фиръавн ўлганидан гумонда эди. Чунки “Фиръавн ўлмайди” деган гапга ишонишарди. “Ахир унинг кунларни овқатсиз ва шаробсиз ўтказганини кўрардик-ку?!” дердилар. Шу пайт денгиз унинг жасадини юқорига чиқарди. Шундан сўнггина Бани Исроил унинг ўлганига ишонди.

Аллоҳ таоло Фиръавнга деди: “Мана бугун сендан кейингиларга белги (ибрат) бўлишинг учун жасадингни қутқарурмиз” (Юнус, 92).

Шундай қилиб, Фиръавннинг жасади ибрат олувчилар учун эслатма бўлди. Фиръавннинг аскарлари битта қолмай ғарқ бўлишди. Гарчи ортларидан Мисрни мерос қилиб қолдирган бўлсалар-да, шундай кенг юртда дафн қилинишлари учун бир қарич ҳам жой топилмади.

«Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва сўлим жойларни қолдириб (ғарқ бўлиб) кетишди. Яна (қанчадан-қанча) ўзлари баҳраманд бўлган неъматларни (қолдириб кетишди). Мана шундай. Биз у (неъматлар)ни бошқа қавмга мерос қилиб бердик. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) “йиғлагани” йўқ ва уларга (тавба қилиш учун) муҳлат ҳам берилмади» (Духон, 25–29).

 

Абулҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссаси” асаридан ФАЙЗО тайёрлади.