Савол-жавоблар

ДАФН ПАЙТИДАГИ ОДАТЛАР

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Дафн пайтида маййитнинг бош томонига қўллари билан уч ҳовуч тупроқ сочиш мустаҳаб, яъни хуш кўрилган ишлардандир. Биринчи ҳовучни сочаётганда مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ “Биз сизларни ундан (ердан) яратдик”, иккинчи ҳовучни сочаётганда وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ «унга қайтарурмиз”, учинчи ҳовучни сочаётганда وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى «ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир марта ундан чиқарурмиз” ояти ўқилади (Тоҳа сураси, 55-оят).
Бу ҳақда муҳаддис олим Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар:

أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى عَلَى جِنَازَةٍ ثُمَّ أَتَى الْقَبْرَ فَحَثَى عَلَيْهِ مِنْ قِبَلِ رَأْسِهِ ثَلَاثًا

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозини ўқидилар, сўнгра қабр ёнига келиб бош томонидан уч марта тупроқ сочдилар”.
Мўтабар ҳанафий манбалардан бири “Фатавои ҳиндия” китобида бу мавзуда шундай дейилади:

وَيُسْتَحَبُّ لِمَنْ شَهِدَ دَفْنَ الْمَيِّتِ أَنْ يَحْثُوَ فِي قَبْرِهِ ثَلَاثَ حَثَيَاتٍ مِنْ التُّرَابِ بِيَدَيْهِ جَمِيعًا وَيَكُونُ مِنْ قِبَلِ رَأْسِ الْمَيِّتِ وَيَقُولُ فِي الْحَثْيَةِ الْأُولَى : مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ وَفِي الثَّانِيَةِ : وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ وَفِي الثَّالِثَةِ : وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى ، كَذَا فِي الْجَوْهَرَةِ النَّيِّرَةِ .

“Дафн маросимида иштирок этаётган киши қабрга маййитнинг бош томонидан икки қўллаб уч ҳовуч тупроқ сочиши мустаҳабдир. Биринчи ҳовучни сочаётганда مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ “Биз сизларни ундан (ердан) яратдик”, иккинчи ҳовучни сочаётганда وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ «унга қайтарурмиз”, учинчи ҳовучни сочаётганда وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى «ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир марта ундан чиқарурмиз” деб айтади. “Жавҳаротун наййироҳ” китобида шундай келтирилган”.

Аслида дафн маросими давомида қабрга тупроқ ташлаётган кишилар белкуракни бир-бирининг қўлига бериши ёки ерга қўйиши ихтиёрий мубоҳ ишлардандир. Лекин белкуракни қўлга берса, ёмон бўлади ёки гуноҳ бўлади, албатта уни ерга ташлаш керак, кейин қўлга олиш керак, дейилса бу бидъат амалга айланади. Динимизда бандага яхшилик ва ёмонлик келиши, фойда ва зарар етиши фақат Аллоҳ таолодан деб билинади, бу каби ишлардан шумланиб, ирим қилиш асло мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

НАМОЗДА БЕЛ ОЧИЛИБ ҚОЛИШИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Намоз дуруст бўлиши учун аврат аъзоларининг барчаси ёпиқ бўлиши шарт. Чунки, аврат ёпилиши намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ

яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).
Маълумки, намоздаги бирор бир фарз амал бажарилмаса намоз дуруст бўлмайди. Эркак киши намозда киндигининг остидан бошлаб тиззасининг остигача ёпиши фарздир (Манба: “Шарҳун нуқоя”).

Уламоларимиз аврат аъзолардан бирининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Бунда аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса уч марта тасбеҳ айтиш миқдорича экани билан изоҳланган (манба: “Ҳошиятут-Таҳтовий”).
Ҳозирги пайтда эса баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқиб, руку ва саждага борганларида мана шу аъзоларининг тўртдан бири тугул ярмидан кўпроғи кўриниб қолиб, натижада шунча ҳаракат қилиб ўқиётган намозлари ўзлари билмаган ҳолда бузилишига олиб келмоқда. Бу ҳам етмагандай орқа сафдаги намозхонларнинг кўзлари аврат аъзоларга тушишига сабабчи бўлмоқдалар.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Ундай калта кийимда белни ёпганда, тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам аврат аъзо ҳисобланиб, уни тўртдан бирини очилиб қолиши намозни бузади.
Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай бўлган ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ҳамда узун кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ҲАЙВОНЛАР ГЎНГИДАН ФОЙДАЛАНИШ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳайвонларнинг гўнгидан экинларга ўғит сифатида фойдаланишга шариатимизда рухсат этилган. Бунда гўнгни қандай ҳолатда бўлишининг фарқи йўқ. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда гўнг нажас – нопок нарса бўлса-да унинг олди-соттиси ҳам дурустдир (Манба: “Мухтасарул виқоя” китоби).
Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ гўнгни сотиш дурустлигининг сабабини баён қилиб шундай деганлар:

لِأَنَّهُ يُنْتَفَعُ بِهِ وَيُدَّخَرُ لِوَقْتِ الْحَاجَةِ فَإِنَّهُ يُلْقَى فِي الْأَرْضِ لِاسْتِكْثَارِ الزَّرْعِ

яъни: “Ўғитни сотишнинг дурустлигини сабаби, ундан фойда олинади ва эҳтиёж бўлгунгача сақланади. Сўнгра, ҳосилни кўпайтириш мақсадида ерга солинади”.

Демак, ҳайвоннинг гўнгидан фойдаланишга шариатимиз рухсат беради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

АЁЛЛАРНИНГ МАСЖИДГА ЧИҚИШИ ҲАҚИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёллар фарз намозларни масжидга чиқиб, жамоат бўлиб ўқишларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча шартлар билан рухсат берган эдилар. Масалан, хотин киши масжидга борганда эркакларга арашмаслиги, ўзига оро бериб, ҳушбўй нарса сурмаслиги каби шартлар қўйилган эди.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўрилари(яъни хотин кишилар)ни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилмангиз. Лекин улар (масжидга чиқсалар) хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар”, деганлар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадисда эркак кишиларга аёлларнинг жамоат намозига чиқишидан қайтармасликларини буюриб, аёлларни бегона эркаклар эътиборини ўзига тортувчи барча омилларни қилишдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврда аёлларни масжидга боришдан ман қилинди. Ўша даврда ҳаёт бўлган буюк саҳобалардан бирортаси ҳазрати Умарнинг ушбу қарорига эътироз билдирмади. Баъзи аёллар Оиша розияллоҳу анҳо онамизга: “Пайғамбаримиз даврларида ман қилинмаган нарса ҳозирга келиб ман қилинди” деган маънода шикоят қилганларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:

لو أن رسول الله صلى الله عليه وسلم رأى ما أحدث النساء؛ لمنعهنَّ المسجد كما مُنعت نساء بني إسرائيل

“Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз гувоҳи бўлаётган кейинги аёлларнинг ҳолатини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари (масжидга чиқишдан) ман қилинганларидек, албатта, масжиддан қайтарган бўлар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламоларимизни фикрларича, Бану Исроил аёлларига ҳам бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, масжидда эркакларга аралашиш содир бўлгандан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган.

عن عبدِ اللهِ بنِ مسعودٍ رَضِيَ اللهُ عنه، عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم قال: «صلاةُ المرأةِ في مَخدعِها أفضلُ من صلاتِها في بيتِها، وصلاتُها في بيتِها أفضلُ من صلاتِها في حُجرتِها» (رواه ابو داود والبزار)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл кишининг ҳовлисидаги намозидан уйдаги намози афзалдир. Унинг уйдаги намозидан ўзига хос хонасидаги намози афзалдир”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривояти).

Демак, аёл киши намозни қанча бировни кўзи тушмайдиган жойда ўқиса, шунча яхши бўлиши таъкидланмоқда. Чунки аёл кўринадиган жойда намоз ўқиса номаҳрам кишиларнинг кўзи тушиб қолиши эҳтимоли бор. Оқибатда эса бошқа ношаръий ишларга эшик очилади.

Юқорида зикр қилинган ва бошқа кўплаб далилларни ўрганган фуқаҳоларимиз қуйидаги фикрларни айтганлар:
Аллома Бадруддин Айний “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва баъзи буюк мужтаҳид имомлар фитна хавфи бўлмаган ҳолларда ёши қари аёллар бомдод, шом, хуфтон намозларига масжидга чиқишларига рухсат берганларини, кейинчалик фисқ-у фасод кенг тарқагани сабабли кейинги фақиҳлар ҳатто кампирларни ҳам ҳеч бир намозни, на тунги ва на кундузги намоз бўлсин, масжидда ўқишлари мумкин эмаслигини таъкидлашгани”ини айтган (манба: “Ал-Биноя шарҳул-Ҳидоя” китоби).

Ёш қиз ва жувонлар масжидга чиқиб, жамоат билан намоз ўқишини барча фақиҳлар бир овоздан ман қилганлар. Жумладан,
Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай дейди:
“…Аёлларга намозни жамоат билан адо қилиш вожиб бўлмайди. Чунки аёлларнинг жамоат намозларига чиқишида фитна бордир” (“Бадоеъус-Саноеъ” китоби).

Муҳаққиқ олим Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ бу масалани атрофлича баҳс қилиб, қуйидаги хулосани айтган:

والمختار: منع العجوز عن حضور الجماعة في جميع الأوقات فضلاً عن الشَّابة.

“Ихтиёр қилинган гап шуки, барча намозларга нафақат ёш қиз, балки, кампирларни масжидга келишларидан ман қилинади” (“Фатҳу бобил-иноя” китоби).

Демак, ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, аёллар хоҳ ёш, хоҳ қари бўлсин жамоат намозларида иштирок этишлари ҳамда жума ва ҳайит намозларига чиқишлари мумкин эмас.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Ҳаж ва Умра зиёратига борган аёллар ўз маҳрамлари билан биргаликда у ердаги жамоат намозларда иштирок этишлари мумкин. Бу муборак икки ҳарамнинг ўзига хос фазилати сабаблидир. Шунингдек, бошқа юртлардан ёки вилоятлардан келган меҳмон аёллар ўзимизнинг масжидларимизга кириб, намоз ўқишлари учун эҳтиёж пайдо бўлиб қолса, эркакларга аралашмаган ҳолда, масжиднинг алоҳида жойида намозларини ўзлари адо этишлари мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ШАВВОЛНИНГ ОЛТИ КУНЛИК РЎЗАСИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَأَتْبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدّهْرِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾ (سورة الأنعام / الآية 160)

яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)…” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ҲАЙИТ КУНЛАРИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ

Динимизда бир йилда икки кун – Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларини мўмин-мусулмонлар учун байрам куни этиб белгиланган.

عَنْ أنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَدِمَ رَسَولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِيْنَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبونَ فِيْهِمَا فَقَالَ: مَا هَذَانِ اليَوْمَانِ؟ قَالُوا: كُنَّا نَلْعَبُ فِيْهِمَا فِى الجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهِمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الفِطْرِ (رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ وَالإمام أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Ушбу икки кунда ҳар бир мусулмон ўз хурсандчилиги, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак.

Шунинг учун уламоларимиз мазкур байрам кунларида мусулмон киши учун зарур бўлган баъзи амалларни тавсия қилганлар. Жумладан, қуйидаги амаллар ҳайит кунлари мустаҳаб саналади:
– ҳайит кунидан аввалги тунни ибодат, дуо ва зикрлар билан бедор ўтказиш;
– ҳайит намозига чиқиш олдидан ғусл қилиш, мисвoк ишлатиш, хушбўйлик суриш;
– чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, яхшисини кийиш);
– фитр садақаси зиммасига вожиб бўлган киши уни ҳайит намозига чиқишдан олдин адо этиши;
– масжидга чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш;
– масжидга бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш;
– масжидга кетишда такбир айтиш. Рамазон ҳайитида махфий, Қурбон ҳайитида эса овоз чиқариб такбир айтилади.
– ҳайит номозини адо этгандан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш;
– етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш.
Ҳайит намози қуйидаги тартибда ўқилади:
Биринчи ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.

Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Ийд намозининг учинчи такбири айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Ва тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб намоз тугатилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАДОР ҲОЛДА ЗОНТ ЮТИШ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда – оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдалиналади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса – бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми(жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақида Имом Косоний шундай дейдилар:

أَنَّ اسْتِقْرَارَ الدَّاخِلِ فِي الْجَوْفِ شَرْطُ فَسَادِ الصَّوْمِ

яъни: “Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир”. (Манба: “Бадойиъус Санойиъ”).
Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган:

لَوْ شَدَّ الطَّعَامَ بِخَيْطٍ وَأَرْسَلَهُ فِي حَلْقِهِ وَطَرَفُ الْخَيْطِ فِي يَدِهِ لَا يُفْسِدُ الصَّوْمَ إلَّا إذَا انْفَصَلَ

яъни: “Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади” (манба: “Баҳрур-роиқ”).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЖУМАСИДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз саволда келтирган ривоят тўқима ҳадисдир. Уни тарқатиш, ривоят қилиш ёки унга амал қилиш мутлақо мумкин эмас. Аллома Шавконий, Абдулҳай Лакнавий каби уламолар бир неча ракатли махсус намозни адо этиш билан кўп йиллик қазо намозларни зиммадан соқит бўлиши ҳақидаги ривоятлар шубҳасиз тўқима ҳадислар эканини таъкидлаб ўтишган (манбалар: “Ал-Фавоидул мажмуа”, “Ал-Осорул марфуа”).
Маҳаққиқ олимлардан Мулла Али Қори “Бу каби ривоятлар, ибодатлардан бирортаси йиллар (давомида) қолдирилган қазо намозларининг ўрнига ўтмаслиги борасидаги уламолар ижмоси (якдил фатвоси)га зиддир”, деган (манба: “Ал-Маснуъ фи маърифати ал-ҳадисил мавзуъ”).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш улкан гуноҳ. Бу борада У зот шундай деганлар:

عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ ، مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)

Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг номимдан (айтилган) уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон сўз тўқиса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса:

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ رَضِيَ الله عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » مَنْ حَدَّثَ عَنِّي حَدِيثًا وَهُوَ يَرَى أَنَّهُ كَذِبٌ فَهُوَ أَحَدُ الْكَاذِبِينَ » (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه)

«Кимки бир сўз ёлғон эканини билатуриб менинг ҳадисим сифатида ривоят қилса, унинг ўзи ёлғончилардан биридир» (Имом Ибн Можжа ривояти).
Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий ва асоссиз гапларни ҳадис, деб тарқатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ҚАДР КЕЧАСИ ҲАҚИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Қадр” номли бутун бир сура нозил қилган:

﴿إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ ﴾ (سورة القدر/1-5)

яъни: «Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси, 1-5 оятлар).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Саҳобалар Расули акрам алайҳиссаломдан уни қайси кеча эканини сўраганларида ойнинг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани тунлари ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар.

Оиша онамиз разияллоҳу анҳо шундай дейдилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.

Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом:

«مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ» (رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Демак, Рамазон ойининг ушбу фазилатли кечаларини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳиммат қилишимиз, кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек:

«اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنَّا»

яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи Зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт” дуосини кўп айтиш мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАДОРНИНГ ҚАЙТ ҚИЛИШИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ ذَرَعَهُ الْقَيْءُ فَلَيْسَ عَلَيْهِ قَضَاءٌ،
وَمَنْ اسْتَقَاءَ عَمْدًا فَلْيَقْضِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин”, деганлар” (Имом Термизий ривояти).

Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

إِذَا ذَرَعَهُ القَيْءُ دُونَ مِلْئَ الْفَمِ وَعَادَ بِنَفْسِهِ لَمْ يَفْسُدْ صَوْمُهُ بِالإِتِّفَاقِ

яъни: «Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган» («ал-Мабсут»).

Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф (р.а.)га кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад (р.а.)га кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайъни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда шундай деганлар:

وَحَدُّ مِلْءِ الفَمِ مَا لاَ يُمْكِنُ ضَبْطُهُ، وَفِي بَعْضِ الْمَوَاضِعِ مَا لاَ يُمْكِنُ ضَبْطُهُ أَلَّا يُخْرِجَ، وَعَنْ الفَقِيْهِ أَبِي جَعْفَرٍ الْهِنْدُوَانِيِّ أَنَّهُ قَالَ: مِلْءُ الْفَمِ أَنْ يُعْجِزَهُ عَنْ الكَلاَمِ

“Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни “Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган”лик билан изоҳланган. Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: “Қайтда оғиз тўлиши – у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади” деган” (“ал-Муҳийтул Бурҳоний”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ЗАКОТ БЕРИШНИ КИМДАН БОШЛАГАН АФЗАЛ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва уларнинг фарзандлари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни, эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Шунингдек, ўзга дин вакиллари, нисоб миқдорича моли бўлган кишиларга ҳам закот берилмайди.

Ака-ука, опа-сингилларга келсак, ушбу саволга мўтабар фатво китобларимизда шундай жавоб берилган:

«وَالْأَفْضَلُ فِي الزَّكَاةِ وَالْفِطْرِ وَالنَّذْرِ الصَّرْفُ أَوَّلًا إلَى الْإِخْوَةِ وَالْأَخَوَاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى الْأَعْمَامِ وَالْعَمَّاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى الْأَخْوَالِ وَالْخَالَاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى ذَوِي الْأَرْحَامِ ثُمَّ إلَى الْجِيرَانِ ثُمَّ إلَى أَهْلِ حِرْفَتِهِ ثُمَّ إلَى أَهْلِ مِصْرِهِ أَوْ قَرْيَتِهِ».

“Закот, фитр ва назрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг уларнинг фарзандлари. Кейин тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг юқоридагилардан бошқа қариндошлар. Улардан кейин навбат билан қўшнилар, ҳамкасблар, ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар” (Фатавои ҳиндийя).

“Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Демак, агар ака-ука ёки опа-сингиллар закот бериш нисобига эга бўлишмаса закот бериш учун энг афзал кишилар ҳисобланар экан. Закот беришни яқин қариндошлардан бошланса, ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш – Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

ТАҚИНЧОҚЛАР ЗАКОТИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маълумки, кишининг тиллоси 85 грамм ёки ундан ортиқ бўлиб, унга йил тўлса қирқдан бирини закот қилиб чиқариши фарз бўлади.

Энди саволни жавобига келсак, бундай ҳолатда закот олувчига қайси бири фойдалироқ бўлса ўша берилади.

Лекин шуни билиш керакки, агар тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзини закот сифатида берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради. Масалан, бозорда қиймати қанча бўлса, шуни қирқдан бирини закотга беради. Бу ҳақда “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилган:

أَجْمَعُوا أَنَّهُ لَوْ أُدِّىَ مِنْ خِلاَفِ جِنْسِهِ اُعْتُبِرَتِ الْقِيْمَةُ

яъни: “Тилло ва кумушнинг закотини уларнинг жинсидан бошқа нарса билан адо қилинса, уларнинг қиймати эътиборга олинади деб, уламолар ижмо қилганлар”.

Тақинчоқлар хоҳ ишлатилаётган бўлсин, хоҳ ишлатилмаётган бўлсин, улардан закот берилади. Чунки улар ҳамёндаги пул билан бир хилдир.
Тилло ва кумушдан бошқа, сотиш ниятида олинмаган қимматбаҳо тақинчоқ ва тошлардан закот берилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАНИНГ КАФФОРАТИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.

Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:
 Бир қул озод қилиш.
 Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш.
Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.

 Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмишта фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга отмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди.
Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилган:

مَنْ جَامَعَ عَامِدًا فِي أَحَدِ السَّبِيلَيْنِ أَوْ أَكَلَ أَوْ شَرِبَ مَا يُتَغَذَّى بِهِ أَوْ يُتَدَاوَى بِهِ فَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ وَالْكَفَّارَةُ فَيَعْتِقُ أَوَّلًا فَإِنْ لَمْ يَجِدْ صَامَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ أَطْعَمَ سِتِّينَ مِسْكِينًا

яъни: “Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради (“Раддул муҳтор”).

Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.

Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).

Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.
Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади. (“Фатавои Ҳиндия”).

Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАДОРНИНГ МИЛКИ ҚОНАБ, ҚОН ИЧИГА КЕТСА НИМА БЎЛАДИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ичга қон ютиш масаласининг бироз тафсилоти бор. Тиш олдирганда ёки милк қонаганда туфук қондан кўп бўлса, ютганда ҳам таъми билинмаса, рўзани бузмайди. Агар қон туфукдан кўп бўлса, рўза бузилади. Агар туфук ва қон баробар бўлса, эҳтиётан, рўза бузилади. Бу ҳақида Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлган “Раддул Мухтор” китобида шундай дейилади:

(أَوْ خَرَجَ الدَّمُ مِنْ بَيْنِ أَسْنَانِهِ وَدَخَلَ حَلْقَهُ ) يَعْنِي وَلَمْ يَصِلْ إلَى جَوْفِهِ أَمَّا إذَا وَصَلَ فَإِنْ غَلَبَ الدَّمُ أَوْ تَسَاوَيَا فَسَدَ وَإِلَّا لَا ، إلَّا إذَا وَجَدَ طَعْمَهُ

Яъни: “Тишлари орасидан қон чиқиб, томоғига етсаю ичкарига кетмаса, рўза очилмайди. Агар ичкарига кетган бўлса, қони тупукдан кўпроқ ёки баробар бўлса рўза бузилади. Тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди. Агар қон туфукдан кам бўлса ҳам ютинганда унинг таъмини сезса, рўза очилади” (“Раддул Муҳтор”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАДОРНИНГ ТИШ ПАСТАСИДАН ФОЙДАЛАНИШИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:

«وَمَنْ ذَاقَ شَيْئًا بِفَمِهِ لَمْ يُفْطِرْ لِعَدَمِ الْفِطْرِ صُورَةً وَمَعْنًى وَيُكْرَهُ لَهُ ذَلِكَ لِمَا فِيهِ مِنْ تَعْرِيضِ الصَّوْمِ عَلَى الْفَسَادِ»

“Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор” (“Ҳидоя”).

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш авло саналади.

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки, мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيْعَةَ رضي الله عنه قَالَ : «رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَا لاَ أَعُدُّ وَمَا لاَ أُحْصِي يَسْتَاكُ وَهُوَ صَائِمٌ» (رَوَاهُ أَحْمَدُ)

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАНИ БУЗУВЧИ ОМИЛЛАР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
* Рўзадор қасддан овқат еса, сув ичса, дори ичса ёки жинсий алоқа қилса рўза бузилади. Бу ҳолатларда ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.
* Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларда каффорат йўқ.
* Қуйидаги ҳолларда рўзадор одамнинг рўзаси бузилади ва қазосини тутиб бериши вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди:
– Тонг отмаган деб ўйлаб, саҳарлик қилса ёки кун ботди деб ўйлаб оғзини очиб юборса-ю сўнг тонг отиб қолгани ёки кун ботмагани билинса;
– аёлини ўпиши, ушлаши орқали жунуб бўлиб қолса;
– ҳўқна (клизма) қилса;
– бурнига дори томизса;
* Беихтиёр қайт қилса рўза бузилмайди. Лекин қасддан, зўрлаб, оғзи тўлиб қайт қилса, рўзаси бузилади, кейин қазосини тутиши вожиб бўлади.
* Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилмайди:
– Рўзадор эсида йўқ ҳолатда еса, ичса, жинсий алоқа қилса;
– Уйқусида ёки аёлига қараб жунуб бўлиб қолса;
– Қон олдирса;
– Сурма қўйса;
– Аёлини ўпса-ю, жунуб бўлмаса.

Лекин рўзадор одам иложи борича ўзини бундай ҳолатдан узоқ қилмоғи лозимдир.

* Рўзадор учун қуйидаги ишлар макруҳдир:

– Ўз нафсига ишонмаган кишининг ўз аёлини ўпиши. Агар нафсини жиловлай олса зарари йўқ.

– Бирор нарсани татиб кўриш ва миcвокдан бошқа нарса билан тишни тозалаш,

– Эмизикли рўзадор аёл ўз боласига заруратсиз таом чайнаб бериши. Бунда агар чайнамасликни имкони бўлса, чайнамаслик маъқул. Аммо имкони бўлмаса чайнаб беришнинг зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РАМАЗОН ОЙИ КЕЧАЛАРИДА ЭР-ХОТИНЛИК МУНОСАБАТЛАРИ МУМКИНМИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ислом дини келган илк даврларда Рамазон ойида рўзадорларга кечалари ҳам жинсий алоқа ман этилган эди. Лекин бунга кўпчилик риоя қила олмай қолгани учун бунга рухсат берилган ва қуйидаги ояти карим нозил бўлган:

أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَائِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ عَلِمَ اللَّهُ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَخْتَانُونَ أَنْفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنْكُمْ فَالْآَنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُوا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَكُمْ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الْأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الْأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ

яъни: “Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди, улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!” (Бақара сураси, 187-оят).

Шундан келиб чиқиб, Рамазон ойида қуёш ботгандан бошлаб тонг отгунча бўлган муддатнинг орасида эр-хотинлик алоқаси бўлиши мумкин. Бунга шариатимиз рухсат берган. Ушбу ҳукм Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фиқҳий китобларда ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, Имом Алоуддин Косоний “Бадоиъус саноъе” китобида шундай дейди:

وَأَمَّا رُكْنُهُ: فَالْإِمْسَاكُ عَنْ الْأَكْلِ ، وَالشُّرْبِ ، وَالْجِمَاعِ لِأَنَّ اللَّهَ تَعَالَى أَبَاحَ الْأَكْلَ ، وَالشُّرْبَ، وَالْجِمَاعَ فِي لَيَالِي رَمَضَانَ».

Яъни: “Рўзанинг рукни: кундузида ейиш-ичиш ва жинсий алоқадан тийилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло ейиш-ичиш ва жинсий алоқани Рамазон кечаларида ҳалол қилган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

РЎЗАДОР КИШИНИНГ УЙҚУДА ЭҲТИЛОМ БЎЛИШИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Эҳтилом бўлиш яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, бундай ҳолат кишининг ўз ихтиёри билан содир бўлмайди. Эҳтилом бўлган рўзадор уйқудан тургач дарров ғусл қилиб олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عن ابن عباس قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ثَلاَثَةٌ لاَ يُفَطِّرْنَ الصَّائِمَ الْقَىْءُ وَالْحِجَامَةُ وَالاِحْتِلاَمُ.
(رَواه البزار بإسنادين وصحح أحدهما وظاهره الصحة).

“Уч нарса рўзадорнинг рўзасини очмайди; (беихтиёр) қайт қилиш, қон олдириш ва эҳтилом” (Имом Баззор ривояти).

Бу ҳақида Имом Бурҳониддин Марғилоний шундай дейдилар:

( فَإِنْ نَامَ فَاحْتَلَمَ لَمْ يُفْطِرْ ) لِقَوْلِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ { ثَلَاثٌ لَا يُفْطِرْنَ الصِّيَامَ الْقَيْءُ وَالْحِجَامَةُ وَالِاحْتِلَامُ } ، وَلِأَنَّهُ لَمْ تُوجَدْ صُورَةُ الْجِمَاعِ وَلَا مَعْنَاهُ وَهُوَ الْإِنْزَالُ عَنْ شَهْوَةٍ بِالْمُبَاشَرَةِ

“Рўзадор уйқусида эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси очилмайди, чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса рўзадорнинг рўзасини очмайди; (беихтиёр) қайт қилиш, қон олдириш ва эҳтилом”, деганлар. Яна бу ҳолатда жинсий алоқанинг кўриниши ҳам, маъноси (яъни, шаҳват билан маний нозил бўлиши) ҳам бўлмагани учун рўзани бузмайди” (манба: “Ҳидоя”).

Демак, саҳарликдан кейин ухлаб, эҳтилом бўлиб қолган киши, ғусл қилади, оғиз бурнини муболаға қилмай ювади ва рўзасини давом эттиради. Баъзи уламоларимиз оғиз ва бурун чайишда муболаға қилмасликни оғиз ва бурунда сувни кўп ушлаб турмаслик билан изоҳлашган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

АВВАЛ ИФТОР ҚИЛИНАДИМИ ЁКИ ШОМ НАМОЗИНИ ЎҚИЛАДИМИ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан Шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُفْطِرُ عَلَى رُطَبَاتٍ قَبْلَ أَنْ يُصَلِّىَ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ رُطَبَاتٌ فَعَلَى تَمَرَاتٍ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ حَسَا حَسَوَاتٍ مِنْ مَاءٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُد

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар…” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан. Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ.
(رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ).

Яъни, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ : إنَّ أَحَبَّ عِبَادِي إلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا» (رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир”, дедилар. (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар (“Раддул муҳтор”). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишлидир. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Айтишларича, рўзадор одам ўз сўлагини ютса рўзаси очилиб кетиши мумкин экан. Бу гап қанчалик тўғри? Саволим ножоиз бўлса олдиндан узр.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. “Муҳитул Бурҳоний” номли китобда бу ҳақида шундай дейилади:

وَإِذَا جَمَعَ الصَّائِمُ رِيْقَهُ فِي فَمِهِ ثُمَّ ابْتَلَعَهَا لَمْ يُفْطِرْهُ

“Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди”.

Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади. Бу ҳақда “Фатовои ҳиндийя”да қуйидаги жумлалар келтирилган:

وَيُكْرَهُ لِلصَّائِمِ أَنْ يَجْمَعَ رِيقَهُ فِي فَمِهِ ثُمَّ يَبْتَلِعَهُ كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ

“Рўзадор туфугини оғзида йиғиб кейин ютиб юбориши макруҳ бўлади. “Зоҳирийя”да шундай келтирилган”.

Демак, туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Агар Рамазон рўзасини тутиб, фарз намозларни ўқимасак бунга динимизда қандай қаралади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Комил мусулмон – Исломнинг фарзларига тўлиқ амал қилувчи кишидир. Зеро динимиз бешта асос устига бино қилинган. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ» (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ(

яъни: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда намоз ва Рамазон рўзаси бир қаторда зикр қилинмоқда.

Умуман олганда намоз ва рўза алоҳида-алоҳида ибодатлар бўлганидан намоз ўқимаган киши ҳам рўза тутиши мумкин. Лекин, ўрни келганда намозни қадри жуда юксак эканини, уни тарк қилиш катта гуноҳлигини эслатиб ўтамиз. Намоз ҳар бир балоғатга етган, ақлли кишига фарзи айндир. Қиёматда ҳам биринчи сўраладиган амалдир. Ҳар куни беш марта такрорлангани сабабли, намозни тарк қилган киши бир кунда беш марта катта гуноҳ иш қилган бўлади (Батафсил маълумот учун: https://t.me/diniysavollar/228). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Кириб келган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин. Мен айни пайтда олийгоҳда талабаман. Шунинг учун рўза тутишга қийналаман. Бир китобда рўза тутишга қийналадиган киши ифторлик қилиб бериш керак деб, ўқиган эдим. Агар мен дўстларимга ифторлик қилиб берсам рўза тутганлик савобини оламанми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тутишга буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ (سورة البقرة/183).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рамазон ойида рўза тутиш Исломнинг беш асосий устунларидан биридир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ» (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси соғлом, муқим, оқил ва балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарздир. Рўза тутишни ният қилиш, рўзани бузадиган амаллардан узоқ бўлиш ва аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари рўзанинг тўғри бажариш шартларидан саналади.
Рамазон рўзасини тутган банда бўйнидаги бандалик мажбуриятни бажарган бўлади ва охиратда Аллоҳ таоло томонидан улуғ мукофот ва ваъда қилинган неъматларга эришади. Уни адо этишга лаёқатли бўла туриб, тарк қилган киши эса қаттиқ гуноҳкор бўлади ва охиратда азобга қолади. Ривоятларда Рамазон рўзасини узрсиз қолдирган кимса бутун умр рўза тутса ҳам, ўша қолдирган бир куннинг ажрини топа олмаслиги таъкидланган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : «مَنْ أَفْطَرَ يَوْمًا مِنْ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ مَرَضٍ وَلاَ رُخْصَةٍ ، لَمْ يَقْضِهِ صِيَامَ الدَّهْرِ كُلِّهِ إِنْ صَامَهُ (رَوَاهُ النَّسَائِىُّ).

“Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир кунини рўза тутмай ўтказса, унинг қазосини умр бўйи тутган рўзаси ҳам тўлдира олмайди” (Имом Насоий ривояти).

Касал, мусофир, ҳайз ва нифос кўрган аёллар, рўза тутиш ўзига ёки боласига зарар берадиган ҳомиладор ва эмизикли аёллар кейинчалик қазосини тутиб беради.

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликлари ва унинг ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришларига рухсат берган:
1) Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

2) Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. (Фидя ҳақида тўлиқ маълумотни қуйидаги линкдан олишингиз мумкин: https://t.me/diniysavollar/287).

Ушбу икки ҳолатга тушмаган мусулмон киши Рамазон рўзасини тарк қилиши ва унинг ўрнига фидя бериши мутлақо мумкин эмас. Рўза тутиш сабабидан иш ёки ўқишда қийинчиликка дуч келиш каби важлар шаръий узрга ўтмайди. Дўстларига ифтор қилиб бериш билан зиммасидаги фарз рўза адо бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Рамазон ойида ҳайз кўрган аёллар қандай йўл тутади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган.
Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади:

عن معاذة العدوية أنها قالت لعائشة: ما بال الحائض تقضي الصوم ولا تقضي الصلاة؟ قالت عائشة: كان يصيبنا ذلك فنؤمر بقضاء الصوم ولا نؤمر بقضاء الصلاة. (رواه مسلم).

Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию намозни қазосини ўқимайди?” деб сўради. Оиша онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар. Ушбу ҳукм мўтабар фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган:

“Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).

“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” (“Ал-Мухтор”).

“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).
Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Рамазон ойида рўза тутишни ният қилгандим, аммо эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза тутсам бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақида мўътабар манбаларимизда қуйидагича дейилган:

الْحَامِلُ وَالْمُرْضِعُ إذَا خَافَتَا عَلَى أَنْفُسِهِمَا أَوْ ، وَلَدِهِمَا أَفْطَرَتَا وَقَضَتَا ، وَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِمَا كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ

“Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффарот лозим бўлмайди. Зеро, “Хулоса”да шундай дейилгандир” (манба: “Фатавои ҳиндия”).
Бошқа бир манбаъда шундай дейилади:

(وَلِلْحَامِلِ وَالْمُرْضِعِ إذَا خَافَتَا عَلَى الْوَلَدِ أَوْ النَّفْسِ ) أَيْ لَهُمَا الْفِطْرُ دَفْعًا لِلْحَرَجِ وَلِقَوْلِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ { إنَّ اللَّهَ وَضَعَ عَنْ الْمُسَافِرِ الصَّوْمَ وَشَطْرَ الصَّلَاةِ وَعَنْ الْحَامِلِ وَالْمُرْضِعِ الصَّوْمَ } قَيَّدَ بِالْخَوْفِ بِمَعْنَى غَلَبَةِ الظَّنِّ بِتَجْرِبَةٍ أَوْ إخْبَارِ طَبِيبٍ حَاذِقٍ مُسْلِمٍ كَمَا فِي الْفَتَاوَى الظَّهِيرِيَّةِ عَلَى مَا قَدَّمْنَاهُ ؛ لِأَنَّهَا لَوْ لَمْ تَخَفْ لَا يُرَخَّصُ لَهَا الْفِطْر

яъни: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз бўлади. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган). Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган ғолиб гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. Фатавои Зоҳирияда шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди” (манба: “Баҳрур-роиқ”).

Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар боласи ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Шак куни рўза тутса бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шак куни – Шаъбонданми ё Рамазонданми, деб шак қилинган кундир. Шак куни нафл рўза тутиш одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар учун афзалдир. Масалан, бир киши ҳар пайшанба куни рўза тутар эди, шак куни ҳам пайшанба кунига тўғри келиб қолса, мана шу кишини шак кунида рўза тутиши афзалдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَقَدَّمُوا رَمَضَانَ بِصَوْمِ يَوْمٍ وَلا يَوْمَيْنِ إِلا رَجُلٌ كَانَ يَصُومُ صَوْمًا فَلْيَصُمْهُ» (روى الإمام البخاري والإمام مسلم).

яъни: “Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманг. Кишининг одатда рўза тутиб юрадиган кунига тўғри келиб қолиши бундан мустасно бўлиб, у тутсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шак куни фақат нафл рўзани ният қилиб, ниятда иккиланмасдан (масалан, агар Рамазон ойи кирган бўлса, Рамазон рўзасини тутишни ният қилдим, кирмаган бўлса, нафл рўзани тутишни ният қилдим, демасдан) нафл рўза тутиш мустаҳабдир. Мазкур ҳадисдаги “Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманг” жумласидан мурод Рамазон рўзасидир. Яъни вақти келмасдан олдин Рамазон рўзасини ният қилишдан қайтарилган.

Демак, шак кунида бошқа рўзани ният қилмасдан, фақат нафл рўза тутишни ният қилиб рўза тутиш жоиздир (“Фатҳу бабил иная”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ошқозонида яраси бор одам рўза тутиши фарзми ёки фидя бериб юрса хам буладими? Умуман олганда рўзанинг фидясини кимлар беради? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир. (“Лисонул араб”).

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. (“Баҳрур роиқ”).

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

وعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).
Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.

Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади. Жумладан, 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя миқдори ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланган. 2019 йилги фидя миқдори эса, Рамазон ойида эълон қилинади.

Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. (“Фатовойи Ҳиндия”).
Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин. (“Раддул муҳтор”).
Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади. (“Раддул муҳтор”).

Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди. (“Раддул муҳтор”).

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.

Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши вожибдир. Васият этмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини меросхўрлар адо қилишлари вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга енгиллик ва раҳм-шафқат қилган бўладилар. Мабодо, тўламасалар гуноҳкор бўлмайдилар. (“Раддул муҳтор”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.

عَنْ سَلَمَةَ رضي الله عنه قَالَ أَمَرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم رجلاً مِنْ أَسْلَمَ «أَنْ أذِّنْ فِي النَّاسِ: مَنْ كَانَ أَكَلَ فَلْيَصُمْ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ ، وَمَنْ لَمْ يَكُنْ أَكَلَ فَلْيَصُمْ، فَإِنَّ اليَوْمَ يَوْمُ عَاشُورَاء» (أَخْرَجَهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ).

Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Аслам қабиласидан бир кишига буюрдилар: “Одамларга эълон қилгинки, ким (бугун таом) еган бўлса, куннинг қолган қисмида емай турсин. Ким ҳеч нарса емаган бўлса, рўза тутсин. Чунки бугун – Ашуро кунидир” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

ُУшбу ҳадисда Рамазон рўзасини Ашуро кунига қиёс қилинган. Чунки Исломнинг аввалида Ашуро рўзаси фарз бўлган (“Эълоус-сунан”).

Имом Таҳовий: “Бу ҳадисда муайян бир кунда рўза тутиши керак бўлган киши, кечаси ният қилмаган бўлса, кундузи ният қилиши дурустлигига далил бор”, – деганлар.

“Заволгача ният қилиш, тонг отгандан кейин рўзани бузадиган амаллар бўлмаган бўлса, жоиз бўлади. Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ёки жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди” (“Фатавои Ҳиндия”, “Шарҳут Таҳовий”).

Демак, Рамазонда сахарликка ухлаб қолган киши, ўйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен яқинда намоз ўқишни бошладим. Шунга намоз ўқиш тартибини содда услубда тушунтириб берсангиз.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Намоз ўқимоқчи бўлган киши қуйидаги тартибга амал қилади:

– Қўлини енгидан чиқариб, қулоқ баробарида кўтаради ва ният қилиб, чўзмасдан “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтади (“Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Аааллоҳ” деса, ёки “Акбар” сўзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” деса, ёки “ба” товушини чўзиб “Акбааар” деса, намозга кирган бўлмайди, яъни намози бузилади).

– Такбири таҳримадан сўнг дарҳол ўнг қўлни чап қўли устига қўйиб, уларни киндик остида боғлайди ва қуйидаги “Сано” дуосини ўқийди:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

– Имом ҳам, унга иқтидо қилган ҳам “Сано”ни ўқийди.

– Имом қироат учун ичида “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”ни айтади, лекин уни имомга иқтидо қилувчи айтмайди. Намозга кечикиб қўшилган киши, қолиб кетган ракатини ўқиётганда “Аъузу”ни айтади. “Аъузу” фақат биринчи ракатда айтилади.

– “Бисмиллаҳ”ни (имом ёки ёлғиз ўқувчи) ичида айтади имомга эргашган киши эса айтмайди. “Бисмиллаҳ” ҳар бир ракатда “Фотиҳа”дан олдин айтилади.

– Имом “Фотиҳа”ни ўқийди, эргашувчилар жим туриб тинглайдилар. Имом ҳам, иқтидо қилган ҳам ичида “Омин”ни айтади.

– Кейин битта сура ёки учта оят ўқийди.

– Такбир айтган ҳолда хотиржам руку қилади. Боши билан орқасини текис қилади, тиззаларини бармоқлари билан ушлаб туради. Бармоқлар ораси очиқ бўлади. Рукуда уч марта “Субҳана роббиял азим”, дейди. Бу энг ками. Имом руку ва сажда тасбеҳларини қавмга малол келтирадиган даражада кўпайтирмайди. Қавмни малоллантириш макруҳ ҳисобланади. Ёлғиз ўқувчи тоқ қилиб учтадан ошириши мустаҳаб.

– Имом ёки ёлғиз ўқувчи “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деб бошини рукудан кўтаради, кейин “Роббана лакал ҳамд”, деб хотиржам тик туради (муқтадий фақат “роббана лакал ҳамд”ни айтади).

– Такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб саждага кетади. Аввал тизза, кейин қўл, кейин икки кафти ўртасига бошини қўяди. Бурун ва пешонаси билан хотиржам сажда қилади. Саждада уч марта «Субҳана роббиял аъла», дейди. Бу энг ками. Эркаклар, агар тиқилинч бўлмаса, сажда пайтида қорнини тиззасидан, билакларини биқинидан узоқ тутади. Сажда ҳолатида оёқ ва қўл бармоқлари қиблага қараб йўналган бўлади (аёл киши қорнини сонига ёпиштиради). Икки сажда ўртасида, хотиржам ҳолатда, қўлларини сонини устига қўйиб (бармоқ учлари тизза баробар бўлади), ўтиради. Яна такбир айтиб, хотиржам сажда қилади. Саждада уч марта тасбеҳ (“Субҳана роббиял аъла”) айтади.

– Такбир айтиб бошини саждадан кўтаради. Қўли билан ерга таянмасдан ва тоқ ракатларда ўтириб қолмасдан туради.

– Иккинчи ракат ҳам биринчиси каби бўлади. Лекин, иккинчи ракатда “Сано” ўқилмайди, “Аъузу” айтилмайди.

– намозхон иккинчи ракатнинг саждасини қилиб бўлгач, чап оёғини ётқизиб устига ўтиради, ўнг оёғини тикка қилиб, бармоқларини қиблага қаратиб ўтиради. Қўлини сонининг устига ўз ҳолича қўяди. Аёл киши ҳар икки оёғини ётқизиб, думбаси устига ўтиради, чап оёғини ўнг оёғи остидан чиқаради.

– Ибн Масъуд ривоят қилган “Аттаҳийят” дуосини ўқийди. Биринчи қаъдада “Ташаҳҳуд”га бошқа нарса қўшилмайди.

– Аввалги икки ракатдан кейин фақат “Фотиҳа”ни ўқийди, зам сура ўқилмайди (Бу гап фақат фарз намозларига тегишли. Витр ва нафл намозларининг барча ракатларида фотиҳа билан зам сура ўқилади).

– Тўртинчи ракатга ўтириб “Аттаҳийят” дуосини ўқийди,

– Пайғамбаримизга салот ва салом айтади

– Қуръон ва суннатдаги дуоларни қилади.

– Ўнг ва чапга салом беради. “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, дейди. Қайси томонига салом берса, ўша томонда турганларга салом беришни ният қилади. Шу билан икки ракатли намоз тугайди. Тўрт ракатли намозлар ҳам худди шу тартибда кетади, яъни, иккинчи ракатни “Ташаҳҳуд”ини ўқигач, саловатга ўтмайди ва ўрнидан туриб юқоридаги тартибда 3-4-ракатларни ўқийди (“Мароқил фалаҳ”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзан Телеграмм ёки смс орқали асоссиз хабарларга, тўқима маълумотларга кўп дуч келамиз. Қизиғи шундаки, бундай хабарлар савоб умидида тарқатилади. Баъзан эса биз ишонган кишилардан келади. Бу маълумотларни тарқатиш қанчалик тўғри?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

عن ابن مسعود رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا ، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ) .

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деган мақом билан сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.

Мазкур ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилмоқда: “…Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”.
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ).

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган).

Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ» (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ).

яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” – деганини эшитдим.
Хулоса қилиб айтганда ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш динимизда қатъий қоралаган ва энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллома ибн Ибн Ҳажар Асқалоний ва Имом Заҳабий каби уламолар “узрсиз ёлғон гапириш гуноҳи кабирадир”, дейишган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзи кишилар иккала қўли билан таомланаётганини кўриб қоламиз. Чап қўлида нон, ўнг қўлида қошиқ бўлади. Айниқса улар ичида ёши катта, набира кўрган кимсалар ҳам бор. Мана шу тарзда таомланишга шариатимиз нима дейди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусулмон киши ўнг қўли билан овқатланади, чунки ўнг қўл билан таомланиш суннатдир. Ўнг қўлни ўзи бажара олмайдиган ишларда эса масалан, нон ушатиш, гўшт майдалаш кабиларда ёрдам тариқасида чап қўлни ишлатиш мумкин. Аммо бир қўлда нон, иккинчисида қошиқ ушлаб овқатланиш суннатга хилофдир. Ўнг қўлда ейиш кераклиги ҳақида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади”, (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Демак, ўнг қўли соғлом бўла туриб, чап қўлни ўзида ёки ҳар иккала қўлда баробар овқатланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига зид ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳурматли фатво ҳайъати, Шариатимизга кўра тирик инсоннинг тана аъзосини кўчириш мумкинми? Ёки бирор киши вафотидан кейин ўз тана аъзосини бировга ўтказилишига рухсат бериб, васиятнома ёзган бўлса вафотидан кейин ўша инсоннинг тана аъзосини бошқа инсонга кўчириш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таоло инсонни жонзотлар ичида мукаррам қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Демак, инсон ва унинг аъзолари мукаррам, ҳатто вафот этган кишининг ҳукми ҳам шундайлигича қолади, яъни вафот этган кишининг жасадини хўрлаш ёки бирор аъзосини кесиб олиш катта гуноҳ саналади.
Инсон аъзоларини сотиш жоиз эмас, чунки у савдо моли ҳисобланмайди. Инсон аъзолари мулк эмас, уни сотишга шаръан рухсат берилмайди, эваз ҳам олинмайди, чунки бу мулкида бўлмаган нарсани сотишдир. Худди шундай, инсоннинг аъзолари ворисларига ҳам мулк эмас, улар ҳам маййитнинг аъзоларини сота олмайдилар.
Одам аъзоларини сотиш унинг ҳурматига, мукаррамлигига зид келади.
Шариатимиздаги яна бир асл қоида: мусулмон киши хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин унга жароҳат ёки кесиш билан озор бериш ҳаром ҳисобланади. Ана шу қоидадан бошқасига ўтиш ёки истисно қилишга мажбур қиладиган далил бўлмаса, асл қоида ўз ҳолида қолади.
Уламолар инсон аъзоларини трансплантация қилиш (кўчириш) амалиётининг жоизлигига “инсонга манфаат бериш ва ундан зарарни даф қилиш” шаръий қоидасини асос қилиб олганлар. Ушбу қоидага биноан амалиёт жараёнида бошқа бир инсонни ҳалокатга дучор қилмаслик шарт бўлади.
Бу амалиётни бажаришда бошқанинг ҳаёти учун жуда катта манфаат борлиги сабаб ўз аъзоларини олиб, муҳтожга қўйишга рухсат берилиши инсоннинг аъзолари муккаррам эканини сақлаш тушунчасига зид эмас. Икки тараф мувофиқ келган тақдирда қуйидаги шартлар асосида аъзони кўчириш амалиёти мумкин бўлади:
1. Бирор аъзосини ҳадя қилувчи одамнинг аъзоси олинганда унинг ҳаёти хавф остида қолмаслиги;
2. Ўз аъзосини ҳадя қилувчи одам ихтиёрий равишда бўлиши, ҳеч ким томонидан мажбур қилинмаслиги;
3. Аъзонинг кўчирилишига сабаб ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлган беморнинг касаллиги тиббиёт жиҳатидан фақат шу йўл билангина тузалиши мумкин деган хулосага келинган бўлиши;
4. Аъзоси олинаётган ва янги аъзо қўйилаётган икки тараф учун ҳам жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда ўтиши ва кутилган натижага эришилиши тажрибаларда кузатилган ва унга ишонч ҳосил қилинган бўлиши зарур.
Кўчириш мумкин бўлмаган аъзолар:
– бир инсоннинг насли бошқасига ўтишига сабаб бўладиган ирсий аъзолар (эркак ва аёлнинг жинсий аъзолари), шу сифатларни ташувчи ва ҳомилага сабаб бўлувчи аъзолар;
– инсоннинг яшашига бевосита боғлиқ бўлган юрак каби аъзолар;
– инсоннинг тўкис яшашига билвосита боғлиқ бўлган кўз қорачиғи каби аъзо;
Умуман, инсон шаъни, обрўси ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган тиббий амалиётларнинг барчаси шаръан таъқиқланади.
Юқорида зикр қилинган, аъзоларни зарурат бўлганда кўчиришга бир нечта шартлар қўйилмоқда. Энг муҳим нуқта – аъзо кўчирилганда ҳам сотилмайди, балки табарруъ (эҳсон) қилинади.
Энди баъзида қулоққа чалиниб қоладиган болаларни ўғирлаш ва уларнинг тана аъзоларни сотиш ҳолатларида бир нечта катта гуноҳлар жам бўлади. Бу ерда одамнинг жонига қасд қилиш бор. Қуръони каримда бир одамни ноҳақ ўлдириш барча одамларни ўлдиришга баробарлиги айтилган. Бунинг устига шариатимизда мол (товар) деб ҳисобланмаган нарса (одам аъзолари)ни сотиш – ҳаром пул топишдир. Бундай жирканч гуноҳга қўл урадиган кимсаларни агар тавба қилмасалар, дунёда хорлик ва охиратда аламли азоб кутади. (Манба: Робититул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси қарори ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фатвоси) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Оилада хотин кишининг эри олдидаги бурчлари ҳақида маълумот берсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуйида хотиннинг зиммасидаги энг асосий мажбуриятлари ҳақида тўхталиб ўтамиз:

1. Аёл киши эрига итоаткор бўлиши.
Аёл киши гуноҳ бўлмаган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади» (Имом Табароний ривояти).

2. Аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши.
Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам, уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб, дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан: “Ўз уйларингизда қарор топингиз…!” деган (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни, эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривояти).

Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Аёл эрининг рухсати билан шариат кўрсатмасига мувофиқ кийинган ҳолда ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиши, ота-онасини кўриб келиши шариатимизда мумкин бўлган ишдир.

3. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак.

Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Аёл киши эри борида, унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

4. Эри тўшакка чақирганда, рад қилмаслиги.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон эр хотинини ҳожати учун чақирса, у гарчи тандир олдида турган бўлса ҳам дарҳол келсин” (Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).
Аввалги вақтларда тандир олдида нон ёпиб туриш энг нозик ва зарур ишлардан бўлган. Аёл киши нима бўлса ҳам ёпаётган нонини ташлаб кета олмаган. Аммо, шундай бўлса ҳам эри уни ўз ҳожатига чақирса, аёл киши эрининг чақириғига жавоб берсин, деб таъкидланмоқда. Демак, аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг эҳтиёжини қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатлар кўзда тутилади.

5. Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак.

Аёл киши эри топган ризққа шукр қилиб, қаноат қилиши, эрининг бу йўлдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Ўтган солиҳ зотларнинг аёллари ўз эрларига шундай дер эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”.

Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрни ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни ҳикматдир. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривояти).

6. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак.
Балки эр томонини риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини “Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келади”, дейди» (Имом Термизий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзолари яхшилаб тушуниб олиши керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

 

Ҳозирги кунда фарзандли бўлиш мақсадида “суний уруғлантириш” (ЭКО)дан фойдаланишмоқда. Динимизда шу ишга рухсат борми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом дини насл қолдиришнинг аҳамиятини баён қилар экан, инсонларни кўпайишга сабаб бўлувчи жуфтликка ҳалол йўл ила оила қуриб яшашга чақиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا اَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: تَنَاكَحُوا تَكَاثَرُوا فَإِنِّيْ أُبَاهِي بِكُمُ الْاُمَمَ (رواه ابن حبان).

яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйланинглар, кўпайишинглар, албатта мен бошқа умматлар олдида сизлар билан фахрланаман”, – деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса, Пайғамбар ссолаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини кўп фарзанд туғишга қодир бўлган аёлларга уйланишга чақирганлар:

عَنْ مَعْقَلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الْاُمَمَ » (رواه أبو داود والنسائي).

яъни: Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳр муҳаббатли, фарзанд кўрувчи аёлга уйланинг, зеро мен бошқа умматларни олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ривоят қилган).

Ислом дини никоҳсиз кўпайишни инкор қилади ва ундан қайтаради. Барча илоҳий динларда никоҳ қуриб яшашга чақирилган ва зино ҳаром ҳисобланган.
Баъзи кишиларнинг фарзанд кўрмасликлари ҳам Аллоҳ таолонинг синови ва дардларнинг бири ҳисобланади. Шунинг учун бефарзандликка даво ахтариш жоизлиги хусусида ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Ҳозирги кунга келиб дунёда сунъий уруғлантиришнинг бир нечта турлари мавжуд. Бефарзандликдан азият чекаётган мусулмонларнинг сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилишлари табиий ҳолат эканлигидан келиб чиқиб, мусулмон уламолари бир нечта исломий конференцияларда ушбу амалиётнинг шаръий ҳукмлари борасида хулосаларини баён қилиб ўтганлар.

Уламолар ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг шаръан ҳаром эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар:

1. Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухум ҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштириш;

2. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухум ҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштириш;

3. Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси ташқи тарзда уруғлантириб, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштириш;

4. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухум ҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга ошириб, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштириш;

5. Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилиб, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштириш.

Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашни жоиз деганлар:

1. Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантириб, пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштириш;

2. Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштириш;

Маълумки, Ислом дини шаърий никоҳдан ташқари ҳолатда фарзандли бўлишни ман қилади. Шундай экан, бевосита бўлмасада билвосита бегона эркак ва номаҳрам аёлнинг тухум ва уруғ хужайраларини бир-бирига сунъий йўл билан чатиштириш орқали дунёга келадиган бола ҳам беникоҳ туғилган бола ҳукмида бўлади.

Ислом уламолари сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни мубоҳ деб ҳисоблайдилар. Албатта, ушбу ишни ишончли табиб амалга ошириши қайд этиб ўтилган.

Сунъий уруғлантиришнинг бошқа барча турлари, жумладан бачадонни ижарага олиш, эмбрионларни музлатиб сақлаш, хотинни бегона эркакнинг уруғи билан ҳомиладор қилиш ва бошқалар насабнинг аралашиб кетишига сабаб бўлгани учун шаръан ман қилинган.

Демак, сунъий уруғлантириш ҳақидаги фатволарнинг хулосаси қуйидагича:
1. Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир.
2. Сунъий уруғлантириш амалиёти учун ўрталарида шаръий никоҳлари бўлган эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт.
3. Ўрталарида шаръий никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан ман этилади.
4. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим, деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг ман этилган усуллардан фойдаланмаслиги керак (манба: Робититул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси қарори ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг “Сунъий уруғлантириш ҳақида фатво”си). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Сажда оятларини эшитган киши қандай тартибда сажда қилади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Қуръони каримнинг қуйидаги 14 та сурасида сажда оятлари бор:

1. Аъроф – 206-оят,
2. Раъд – 15
3. Наҳл – 50
4. Исро – 107
5. Марям – 58
6. Ҳаж – 18
7. Фурқон – 60
8. Намл – 25
9. Сажда – 15
10. Сод – 24
11. Фуссилат – 37
12. Нажм – 61
13. Иншиқоқ – 21
14. Алақ – 19

Мана шу оятлардан бирини ўқиган ёки эшитган киши (форсча ўқиса ҳам) маъносини тушунадими ёки йўқми, эшитишни хоҳлаганми ёки йўқми, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлади. Фақатгина ҳайз кўрган ва нифос ҳолатидаги аёллар бу оятларни эшитсалар сажда қилмайдилар. Таҳоратсиз ёки жунуб киши сажда оятларини эшитса, сажда қилиши вожиб бўлади (яъни, поклангач, сажда қилади). Тиловат саждасини кечиктириш танзиҳий макруҳ ҳисобланади (яъни, имкони борича тезроқ қилгани яхши).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا قرأ بن آدم السجدة اعتزل الشيطان يبكي يقول يا ويله أمر بالسجود فسجد فله الجنة وأمرت بالسجود فعصيت فلي النار

“Одам боласи сажда (ояти)ни ўқиганда шайтон ундан йиғлаб узоқлашади. Айтадики, эй воҳ! (инсон) саждага буюрилди ва сажда қилди, унга жаннат бўлди. Сажда қилишга буюрилдим ва осийлик қилдим, дўзахий бўлдим” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Тиловат саждасини қилиш учун худди намоздаги каби, таҳоратли ҳолатда, бадан, кийим, жой пок бўлиши шарт. Қиблага қараб турилади. Қалб билан ният қилиниб, тил билан: “Аллоҳ таоло учун тиловат саждаси қилишни ният қилдим”, дейилади ва қўл кўтармасдан “Аллоҳу акбар”, деб саждага борилади. Худди намоздагидек суннатга мувофиқ бир марта сажда қилинади, саждада камида уч марта “Субҳана роббиял аъла”, айтилади. Саждадан бош кўтарганда “Аллоҳу акбар” деб ўриндан туриш, кейин яна ўтириш мустаҳабдир. Тиловат саждасида ташаҳҳуд ўқилмайди, салавот ва салом берилмайди.

Тиловат саждасини намозни бузувчи нарсалар бузади.
https://t.me/diniysavollar/180

Сажда оятларини ёзиш билан тиловат саждаси вожиб бўлмайди. Намозда ўқилган сажда ояти намозда адо қилинади. Сажда оятига келганда битта сажда қилиб, сўнг турилади ва қироат келган жойидан давом эттирилади. Намоздан ташқарида эса, сажда оятини ўқиган киши олдинга чиқиши, эшитганлар орқада саф бўлиб сажда қилишлари мустаҳабдир.

Битта оятни бир жойда ўтириб қанча ўқиса ҳам битта сажда қилинади. Лекин, бир оят турли жойларда ўқилса, жойнинг сони, ёки битта жойда турли оятларни ўқиса, оятларнинг сонига қараб сажда қилинади.

Битта хона ва масжиднинг турли жойлари ҳам битта жой ҳисобланади. Бир жойда кўп ўтирса, бир луқма еса ёки бир қултум сув ичса, ўрнидан турса, ёки бир-икки қадам юрса ҳам жой битта ҳисобланади. Тасбеҳ, таҳлил ва қироатга машғул бўлиб қолса ҳам, жой ўзгарган ҳисобланмайди.

Кўп ишга киришса: кўп еса, чалқанча ётиб ухласа ёки савдо қилса, жой ўзгарган ҳисобланади ва кейинги тиловатига яна сажда қилиши вожиб бўлади (“Мароқил фалаҳ”, “Фатавои ҳиндия”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзи ҳажга бориб келган ҳожи акаларни гуноҳ ишларни қилиб юрганларини кўрамиз. Баъзилари эса бировлардан пул олиб, вақтида қайтармай фирибгарлик қиладилар. Бизга диндан, ҳадисдан гапириб, насиҳат қилаётган кишиларнинг турли гуноҳ ишларини қилиб юрганларини кўрамиз. Ислом дини ҳақ дин. Инсонларни тўғри йўлга бошловчи дин. Буни эътироф этамиз. Лекин нима учун ҳозирги кунда баъзи мусумонларда бу каби ҳолатлар учрамоқда?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аввало Ислом дини ва унга эътиқод қилувчи мусулмон шахс ўртасидаги алоқани яхши билиб олиш керак. Мусулмоннинг хато ва гуноҳ ишлари сабабли Ислом динини қоралаш катта хатодир!
Аслида Ислом динининг моҳияти ва мусулмон шахси бошқа-бошқа масалалардир. Ислом дини мукаммал дин бўлса, мусулмон шахсиёти худди бошқа одамлар каби хато қилиши табиий бўлган оддий инсон. Унинг қилган айбу хатолари Исломнинг ноқислигидан эмас! Шу сабабли Аллоҳ таоло бизга ким мутлақ ўрнак бўла олишини баён қилади.

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.
Демак, бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом мутлақ ўрнак бўладиган инсондирлар. У зот қилган табиий, инсоний одатларга алоқаси бўлмаган барча ишлар – диндир. Ислом қандай дин эканини билмоқчи бўлганлар у зотнинг ҳаётларини ўргансин. Ваҳолангки, ҳеч бир доҳийнинг ҳаёти у зотнинг ҳаётларичалик ўрганилмаган.
Аллоҳ таоло Ислом дини орқали ўзининг адолат мезонини ўрнатиб қўйган. Қиёмат кунида ҳар бир инсон, у ким бўлишидан қатъий назар, барча амаллари учун ана шу мезон асосида жавоб беради. У амаллар куфр, зино, одам ўлдириш ва бировларни молини ноҳақ ейиш каби катта гуноҳлар бўладими, ёки улардан бошқа кичик гуноҳлар бўладими ҳисоб кунида жавобсиз қолмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ

«Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала сураси, 7-8 оят).
Дунёда баъзи бир инсонлар қилмишларининг жазосидан қутилиб қолишлари мумкин. Аммо Қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам адолат билан ўз эгасини топади.

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ» (رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки шохсиз қўйга шохли қўйдан ўч олинади” деганлар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун мусулмон киши доимо ўзини тергаб туриши, назорат қилиб, айб ва камчиликларини тўғирлашга ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Сиз саволда сўраган ҳолатларнинг учраб туриши бугунги кунда биз мусулмонлар руҳий тарбияга, қалб касалликларини даволашга қай дарада муҳтож эканимизни кўрсатмоқда! Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг подшоҳи ва йўлбошчисидир.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«أَلاَ وَإِنَّ فِي الجَسَدِ مُضْغَةً : إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الجَسَدُكُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الجَسَدُ كُلُّهُ، أَلاَ وَهِيَ القَلْبُ» (رَوَاهُ البُخَارِيُّ).

“Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. У ислоҳ бўлса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, ўша бир парча гўшт –қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).

Қолаверса, беайб Парвардигор. Ҳеч ким мен айб қилмайман, дея олмайди. Бандада хато-камчилик бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек «Ҳар бир Одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”. Мусулмон киши одамларнинг қилганига қараб эмас, ўз динининг кўрсатмасига биноан амал қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Шаъбон ойи ҳақида динимизда қандай кўрсатмалар бор, бу ойда қандай нафл ибодатлар қилиш тавсия қилинган?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أُسَامَة بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه قَالَ: » قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ لَمْ أَرَكَ تَصُومُ شَهْراً مِنَ الشُّهُورِ مَا تَصُومُ مِنْ شَعْبَانَ . قَالَ «ذَلِكَ شَهْرٌ يَغْفُلُ النَّاسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبٍ وَرَمَضَانَ وَهُوَ شَهْرٌ تُرْفَعُ فِيهِ الأَعْمَالُ إِلَى رَبِّ الْعَالَمِينَ فَأُحِبُّ أَنْ يُرْفَعَ عَمَلِى وَأَنَا صَائِمٌ » (أَخْرَجَهُ النَّسَائِيُّ).

«Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: » لَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فِي الشّهْرِ مِنَ السَّنَةِ أَكْثَرَ صِيَاماً مِنْهُ في شَعْبَانَ » (رَوَاهُ مُسْلِمٌ)

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

بَلَغَنَا أَنَّهُ كَانَ يُقَالُ: » إِنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ فِي خَمْسِ لَيَالٍ: فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ وَلَيْلَةِ الأَضْحَى وَلَيْلَةِ الفِطْرِ وَأَوَّلِ لَيْلَةٍ مِنْ رَجَبٍ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ»

яъни: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).

Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз:

عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها قالت: فَقَدْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وآله وسلم ذَاتَ لَيْلَةٍ، فَخَرَجْتُ أَطْلُبُهُ فَإِذَا هُوَ بِالْبَقِيعِ رَافِعٌ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ، فَقَالَ: «يَا عَائِشَةُ، أَكُنْتِ تَخَافِينَ أَنْ يَحِيفَ اللهُ عَلَيْكِ وَرَسُولُهُ!»، فقُلْتُ: وَمَا بِي ذَلِكَ، وَلَكِنِّي ظَنَنْتُ أَنَّكَ أَتَيْتَ بَعْضَ نِسَائِكَ، فَقَالَ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَنْزِلُ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا فَيَغْفِرُ لأَكْثَرَ مِنْ عَدَدِ شَعَرِ غَنَمِ كَلْبٍ -وهو اسم قبيلة-» (رواه الترمذي وابن ماجه وأحمد).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

عن معاذ بن جبل رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : » يطلع الله إلى جميع خلقه ليلة النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن «(رواه ابن حبان في صحيحه والطبراني والبيهقي)

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).
Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Рамозон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб шундай деганлар:

«واعلم إن المذكورة في اللآلىء أن مائة ركعة في نصف شعبان بالاخلاص عشر مرات في كل ركعة مع طول فضله للديلمي وغيره موضوع»

“Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида шундай деганлар:

فيعلم بمجموع الأحاديث القولية والفعلية استحباب إكثار العبادة فيها فالرجل مخير بين الصلاة وبين غيرها من العبادات فإن اختار الصلاة فكمية أعداد الركعات وكيفيتها مفوضة إليه ما لم يأت بما منعه الشارع صراحة أو إشارة

“Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади”(Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).

Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир китобдан масжидда азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ, шаҳардаги хонадонларда эса азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ эмас, деб ўқидим. Шунга изоҳ берсангиз.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ҳақиқатан, масжидда азон ва иқомат ёки иккисидан бири айтилмай қолиши макруҳ ҳисобланади. Чунки азон ва иқоматнинг ҳар бири таъкидланган суннатдир (“Фатҳу бабил иная”).

Шаҳардаги уйида намоз ўқувчи намозининг адоси жамоат кўринишида бўлиши учун, азон ва иқомат билан ўқийди. Агар азон ва иқоматни айтмаса ҳам жоиз бўлади. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг: “Маҳаллада айтилган азон бизга кифоя қилади”, деган гаплари бунга далил бўлади

Чунки маҳалла аҳли ўзларига муаззин танлагач, ҳукман, унинг азон айтиши маҳалла аҳлининг азонидек бўлади (“Ҳидоя”, “Фатҳу бабил иноя”).

Уйда намоз ўқийдиган киши азон ва иқоматни тарк қилиши, ўша маҳаллада азон айтилиб турган бўлса, макруҳ эмас. Лекин азон ва иқомат билан намоз ўқиши афзал ҳисобланади. Намозхон битта бўлса ҳам, кўпчилик бўлишса ҳам, фарқи йўқ.

Агар ўша маҳаллада азон айтилмайдиган бўлса, азон ва иқоматни тарк қилиш макруҳ бўлади, фақат азонни тарк қилиши макруҳ бўлмайди. Иқоматни тарк қилса, макруҳ бўлади (“Фатавои ҳиндия”).

Шуни ҳам айтиш керакки, катта қишлоқлар ҳам шаҳар ҳукмига киради.

Демак, доим масжидларида азон айтилиб турадиган шаҳар ва маҳаллаларда яшовчилар, уйларида азон ва такбирсиз намоз ўқишлари жоиз, макруҳ бўлмайди. Лекин азон ва такбир айтиб ўқисалар афзал бўлади, савобга эришадилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Динимиздаги туш кўришга алоқадор ҳукмларни баён қилсангиз?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда тонгга яқин кўриладиган, ёрқин тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига таъаллуқли тушлар.
Пайғамбарлардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلاةِ الْغَدَاةِ ، قَالَ: «هَلْ أُرِيَ أَحَدٌ مِنْكُمُ اللَّيْلَةَ رُؤْيَا؟» وَيَقُولُ: «إِنَّهُ لَيْسَ يَبْقَى بَعْدِي مِنَ النُّبُوَّةِ إِلاَّ الرُّؤْيَا الصَّالِحَةُ» (رَوَاهُ النَّسَائِي)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин: “Бу кеча бирортангиз (яхши) туш кўрдингизми? Мендан кейин фақат рост тушлар қолади”, дер эдилар”. Яъни, мендан кейин ваҳий бўлмайди, фақат рост тушлар мўминларга яхшиликлардан башорат бўлиб қолаверади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби, тушда ҳам суратларига кира олмайди.

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: أنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «مَنْ رَآنِي فِي المَنَامِ فَقَدْ رَآنِي فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لاَ يَتَمَثَّلُ بِي» (أخرجه البخاري والترمذي).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам: “Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак.

عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه قَالَ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِذَا حَلَمَ أحَدُكُمْ فَلاَ يُحَدِّثِ النَّاسَ بِتَلَعُّبِ الشَّيْطَانِ فِى الْمَنَامِ (رواه مسلم وابن ماجه)

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бирортангиз ёмон туш кўрса, шайтон у билан ўйин қилганини одамларга айтмасин” (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти). Бу ерда ёмон тушдан мурод одамни ғам-қайғуга соладиган тушлардир.

عن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي قَتَادَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الرُّؤْيَا الصَّالِحَةُ مِنْ اللَّهِ وَالْحُلُمُ مِنْ الشَّيْطَانِ فَإِذَا حَلَمَ أَحَدُكُمْ حُلُمًا يَخَافُهُ فَلْيَبْصُقْ عَنْ يَسَارِهِ وَلْيَتَعَوَّذْ بِاللَّهِ مِنْ شَرِّهَا فَإِنَّهَا لَا تَضُرُّهُ» (رَوَاهُ البُخَارِيُّ)

“Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”. Яъни, ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Эй, Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди. Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани яна ҳам яхши, дейишган.
Тушни таъбирини сўрамоқчи бўлган киши, сўровчини яхши кўрадиган ёки олим кишига айтиши керак. Зеро, тушни нимага йўйса, ўшандай бўлади. Доим тушни яхшиликка таъбир қилиш керак. Ҳадисда келишича бир аёл уч марта келиб, Пайғамбаримизга: “Эрим тижорат билан кетган, ўзим ҳомиладорман, тушимда уйимнинг устуни синибди, ғилай бир бола туғибман”, дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар: “Эринг сафардан қайтади, солиҳ бир фарзанд туғасан”, дер эдилар. Охирги марта Оиша онамиздан тушининг таъбирини сўраганда, унинг эри вафот этиши, фожир бир бола туғишини айтдилар, шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«مَهْ يَا عَائِشَةُ إِذَا عَبَرْتُمْ لِلْمُسْلِمِ الرُّؤْيَا فَاعْبُرُوهَا عَلَى خَيْرٍ فَإِنَّ الرُّؤْيَا تَكُونُ عَلَى مَا يَعْبُرُهَا صَاحِبُهَا»

“Ҳай-ҳай, Эй, Оиша! Ундай дема! Мусулмон кишининг тушини таъбир қилсангиз, яхшиликка таъбир қилинг. Чунки туш эгаси қандай таъбир қилса, шундай бўлади ”, деганлар (Имом Дорамий “ҳасан” санад ила ривоят қилган).

Кўрмаган тушини кўрдим деб, тўқима туш айтиш шариъатимизда ёлғончилик яъни, гуноҳ саналади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الأَسْقَعِ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «إنَّ مِنْ أعْظَمِ الفِرَى أنْ يَدَّعِيَ الرَّجُلُ إلى غَيْرِ أبِيهِ أوْ يُرِيَ عَيْنَيْهِ ما لمْ تَرَيا ويَقُولَ على رَسُولِ الله ما لمْ يَقُلْ» (رَوَاهُ البُخَارِيُّ)

“Энг катта бўҳтон – отаси бўлмаганни отам, деб даъво қилиш, кўрмаган тушини кўрдим, дейиш ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни айтди, дейишдир” (Имом Бухорий ривояти).

Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар шариъатга зид нарсани тушида кўриб, амал қилиб юради. Баъзида тушимда худо билан гаплашдим, деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Туш таъбири ёзилган китобларни излайди. Ваҳолангки, бундай китобларнинг аксарияти асоссиз, тўқима гаплардан иборат бўлади.
Аслида, туш ҳақидаги динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, Ислом асослари, ҳалол-ҳаром, фарзу вожиб, суннатларни ўрганиш, амал қилиш бурчимиз, вазифамиз бўлади. Инсон туш кўргани учун савоб ҳам, гуноҳ ҳам олмайди, лекин, юқоридаги бурч ва вазифаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намозни хушуъ билан ўқиш керак, деган гапни кўп эшитамиз, шу масалани ёритиб берсангиз.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
“Хушуъ” сўзи арабча бўлиб, “хокисорлик”, “бош эгиш”, “қўрқиш” маъноларини билдиради.

Хушуъ – қалб ҳолати, у нафақат намозда, балки динимиздаги барча ибодатларда хуш кўрилгандир.
Намоздаги хушуъ – Аллоҳ таолога риёдан холи бўлиб, ихлос билан ибодат қилиш, унинг ҳузурида ҳокисор бўлиб туриш ва аъзоларнинг итоаткор, сокин бўлиб туришидир. Қалбдаги Аллоҳдан қўрқув, ҳайбат, унинг азаматини тафаккур қилиш сабабли, аъзоларда ҳам сукунат пайдо бўлади.

Ёмонланадиган хушуъ ҳам бор. У – одамларга риёкорлик қилиб, сохта хушуънинг аломатларини зоҳир қилишдир.
Хушуъ ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар (Мўминун сураси, 1-2-оятлар).
Демак, нажот топувчи мўминлар намозларида хушуъ-хокисорлик билан турар эканлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни хушуъ билан адо қилиш бандага жаннатни вожиб қилишини хабар бердилар:

وعن عقبة بن عامر قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : » مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَوَضَّأُ فَيُحْسِنُ وُضُوءَهُ ثُمَّ يَقُومُ فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ مُقْبِلٌ عَلَيْهِمَا بِقَلْبِهِ وَوَجْهِهِ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ» . رواه مسلم

“Чиройли таҳорат қилиб, кейин икки ракат намоз ўқиган ва унда қалби-ю юзи билан (ибодатга) юзланган ҳар бир мусулмонга жаннат вожиб бўлади” (Имом Муслим ривояти).

“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу “қалби ва юзи билан”, деган гапларида хузуъ ва хушуънинг барча навларини жамладилар. Чунки хузуъ аъзоларда бўлса, хушуъ қалбда бўлади. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзи”(“Шарҳун-Нававий алал-Муслим”).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобий разияллоҳу анҳумга руку ва саждани мукаммал қилишни буюрардилар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَقِيمُوا الرُّكُوعَ وَالسُّجُودَ فَوَاللَّهِ إِنِّي لَأَرَاكُمْ مِنْ بَعْدِي وَرُبَّمَا قَالَ مِنْ بَعْدِ ظَهْرِي إِذَا رَكَعْتُمْ وَسَجَدْتُمْ

яъни: “Руку ва саждани комил қилинглар. Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларни руку ва сажда қилганингизда орқа томонимдан ҳам кўриб турибман” (Имом Бухорий ривояти).

“Жумҳур уламолар: “Орқа тарафдаги нарсаларни кўриш – ҳақиқий кўриш (яъни, Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган мўжиза) бўлган”, дейдилар” (“Шарҳун-Нававий алал-Муслим”).

Улуғ тобеъинлардан бўлган Саид ибн Мусаййиб намозда соқолини ўйнаган кишини кўриб: “Бунинг қалби хушуъ қилган (қўрққан)ида эди, аъзолари ҳам тинчиган бўларди”, деган (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да келтирган).

Хушуъни пайдо бўлишига қуйидаги нарсалар ёрдам беради:
– Намозга эрта ҳаракат қилиш,
– Чиройли таҳорат қилиш,
– Чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш,
– Масжидга азон айтилмасдан кириш,
– Фарз намозларидан аввал нафл намозлар ўқиш,
– Намоз бошланмасдан олдин қиёматдаги ҳолатларни тафаккур қилиш,
– Намозда ўқиладиган сура, оят, зикр ва тасбеҳларнинг маъносини билиш, намозда уларни тафаккур ва тадаббур қилиб ўқиш,
– Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилиш,
– Хушуъга ёрдам берадиган амалларни қилиш, (кўзни сажда жойига қаратиш, қўлни киндик остига қовуштириш, оёқлар орасини тўрт бармоқ қилиш ва ҳаказо),
– Хушуъни кеткизадиган ишларни қилмаслик, (намозда атрофга қараш, оёқни ҳаддан зиёд кериш, эснаш, қистаниб намоз ўқиш, шошилиб намоз ўқиш ва ҳаказо),
– Ўтган салафи солиҳларнинг намоздаги ҳолатларини ўрганиш.
Намозни хушуъ билан ўқимоқчи бўлган киши, намозни бошқа ҳамма нарсадан устун қўйсагина мақсадига эришади.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мунажжимлар башоратига ишонган киши гуноҳкор бўладими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Мунажжимлар осмон жисмлари ва уларнинг жойлашув буржларига қараб кишилар тақдирини аниқлаш, эртанги кун ҳақида маълумот бериш, ғайбни билишни даъво қилишади. Мунажжимларнинг ушбу қилмишлари фолбинликнинг бир тури бўлиб, шариатимизда қатъий таъқиқланган. Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. Аллоҳ таоло ўзини васф этиб, шундай дейди:

عَالِمُ الْغَيْبِ فَلَا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا

«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин сураси, 26-оят).
Бошқа оятда шундай дейилган:

قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

яъни: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” (“Аъроф” сураси, 188-оят).

Мунажжимлар башоратининг на динга, на илмга, на тараққиётга алоқаси бор. Бу ишларнинг ғирт бемаънилигини турли соҳа олимлари ҳам, дин уламолари ҳам қайта-қайта таъкидлашларига қарамай, «мунажжим башоратлари»нинг мухлислари камайиш ўрнига тобора ортиб бормоқда.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ» (رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шариатимиз қоралаган ва мусулмонларни четланишга буюрган юлдузларга қараб фол очиш ва буни инсонлар тақдирига боғлаш ёлғон эканини ҳозирги замон етакчи олимлари ва мутахассислари ҳам исботлаб беришмоқда.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » مَنِ اقْتَبَسَ عِلْمًا مِنَ النُّجُومِ اقْتَبَسَ شُعْبَةً مِنَ السِّحْرِ زَادَ مَا زَادَ » (رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد وَابْنُ مَاجَةْ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким юлдузлардан бирор илм эгалласа, сеҳрдан бир парча олган бўлади. Зиёда бўлгани зиёда бўлаверади”, деганлар” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ривоятда юлдузларга қараб ғайб илмини, бировларнинг тақдирини, келажакда бўладиган ишларни билишни даъво қиладиган мунажжимлар ҳақида сўз кетмоқда.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ قَالَ صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةَ الصُّبْحِ بِالْحُدَيْبِيَةِ فِي إِثْرِ السَّمَاءِ كَانَتْ مِنْ اللَّيْلِ فَلَمَّا انْصَرَفَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ هَلْ تَدْرُونَ مَاذَا قَالَ رَبُّكُمْ قَالُوا اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ قَالَ أَصْبَحَ مِنْ عِبَادِي مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ فَأَمَّا مَنْ قَالَ مُطِرْنَا بِفَضْلِ اللَّهِ وَرَحْمَتِهِ فَذَلِكَ مُؤْمِنٌ بِي كَافِرٌ بِالْكَوْكَبِ وَأَمَّا مَنْ قَالَ مُطِرْنَا بِنَوْءِ كَذَا وَكَذَا فَذَلِكَ كَافِرٌ بِي مُؤْمِنٌ بِالْكَوْكَب» (أَخْرَجَهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбийяда тунги ёмғир сўнггидан бомдод намозини ўқиб бердилар. Ўқиб бўлгач одамларга юзландилар-да: “Раббингиз нима деганини биласизларми?” дедилар. Одамлар: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Аллоҳ): “Бандаларимдан Менга мўмин ва кофир ҳолда тонг оттирганлар бўлди. Ким “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати сабабли ёмғир ёғдирилди”, деган бўлса, Менга мўмин бўлиб, юлдузларга кофир бўлибди. Аммо ким юлдуздаги ундай ёки бундай нарса сабабли ёмғир ёғдирилди, деган бўлса, Менга кофир, юлдузга мўмин бўлибди”, деди”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, борлиқда юз бераётган ҳодисалар, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига бўлган илми, ҳикматига кўра бўлар экан. Журнал ва газеталарда чоп этилаётган мунажжимлар башоратига мурожаат қилиб, унга ишониш кишининг имонига путур етказиб қўйиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намознинг вожиблари ҳақида маълумот берсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намознинг бир нечта вожиблари бўлиб, қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз:

1. Такбири таҳримада намозга айнан «Аллоҳу акбар» лафзи билан кириш;
2. Фарз намозларининг аввалги икки ракатига қироатни тайин қилмоқ;
3. «Фотиҳа» сурасидан сўнг зам (қўшимча) сура ўқиш. Зам сурага Қуръондан бир узун (мисоли «Оят-ул-Курсий» ) ёки уч қисқа оят (мисоли «Сураи Кавсар») ўқиса бўлади;
4. Фотиҳа ва зам сурани Витр ва нафл намозларининг барча ракатларида ўқиш;
5. Саждада пешона билан бирга бурунни ҳам ерга теккизиш;
6. Таъдили аркон ёки тумония, яъни рукуъ ва саждада бир тасбеҳ («Субҳаналлоҳ» дейишга кетадиган вақт) миқдорича ором олиш;
7. Қаъдаи аввал. Иккидан ортиқ ракатли намозларда иккинчи ракатдан сўнг «Ташаҳҳуд» («Аттахиййату…») ни ўқиш миқдорича ўтириш;
8. Ҳар қаъдада «Ташаҳҳуд» ўқиш;
9. Витр намозининг учинчи ракатида қироатдан сўнг «Дуои қунут» ни ўқиш;
10. Икки Ийд намозларида айтиладиган такбири зоидалар, яъни қўшимча такбирларни (биринчи ракатда «Сано»дан сўнг 3 марта ва иккинчи ракатда қироатдан сўнг рукуъга кетишдан олдин 3 марта «Аллоҳу акбар» деб) айтиш;
11. Икки Ийд намозларида иккинчи ракатда такбири зоидаларни айтгандан сўнг рукуъга бориш учун айтиладиган такбирни айтиш;
12. Намозда сажда ояти ўқилса дарҳол тиловат саждасини қилиш. Агар сажда ояти ўқилгандан кейин дарҳол рукуъ қилинса, шу рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтади;
13. Муқтадийнинг имомни қайси ҳолатда топса, ўша ҳолда дарҳол ният қилиб, намозга киришиб имомга эргашиши;
14. Имомнинг жаҳрий намозлар (Бомдод, Шом, Хуфтон, Жума ва Таровиҳ)ни жаҳрий тарзда яъни ёнидаги шериги эшитадиган даражада овозини чиқариб ўқиши. Ёлғиз ўқувчи киши Бомдод, Шом ва Хуфтон намозларини хоҳласа жахрий, хоҳласа махфий (яъни, овоз чиқармасдан) ўқиши мумкин;
15. Имомнинг махфий намозлар бўлмиш Пешин, Аср, Витр ва жаноза намозларини мухфий ўқимоқлиги. Ёлғиз ўқувчи бу намозларни, суннат ва нафл намозларни ҳам махфий ўқийди;
16. “Ас-Салом” лафзи билан намоздан чиқиш;
Агар Хуфтон намозининг аввалги икки ракатида зам сурани ўқимаган бўлса, зам сурани “Фотиҳа” сураси билан кейинги икки ракатда овоз чиқариб ўқийди. Агар аввалги икки ракатда “Фотиҳа”ни ўқимаса, кейинги икки ракатда “Фотиҳа”ни икки марта ўқимайди. (Манба: “Нурул ийзоҳ” ва “Фатҳу бабил иноя”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Қасамнинг каффоратини тушунтириб берсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорот бериши вожиб бўлади.
Қасамни бузган киши хоҳласа ўн кишини таомлантиради, хоҳласа уларни кийим билан таъминлайди. Бунда камида шим ва кўйлак каби кийимлар бўлиши керак. Агар бу икки ишдан бирортасига қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади. Қасамни бузмасдан туриб каффорат тўланмайди. Қасамнинг каффорати ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

яъни: “…Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида сураси, 89-оят).

Агар киши ўз ота-онасига гапирмаслиги каби гуноҳ ишни қилишга қасам ичган бўлса, қасамини бузиб, каффорат тўлаши лозим бўлади.

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قَالَ : «مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ فَرَأَى غَيْرَهَا خَيْرًا مِنْهَا فَلْيُكَفِّرْ عَنْ يَمِينِهِ ، وَلْيَفْعَلْ الَّذِي هُوَ خَيْرٌ» (رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ).

“Ким бир ишга қасам ичсаю, кейин ундан бошқаси яхшироқ эканини билса ичган қасамига каффорот тўласин-да ўша яхшироқ ишни қилсин”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бу ҳукмларда қасамни билиб туриб бузган ҳам, мажбурланиб бузган ҳам, унутиб бузган ҳам баробардир. (“Ал-Мухтор”, “Фатҳу бабил иная”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Саждаи саҳв қайси ҳолатларда ва қандай тартибда қилинади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Саждаи саҳв қилиш вожиб амаллардан бўлиб, намоздаги маълум бир тартиб-қоида бузилган пайтда бажарилади. Саждаи саҳв билан, намозда қилинган хато тузатилган ҳисобланади.

Саждаи саҳв қилиш тартиби қуйидагича:
– Охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқигандан кейин ўнг томонга салом берилади;

– сўнгра икки марта сажда қилинади;

– саждадан қайтиб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқилади;

– сўнгра икки тарафга салом бериб намоз тугатилади. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:

عَنْ ثَوْبَانَ رضي الله عنه عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ «لِكُلِّ سَهْوٍ سَجْدَتَانِ بَعْدَ مَا يُسَلِّمُ» (رواه الإمام أبو داود والإمام ابن ماجة)

Савбон разияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир адашиш сабабли, салом бергандан кейин икки сажда бор”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Саждаи саҳвни қуйидаги ҳолларда бажариш вожибдир:

– Агар намоз ичидаги фарзлардан бири ўз ўрнидан олдин бажарилса. Масалан, қироат қилмай рукуга кетиб, рукудан қайтиб қироат қилса;

– Бир фарз ўз ўрнидан кечиктирилса. Масалан, тўрт ракатли намознинг биринчи қаъдасида ташаҳҳуддан сўнг учинчи ракатга турмай салавотни энг камида “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад”гача ўқиса (аммо ундан оз бўлса саждаи саҳв лозим бўлмайди). Бу ерда намознинг фарзларидан бири учинчи ракатнинг қиёми кечиктирилган ҳисобланади.

– Бир фарзни такрор қилса. Масалан, икки марта руку қилса, ёки уч марта сажда қилса;

– Бирор вожиб амални ўзгартирса. Масалан, махфий қироат қилинадиган жойда жаҳрий қироат қилса ёки акси бўлса;

– Бирор вожибни бажармаса. Масалан, тўрт ракатли намознинг биринчи қаъдасида ўтирмаса (“Фатҳу бабил иная”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Турли вилоятларимизда қабр кавлаш ва маййитни дафн қилишда турличаликларни гувоҳи бўламиз. Шариатимиз бўйича қабр кавланиши ва маййитни дафн қилинишига боғлиқ масалалар ҳақида маълумот берсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Қабрни лаҳад шаклида кавланиши суннатдир. Яъни, инсоннинг гавдаси бўйича чуқур кавлаб тушилгандан кейин қибла томондан лаҳад кавланади. Унинг чуқурлиги кўкрак баробарича бўлиши керак. Агар ундан чуқурроқ бўлса, янада яхши. Эни ярим қомат, яъни бир метрга яқин, узунлиги эса маййитнинг қомати баробарича бўлиши лозим.

Агар қабрни лаҳад шаклида ковлашга ернинг юмшоқлиги ёки қумли тупроқ экани сабабли имкон бўлмаса, “шаққ” кўринишида, яъни ёрма қабр кавлаб, дафн этиш ҳам мумкин. Бунда ариқ қазигандек ер очилади ва икки ёни хом ғиштлар билан уриб чиқилади. Маййит қўйилгач, устига тегмайдиган қилиб ёғоч, тахта ёки шох-шаббалардан “шифт” ясаб, устидан тупроқ тортилади. Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл раҳматуллоҳу алайҳнинг берган фатволарига кўра, баъзи юмшоқ тупроқли ерларда лаҳад ёки ёрма қабр ковлашнинг имкони бўлмагани учун нимадан бўлса ҳам тобут (қути, сандиқ) ясаб, маййитни унга солиб кўмиш мумкин. Агар темирдан ясалса, унинг ичига аввал тупроқ тўшалади, устки қисми ёрма қабр усти каби ёпиб, лой билан суваб қўйилади. Маййитнинг ўнг ва чап томонларига хом ғишт терилади. Шундай қилинса, лаҳадга ўхшатилган бўлади. Лаҳадга пишиқ ғишт ишлатиш макруҳдир.

Аёл киши мурдасини лаҳадга қўйишга ҳаммадан кўра унинг маҳрамлари ҳақлироқдир. Улардан кейин маҳрам бўлмаган қариндошлари авлодир. Агар улардан ҳеч ким бўлмаса ёки қўйишни уддалай олмаса, бегоналар қўйиши жоиз бўлади.
Тобутни ерга қўйишдан олдин ўтириб олиш макруҳ ҳисобланади.

Дафндан кейин дарҳол тарқаб кетмай, бир оз вақт (яъни, туя сўйилиб, гўшти тақсимланадиган миқдорча) дуо, Қуръон тиловати билан ўтириш мустаҳаб ишлардандир.

Қабр устига иморат қуриш, ўтириш, ухлаш, босиб юриш, таҳорат ушатиш, кўкариб турган гиёҳларни юлиш ёки чорва молларини ўтлатиш макруҳ ишлардан саналади.

Мақбара тиклаш, қабр тоши қўйиб, унга ёзувлар битиш масаласидаги уламоларнинг ихтилофи асосан, оддий мусулмонларнинг қабрлари тўғрисида бўлган. Аммо машҳур азиз-авлиёлар, дунёга танилган олиму уламоларнинг қабрлари эса, зиёратчилар руҳий таассурот олсин, кейинги авлод учун уларнинг мозорлари ибрат манбаи бўлсин, деган эзгу мақсадда ўзлари васият қилмаган ва хоҳламаган бўлсалар-да, бошқалар томонидан тикланса, обод қилинса, зарари йўқ, балки кўп манфаатли жиҳатлари борлиги учун рухсат берилган. (Манба: “Оламгирия”, “Қозихон”, “ал-Баҳрур-роиқ” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Рамазон ойида умра килса, ҳажни адо килгандек бўлармиш. Ҳатто ҳаж килгандан хам аълороқ экан. Сабаби муқаддас ой ва шайтонлар кишанланар экан. Охирги пайт бу каби гап-сўзлар кўпайиб қолди. Шу гаплар тўғрими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳаж умрадан афзал ҳисобланади. Бу умра Рамазонда қилинган бўлса ҳам ва унда охирги ўн кунлик қиёми, эътикофи бўлса ҳам ҳукм шундайлигича қолади. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари далолат қилади:

» اَلْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا، وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلَّا الْجَنَّةُ » )رواه البخاري ومسلم.(

“Умра кейинги умрагача бўлган (кичик) гуноҳларга каффаротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж тўғрисида марҳамат қилиб айтадилар:

» مَنْ حَجَّ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ عَادَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ » (رواه البخاري ومسلم).

“Ким ҳаж қилиб, фаҳш сўзларни сўзламаса ва фисқ ишларни қилмаса, онадан туғилган кунидагидек (гуноҳлардан пок) бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Юқорида мутлақ ҳаж ва Рамазонда қилинган умрани қиёсладик. Фарз ҳажни эса умуман умра билан қиёслаб бўлмайди. Чунки ҳажнинг ҳукми фарз, умра эса суннати муаккададир.

Рамазон ойида қилинган умра ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

» عُمْرَةٌ فِي رَمَضَانَ تَعْدِلُ حَجَّةً مَعِي «

“Рамазондаги умра мен билан қилинган ҳажга тенг келади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Рамазонда қилинган умра Пайғамбар алайҳиссалом билан қилинган ҳажга тенг эканлиги баён қилинмоқда. “Ҳажга тенг келади”, деган сўзни уламоларимиз “ҳажнинг савобига тенг келади”, деб тушунтирадилар. Лекин айнан мана шу умра зиммага фарз бўлган ҳажнинг ўрнига ўтмайди. Бу масалада ҳамма уламолар якдил фикрдалар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Идда қачондан бошланади? Умуман олганда иддада ўтирган аёлга нима ишларни қилиш мумкин ва нима ишларни қилиш мумкин эмас?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Идда – эр ўз аёлини талоқ қўйиши ёки эр вафот этиши билан бошланади. Аёл билмаса ҳам муддат ўтиши билан идда тугайди.

Иддада ўтирган аёлга совчи қўйилмайди. Лекин киноя сўзлар билан ишора қилиш мумкин. Масалан, киноялардан бири – Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганларидек, ўша аёлга эшиттириб, “Мен уйланмоқчиман”, дейишдир.
Боин талоқ бўлган ёки эри вафот этган аёл зийнатланмайди. Хушбўйлик сепиш, сурма, хино суртиш ва безанишни тарк қилади.

Барча турдаги иддалар эрнинг уйида ўтказилади.
Боин ёки ражъий талоқ бўлган хотин уйдан кундузи ҳам, кечаси ҳам чиқмайди. Идда пайтида унинг нафақаси эрнинг зиммасида вожиб бўлгани сабабли кўчага чиқишга шаръан рухсат йўқ.

Эри вафот этган аёлга нафақа берадиган кишиси йўқлиги учун кундузи ва кечанинг бир қисмида тирикчилик учун кўчага чиқиши мумкин, лекин эрининг уйида тунаши лозим.

Иддада ўтирган аёлнинг уйи бузилиб кетадиган бўлса ёки иддадаги аёл меросхўрлар томонидан мажбуран чиқарилса ёки ижара ҳақини тўлай олмаса, уйдан кўчиб кетиши мумкин.

Идда ўтирганда боин талоқ ёки уч талоқ бўлган хотин ва эр ўртасини тўсувчи тўсиқ ёки парда бўлиши лозим. Эр фосиқ бўлса, парда бўлса ҳам аёл бошқа ерга кўчиши мумкин.

Идда пайтида эр-хотин ўртасини тўса олувчи ишончли бир аёл бўлгани яхши. Агар идда ўтирган жой эр-хотинга торлик қилса, хотин у ердан чиқиб кетиши мумкин. Лекин эр чиқиб кетгани яхшироқ. (Манбалар: “Ҳидоя”, “Ихтиёр”).
Ҳозирги кунда иддага боғлиқ воқеликдаги хатолар шуки, кўпинча талоқ қилган эр хотинни болалар билан қўшиб уйдан ҳайдаб чиқаради ва уларни моддий таъминотдан бутунлай узиб қўяди. Ваҳоланки, болаларни таъминлаш эрнинг доимий бурчи ҳисобланади. У хотинини иддаси чиққунча уй-жой ва нафақа билан таъминлаши керак. Мана шу таъминотлар қилинмаса, эр шариат ҳукми билан гуноҳкор бўлади.

Баъзида, талоқ қилинган хотин эрга бўйсунмай кўчага чиқиб кетади, идда пайтида зийнатланиш қайтарилганига қарамай пардоз-андозини тарк этмайди. Минг афсуски, баъзи ҳолларда идда тугамай бошқасига эрга тегиб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Ваҳоланки, иддани ичида қилинган никоҳ боғланмайди ва уларнинг келгусидаги алоқалари зино ҳисобланади. Бунинг ортидан кўплаб фасод ишлар юзага келади ва аёл қаттиқ гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен ҳар куни бомдод намозини уйда ўқийман. Кундузи тирикчилик сабабли кўпинча пешин, аср ва шом намозларини ўқий олмайман. Хуфтон намозидан кейин ушбу намозларни қазо қилиб ўқисам бўладими? Бунинг зарари йўқми?

Ислом шариатида буюрилган беш маҳал фарз намозларини ҳар қандай вазиятда ҳам ўз вақтида ўқилиши лозим. Бу Аллоҳ таолонинг буйруғи.

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Фақат бир маҳал намозни ўқиган банда қолган намозларидан сўралади. Қиёматда энг биринчи сўраладиган амал фарз намозлари ҳақида бўлади. Чунки намоз Ислом динининг устинидир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ» (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тирикчилик ёҳуд дунё ишлари бир маҳал намозни ҳам ўз вақтидан кечиктиришга узр бўла олмайди. Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. Аллоҳ таоло:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

“Намозларни, ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг”, деган (Бақара сураси, 238-оят).
Намозни муҳофаза қилиш бу доимо ўз вақтида адо этиш деганидир. «Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Кўпчилик уламолар, ўрта намоздан мурод – Аср намози, деганлар. Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида: “Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг”, дейилмоқда. Намозни вақтидан кечиктириш мумкин эмас. Аллоҳ таоло:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

“Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, деган (Нисо сураси, 103-оят).
Яъни, намозни муайян вақтларда ўқиш фарз бўлиб, ўша вақтларидан кечиктириш мумкин эмас.
Барча солиҳ амалларнинг аввали намоздир. Шу боис, намозни ҳар қандай ҳолатда тўкис адо этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бошқа амалларни узр билан кечиктириш мумкин, аммо намозни бутунлай тарк қилиш ёки ўз вақтидан кечиктиришга ўлим ва бехушликдан бошқа узр йўқ.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الَّذِى تَفُوتُهُ صَلاَةُ الْعَصْرِ كَأَنَّمَا وُتِرَ أَهْلَهُ وَمَالَهُ» (رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аср намозини ўтказиб юборган (одам) оиласидан, бойлигидан айрилган (киши) кабидир”, деганлар. Яъни, аср намозини узрсиз ўқимаган одам оила аъзоларидан, мол-мулкидан айрилиб қолганга ўхшайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бетоб ётган Имрон ибн Ҳусайнни зиёратига борганларида намозга маҳкам бўлишга буюриб:

«صَلِّ قَائِمًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ» (رواه البخاري)

“Намозни тик турган ҳол адо этгин. Агар туриб ўқишга қувватинг етмаса ўтириб ўқи. Агар ўтириб ўқишга ҳам мадорингиз бўлмаса, у ҳолда ёнбошлаб ўқи” – дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

عن أبي قتادة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: افْتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ حَافَظَ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلَا عَهْدَ لَهُ عِنْدِي»

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, деб айтдилар” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).
Банда тириклигида бажарган ҳар бир амали қиёмат куни бирма-бир ҳисоб қилинади. Энг биринчи намози ҳақида сўралади. Агар намозни вақтида ўқиса, охиратда ютуққа эришади, дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Агар намозни ўз вақтида адо этмаган бўлса, муваффақият-сизликка учрайди, надомат чекади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ…»
(رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. …”, деганларини эшитганман” (“Сунан” соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Фарз намозларни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ فِيهِ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسًا مَا تَقُولُ ذَلِكَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ قَالُوا: لاَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ شَيْئًا قَالَ: فَذَلِكَ مِثْلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا. (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, ун(инг танаси)да кир қоладими?” деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди”, дейишди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривоят қилган).
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон кишининг имонини озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир. Намозсиз имон қалбнинг бир четида қаровсиз қолиб сўнади, маъносиз, сохта, тақлидий бир нарсага айланади. Ана шундай “имони”га ишониб, “қалбим пок”, дея намозини тарк этиш қуриб қолган чўпни гул, деб кўтариб юрганга ўхшайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақида “У киши жаннатга эмаклаб киради”, деган ҳадис саҳиҳми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Абдурраҳмон ибн Авф ал-Қураший (580-656 м.й.) Ислом динини биринчилардан бўлиб қабул қилган саккиз мусулмондан бири. Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага ҳижрат қилган. Тириклигидаёқ жаннатга кириши башорат қилинган ўнта саҳоба розияллоҳу анҳумлардан.
Абдурраҳмон ибн Авф Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидаги барча ғазотларда иштирок этганлар. Жумладан, “Бадр”, “Уҳуд” ва “Ҳандақ”, “Байъатур ризвон”да қатнашдилар. Аллоҳ таоло «Бадр” ғазоти ва “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалардан рози бўлгани ва мағфират қилгани ҳақида Қуръони каримда очиқ баён қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Табук ғазотида Абдурраҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намоз ўқиганлар.

Умар розияллоҳу анҳу ўлими олдидан, ўзидан кейин халифа сайлаш учун олти кишилик кенгаш туздилар. Абдурраҳмон ибн Авф ўша кенгаш аъзоси эдилар.
У зот Аллоҳнинг фазли билан ниҳоятда бой киши бўлганлар. Жуда саҳоватли ва молни ўз ўрнига сарфлар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин мўминларнинг оналарига кўп эҳсон қилганлар.
У зот 32 ҳижрий йилда вафот этдилар, жанозаларини Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар, Бақиъа қабристонига дафн қилиндилар.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг жаннатга эмаклаб кириши ҳақида баъзи ривоятлар етиб келган. Жумладан:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо уйларидан Мадинадаги шовқинни эшитиб, «Бу қандай шовқин?» деб сўрадилар. Шунда:
«Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юзта туядан иборат карвони Шомдан юкларни олиб келяпти», дейишди. Мадина шаҳри карвон овозидан ларзага келди.
Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Абдураҳмон ибн Авфни жаннатга эмаклаб кираётганини кўрдим”, деганларини эшитганман», дедилар.

Бу гап Абдураҳмон ибн Авфга етиб борди. У: “Қодир бўлсам тик турган ҳолда кираман” , деди-да, карвонни устидаги моллари билан Аллоҳ йўлида тарқатиб юборди”.

Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган бўлиб, муҳаддис уламолар унинг тўқима ҳадис эканини айтганлар. Жумладан Имом Аҳмад “ушбу ривоят ёлғон ва мункардир. Унинг ровийларидан Аммора ибн Розон мункар ҳадисларни ривоят қилади”, деган. Имом Ибн Жавзий ва аллома Мулла Али Қори “тўқима ривоят”, дейишган (манба: Асрорул марфуа фил-ахбарил мавзуа).

Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Шабийб санади ила мазкур ривоятга ўхшаш бошқа ҳадис ривоят қилган бўлса-да Имом Насоий, Имом Дорақутний ва бошқа муҳаддис уламолар уни ҳам заиф ва ҳужжатга яроқсиз эканини айтишган (манба: Мажмауз-завоид ва манбаул-фавоид).
Ибнул Имод Ҳанабалий бу борада бундай дейди:

“Абдурраҳмон ибн Авф бойлиги сабабли жаннатга эмаклаб киради деган ривоятларнинг асоси йўқ. Шундай зот жаннатга эмаклаб кирса, бойлиги сабабли жаннатга кириши кечикса, унда ким пешқадам ва тўғри юриб жаннатга киради?!” (Шазаротуз заҳаб).

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг шаънларига тўғри келмайдиган бу каби тўқима ривоятлардан ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат беришдан сақланиш лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоз вақтлари ҳақида маълумот берсангиз?

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим.

Бомдод намози: Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан (тонг отгандан) қуёш чиққунигачадир. Бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб қуёш тўлиқ чиққунигача бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш макруҳдир. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёш чиқиб қолса, бомдод намози бузилади ва қуёш тўлиқ чиққандан кейин қазоси ўқилади. Бугунги бомдоднинг фарзи суннати билан қазо бўлса ва қазосини заволгача ўқиса, суннати билан бирга қазоси ўқилади. Заволгача ўқилмаса, фарзини ўзи қазо қилинади. Бомдодни суннатига улгурмай, фарзини жамоат билан ўқиган киши фарздан кейин суннатни ўқимайди.

Пешин намози: Пешиннинг вақти қуёш заволга оғганидан ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг узунлигидан икки баробар бўлгуничадир. Қуёш қиёмдан заволга қараб оғгандан бошлаб пешин намозининг вақти кирган бўлади. Заволдаги соядан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар келгунича пешин вақти ҳисобланади.

Аср намози: Асрнинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг узунлигидан икки баробар бўлганидан бошлаб қуёш ботгуничадир. Аср намози адо қилинганидан кейин шом намози ўқилгунигача нафл намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Асрга айтилган азондан кейин такбир айтилгунигача, бемалол нафл намоз ўқиса бўлади. Аср намозини қуёшни нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади ва намози бузилмайди.

Шом намози: Шомнинг вақти қуёш ботганидан шафақ йўқолгунича. Шафақ уфқдаги қизилликдир. Шом намозини доимо (йилнинг барча фаслларида) вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир. Демак, шом намозининг вақти қуёш уфққа ботиши билан бошланиб уфуқдаги қизиллик йўқолгунигача давом этади.

Хуфтон намози: Хуфтоннинг вақти шомнинг вақти тугагандан бошлаб тонггачадир. Витрнинг вақти хуфтон ўқилгандан бошлаб тонггачадир. Хуфтон намозини ярим кечадан кейин ўқиш макруҳдир.

Қазо бўлган ва нафл намозларни куннинг барча вақтида ўқиса бўлади. Фақат қуёш чиқиш, қиёмга келиш ва ботиш вақтлари бундан мустасно. Бу уч вақтда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди (Манба: “Фатҳу бабил иная”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир танишим ўғлига “Муҳаммад” исмини қўйса, қариндошлари бу исм болага оғирлик қилади, дейишибди. Шу тўғрими?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Исм болага оғирлик қилади, деган гап нотўғри. Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак исмлари ҳам оғир бўладими?! Аксинча, бу каби исмлар табаррук ҳисобланади. Бу исм бор оилада баракот бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

عن جابر أن النبي صلى الله عليه و سلم قال : سَمُّوا بِاسْمِي وَلَا تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي فَإِنِّي إِنَّمَا جُعِلْتُ قَاسِمًا أَقْسِمُ بَيْنَكُمْ) متفق عليه(

“Менинг исмимни қўйинглар! Кунямни қўйманглар. Чунки мен сизнинг ўртангизда (илмни) тақсимловчи қилиндим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом очиқ-ойдин исмларини қўйишга тарғиб қилмоқдалар. Шу билан бирга кунялари бўлмиш “Абул Қосим” билан куняланишдан қайтармоқдалар. Уламолар бунинг сабаби борасида турли фикрларни билдирганлар. Кўпчиликлари, бу қайтариқ у зотнинг ҳаётлик чоқларига тегишли, деган сўзни устун кўрадилар.

Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак ва яхши одам экани билиниб туриши лозим.

عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :» إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ » (رَوَاهُ أحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِىُّ).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун (фарзандларга) чиройли исм қўйинглар!” деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳаётлик чоғларида жаннат башорати берилган ўн саҳобани айтиб берсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаи киромларга улар ҳаётлик пайтларидаёқ жаннат башоратини берганлар. Уларнинг баъзилари эркаклардан ва баъзилари аёллардан эди. Бу саодатли зотларнинг ўн нафари тарихда “Ашараи мубашшара”, яъни “башорат берилган ўнлик” номи билан машҳур бўлганлар. Улар:

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу;
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу;
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу;
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу;
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу;
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу;
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу;
Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

Мазкур зотларнинг исми шарифларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиснинг ўзида айтиб ўтганлар.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ» (رَوَهُ الإمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Али жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр жаннатда, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда, Саъд жаннатда, Саъийд жаннатда, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади” (Имом Термизий ривояти).

Бу муборак зотлар Исломга садоқатлари, Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз муҳаббатлари боис, шундай олий мақомларга эришдилар. Аллоҳ таоло ваҳий орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу зотлар ҳаётлик пайтларидаёқ жаннат хушхабарини берди. Валлоҳу ъалам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳозирги кунда кўпчилик ёш йигитлар орасида сочининг икки ён томонини олдириб, тепа қисмини қолдириш мода бўлган. Баъзилар бундай қилиш жоизмас дейишяпти. Динимизда бу жоиз эмасми?

Эркак киши сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириши араб тилида – “қазаъ”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ » أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نهَى عَن القَزَعِ «. قَالَ عُبَيْدُ الله: قُلْتُ لِنَافِعٍ: «مَا القَزَعُ؟» قَالَ: «حَلْقُ بَعْضَ رَأسِ الصَّبِيِّ ، وَيُتْركَ بَعْضٌ». مُتَّفق عَلَيْهِ .

Бу ҳақда Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар”, деган”, деди. (Ҳадисни ровийси) Убайдуллоҳ айтади: “Мен Нофеъдан: “Қазаъ нима?”, деб сўрадим. Шунда Нофеъ «У – ёш боланинг сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини ўз ҳолича қолдириш», деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламолар ҳадисда зикр қилинган тарзда соч олдириш макруҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳадислардаги қайтариқ ёш болалар ва катталарга баробар эканини таъкидлашган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “қазаъ”нинг шариатда нима учун манъ қилингани борасида уламолар турлича фикр билдирганларига ишора қилиб, бундай деган:

وَالْحِكْمَةُ فِى كَرَاهَتِهِ أَنَّهُ تَشْوِيْهٌ لِلْخَلْقِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ أَذى الشَّرِّ وَالشَّطَارَةِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ زَيُّ اليَهُودِ

“Сочни баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириш макруҳ эканининг ҳикмати шуки, у яратилган ташқи қиёфани бузиш ҳисобланади. Баъзилар: у айёр ва ёмон одамларнинг азият беришига ўхшашлиги учун манъ этилган, дейишган. Яна баъзи аҳли илмлар эса: Унда яҳудийларнинг ташқи кўринишига ўхшашлик бўлгани учун мумкин эмас, деганлар” (Манба: “ал-Минҳож шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”).

Соч олдиришда ҳаммасини бирдек қолдириш ёки бирдек олдириш керак. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон танасининг ярми сояда, ярми қуёш нурида бўлиб ўтиришдан ҳам қайтариб: “Танасининг ҳаммаси сояда ёки ҳаммаси қуёш нурида ўтирсин”, деганлар.

Демак, сочни олдирганда ёки қисқартирганда ҳар тарафидан бир хил қилиб калталатиш мақсадга мувофиқдир. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи ёшларимиз ўртасида ғарбда кенг тарқалган одатларга эргашган ҳолда, сочнинг бир қисмини бутунлай олдириб, бир қисмини эса қолдириш урф бўлмоқда. Мусулмон киши бундан эҳтиёт бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Диниий китобларни ўқиганимда аксарият аҳкомлар, насиҳат ва кўрсатмалар айнан эркаклар учун эканмикин деб, мулоҳаза қилиб қоламан. Шаръий кўрсатмаларда аёллар учун ҳам буйруқлар борлиги маълум. Лекин нима учун кўп буйруқларда эркакларга хитоб қилинган? Шуни изоҳлаб берсангиз.

Қуръони каримдаги хитоблар фақат эркакларга хос эмас. Умумлаштириб кўрганимизда ундаги хитоблар уч хил бўлади:

1. Фақат эркакларга қаратилган хитоблар. Одатда бу хитоблар эркакларга хос ҳукмларда бўлади. Масалан:

نِسَاؤُكُمْ حَرْثٌ لَكُمْ فَأْتُوا حَرْثَكُمْ أَنَّى شِئْتُمْ

Яъни: “Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз…” (Бақара сураси, 223-оят)

2. Фақат аёлларга қаратилган хитоблар. Одатда бу хитоблар аёлларга хос ҳукмларда бўлади. Масалан:

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ وَلَا يَحِلُّ لَهُنَّ أَنْ يَكْتُمْنَ مَا خَلَقَ اللَّهُ فِي أَرْحَامِهِنَّ إِنْ كُنَّ يُؤْمِنَّ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ

яъни: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас”. (Бақара сураси, 228-оят)

3. Лафзда эркакларга айтилган, аслида эркак ва аёлларга қаратилган умумий хитоблар. Масалан:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

яъни: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара сураси, 238-оят).

Бу турдаги хитобларга “Эй, имон келтирганлар…”, “Эй, Одам ўғиллари…”, деб бошланадиган оятларни ҳам мисол келтириш мумкин. Эркакларга хитоб қилиб, унинг замирида аёлларнинг ҳам назарда тутилиши, араб тили қоидаларига мувофиқдир. Шаръий қоида ва ҳукмларни жорий қилишда умумий хитоб қилиш услубларига ҳам мос келади. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин:
А) Қуръони каримдаги аксарият ҳукмлар эркаклар ва аёллар учун умумийдир. Агар ҳар бир оятда аввал эркакларга сўнгра аёлларга хитоб қилинса, бу балоғат ва фасоҳатга зид келади. Масалан: “Эй, имон келтирган эркаклар ва эй, имон келтирган аёллар” ёки “Эй, одам ўғиллари ва эй, Одам қизлари”, дейиш гапни ноўрин чўзиш ҳисобланади. Бу Қуръоннинг балоғатига тўғри келмайди.

Маълумки, Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Араб тилида жинс категорияси мавжуд. Ўзбек тилимизда эса бу категория ишлатилмайди. Араб тили олимлари эркак ва аёлларга умумий хитоб қилишда эркаклар жинси категориясидан фойдаланишга иттифоқ қилганлар. Бу қоида тилга осон бўлгани учун жорий бўлган.

Б) Шаръий хитобларда барчани назарда тутиб эркакларга хитоб қилиш инсониятнинг яратилиши ва хилқатига ҳам мос келади. Зеро Қуръони каримда шундай дейилган:

خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا

яъни: “(У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди”. (Зумар сураси, 6-оят).

Динимиз хитобларида аёлларнинг эркакларга тобе бўлиши уларнинг яратилишда ҳам эркакларга тобе бўлишига мувофиқ келади.

В) Аллоҳ таоло эркакларга жамиятда катта масъулият юклаган. Улар оила бошлиғи, аёллари ва болаларини нафақа билан таъминловчи, имом ва сиёсат юритувчи ҳисобланадилар. Шунинг учун асосий хитоблар уларга қаратилади. Аёллар эса аксарият ҳолатларда уларнинг таъминоти ва ҳимояси остида бўладилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳурматли устозлар, Ражаб ойининг фазилати, унда қилинадиган ибодатлар ҳақида маълумот берсангиз.

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталган.
Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақида Набий алайҳиссаломдан заиф санад ила ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: «اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ» (رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Имом Нававий ва Ибн Ражаблар заиф ҳадис деган).
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона”.
Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه، يَقُولُ: «فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ» (رواه الإمام البيهقي).

яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган. Бу борада келган барча ҳадислар “мавзуъ” яъни тўқима эканига барча муҳаддис уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (манба: “Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа” китоблари).
Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан, одат қилиб олмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аёл киши узрли бўлган (ҳайз ва нифос) пайтида истиғфор, тасбиҳ ва зикрларни айтиб юрса бўладими?

Авваламбор, мусулмон киши доимо таҳоратли юриши мустаҳабдир. Аёллар узрли бўлган пайтларида таҳоратли ҳолатда юришларининг имкони йўқ. Шундай бўлсада, шариатимиз уларга бундай пайтларда ҳам зикр қилиш, тасбиҳ, таҳлил, истиғфор ва саловатлар айтиб, дуолар қилиш каби савобли ишларни бажаришларига рухсат берган. Узрли аёллар суннатга амал қилиш мақсадида ҳар бир яхши ишни “Бисмиллаҳ” деб бошлашлари мумкин.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Азкор” китобларида шундай деганлар:

«أَجْمَعَ الْعُلَمَاءُ عَلَى جَوَازِ الذِّكْرِ بِالْقَلْبِ وَاللِّسَانِ لِلْمُحْدِثِ وَالْجُنُبِ وَالْحَائِضِ وَالنُّفَسَاءِ، وَذَلِكَ فِي التَّسْبِيْحِ وَالتَّهْلِيْلِ وَالتَّحْمِيْدِ وَالتَّكْبِيْرِ وَالصَّلاَةِ عَلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَالدُّعَاءِ».

яъни: “Таҳоратсиз, жунуб, ҳайз ва нифос ҳолатидаги кимсалар қалблари ва тиллари билан зикр қилишлари жоиз эканига уламолар ижмо (иттифоқ) қилганлар. Зикр қилиш – тасбиҳ (субҳааналлоҳ), таҳлил (лаа илааҳа иллаллоҳ), ҳамд (алҳамдулиллоҳ), такбир (аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдир”. Узрли аёллар Қуръони Каримни ушламайди ва ўқимайди. Лекин эшитишлари жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намозда ташаҳҳуд дуосидан кейин саловат ўқилади. Кейин “Роббана…” дуоси ўқиладими ёки ундан олдин яна бирор дуо ўқиладими?

Намозда ташаҳҳуд ва саловатдан кейин намозхон ўзи ва ота-онаси, мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилади. Дуонинг матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ

Ўқилиши: “Аллоҳуммағфирлий ва ливалидайя ва лил-муъминийна вал-муъминаат вал-муслимийна вал-муслимаат”.
Маъноси: “Эй, Аллоҳ! Мени, ота-онамни, мўмин ва мўминаларни, муслим ва муслималарни мағфират қилгин”.
Дуода фақат ўзини эмас, барча мўмин мусулмонларни эслаш суннатдир. Кейин Қуръони каримда келган “Роббанаа атина…” дуосини ўқиш мумкин:

رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Ўқилиши: “Роббанаа аатина фид-дуня ҳасанатан ва фил аахироти ҳасанатан ва қинаа азаабан-наар”.
Маъноси: “Эй, Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато этгин. Бизни дўзах азобидан сақлагин”.
Намозда одамларнинг сўзлари ва улардан сўраладиган “Мени фалончи аёлга уйлантир”, “Менга кўп мол бер” каби дуолар қилинмайди (манба: “Фатовои ҳиндия”, “Хулосатул фатово” ва “Табйинул ҳақоиқ” китоблари).
Суннатда юқорида келтирилган дуолардан бошқалари ҳам бор:

عَنْ أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : عَلِّمْنِي يَا رَسُولَ اللَّهِ دُعَاءً أَدْعُو بِهِ فِي صَلَاتِي ، فَقَالَ : «قُلْ: اللَّهُمَّ إِني ظَلَمْتُ نَفْسِي ظُلماً كَثِيراً وَإِنَّهُ لاَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلا أَنْتَ فَاغْفِرْ لِي مَغْفِرَةً مِنْ عِنْدِكَ وَارْحَمْنِي إِنَّكَ أَنْتَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ » (رواه البخاري ومسلم)

Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир дуо ўргатинг, мен уни намозда ўқиб юрай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Айтинг: Эй, Аллоҳ! Албатта, мен ўзимга кўп зулм қилдим ва Сендан ўзга гуноҳларни кечирувчи йўқдир. Мени ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечиргин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен кўп кечирувчи ва ўта раҳмли зотсан”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон. Ва иннаҳуу лаа яғфируз-зунууба иллаа анта. Фағфирлий мағфиротан мин ъиндик варҳамний. Иннака антал-ғофуурур-роҳийм”.
Баъзи уламолар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган қуйидаги дуони ўқишни тавсия қиладилар:

وَكَانَ ابْنُ مَسْعُودٍ يَدْعُو بِكَلِمَاتٍ مِنْهُنَّ : «اللَّهُمَّ إنِّي أَسْأَلُك مِنَ الْخَيْرِ كُلِّهِ مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الشَّرِّ كُلِّهِ مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ» (رواه ابن أبي شيبة)

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир қанча калималар билан дуо қилар эдилар. Жумладан: “Эй, Аллоҳ! Сендан мен билган ва билмаган яхшиликларнинг барчасини сўрайман. Мен билган ва билмаган ёмонликларнинг ҳаммасидан паноҳ сўрайман” (Имом Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган).
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалука минал-хойри куллиҳи маа ъалимту минҳу ва маа лам аълам. Ва аъуузу бика минаш-шарри куллиҳи маа ъалимту минҳу ва маа лам аълам” (манба: “Ан-Ниҳоя” китоби).
Намозда қуйидаги дуони ҳам айтиш мустаҳаб саналади:

رَبِّ اجْعَلْنِي مُقِيمَ الصَّلَاةِ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي رَبَّنَا وَتَقْبَلْ دُعَاءِ رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ

Яъни: “Эй, Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй, Раббимиз! Дуоимни қабул эт! Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 40-41-оятлар).

Демак, юқоридаги зикр қилинган дуолар – намозни тугатмасдан, ҳали салом бермасдан ўқиладиган дуолардир. Уларнинг сони чеклаб қўйилмаган, гоҳида биттасини, гоҳида бир нечтасини айтиш мумкин. Намоз охирида дуо қилиш суннат бўлиб, ижобатга яқин ҳисобланади. Шуни ҳам айтиш жоизки, оят ва ҳадисларда зикр қилинган, юқорида келтирилган дуолардан бошқа дуоларни ҳам ўқиш мумкин (манба: “Фатовои ҳиндия” ва “Татархония” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Болаларга “Имона” ёки “Ясина” деб исм қўйиш жоизми? Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Араб тилида “Имон” деган сўз “ишонч”, “тасдиқ” маъноларини билдиради. “Ясин” калимаси эса Қуръони каримда сура номи бўлиб келган. Уламоларимиз “Ясин”нинг маъноси Аллоҳ таологагина маълум эканини таъкидлашган. Ушбу икки калимага «а» қўшимчасини қўшиб «Имона» ёҳуд «Ясина» дейиш луғат жиҳатидан сўзни нотўғри ишлатиш ҳисобланади. Шунга кўра фарзандларга булардан бошқа исмларни қўйиш тавсия этилади. Зеро, ҳадиси шарифларда фарзандга чиройли исм қўйишга тарғиб қилинган.

عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :» إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ » (رَوَاهُ أحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِىُّ).

Яъни: Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алаҳи васаллам: “Қиёмат кунида ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун чиройли исм қўйинглар!”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Фарзандим беморлиги сабабли уни табибга олиб борган эдим. Кейин билсам у табиб эмас, фолбин экан. Қизимга қандайдир нарсаларни ўқиб, дам солгандай бўлди-да турмуш ўртоғим ҳақида сўз очиб, унинг умри ва ризқи тугаб бораётганини айтди. Агар у бир неча кун эримга дам солса, эримнинг умри узайиши, ризқи чақирилиши мумкинлигини айтди. Мен у билан суҳбат жараёнида ҳаёлимдан “Сен одам бўлсанг, буни қандай ҳам қила олардинг”, деб ишончсизлик қилсам, у ҳаёлимда ўйлаган гапларимни ҳам айтиб, ўзига ишонишим кераклигини таъкидлади. Ҳурматли устозлар бундай вазиятда мен қандай йўл тутишим керак? Бу каби фолбинлар ёки бахшиларнинг гапига ишонса бўладими? Ростдан ҳам улар эртага нима бўлишини олдиндан биладими?

Ғайб илми, инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақат, ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Қуръони каримда шундай дейилган:

قُلْ لَا يَعْلَمُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ

яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас”. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар” (Намл сураси, 65-оят).
Ҳар бир мусулмон фолбинларнинг гапига ишониш, уни тасдиқлаш динимиз ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Зеро, Имом Абу Жаъфар Таҳовий аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасини баён қилиб, шундай деган:

وَلَا نُصَدِّقُ كَاهِناً وَلَا عَرَّافاً وَلَا مَنْ يَدَّعِيْ شَيْئاً يُخَالِفُ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ وَإِجْمَاعَ الْأُمَّةِ

яъни: “Фолбин ва башоратчиларнинг, шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз” (манба: “Ақидатут Таҳовия” китоби).

Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ (رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ علَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ (رواهُ الإمامُ البخاريُّ).

яъни: “Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Эй Расулуллоҳ, уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар “Ғайб илмини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, дейишга етарли далилдир.

Шунга кўра сиз фолбиннинг гапларига эътибор берманг. Энди ҳаргиз унинг олдига борманг. Аввал билмай борган бўлсангиз дарров тавба қилиб, Аллоҳдан кечиришини сўраб, дуолар қилинг. Шариатимиз буюрган ишларни қилиб, қайтарган ишлардан сақланиб, ибодатда, покиза ҳаёт кечириб юрган инсонга ҳеч ким зиён етказа олмайди. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таҳийятул масжид намози қандай намоз? У қайси пайтларда ўқилади?

“Таҳийятул масжид” намози масжид саломи маъносида адо этиладиган нафл намози ҳисобланади. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади. Мабодо ўтириб олган бўлса ҳам туриб ўқийверади. Бу намоз икки ракат бўлиб, кўпчилик уламолар мустаҳаб деганлар. Бу намозда маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. У қуйидаги пайтларда ўқилмайди:
– Куннинг уч маҳалида яъни, қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтларда;
– Аср намозини адосидан кейин Шом намозини ўқиб бўлгунча;
– Бомдод намозини вақти киргандан бошлаб қуёш чиққунигача;
– Имом хутба ўқиётган пайтда;
– Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин ҳам то ҳайит намози ўқилгунигача (манба: “Иноя шарҳи Ҳидоя” китоби).
Юқоридаги таҳийятул масжид намози ўқиб бўлмайдиган ҳолатларда масжидга кирган киши, “Субҳааналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳумма солли васаллим ъала набиййинаа Муҳаммад”ни айтса масжид ҳаққини адо қилган бўлади.
Бундан бошқа барча вақтларда масжидга кирган киши таҳийятул масжид намозини ўқиса катта савоб олади.
Агар масжидга кирса, жамоат суннат ёки фарзни бошлаган бўлса, таҳийятул масжид намозини ўқимай суннат ёки фарз намозига киришади. Шу билан таҳийятул масжидни адо қилиш зиммасидан соқит бўлади (манба: “Раддул муҳтор” китоби).
Таҳийятул масжид намози ҳақида ҳадиси шарифда шундай келади:

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ السَّلَمِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يَجْلِسَ» (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ).

яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, – деганлар” (Муттафақун алайҳ). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида уч кундан кейин жаноза намози ўқилган, деб эшитдим. Шу гап ростми, агар рост бўлса, нима учун бундай бўлган?

Пайғамбаримиз алайҳиссалом 11 ҳижрий сана, Робиъул аввал ойининг 12 куни, душанбада чошгоҳ (кун қизий бошлаган) пайти (Рафиқул аълога кўчдилар, яъни) вафот этдилар. У зотнинг ёшлари 63 га тўлиб, тўрт кун ошган эди. Саҳобалар ўртасида халифа сайлаш масаласида ихтилоф чиқди, охири Абу Бакр разияллоҳу анҳуни халифа қилишга келишдилар. Шунгача, тун кириб, тонг ҳам отди, Сешанба кундузи Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ювишди. Бу ишда Аббос, Али, Фазл ибн Аббос, Қусам ибн Аббос, Шақрон, Усома ибн Зайд ва Авс ибн Хавлий разияллоҳу анҳум иштирок этдилар. Сўнгра учта оқ рангли мато билан кафанлашди.

У зотни қаерга дафн қилиш тўғрисида ҳам турли фикрлар бўлди. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитганман: “Ҳар бир набий жони узилган жойда дафн қилинган”, дедилар”. Абу Толҳа Пайғамбаримиз вафот этган тўшакни кўтариб, қабр кавладилар ва лаҳад қилдилар.

Кейин одамлар ўнта-ўнта бўлиб, навбат билан Оиша онамизнинг ҳужрасига кирдилар ва жаноза ўқишди, ҳеч ким уларга имомлик қилмади, аввал яқин қариндошлари, сўнгра муҳожирлар, ансорлар, кейин аёллар, кейин болалар жаноза ўқишди. Мана шу аснода Сешанба кундузи ҳам ўтиб, яна тун кирди ва мана шу туннинг ўртасида у зот алайҳиссалом вафот этган жойларига дафн этилдилар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси, токи ярим тунда белкураклар овозини эшитмагунимизча Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дафн қилинганини билмадик”.

Демак, жаноза уч кундан кейин эмас, балки эртаси куни ўқилган. Душанба чошгоҳда вафот этганлар, Сешанба кундузи ювилиб, жаноза бошланган ва тунгача чўзилган. Сешанбадан Чоршанбага ўтар кечаси ярим кечада дафн этилганлар. Бошқача айтсак, вафотларидан дафнларигача тўлиқ бир кечаю бир кундуз ҳамда ярим кун ва ярим тун ўтган (манба: “Ар-Роҳийқул махтум” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир жойда Имом Дорақутний ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким қабристондан ўтаётиб Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини қабристонда ётган ўликларга бағишласа, савоби уларнинг ҳаммасига етиб, ўқиган кишига ҳам қабристондаги ўликлар ададича (сонича) савоб берилади», деган ҳадисни ўқиб қолдим. Шундай ҳадис борми? Унинг ишончлилиги қай даражада?

Сиз келтирган таржимада бироз камчиликлар мавжуд. Унинг асл матни ва санади ҳамда унинг ишончлилик даражаси билан қуйида қисқача танишиб чиқамиз.

حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ بْنِ شَاذَانَ ، حَدَّثنا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَامِرٍ الطَّائِيُّ ، حَدَّثَنِي أَبِي ، حَدَّثنا عَلِيُّ بْنُ مُوسَى ، عَنْ أَبِيهِ ، مُوسَى ، عَنْ أَبِيهِ ، جَعْفَرٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، مُحَمَّدٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، عَلِيٍّ ، عَنْ أَبِيهِ الْحُسَيْنِ ، عَنْ أَبِيهِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » مَنْ مَرَّ عَلَى الْمَقَابِرِ وَقَرَأَ قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلأَمْوَاتِ أُعْطِيَ مِنَ الأَجْرِ بِعَدَدِ الأَمْوَاتِ «.

Аҳмад Ибн Иброҳим ибн Шозон Абдуллоҳ ибн Омир Тоийдан ҳадис ривоят қилади. У эса отасидан, у Али ибн Мусодан, у отаси Мусодан, у отаси Жаъфардан, у отаси Муҳаммаддан, у отаси Алидан, у отаси Ҳусайндан, у отаси Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қабрлар олдидан ўтиб, “Қулҳуваллоҳу Аҳад” (сураси)ни ўн бир марта ўқиса ва савобини вафот этганларга бағишласа унга вафот этган кишилар ададича ажр бўлур”, деганлар”.
Мазкур ривоятни Имом Дорақутний, Шамсиддин Мақдисий, Дайламий, Абу Муҳаммад Самарқандийлар мазкур тариқ (яъни, ровийлар силсиласи) асосида ривоят қилишган бўлиб, кўпчилик муҳаддис уламолар уни тўқима ривоят эканини айтишган. Жумладан, машҳур муҳаддис олим Шамсиддин Саховий “Ал-Ажвибатул марзийя”да ва Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний “Кашфул-хофаъ”да ушбу ҳадисни мавзу, яъни, тўқима ҳадис эканини айтишган. Аллома Саховийнинг таъкидлашича ушбу ҳадиснинг барча тариқи асосан икки шахсга бориб тақалади. Улар: Абдуллоҳ ибн Аҳмад ат-Тоий ва унинг отаси Аҳмад ибн Омир. Ушбу ровийлар муҳаддислар наздида Пайғамбар алайҳиссаломга ёлғон тўқиш билан танилишган.

Аллома Саховийнинг мазкур ровий борасидаги фикрини бошқа муҳаддисларнинг асарларида ҳам учратиш мумкин. Масалан: Имом Заҳабий “Мезон”да, Ибн Жавзий “Тазкиратул-мавзуот”да, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Лисонул-мезон”да ва Аллома Жалолиддин Суютий “Зайлул- аҳодисул-мавзуа”да Абдуллоҳ ибн Аҳмад ат-Тоий ва унинг отаси тўқима ҳадисларга оид алоҳида тўплами ила машҳур бўлишгани, уларнинг ривоятларига ишониб бўлмаслигини айтиб ўтишган. Шундан келиб чиқадики, мазкур ривоятни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериш жоиз эмас.

Вафот этганларга солиҳ амалларни, хусусан, Қуръони карим тиловатининг савобини бағишлаш, қабристонда тиловат қилиш борасида саҳиҳ ва ҳасан даражасидаги кўплаб ҳадислар мавжуд. Ана ўша ҳадисларга таяниб, уламоларимиз қабристонда Қуръон тиловат қилиб, савобини вафот этганларга ҳадя қилиш жоиз амал эканига иттифоқ қилишган (манба: “Ал-Ажвибатул марзийя”, “Кашфул хофаъ ва музийлул илбас”, “Мезонул иътидол фи нақдир рижол” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аёл киши ҳайздаги одатини қандай аниқлайди? Ҳомиладор бўлишдан аввал олти кун ҳайз кўрган. Нифоси тугагач, ўн кундан ортиқ ҳайз кўрса, одатини олти кун ҳисоблайдими ёки ўн кун ҳайз ҳисоблаб, қолгани истиҳозами?

Ҳайзнинг энг ками уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуздир. Мана шу муддат ичида икки қон ўртасидаги поклик ҳам ҳайз ҳисобланади, яъни, ҳайз муддати ичида тўхтовсиз қон келиши шарт қилинмайди. Икки ҳайз ўртасидаги поклик ўн беш кундан кам бўлмаслик керак.
Демак, биринчи марта ҳайз кўраётган аёл уч кундан ортиқ, ўн кундан кам қон кўрса, бу унинг одатига айланади. Агар ўн кундан ортиқ қон кўрса, ўн куни ҳайз, ундан ортгани истиҳоза, деб аталади. Иккинчи марта ҳайз муддати биринчисидан ортиқ ёки кам бўлса, одати шунга ўзгарган бўлади.

Нифосдан олдин олти кун ҳайз кўрган аёл, нифосдан кейин ўн кундан ортиқ қон кўрса, олти кунини ҳайз, ортиғини эса истеҳоза қони деб ҳисоблайди. Ўн кунгача қон кўриб тургани учун намоз ўқимай туради, ўн кундан ўтиб кетгач, олти кундан ортиғи истиҳоза экани маълум бўлади ва олти кундан кейинги намозларнинг қазосини ўқийди. Агар олти кундан кам ёки кўп ҳайз кўрса, масалан, беш кун ёки саккиз кун ҳайз кўрса, одати шунга ўзгарган бўлади. Ҳайз ва нифосдаги одат – Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра бир мартада ўзгаради ва шу сўзга фатво берилган.

Имом Сарахсий “Ал-Мабсут” китобида бундай дейдилар:

إذَا انْقَطَعَ دَمُ الْمَرْأَةِ دُونَ عَادَتِهَا الْمَعْرُوفَةِ فِي حَيْضٍ أَوْ نِفَاسٍ اغْتَسَلَتْ حِينَ تَخَافُ فَوْتَ الصَّلَاةِ ، وَصَلَّتْ وَتَجَنَّبَهَا زَوْجُهَا احْتِيَاطًا حَتَّى تَأْتِيَ عَلَى عَادَتِهَا ؛ لِأَنَّ حَيْضَ الْمَرْأَةِ لَا يَبْقَى عَلَى صِفَةٍ وَاحِدَةٍ فِي جَمِيعِ عُمُرِهَا بَلْ يَزْدَادُ تَارَةً وَيَنْقُصُ أُخْرَى

Яъни: “Аёл киши ҳайз ва нифосдаги одатидан кам муддатда покланса, намоз вақти ўтиб кетишидан хавф қилган вақтда ғусл қилади ва намоз ўқийди. Одат кунлари келгунча, эҳтиётан, эри жинсий алоқадан тийилиб туради. Чунки аёлнинг одати доим бир хил турмайди, кўпайиб камайиб туради”. (Манбалар: “Фатҳу бобил иноя”, “Фатовои ҳиндия” ва “Ҳидоя” китоблари) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир танишим овқатдан сўнг дуо қилаётган вақтда ишларимизни “Довуд пирим қўлласин”, баъзан эса “йигит пирим қўлласин” деб дуо қилади. Шундай деб дуо қилиш жоизми?

Бундай дуо қилиш жоиз эмас. Мусулмон киши барча ҳожатларини сўрашда фақат Аллоҳ таолодан сўрашга ва унинг Ўзигагина ибодат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай дейди:

فمن كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا (سورة الكهف/110)

яъни: “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).

Ҳар қандай истак, тилаклар фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Айниқса, вафот этган авлиёлар ҳожатларни ҳал қилади, ғам ташвишларни кетказади деб, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраб эътиқод қилиш қаттиқ адашишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ (سورة الأحقاف/5)

яъни: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Пир тасаввуфда устоз маъносини билдиради. Баъзи илмсиз кишилар ўтган пирларга нисбатан нотўғри эътиқод қилиб, уларни турли ғойибона ёрдамларни бериш қобилиятига эга деган хаёлга борадилар. Шу маънода “Ё пирим!” дейиш шаръан дуруст эмас. Қолаверса, бундай деб дуо қилиш Аллоҳ таолога нисбатан одобсизликдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Шифокорларнинг ҳайз бошланиши ҳақидаги сўзи эътиборга олинадими. Масалан: 3 кун ҳайз кўрди. Сўнг шифокор аёл УЗД аппарати орқали текшириб: “ҳайз энди келади, у қандайдир касаллик”, деса қандай йўл тутилади?

Ҳайзнинг энг кам муддати уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуз. Уч кундан кам ёки ўн кундан кейин кўрилган қон ҳайз ҳисобланмайди. Балки уни истиҳоза, яъни касаллик қони дейилади. Икки ҳайзнинг ўртаси камида ўн беш кун бўлиши керак, кўпига чегара йўқ. Ҳомиладор аёл ҳайз кўрмайди, мабодо қон кўрса, касаллик қони бўлади (манба: “Ал-Мухтор” ва “Мухтасарул виқоя” китоблари).

Ислом дини ҳар замон ва маконда пайдо бўлган саволларга жавоб беради. Шу сабаб ибодат вақтлари ва мавсумлари инсон доим аниқлаш имконида бўлган нарсаларга боғлаб қўйилган. Масалан: намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши ва ботиши, Рамазон ойи ва ҳаж мавсумини аниқлаш ҳилолнинг кўриниши билан ҳисобланади. Худди шундай, ҳайз масаласида ҳам энг кам ва энг кўп миқдори белгилаб қўйилган, ўша асосида иш кўрилади. Бу ерда асбобларнинг хулосасига эҳтиёж йўқ ва у эътиборга олинмайди.

Демак, сизнинг мисолингизда қон кўриш уч кундан ошиб, ўн кунгача тўхтаса, уни ҳайз қони деб, эътиборга олинади. Ўн кундан ошиб кетса, одатда ҳайз кўрадиган кунлари ҳайз ҳисобланади. Одатдаги кунларидан ортгани эса истиҳоза қони, деб қаралади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Масжиддан чиққанимизда бир биродаримиз Қуръондаги ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари билан овозини чиқариб дуо қилди. Шунда бир дўстимиз дуони ичида махфий қилиш афзал, деб танбеҳ бергандек бўлди. Уни бошқалар ҳам маъқуллади. Шу масалада бироз тушунча берсангиз?

Дуони паст овозда ҳам, овоз чиқариб ҳам, қилиш жоиз. Махфий дуо қилиш афзал, дегани овоз чиқариб дуо қилманг, дегани эмас. Ҳадиси шарифларда дуода ҳаддан ошишдан қайтарилган:

عن أَبَي مُوسَى الأْشْعَرِيّ قَال: قَدِمْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ فَلَمَّا دَنَوْنَا مِنَ الْمَدِينَةِ كَبَّرَ ، وَكَبَّرَ النَّاسُ وَرَفَعُوا أَصْوَاتَهُمْ ، فَقَال النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «يَا أَيُّهَا النَّاسُ : ارْبَعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ ، إِنَّكُمْ لَيْسَ تَدْعُونَ أَصَمَّ وَلاَ غَائِبًا ، إِنَّكُمْ تَدْعُونَ سَمِيعًا قَرِيبًا ، وَالَّذِي تَدْعُونَ أَقْرَبُ إِلَى أَحَدِكُمْ مِنْ عُنُقِ رَاحِلَةِ أَحَدِكُمْ» (رَوَاهُ البُخَارِيُ وَمُسْلِمٌ).

Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар: “Расулуллоҳ билан сафардан қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда у зот такбир айтдилар. Одамлар ҳам такбир айтишди.

Уларнинг овозлари кўтарилиб кетди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, одамлар! Ўзингизни қийнаманглар. Сизлар кар ёки узоқдаги бир зотга дуо қилаётганингиз йўқ. Балки, сизлар ўта эшитувчи, яқин зотга дуо қилмоқдасиз. Сиз дуо қилаётган зот сизга уловингизнинг бўйнидан ҳам яқинроқ”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, Аллоҳ таолонинг:

اُدْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

Яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят), деган оятига мувофиқ дуони овоз чиқариб ва махфийлик ўртасида қилиш унинг одобларидан саналади. Овоз чиқариб дуо қилишда ҳаддан ташқари овозни кўтариб, бақир-чақир қилмаслик лозим.

Дуонинг бу икки кўринишини фақат афзаллик масаласи ажратади. Афзаллик масаласида ихтилоф чиқариш, тортишиш эса ҳаром амалга олиб боради. Хоҳлаган махфий, хоҳлаган жаҳрий дуо қилаверсин. Лекин бир-бирини маломат қилиб, айбламасин (манба: “Раддул муҳтор” ва “Ал-Мавсуъатул фиқҳия ал-Кувайтийя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз ватанларига қайтганларида халқ у зотни ҳурмат билан кутиб олган экан. Шу тўғрими? Шу маълумотнинг далилини қайси манбадан топсак бўлади?

Имом Захабий раҳимаҳуллоҳ «Сияру аъламин нубало» асарида Имом Бухорийнинг Бухорога қайтиб келишларини у зотнинг замондоши Аҳмад ибн Мансур Шерозийдан нақл қилиб келтирган:

قال أحْمَدُ بنُ مَنْصُورٍ الشِّيْرَازِيُّ: «سَمِعْتُ بَعْضَ أَصْحَابِنَا يَقُولُ: لَمَّا قَدِمَ البُخَارِيُّ بُخَارَي نُصِبَ لَهُ القُبَابُ عَلَى فَرْسَخٍ مِنْ البَلَدِ، وَاسْتَقْبَلَهُ عَامَّةُ أَهْلِ البَلَدِ وَنُثِرَ عَلَيْهِ الدَّنَانِيْرُ وَالدَّرَاهِمُ وَالسُّكَّرُ الكَثِيْرُ».

яъни: «Аҳмад ибн Мансур Шерозий айтади: Баъзи асҳобларимдан эшитдимки, Имом Бухорий Бухорога келганда шаҳардан бир фарсах узоқликда унга уй қурилди. Бутун шаҳар аҳолиси унга пешвоз чиқиб, бошидан динор, дирҳам ва турли ширинликлар сочиб кутиб олдилар». (манба: Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Заҳабий. Сияру аъламин нубало. 12-жуз. 463-бет. «Муассасатур рисола» матбааси нашри). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таҳорат олаётганда пайпоққа масҳ тортиш масаласи анчадан бери тортишувларга сабаб бўлмоқда. Пайпоққа масҳ тортиш жоизми? Имкони бўлса, шуни бизга тушунтириб берсангиз.

Бугунги кундаги пайпоқларнинг барча турига хоҳ қалин хоҳ юпқа бўлсин масҳ тортиб бўлмайди. Баъзи ҳадисларда Пайғамбар алайҳиссалом “жавроб”га масҳ тортганлари ривоят қилинган. Ҳозирги замонавий араб тили луғатларида жавроб – пайпоқ экани қайд этилади. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки Пайғамбар алайҳиссалом давридаги “жавроб”лар билан ҳозирги замонавий пайпоқлар бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир. Буни тўғри англаб етиш учун мўътабар манбаларга мурожаат қилиб, асри саодат даврларида жавроб қандай бўлганини яхши билиб олишимиз лозим бўлади.

عنِ المُغيرةِ بنِ شُعْبَةَ قالَ: «تَوَضّأَ النّبيُّ صلى الله عليه وسلم وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنّعْلَينِ» أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ

Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва жавробга ҳамда ковушга масҳ тортдилар” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
«Жавроб» сўзи аслида “кавроб” бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб келган. “Қомусул Муҳийт” ва “Лисонул Араб” номли энг мўътабар луғат китобларда “жавроб” кишининг оёқларига ўраладиган нарса экани айтилган. Аллома Шавконий: “Махси юмшоқ, ошланган теридан қилинади, чориқ унинг устидан кийилади, “жавроб” эса чориқдан ҳам катта бўлади”, деган. Моликий мазҳабидаги муҳаққиқ уламолардан Ибн Арабий ҳадисларда келган жавробни қуйидагича изоҳлайди:

الجَوْرَبُ: غِشَاءَانِ لِلْقَدَمِ مِنْ صُوفٍ يُتَّخَذُ لِلدُّفْءِ

“Жавроб – икки оёқни иссиқ тутиш учун жундан тайёрланган ва уни ўраб турадиган нарсадир” (манба: “Оризатул аҳвазий шарҳ сунани Термизий” китоби). Аллома Бадриддин Айний мазкур таърифга қўшимча қилиб, жавробни одамлар одатда ўта совуқ ўлкаларда кийишини таъкидлаб ўтган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб, хулоса қилинса, у – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган нарса бўлгани маълум бўлади. Жавробнинг махсидан фарқи шуки, махси ошланган теридан тикилиб тайёрланган бўлса, жавроб қалин матодан тайёрланган. Баъзи уламоларга кўра жавробнинг ости ёки усти теридан қопланган.
Замон ўтиши билан турли оёқ кийимлар тикилиб, уларга ҳам “жавроб” деб аталиши жорий бўлган. Айниқса, бу ҳол жавроб турли ўлкаларда турли кўринишда бўлиши билан ҳам фарқлана бошлаган. Фуқаҳоларимиз жавробга масҳ тортишнинг ҳукми ўша оёқ кийимининг ҳолатига қараб белгиланишини очиқ ойдин айтиб ўтганлар. Жумладан: мўътабар фиқҳий манба ҳисобланган “Иноя” китобида шундай дейилади:

الْمَسْحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ عَلَى ثَلَاثَةِ أَوْجُهٍ : فِي وَجْهٍ يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ مَا إذَا كَانَا ثَخِينَيْنِ مُنَعَّلَيْنِ ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ أَلَّا يَكُونَا ثَخِينَيْنِ وَلَا مُنَعَّلَيْنِ ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ خِلَافًا لِصَاحِبَيْهِ وَهُوَ أَنْ يَكُونَا ثَخِينَيْنِ غَيْرَ مُنَعَّلَيْنِ .

“Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил кўринишда бўлади:
– Агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қўйилган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
– Теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барчалари иттифоқ қилганлар.
– Теридан бўлмаган лекин қалин жавроб бўлса, Имом Аъзам наздида масҳ тортиш дуруст эмас. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида масҳ тортиш жоиз”.
Демак, аввалги пайпоқлар маҳсига ўхшагани, маҳсига қўйилган талабларга жавоб бергани учун уларга масҳ тортилган. Ушбу талабларга жавоб бера олмаган ҳар қандай оёқ кийимларга масҳ тортиш жоиз эмас, деб ҳисобланган.
“Ибн Аби Шайба”нинг “ал-Мусоннаф” китобида шундай келтирилади: “Саъид ибн Мусаййиб ва Ҳасан Басрий раҳимаҳумаллоҳ: “Жавроб жуда қалин бўлсагина, унга масҳ тортишга рухсат берилади, дер эдилар”.

Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида шундай ёзадилар: “Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар жавробларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”.
Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: “Ип ёки жундан қилинган жавробларга масҳ тортиш мумкин эмас. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган жавроб бир фарсах (уч мил, тахминан 6 км.) дан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин (манба: “Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган яъни боғичсиз тушиб кетадиган, юқорида айтилган масофагача кийиб юрилса йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойафзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда юқорида уламоларимиз айтиб ўтган жавробларнинг хусусиятлари йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда имом Молик, имом Шофеий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аллоҳ таоло осмонда дейиш, яъни Уни бирор маконда жойлашган деб эътиқод қилиш жоизми? Бу борада аҳли сунна вал-жамоанинг ақидаси қандай?

Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки осмонни ҳам, маконни ҳам У зотнинг Ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадисларидан бирида шундай деганлар:

كَانَ اللَّهُ، وَلَمْ يَكُنْ شَىْءٌ قَبْلَهُ

яъни: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).
Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир. Аллоҳ таоло Ўзини васф этиб, шундай марҳамат қилади:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят).
Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан холи эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса бошқа нарсаларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: “Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор бир томонда эмас!”, деб уқтириб келганлар.

Жумладан, эътиқодимиз қоидаларининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ўзларининг «Тавҳид» китобларида: “Аллоҳни макон ила васфлаб бўлмайди. Зеро ҳали ҳеч нарса яратилмасидан олдин ҳам Аллоҳ таоло бор бўлган” деганлар.

Машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига оид асарларида шундай деганлар:

وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ،
لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

“У Зот (яъни Аллоҳ) чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва воситалардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди” (манба: «ал-Ақида ат-Таҳовия» китоби).

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда бундай дейдилар:

«وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ،
وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ»

“Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” (манба: «ал-Ақида ат-Таҳовия» китоби).

Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”,- деймиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Киши намозда акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деса намози бузиладими? Акса уриб, ҳамд айтганга намоздаги одам жавоб берсачи?

Намоз ичида аксирган киши “алҳамдулиллаҳ” демайди. Балки, намозни тугатгач айтади. Мабодо намоз ичида айтиб қўйса, намози бузилмайди (манба: “Фатовои Ҳинидия” китоби).

Акса урган кишига намоз ичида туриб жавоб бериш эса намозни бузади. Бу борада ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинган:

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الْحَكَمِ السُّلَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَا أَنَا أُصَلِّي مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، إِذْ عَطَسَ رَجُلٌ مِنَ الْقَوْمِ، فَقُلْتُ: يَرْحَمُكَ اللَّهُ، فَرَمَانِي الْقَوْمُ بِأَبْصَارِهِمْ، فَقُلْتُ: وَا ثُكْلَ أُمَّاهْ، مَا شَأْنُكُمْ تَنْظُرُونَ إِلَيَّ؟ فَجَعَلُوا يَضْرِبُونَ بِأَيْدِيهِمْ عَلَى أَفْخَاذِهِمْ، فَلَمَّا رَأَيْتُهُمْ يُصَمِّتُونَنِي، لَكِنِّي سَكَتُّ، فَلَمَّا صَلَّى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَبِأَبِي هُوَ وَأُمِّي، مَا رَأَيْتُ مُعَلِّمًا قَبْلَهُ، وَلَا بَعْدَهُ أَحْسَنَ تَعْلِيمًا مِنْهُ، فَوَاللَّهِ مَا كَهَرَنِي وَلَا ضَرَبَنِي وَلَا شَتَمَنِي قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ، لَا يَصْلُحُ فِيهَا شَيْءٌ مِنْ كَلَامِ النَّاسِ، إِنَّمَا هُوَ التَّسْبِيحُ وَالتَّكْبِيرُ وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ).

яъни: Муовия ибн Ҳаким ас-Суламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир пайт биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиётган эдик, қавмдаги бир киши акса берди. Мен: “Ярҳамукаллоҳ”, дедим, қавмдагилар мен томон қарашди. “Онанг боласиз қолгур! Нима учун менга бундай қараяпсизлар?”, – десам, улар сонларига қўллари билан ура бошлашди. Қарасам улар мени жим қилишмоқчи экан. Мен сукут қилдим. Расулуллоҳ намоз ўқиб бўлдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин, бундан олдин ҳам кейин ҳам у зот каби яхши таълим берадиган устозни кўрмадим. Аллоҳ номига қасам, у зот қовоқларини ҳам солмадилар, урганлари ҳам сўкканлари ҳам йўқ. Балки: “Бу намозда одамлар сўзлашаётган бирор нарса дуруст эмас. Намоз у тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборат”, – дедилар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эркакларга қизил кийим кийиш мумкинми?

Қизил кийим ҳақида келган турли мазмундаги ҳадисларнинг хулосаси шуки: эркаклар учун қип-қизил кийим кийиш мумкин эмас. Аммо кийим бошқа рангда бўлиб, унга қизил аралашган бўлса, бунинг зарари йўқ.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «نُهِيتُ عَنِ الثَّوْبِ الْأحْمَرِ، وَخَاتَمِ الذَّهَبِ، وَأَنْ أَقْرَأَ وَأَنَا رَاكِعٌ» (رواهُ الإمامُ النسائي).

яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен қизил кийим кийиш ва тилла узук тақишдан, рукуъ қилган ҳолда қироат қилишдан қайтарилдим”, дедилар (Имом Насоий ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоз қайси амаллар билан бузилиши мумкин? Илтимос, шуни тушунтириб берсангиз.

Намозни қуйидаги амаллар бузади:
– Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш. Бу ҳолатда намозхон гарчи беихтиёр сўзласа ҳам намози бузилади;
– Янглишиб бўлса ҳам салом бериш ёки саломга алик олиш;
– Намозда еб-ичиш;
– Намозхоннинг кўкраги қибладан бошқа томонга бурилиши;
– Намоздаги бир рукнни бажариш асносида бир амални уч марта қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо амаллар);
– Ўзи эшитадиган даражада кулиш. Аммо ёнидаги шахс эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади;
– Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш ёки “оҳ-воҳ” дейиш ёки йиғлаш. Аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди;
– Узрсиз томоғини қириш ёки йўталиш (масалан: атайлаб йўталиш каби);
– Акса уриб “Алҳамдулиллаҳ” деган кишига намоз асносида “Ярҳамукаллоҳ” дейиш;
– Намозда туриб, бирор хабарга жавоб бериш. Бунда намозхон гарчи, Қуръон оятини ўқиб жавоб берган бўлса ҳам намози бузилади (масалан: “Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса);
– Таяммум билан намоз ўқиётган кишининг сувга қодир бўлиши;
– Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёшнинг чиқиши;
– Такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш, яъни “Аааллоҳу акбар”, дейиш (бундан ташқари, “Акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” ва “ба” товушини чўзиб “Акбааар” дейиш ҳам намозни бузади)
– Намоз ичида ўқиладиган сура ва дуоларни китобга қараб ўқиш;
– Намознинг ичида одамлардан сўраладиган нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилиш (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол-мулк бер”, ёки “Фалонага мени уйлантир” дейиш каби). (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Нурул изоҳ” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳурматли устозлар, жаноза намози қандай ўқилади? Иложи бўлса батафсил маълумот берсангиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, бундан хабардор бўлган кишилардан бир қисми адо этиши билан бошқалардан бу фарз соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўқимаса, ҳаммалари гуноҳкор бўладилар. Жаноза намозининг фарзи иккита: тўрт такбир ва тик туриб ўқиш. Вожиби – салом беришдир. Сано, салавотлар ва дуо ўқиш эса, суннатдир.

Жаноза намози қуйидагича ўқилади:
Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида туриб, бош бармоғини қулоғи юмшоғига теккизиб “Аллоҳу акбар” дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг сано ўқилади:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

яъни: “Эй Аллоҳ, Сени пок деб, ҳамд айтиб ёд қиламан, исминг муборак, мартабанг улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ”.
Санодан сўнг иккинчи такбир айтилади ва бунда мазҳабимизга кўра қўл кўтарилмайди, қўл фақат биринчи такбирда кўтарилади холос. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:

اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.
اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ

яъни: “Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига салавот юборганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам юборгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан.

Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан”.
Салавотдан сўнг учинчи такбир айтилади, ортидан маййитнинг ҳаққига дуо қилинади:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ

яъни: “Эй Аллоҳ, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, бу ерда борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин. Эй Аллоҳ, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот эттирсанг, имонда вафот эттиргин”.
Маййит балоғатга етмаган ёш бола бўлса, юқоридаги дуонинг ўрнига қуйидаги дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ لَنَا أَجْرًا وَذُخْرًا وَاجْعَلْهُ لَنَا شَافِعًا وَمُشَفَّعًا

яъни: “Эй Аллоҳ, Уни охиратда бизни кутиб оладиган хушхабарчи қил, уни бизга савоб ва захира қил, уни бизга шафоат қилувчи ва шафоати қабул бўлувчи қилгин”.

Кейин тўртинчи такбир айтилади ва салом берилади.
Жаноза намозига кеч қолган одам ният қилиб имомнинг такбир айтиши билан намозга қўшилади. Имом салом берганидан кейин нечта такбирга кеч қолган бўлса, такбирларнинг ўзини айтиб қўяди. Бошқа нарсаларни ўқимайди.

Жаноза ўқиш учун албатта таҳорат бўлиши шартдир. Таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади. Жаноза намози асносида имом такбир айтса, иқтидо қилганлар бошини осмон сари кўтармайди, кўтариш бадъат ҳисобланади.

Туғилган чақалоқ овоз чиқариб ёки қимирлаб, сўнгра ўлган бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Ўлик ҳолда туғилган чақалоққа исм қўйилмайди, жаноза ўқилмайди, ювиб, бир латтага ўраб кўмилади. Чақалоқнинг тирик туғилгани тўғрисида туққан она ёки туғдирган доянинг гувоҳлиги қабул қилинади (Манбалар: «Фатовои Ҳиндийя» ва «Бадоиус-саноиъ» китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эри йўқ бир ўрта ёш аёл мен билан яқинлик (зино) қилишни хоҳлаяпти. Мен унга бу гуноҳ эканини айтсам, бу иш гуноҳ эмаслигини, балки савобга қолишимни таъкидламоқда. Уни никоҳимга ололмаслигим аниқ. Илтимос, бирор чора кўрсатинг.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Шаръий никоҳдан холи бўлган ҳолда жинсий яқинлик қилиш зинодир. Зино – шариатимизда катта гуноҳ ва ҳаром ишдир. У ким билан бўлишидан қатъий назар жирканч иш саналади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида: “Зинокор зино қилаётганда мўмин ҳолда зино қилмайди…” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Банданинг ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол дейиши куфрдир. Қуръон ва суннатда зинодан нафақат қайтарилган, балки унга яқин йўламасликка даъват қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).

Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳиссалом зинокорлар қандай азобланиши ҳақида кўрганларини хабарини бериб, жумладан шундай деганлар: “… юриб бориб, тандирга ўхшаган бир нарсанинг олдига етдик. Унинг ичидан шовқин-сурон ва ҳар ҳил овозлар келарди, унинг ичига қарадик, унда кўплаб қип-яланғоч эркак ва аёлларни кўрдик. Уларнинг остларидан аланга келади, аланга уларга етганида улар чинқириб юборар эдилар. Мен “булар кимлар”, деб сўрадим… улар (яъни, фаришталар) менга: “тандирсимон бинодаги эркак ва аёллар зинокор эркак ва аёллардир…” дейишди” (Имом Бухорий ривояти).

Зинонинг зарари зинокорларнинг ўзига чекланиб қолмай, бутун жамиятга ҳам таъсир қилади. Чунки, зино кенг тарқалган жамиятга Аллоҳнинг азоби келади, уларда бедаво касалликлар вужудга келади ва ўлим кўпаяди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар зино ва рибо бирон қавмда тарқалса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азоби келишига йўл қўйибдилар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти, санади саҳиҳ).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юзланиб дедилар: “Ҳой Муҳожирлар… Бирон қавм ўртасида фоҳишалик ёйилса ва улар буни ошкор қилиш даражасига етсалар, албатта уларда вабо ва ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқайди…” (Ибн Можа ривояти). Бугунги кунда дунё олимларининг бошини қотираётган бедаво дард “спид”нинг асосий сабаби “зино” экани ҳаммага маълум.

Ушбу катта гуноҳга мубтало бўлиб қолмаслик учун унга олиб борувчи барча омиллардан воз кечиш, жумладан, номаҳрамга қараш, суҳбатлашиш ва у билан ёлғиз қолишдан сақланиш лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Истихора намози қандай ўқилади. Ўқилиш тартиби ва нияти қандай бўлади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

“Истихора” сўзи луғатда “яхшилик излаш”, “бир нарсанинг яхшироғини танлаш” деган маънони англатади. Мусулмон киши мубоҳ бўлган икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди.

Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Кофирун” сурасини, иккинчи ракатда зам сурага “Ихлос” сурасини ўқиса яхшироқ. Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، – عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، – عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ.

Маъноси: “Эй Аллоҳ, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилмоқчи бўлган ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб этгин ва осон қилгин. Сўнг уни менга баракотли қилгин. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қилгин ва мени ундан рози этгин”.

Сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Анас разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Анас қачон сен бир ишни қилмоқчи бўлсанг у иш борасида Аллоҳ таолодан етти мартагача истихора қилгин. Сўнг унинг натижасига қара. Дилингга нима солинса ўшани ихтиёр қил, сен учун ўша нарса яхшидир” дедилар.

Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Истихора – бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишини сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Истинжонинг тартиб қоидалари қандай бўлади? Ҳар доим сув билан ювиш шартми ёки сув билан ювмасдан ҳам таҳорат олиб намоз ўқиш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
“Истинжо” – “нажосатни кетказиш”, дегани. Истинжо олд ва орқа авратлардан нажосат чиққанда қилинади. Уйқу ва ел чиқиши сабабли истинжо қилинмайди. Истинжо тош, кесак, махсус қоғоз ва шунга ўхшаш нарсалар билан қилинади ва унда маълум бир адад белгилаб қўйилмаган, поклик ҳосил бўлса бас. Суяк, шиша, тезак, пишиқ ғишт каби нарсалар билан истинжо қилинмайди.

Фуқаҳоларимиз истинжонинг ҳукми борасида шундай деганлар: “Истинжонинг ҳукми ҳолатга қараб беш хил бўлади:
1. Жунублик, ҳайз ва нифосдан покланиш учун ғусл қилаётганда бадандаги нажосатни ювиш вожиб;
2. Олд ва орқа авратдан чиққан нажосат атрофидаги пок жойга тарқалган ва у кўп бўлса, истинжодан кейин ювиш вожиб. (Кўплик миқдори қуюқ нажосатларда 4,25 гр. билан, суюқ нажосатларда танга кенглиги миқдори билан белгиланади);
3. Нажосат чиққан жойидан атрофга тарқалмаган бўлса, истинжодан кейин уни ювиш суннат;
4. Фақат пешоб қилганда жинсий аъзосини ювиш мустаҳаб;
5. Ел чиққанда олд ва орқа авратларни ювиш бидъатдир (яъни, мумкин эмас)” (манба: “Ал-Ихтиёр” китоби).
Юқоридаги биринчи ва иккинчи ҳолатларда сув билан ювмасдан таҳорат қилиш мумкин эмас. Учинчи ва тўртинчи ҳолатларда эса фақат истинжо билан кифояланиш ҳам мумкин, сув билан ювиш шарт бўлмайди балки афзал бўлади.

Истинжодан кейин сув билан покланиш ҳақида Қуръони каримда шундай ишора қилинади.

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

Яъни: “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба сураси, 108-оят).
Ҳадиси шарифларда келишича, ояти каримада мақталган “покланишни хуш кўрадиган кишилар” – Мадина шаҳридаги Қубо маҳалласида яшайдиган саҳобалар бўлган. Улар истинжодан кейин сув билан покланардилар.
Сув билан ювишнинг адади белгилаб қўйилмаган. Кўнглида пок бўлди деган қаноат ҳосил бўлгунча ювади. Лекин қанча ювса ҳам кўнгли тўлмайдиган, васвасага учраган киши бўлса, унга уч марта ёки етти марта ювсин, деб белгилаб берилган.

Истинжо қилаётган одам ўнг қўли билан сув қуяди, чап қўли бармоқлари ичи билан авратини ювади.

Истинжо масаласида кўпинча хатога йўл қўйиладиган жойи шуки, баъзи таҳорат қилмоқчи бўлган одамлар ҳожатга бормаса ҳам албатта олд ва орқа авратларини ювиш шарт деб тушунадилар ва ҳар таҳоратда сув билан ювадилар. Бунинг устига жинсий аъзоларнинг ҳамма жойи, сонлардан ҳам бироз қўшиб ювадилар. Натижада қисқа муддатда турли касалликларга чалиниб, ибодатдан ҳам узоқда қолиб кетадилар. Аслида, пешоб қилган ёки катта ҳожат қилган киши нажосат чиққан жойнинг ўзини ювиши кифоя қилади. Унга бошқа аъзоларни қўшиб ювмаслик керак (манба: “Ҳидоя” ва “ал-Ихтиёр” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Имом овозини чиқариб қироат қиладиган намозларни (яъни, Бомдод, Шом, Хуфтон намозларини) ёлғиз ўқувчи киши ҳам овоз чиқариб ўқийдими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ёлғиз ўқийдиган киши Бомдод, Шом ва Хуфтон намозларининг қироатини истаса овоз чиқариб ўқийди, истаса ичида қироат қилади. Овоз чиқариб қироат қилгани афзалдир. Пешин ва Аср намозларини эса, овоз чиқармасдан ўқиши вожибдир. (манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Фатовои Ҳиндия” китоблари).

رُوِيَ عَنْ عُمَرَ رضي الله عنه: أَنَّ رَجُلاً جَهَرَ بِالْقِرَاءَةِ نَهَارًا فَدَعَاهُ فَقَالَ: «إِنَّ صَلاَةَ النَّهَارِ لاَ يُجْهَرُ فِيْهَا الْقِرَاءَةُ فَأَسِرَّ قِرَاءَتَكَ» (رواه الإمامُ اِبْنُ أَبِي شَيْبَةَ).

яъни: Ривоят қилинишича, бир киши кундуз куни намозда овоз чиқариб қироат қилганда, ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу уни чақириб: “Кундузги намозда овоз чиқариб қироат қилинмайди, қироатингни махфий қилгин”, деганлар (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Идда нима? Динимизда унинг ҳукми қандай?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

“Идда” – “санаш” маъносидаги сўздир. Шариатимизда идда – талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёл кенглик ва енгиллик ваъда қилинган пайтни кутиб турадиган муддатдир.

Идданинг бир қанча ҳикматлари бор. Энг муҳимлари; аёлнинг ҳомиласи бор ёки йўқлиги аниқ бўлади ҳамда никоҳнинг ҳаққини адо қилади (яъни, никоҳ узилганидан хафалигини изҳор қилади)

Идда сақлаш уч нарса сабабли вожиб бўлади:
1) Талоқ;
Эр хотинига боин ёки ражъий талоқ қўйса, хотин ҳайз кўрадиган аёл бўлса, уч марта ҳайз кўриб, поклангунича иддада ўтиради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ

Яъни: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар” (Бақара сураси, 228-оят).

Агар ёши кичиклиги ёки қарилиги сабабли ёки балоғат ёшида бўлса ҳам, ҳайз кўрмайдиган бўлса, уларнинг иддаси уч ой бўлади. Бу ҳақда ояти каримада шундай баён қилинади:

وَاللَّائِي يَئِسْنَ مِنَ الْمَحِيضِ مِنْ نِسَائِكُمْ إِنِ ارْتَبْتُمْ فَعِدَّتُهُنَّ ثَلَاثَةُ أَشْهُرٍ وَاللَّائِي لَمْ يَحِضْنَ

Яъни: “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам” (Талоқ сураси, 4-оят).

Агар талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича давом этади. Идда ўтирган ҳомиладор аёлнинг боласи тушса, боланинг аъзолари аниқ билиниб қолган бўлса, шу билан идда тугайди, аъзолари билинмаган нарса тушса, идда тугамайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَأُولَاتُ الْأَحْمَالِ أَجَلُهُنَّ أَنْ يَضَعْنَ حَمْلَهُنَّ وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْرًا

Яъни: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят).

2) Эрнинг вафот этиши;
Эри вафот этган аёл тўрт ойу ўн кун идда ўтиради. Бунинг далили қуйидаги оятдир:

وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنْكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا

Яъни: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар” (Бақара сураси, 234-оят).
Агар эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича бўлади.

3) Жинсий алоқа;
Гувоҳларсиз никоҳланиб, кейин жинсий алоқада бўлинган бўлса, бундай никоҳ фосид никоҳ бўлиб, улар ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, аёл ҳайз билан идда ўтиради. Шубҳа билан, яъни ўзининг жуфти деб ўйлаб, бошқа билан жинсий алоқада бўлса ва кейин иккиси ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, у аёлнинг иддаси ҳайз билан бўлади.

Никоҳдан кейин хилвати саҳиҳадан яъни жинсий алоқага имконият бўлишидан аввал эр талоқ қилса, унинг аёли идда ўтирмайди. Бу тўғрисида Аҳзоб сурасида шундай дейилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا نَكَحْتُمُ الْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِنْ قَبْلِ أَنْ تَمَسُّوهُنَّ فَمَا لَكُمْ عَلَيْهِنَّ مِنْ عِدَّةٍ تَعْتَدُّونَهَا فَمَتِّعُوهُنَّ وَسَرِّحُوهُنَّ سَرَاحًا جَمِيلًا

Яъни: “Эй, мўминлар! Қачонки, сизлар мўминаларни никоҳингизга олсангиз-у, сўнгра уларга «тегиш»дан илгари уларни талоқ қилсангиз, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда йўқдир. Бас, сизлар уларни (озгина моддий) баҳраманд этиб, чиройли кузатиш билан кузатингиз!” (49-оят).

Демак, идда тугагач, эр ва аёл ўртасидаги никоҳ алоқалари тугайди. Янгидан турмуш қурмоқчи бўлган аёл идда муддати тугагандан кейингина никоҳланиши мумкин бўлади (Манба: “Ҳидоя”, “Ал-Мухтор” ва “Ал-Ихтиёр” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Сафарда бўлган эр хотинига sms орқали талоғини берса, аёлига талоқ тушадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аввалги фуқаҳоларимиз ўз замоналаридан келиб чиқиб, масалани қуйидагича баён қилганлар: «Агар бир киши хатда аёлига талоқ берса, унда ёзилганидек талоқ тушади. Хат ёзилган кундан эътиборан идда бошланади. Агар хатда: “Менинг талоқ хатим борганидан сўнг сен талоқсан” деб ёзилган бўлса, мактуб боргач, талоқ воқе бўлади» (манба: “Раддул муҳтор” китоби).

Шундан келиб чиқиб, эр ўз хотинига мобил алоқа воситасида смс орқали ёки телеграмм ёҳуд ундан бошқа мессенжерлар орқали талоқ қилганда аёлига талоқ тушади. Чунки ҳозирги кунда электрон тармоқ орқали ёзилган хат билан аввалги даврларда ёзилган мактубларнинг ўртасида ҳукм жиҳатидан фарқ йўқ.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, талоқ сўзини айтишдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш керак. Ҳадиси шарифда: “Бандаларга ҳалол қилинган нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг ёқимсизи талоқдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эркак киши бош кийимсиз намоз ўқиши мумкинми? Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Намоз банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида туришидир. Унда киши энг чиройли ва кўркам кийимларини кийиб туриши мақсадга мувофиқ. Зотан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, аҳли солиҳ уламолар ва ўтган барча улуғлар намозни бош кийим билан адо этишни одат қилишган.

Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ

яъни: «Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!», (Аъроф сураси, 31-оят).
Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.

Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:

وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ

яъни, “Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.

Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бугунги кунда телеканаллар орқали турли ютуқли телевизион ўйинлар ўтказилмоқда. Ушбу телешоуларни баъзилар қимор дейишмоқда. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Динимизда икки ёки ундан кўп томон пул тикиб, оқибатда ютуқ бирининг фойдасига бўладиган ҳар бир ҳолат қимордир. Демак, ютуқли ўйинда бадал тўлаб, кейин ўйнаш жоиз эмас. Шу нуқтаи назардан, сиз айтиб ўтган ютуқли телевизион ўйинларда иштирок этаётганлар бадал тўлаб, сўнг унда иштирок этишлари ва якунида улардан бири ютуққа эга чиқиб, бошқалари ютқазиши айни қимор ҳисобланади.

Агар ютуқ иштирокчилардан тўлов олинмасдан, ташкилотчилар томонидан қўйилса, бу ўйин қимор ҳисобланмайди. Балки, ўйин иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан совға бўлади.

Аллоҳ таоло инсонларга нима фойда-ю, нима зарар эканини жуда яхши биладиган Зотдир. Кўп зарарлар борлиги учун Ҳақ таоло қимордан қайтарган. Қимор одамлар орасини бузувчи, меҳнатга рағбатни сўндирувчи, дангасалик уруғини сочувчи иллатдир. Қолаверса, қимор ўйнаган киши бир-икки омади келиб унга ўрганиб қолиши оқибатида ҳудди, муттасил спиртли ичимлик ичишга ўрганиб қолган кишидек усиз туролмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда қимор билан маст қилувчи ичимликни бирга зикр қилиб келтириб, шундай деган:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا

Яъни: “Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”, (“Бақара” сураси, 219-оят).

Ислом шариатида қимор ўйнаш қатъий ман этилган бўлиб, улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай таъкидлайди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ * إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

яъни, “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (“Моида” сураси, 90-91-оятлар). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоздаги киши амали касир қилса, унинг намози фосид бўлади, деб эшитдим. “Амали касир” ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фиқҳ китобларида амали касир нималиги ҳақида уч хил таъриф берилган:
Биринчиси, намоздан ташқарида икки қўл билан қилинадиган ишни, масалан, салла ўраш каби ишларни амали касир дейилади ва уни намознинг ичида бир қўл билан бажарса ҳам намоз бузилади. Аммо дўппи кийиш ёки уни ечиш каби бир қўл билан бажариладиган ишлар намозни бузмайди. Аммо узрсиз шундай қилса, макруҳ бўлади.

Иккинчиси, намоздаги киши ўзини кўп иш қилдим, деб ўйласа, амали касир бўлади.

Учинчиси, намоз ўқиётган кишига ташқаридан қаралганда “у намоз ўқимаяпти шекилли”, деб хаёл қилинадиган даражадаги ҳаракатлар ҳам амали касир бўлади ва намозни бузади (манба: “Фатавои Оламгирия”, “Табйинул ҳақоиқ”, ва “Фатавои Қозихон” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жамоатга кеч қолиб, пешин намози фарзининг тўртинчи ракатига етишган киши қолган ракатларни қандай тартибда якунлайди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жамоат намозида имомга биринчи ракатда эргаша олмаган киши масбуқ дейилади. Масбуқ тўрт ракатли намозларнинг тўртинчи ракатидан имомга эргашса, имом билан охирги қаъдада “Аттаҳийёт”ни “…абдуҳу ва расулуҳу”гача ўқийди ва саловат ва дуоларни ўқимай, имом салом бергач, туриб, сано (“Субҳанакаллоҳумма…”)ни ўқийди, таъаввуз ва басмалани айтиб, Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Кейин руку ва сажда қилгач, ўтириб ташаҳҳуд ўқийди. Сўнг кейинги ракатга туриб “Басмала”ни, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, руку ва сажда қилади. Сўнг Охирги ракатга туради. Бунда фақат Фотиҳа сурасини ўқиб, руку ва сажда қилгач, ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуоларни ўқиб салом беради.

Масбуқ тўрт ракатли намознинг учинчи ракатидан имомга эргашса, имом билан ташаҳҳудга ўтиради. Имом салом бергач туриб, сано, таъаввуз, басмалани айтиб, Фотиҳа билан зам сура ўқийди. Руку ва сажда қилади. Кейинги ракатда ҳам басмала, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, руку ва сажда қилиб охирги қаъдага ўтиради. “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Роббана атина…” дуоларини ўқиб, салом билан намозини тугатади (манба: “Фатовои Ҳиндия”, ва “Шарҳ муниятил мусоллий” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Инсон жунублик сабабли ювиниб бўлгач, бироз вақт ўтгандан кейин маний чиқса, яна ювиниш шарт бўладими?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Жунуб киши бавл қилмасдан ёки ухламасдан туриб ғусл қилса ва намоз ўқиса, сўнгра манийнинг қолгани чиқса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад наздида қайтадан ғусл қилади. Лекин мана шу намозни қайта ўқимайди. Жунуб киши бавл қилган, ё ухлаган, ё бироз юргандан кейин ғусл қилса ва сўнгра манийнинг қолгани чиқса, унга ғусл вожиб бўлмайди (манба: “Фатовои ҳиндия”, “Захира”, ва “Табйинул ҳақоиқ” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таҳорат қилиш тартиби қандай бўлади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Таҳорат қилмоқчи бўлган киши ният қилиб, бисмиллаҳни айтади, кейин қуйидаги амалларни бажаради:
– қўлларини бўғимигача уч марта ювади, бармоқларини бир-бирига киргизади;
– оғзини уч марта чаяди, биринчисида ғарғара қилади;
– бурунни уч марта ювади, ўнг қўл билан сув олиб, чап қўл билан қоқади;
– юзни пешонасидан бошлаб, иягининг остигача, ён томонига эса қулоқларигача уч марта ювади;
– аввал ўнг қўлни, кейин чап қўлни тирсаклари билан қўшиб, уч марта ювади;
– икки кафтига сув олиб, тўкиб ташлайди ва қўлларининг хўли билан бошига бир марта масҳ тортади. Масҳни бошнинг олди томонидан орқага қараб тортади, кўрсатгич бармоғи билан қулоғининг ичига ва бош бармоғи билан қулоғининг устига, кафтининг орқа томони билан бўйинга масҳ тортади;
– аввал ўнг оёғини, кейин чап оёғини тўпиқларини қўшиб чап қўли билан уч марта ювади.

Таҳоратни мана шу кетма-кетликда, орасига бошқа амалларни қўшмасдан бажаради. Сувни исроф қилинмайди.

Таҳоратнинг тартиби ҳақида Имом Абу Довуд Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ كَيْفَ الطُّهُورُ فَدَعَا بِمَاءٍ فِى إِنَاءٍ فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلاَثًا ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلاَثًا ثُمَّ غَسَلَ ذِرَاعَيْهِ ثَلاَثًا ثُمَّ مَسَحَ بِرَأْسِهِ فَأَدْخَلَ إِصْبَعَيْهِ السَّبَّاحَتَيْنِ فِى أُذُنَيْهِ وَمَسَحَ بِإِبْهَامَيْهِ عَلَى ظَاهِرِ أُذُنَيْهِ وَبِالسَّبَّاحَتَيْنِ بَاطِنَ أُذُنَيْهِ ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ ثَلاَثًا ثَلاَثًا ثُمَّ قَالَ « هَكَذَا الْوُضُوءُ فَمَنْ زَادَ عَلَى هَذَا أَوْ نَقَصَ فَقَدْ أَسَاءَ وَظَلَمَ ». أَوْ « ظَلَمَ وَأَسَاءَ ».

яъни: Амр ибн Шуайб отасидан, у киши ҳам отасидан ривоят қилади: “Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Таҳорат қандай қилинади?” деб сўради. Бир идишда таҳорат суви олиб келишни буюрдилар, кейин кафтларини, юзларини, билакларини уч марта ювдилар. Бошларини масҳ қилдилар, кўрсатгич бармоқларини қулоқ ичига тиқиб, бош бармоқлари билан қулоқ орқаси, кўрсатгич бармоқлари билан қулоқ ичини масҳ қилдилар. Сўнгра оёқларини уч мартадан ювдилар. Кейин: “Таҳорат шундай бўлади, ким бунга зиёда қилса ёки камайтирса, ёмон иш ва ўзига зулм қилибди” ёки “зулм ва ёмон иш қилибди”, дедилар”.

Ҳадиси шарифдаги “ёмон иш”дан мурод – суннатни тарк қилиш дегани. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзида таҳоратим бор-йўқлигида шубҳа қилиб қоламан, шу пайтда қандай йўл тутиш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таҳорат қилгани аниқ, лекин таҳорати бузилган ёки бузилмаганида шубҳа қилган киши таҳоратли ҳисобланади. Таҳоратсиз эканини аниқ билган, таҳорат қилганми йўқми иккиланган киши эса таҳоратсиз ҳисобланади. Таҳоратда шубҳа қилиш масаласи “аниқ нарса, шубҳа билан кетказилмайди”, деган фиқҳий қоидага асосланади.

Агар таҳорат қилиши давомида бирор аъзосини ювган-ювмаганида шубҳа қилса, бу умрида биринчи марта юз бераётган бўлса, ўша аъзони ювади. Агар таҳорат асносида бундай шубҳа кўп марта юз берган бўлса, бу шубҳага эътибор бермайди.

Таҳорат қилиб бўлгандан кейин бирор аъзони ювиб-ювмаганлигида шубҳа қилса, бунга эътибор қилмайди (манбалар:“Фатовои ҳиндия”, “Хулосатул фатово” китоблари).
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, бу ерда “шубҳа”, дегани гумони бир томонга устун келмаган ҳолатдир. Гумон бир томонга устун келса, ғолиб гумонга амал қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аёлларнинг намоз ўқиши эркаклардан фарқ қилар экан. Шу фарқларни айтиб ўтсангиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар китобларида эркак ва аёлларнинг намозлари ўртасида фарқ борлиги баён қилинган. Қуйида аёлларга хос бўлган намоздаги ҳолатларни санаб ўтамиз:
– “Аллоҳу акбар” деб намозга кириш пайтида аёллар қўлларини елка баробари миқдорича кўтаради;
– Қўл боғлашда аёллар икки қўлларини кўкраклари устига қўядилар;
– Рукуъ пайтида қўл бармоқлари ёйилмайди балки, жипс ҳолда бўлади; Икки тирсаклари билан қимтиниб, уларни биқинларига теккизиб туради, тиззалари бироз букилади, эркакларга ўхшаб беллари билан бошлари тўғри бўлмайди, балки рукуъ деса бўладиган даражада эгиладилар;
– Саждага борганларида ҳам қимтинган ҳолларида қоринларини икки сонларига тегадиган қилиб сажда қиладилар;
– Ўтириш пайтида яъни қаъдада аёллар икки оёқларини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради;
– Саждада аёллар билакларини ерга теккизиб, қимтиниб турадилар;
– Бирор намозни овоз чиқариб ўқимайди. (манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Фатовои Ҳиндийя” китоблари)
Уламоларимиз ушбу фарқларга кўплаб ривоятларни далил сифатида келтирганлар. Жумладан:

Язийд ибн Абу Ҳабиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга теккизинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Али разияллоҳу анҳу: “Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деганлар (Имом Ибн Аби Шайба ривоят қилган).

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот шундай дедилар: “Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, (Ибн Адий “Комил” китобида ва Байҳақий “Сунан” китобида ривоят қилган). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Исломда аёлларнинг қош теришлари, юз шаклларини сунъий ўзгартиришларига қандай қаралади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Аввалги аёлларнинг қилган пардозлари табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина ва ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган. Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги аёлларда ҳам сунъий пардозга берилиш ҳоллари урф бўлиб бормоқда.

Шариатимизда аёлларнинг қош ва юздаги тукларни териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирувчи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَعَنَ اللهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُسْتَوْشِمَاتِ ، وَالنَّامِصَاتِ وَالمُتَنَمِّصَاتِ ، وَالمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ المُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللهِ

яъни: “Баданга игна билан сурат чизувчи ва чиздирувчи аёлларга, қошни терувчи ва тердирувчи аёлларга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчи аёлларга ва Аллоҳ яратган (шакл)ларини ўзгартирувчиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин” (Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло яратган табиий хилқатни ўзгартирувчи аёлларга лаънат бўлиши таъкидланмоқда. Фуқаҳолар мазкур ҳадисга кўра аёл киши қоши, юзи ва пешонасидаги тукларни олиши ёки олдириши шаръан ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош ва лабларни шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж, растушовка ва ботекс қилдириш кабилар ҳам киради.

Аёллар орасида бир марта қош тердирган аёл кейин доим тердириб юриш керак, чунки кейин чиққан тук – ҳаром тук бўлади, деган нотўғри тушунча юради. Динимизда қатъиян қайтарилган ишни қилиб юрганини билган муслима опа-сингилларимиз, дарҳол бу ишдан тўхтаб, тавба қилиб, солиҳ амалларга ўтишлари лозим.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, оилали аёл эрининг рухсати билан юзидаги айбли ҳисобланган тукларини олиши жоиз. Айниқса, аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир, деганлар. Сабаби аёлнинг эри учун зийнатланиши шариат талабидир (манба “Раддул мухтор” китоби).

Шунингдек, жумҳур уламолар аёл кишининг қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигини айтишган. Моликий мазҳаби фуқаҳолари эса бу ишни вожиб, дейишган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Вақти-вақти билан пайғамбар чиқибди, деган гапларни эшитиб қоламиз. Янги чиққан “пайғамбар”лар ҳақида динимизда қандай маълумотлар берилган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар чиқмаслиги қатъий айтиб қўйилган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

مَا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِنْ رِجَالِكُمْ وَلَكِنْ رَسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا

яъни: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб сураси, 40-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда Муҳаммад алайҳиссаломни «Пайғамбарларнинг муҳри» деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнгида муҳр босилгани каби охирги пайғамбар келгач, пайғамбарлар китобига ҳам муҳр босилгандек бўлди.

عن جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » إِنَّ لِي أَسْمَاءً : أَنَا مُحَمَّدٌ ، وَأَنَا أَحْمَدُ ، وَأَنَا الْمَاحِي الَّذِي يَمْحُو اللَّهُ بِيَ الْكُفْرَ ، وَأَنَا الْحَاشِرُ الَّذِي يُحْشَرُ النَّاسُ عَلَى قَدَمَيَّ ، وَأَنَا الْعَاقِبُ الَّذِي لَيْسَ بَعْدَهُ أَحَدٌ » )رواه البخاري ومسلم(

яъни: Жубайр Ибн Мутъим разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг бир қанча исмларим бор. Мен Муҳаммадман, мен Аҳмадман, Мен Моҳи – ўчирувчиман, Аллоҳ мен сабабли куфрни ўчиради. Мен Ҳашир – тўпловчиман, одамлар оёғим остида тўпланадилар. Мен Ақиб – ортдан келувчиман. Мендан кейин (пайғамбарлардан) ҳеч ким йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Келажакда ёлғончи пайғамбарлар чиқиши ҳам ҳадиси шарифларда эслатиб ўтилган. Жумладан:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلى اللهُ عَليهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى يُبْعَثَ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ قَرِيبُ مِنْ ثَلَاثِينَ. كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنَّهُ رَسُولُ اللهِ » ) رواه البخاري ومسلم(.

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўттизга яқин дажжол-ёлғончилар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг элчиси эканини даъво қилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Динимизнинг асосий манбаълари бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом эканлиги ва у кишидан кейин ким пайғамбарликни даъво қилса ёлғончи экани аниқ айтиб қўйилган. Сохта пайғамбарларга рад жавобини бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мазҳабга эргашиш қанчалик зарур. Баъзилар мазҳабга эргашиш шарт эмас деяпти. Шу гап тўғрими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай деган:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).

Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:

«فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ»

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.

Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобларида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқеълигини изоҳлаб шундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини ҳудди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутсада, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуддир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Менинг касбим ҳайдовчи. Баъзан машинамга ўтирган кишиларнинг ҳар хил буюмлари тушиб қолмоқда. Шу нарсаларнинг эгаларини қидириб, суриштириб топа олмаяпман. Илтимос бир йўлини кўрсатсангиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Одамлар тушириб қолдирган нарсалар нолойиқ одамларнинг қўлига тушиб қолмаслиги учун уни олиб қўйиш афзал. Ўша нарсаларнинг йўқолиб кетиш хавфи бўлса, уни олиш вожибга айланади. Топилмани эгасига қайтариш учун олаётганига гувоҳ келтирилади. Яъни, ким йўқотган нарсасини излаётган бўлса, менга йўллаб қўйинглар, дейди. Мана шу пайтда қўлидаги топиб олинган нарса, у учун омонатга айланади. Омонатни энди эгаси қидириб келмайди деб гумони ғолиб бўлгунича топилган жойда, одамлар тўпланадиган жойларда эълон қилиб туради. Ҳозирги кунда эълон қилишда радио, газета ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳам мумкин.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Топиб олинган нарса таом, мева ва шунга ўхшаш узоқ турмайдиган маҳсулот бўлса, токи айниб қоладиган вақтигача эълон қилинади. Агар айнимайдиган нарса бўлса, “энди эгаси излаб келмайди”, деб гумони ғолиб бўлгунича эълон қилишда давом этади.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан: “Бир йил муддат эълон қилишда давом этиб, эгасини келишини кутади”, деганлар. Агар эгаси ушбу муддат ичида келмаса-ю топиб олган киши фақир бўлса, ундан ўзи фойдаланиши жоиз. Бу ҳақда Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَرِّفْهَا فَإِنْ جَاءَ أَحَدٌ يُخْبِرُكَ بِعِدَّتِهَا وَوِعَائِهَا وَوِكَائِهَا فَأَعْطِهَا إيَّاهُ وَإِلَّا فَاسْتَمْتِعْ بِهَا

яъни: “Топилган нарсани эълон қил. Бирор киши унинг сони, идиши ва боғичини айтиб келса унга бер, акс ҳолда ундан фойдалан” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Топиб олган киши бой бўлса, фақир ота-онасига, бола-чақасига ёки яқинларига садақа қилиши ҳам мумкин. Бунда ўша буюм ёки маблағнинг асл эгасининг номидан садақа қилади. Топиб олинган буюм ёки маблағ садақа қилинганидан кейин эгаси келса, садақа қилинганига рози бўлиб, савобидан умидвор бўлиши ёки топиб олган кишидан уни тўлаб беришини талаб қилиши мумкин (“Ҳидоя”, “Ал-Ихтиёр”, “Фатҳу бобил иноя”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзилар намоз бошланганида жамоатга етиш мақсадида масжидга югуришади. Шу тўғрими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Масжидга югуриб борилмайди, балки оҳиста ва виқор билан борилади. Чунки кўплаб ҳадиси шарифларда бундан қайтарилган. Жумладан:

عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ فَلَا تَأْتُوهَا تَسْعَوْنَ وَأْتُوهَا تَمْشُونَ وَعَلَيْكُمُ السَّكِينَةُ فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا فَاتَكُمْ فَأَتِمُّوا» (رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Намозга иқомат айтилганда унга югурманглар. Балки, унга босиқлик ва виқор билан юриб боринглар. Етишганингизни (имом билан бирга) ўқинг, етиша олмаганингизни эса (ўзингиз) якунлаб қўйинг” (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ «بَيْنَمَا نَحْنُ نُصَّلِي مَعَ النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ سَمِعَ جَلَبَةَ رِجَالٍ ، فَلَمَّا صَلَّى قَالَ: «مَا شَأْنُكُمْ؟» قَالُوا «اِسْتَعْجَلْنَا إِلَى الصَّلاَةِ» قَالَ: «فَلاَ تَفْعَلُوا إِذَا أَتَيْتُمُ الصَّلاَةَ فَعَلَيْكُمْ بِالسَّكِيْنَةِ فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا فَاتَكُمْ فَأَتِمُوا» (رَوَاهُ البُخَارِي).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. У зот бирдан одамларнинг тапир-тупирини эшитиб қолдилар ва намозни ўқиб бўлиб:
«Сизга нима бўлди?» дедилар.
«Намозга шошилдик», дейишди.
«Ундай қилманглар. Қачон намозга келсангиз, босиқлик билан келинглар. Етишганингизни ўқиб, етиша олмаганингизни якунлаб қўйинг», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Демак, жамоат намозига кетаётган одам одоб ва виқор билан, шошмасдан масжид сари қадам босмоғи керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аёл киши ҳайз кўрган вақтда суралар ёдласа бўладими, бундай вақтда нима мумкин, нима мумкин эмас?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳайз кўрган аёл Қуръони каримни ушлаши ва оятларни ёддан ўқиши жоиз эмас. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَليهِ وَسَلَّمَ قَالَ «لَا تَقْرَأُ الحْاَئِضُ وَلَا الْجُنُبُ شَيْئًا مِنَ الْقُرْآنِ» (رَوَاهُ التِّرْمِذِي)

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳайз кўрган аёл ҳам, жунуб ҳам Қуръондан бирор нарса ўқимайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳайз ёки нифосдаги аёл қироатни эшитиши эса мумкин. Зикр, тасбеҳ, истиғфор, саловатларни айтиб юриши, дуоларни ўқиши ва азонга жавоб бериши ҳам мумкиндир.

Шу билан бирга ҳайз ёки нифосда бўлган аёлга таалуқли қуйидаги ҳукмлар мавжуд:
– намоз соқит бўлади, қазосини ўқимайди;
– рамазон рўзасини тутмайди аммо кейинчалик қазосини тутиб беради;
– масжидга кира олмайди;
– Байтуллоҳни тавоф қила олмайди;
– Қуръон қироати унга ҳаром бўлади. Агар муаллима бўлса, калима-калима қилиб Қуръонни таълим бериши мумкин. Бунда икки калима ўртасини бўлади;
– Қуръонни ушлай олмайди;
– жинсий алоқа қилиш ҳаром бўлади. Тизза билан киндик орасидан бошқа аъзоларидан фойдаланиш мумкин;
– ҳайз тугагач ғусл қилиш вожиб бўлади (“Ал-Мухтор”, “Фатовои ҳиндия”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳозирда баъзи йигит-қизлар узук тақиш суннат, деб бармоқларига оддий темир узук тақишни одат қилишмоқда. Шариатимизда бу иш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёллар ёки қизлар темирдан узук тақишлари макруҳ. Уларнинг тилла ёки кумушдан узук тақишлари жоиз ҳисобланади. Фуқаҳоларимиз бу борада шундай дейишган:

التَّخَتُّمُ بِالْحَدِيدِ وَالصُّفْرِ وَالنُّحَاسِ وَالرَّصَاصِ مَكْرُوهٌ لِلرِّجالِ وَالنِّسَاءِ

«Эркаклар ва аёллар учун темир, жез (оқ мис), сариқ мис ва қўрғошиндан узук қилиб тақиш макруҳдир” (“Раддул мухтор”).

Абдуллоҳ ибн Бурайда ўзининг отасидан қилган ривоятда шундай дейилади:

جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَعَلَيْهِ خَاتَمٌ مِنْ حَدِيدٍ فَقَالَ: «مَا لِي أَرَى عَلَيْكَ حِلْيَةَ أَهْلِ النَّارِ؟!

Яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши темир узук тақиб келди. У зот: “Нима бўлдики, сенда дўзах аҳлининг тақинчоғини кўрмоқдаман?!”, дедилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривоят қилишган).

Эркаклар эса фақат кумушдангина узук тақишлари мумкин. Валлоҳу аълам.
(Макруҳ ҳақида қуйидаги линкдан маълумот олишингиз мумкин. https://t.me/diniysavollar/77)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Нима учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари мўминларнинг оналари дейилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

﴿النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ﴾

Яъни: “Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан меҳрибондир, унинг хотинлари уларнинг оналаридир” (Аҳзоб сураси, 6-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, ҳурмат қилиш жиҳатидан ва уйланиш ҳаромлиги борасида она ҳукмидадирлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин уларга бирор кишининг уйланиши мумкин бўлмаган. Қуръони каримда:

وَمَا كَانَ لَكُمْ أَنْ تُؤْذُوا رَسُولَ اللَّهِ وَلَا أَنْ تَنْكِحُوا أَزْوَاجَهُ مِنْ بَعْدِهِ أَبَدًا إِنَّ ذَلِكُمْ كَانَ عِنْدَ اللَّهِ عَظِيمًا

Яъни: “Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир”, дейилган (Аҳзоб сураси, 53-оят).

Уларга қараш, улар билан ёлғиз қолиш, уларга мерос бериб, мерос олиш ва уларнинг қизларига уйланиш каби ҳукмларда бегона аёллар кабидирлар. Яъни, бегона эркаклар уларга қараши ва улар билан ёлғиз қолиши мумкин бўлмаган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга динда ота каби ҳисобланадилар. Машҳур тобеин Мужоҳид ибн Жабр мазкур оят тафсирида: “Ҳар бир пайғамбар умматининг отасидир. Шунинг учун мўминлар ака-укадирлар”, – деган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзилар жаноза намозини таҳоратсиз ўқиса ҳам жоиз, дейишади. Шу гап тўғрими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Чунки, жаноза намозини ўқувчининг бадани, кийими ва жойи таҳоратсизлик ва нажосатдан пок бўлиши шарт. Жаноза намозига улгуриш учун вақт жуда кам бўлганида таяммум қилиб жаноза намозига қўшилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ота ёки она ҳадя ёки шунга ўхшаш нарса беришда болаларидан бирини бошқаларидан устун қўйиши мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизга кўра фарзандлар ўртасида адолат ва тенгликка имкон қадар риоя этиш талаб этилади. Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Нўъмонга отаси бир хизматчи ҳадя қилди. Онаси: “Ўғлимга берган нарсангизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилмагунингизча бу ишингизга рози бўлмайман”, деди. Ота ўғлининг қўлидан етаклаб Расулуллоҳнинг ҳузурларига борди. У пайтларда ўғли ҳали кичкина болакай эди. Бориб: “Эй Расулуллоҳ, бу боланинг онаси бинти Равоҳа ўғлига ҳадя беришим учун сизни гувоҳ қилишимни талаб қиляпти”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй Башир, сенинг бундан бошқа боланг борми?”, дедилар. У: “Ҳа”, деди. У зот: “Уларнинг ҳаммасига шундай ҳадя берасанми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. У зот: “Бу дуруст эмас, бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил, мен зулм ва гуноҳга гувоҳ бўлмайман. Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар. Улар сенга бир хилда яхшилик қилишлари сени хурсанд этмайдими?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. У зот: “Мен гувоҳлик бермайман”, дедилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Болаларидан бирини бошқасидан устун кўриш Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Шофиий наздида макруҳ”.

Тобеинлардан Товус, Урва ибн Зубайр, Мужоҳид, Саврий, Аҳмад, Исҳоқ ва Довуд бу иш ҳаром, дейишган. Улар Расулуллоҳнинг саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен зулмга гувоҳ бўлмайман”, деган сўзларини далил қилишган. Имом Абу Ҳанифа ва у киши билан ҳамфикр бўлганлар эса: “Бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил”, деганларини далил қилишган. Улар: “Агар бу иш ҳаром ёки ботил бўлганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтмаган бўлар эдилар”, дейишган.

Фарзандларидан бири касал бўлса ёки қарздор бўлиб, қарзини ёлғиз ўзи тўлай олмаса, бошқаларига бермай, унга ҳадя ёки ёрдам бериш жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоз ўқиётганимда баъзан адашиб қоламан, шунда намозни бузиб, бошидан бошлашим керакми ёки давом эттираманми? Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Киши намозда неча ракат ўқиганини билмай, иккиланиб қолса, бу иккиланиш умрида биринчи марта бўлса, намозни бузиб, янгитдан бошлайди.
Агар бундай иккиланиш биринчи маротаба бўлмаётган бўлса, гумонининг ғолиб (устун) тарафини олади. Масалан, икки ракат ўқидимми ёки уч ракатми деб иккиланиб, кейин икки ракатлигига гумони кўпроқ бўлса, икки ракат ўқибман деб, намозини давом эттиради.

Агар гумони ғолиб бўлмасдан, икки томон ҳам бир хил бўлса, озини олади. Масалан, уч ракат ўқидимми ёки тўрт ракатми деб иккиланса ва гумонида икки томон ҳам бир хил бўлса, озини олади, яъни, уч ракат ўқибман деб, намозини давом эттиради.

Лекин намозининг охири бўлиши мумкин бўлган ўринларда қадаи охирга ўтиради. Масалан, уч ракат ўқидимми ёки тўрт ракатми деб иккиланса ва гумони ҳам бир томонга кўпроқ бўлмаса, балки икки томон ҳам бир хил бўлса, озини олади, яъни, уч ракат ўқибман дейди, лекин қаъдаи охирга ўтириб аттаҳиётни ўқийди. Чунки, фаразан тўртинчи ракатда бўлсаю қаъдаи охирга ўтирмасдан туриб кетса, намози бузилар эди.

Аттаҳиётдан кейин туриб яна бир ракат ўқиб, саждаи саҳв қилиб намозини тугатади (Мухтасарул виқоя китобидан).
Бу ҳақда ҳадисда шундай келади:

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِذَا شَكَّ أَحَدُكُمْ فَلَمْ يَدْرِ أَوَاحِدَةً صَلَّى أَمْ اثْنَتَيْنِ فَلْيَبْنِ عَلَى وَاحِدَةٍ، وَإِنْ لَمْ يَدْرِ أَ ثِنْتَيْنِ صَلَّى أَمْ ثَلاَثَةً، فَلْيَبْنِ عَلَى اثْنَتَيْنِ، وَإِنْ لَمْ يَدْرِ أَثَلاَثًا صَلَّى أَمْ أَرْبَعًا فَلْيَبْنِ عَلَى ثَلاَثَةٍ، وَيَسْجُدُ سَجْدَتَيْنِ إِذَا سَلَّمَ» (رواه الإمامُ أحمد والإمامُ الترمذي).

яъни: Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз намозида унутиб қолиб бир ракат ўқидими, икки ракат ўқидими била олмай қолса, бир ракат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракат ўқидими, уч ракат ўқидими била олмай қолса, икки ракат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракат ўқидими, тўрт ракат ўқидими била олмай қолса, уч ракат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Хотин эрнинг фамилиясига ўтиши мумкинми. Бу ишда хотинни мажбурлаб бўладими?

Шаръий жиҳатдан хотин эрнинг фамилиясига ўтиши жоиздир. Аёл бу масалада ихтиёрий бўлиб, уни бу ишга мажбурлаб бўлмайди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, бу урф бизга ўзга халқлардан кириб келган ва ота-боболаримиз ичида бу урф мавжуд бўлмаган. Исломдаги асл қоида ҳамма ўз отасининг номи билан чақирилиши керак. Ҳатто асраб олинган фарзандлар ҳам. Қуръони каримда:

ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ …

«У (асранди бола)ларни оталарининг номи билан чақиринглар…», дейилган (Аҳзоб сураси, 5-оят).

Ўз отаси бўлмаган одамни бу менинг отам, деб ва бунинг изидан келиб чиқадиган шаръий ҳукм (мерос, маҳрамлик, нафақа ва бошқа)ларни даъво қилиш, шариатда ҳаром қилинган ишлардандир. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳатто мўминларнинг оналари ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбат берилмадилар (масалан, Оиша бинти Абу Бакр дейилган).

Лекин зарурат бўлганда масалан, яшаб турган давлатида талаб шундай бўлса ёки урфда эрининг фамилиясига ўтиш мавжуд бўлса, албатта, ўша одамнинг фарзанди эканини даъво қилмасдан, унинг фамилиясига ўтиши жоиздир.

Қадимдан одамлар орасида ўзаро бир-бирларини таниш турли йўллар билан бўлган. Фалончининг ўғли, фалончининг мавлоси (яъни, озод қилган қули), фалончининг хотини каби нисбат бериш ҳолати жорий бўлган. Эрининг фамилиясига ўтиш ҳам гўё фалон оилага келин бўлган дегани кабидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Қуръони каримни Мадина босмасида кўрсатилган қоидаларига қараб ўқийман. Ундан бошқа қироат қоидаларини билмайман. Шундай ўқишда давом этаверсам бўладими?

Тажвид илмини ўрганиш фарзи айндир. Аллоҳ таоло бундай буюради:

﴿وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا﴾

Яъни, “…Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг” (Муззаммил сураси, 4-оят).

Тажвид – Қуръони каримни Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилганидек ҳар бир ҳарфини махраж ва сифатларига ҳамда ғунна, мад ва бошқа қоидаларга мувофиқ тарзда тиловат қилишдир.

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ, бу Қуръонни нозил бўлганидек ўқилишини хуш кўради”, деганлар (Имом Ибн Хузайма ривоят қилган).

Тажвидни билмаган киши бирор ҳарф ёки ҳаракатни бошқасига алмаштириб ўқиб, сўз ва оят маъноларини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу катта хато ҳисобланади. Ушбу хато намозда бўлса ва маъно бузиладиган даражада бўлса, намоз ҳам бузилади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши тажвид илмини ўрганишга ҳаракат қилиш керак.

Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари қошида Қуръон карим ва тажвидни ўргутувчи ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Қолаверса, тажвид илмини мустақил ўрганувчилар учун махсус қўлланмалар ва уларнинг аудио дарсликлари нашр этилган бўлиб, шулар асосида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Хўроз фариштани кўрса қичқиради, дейишади. Шу гапнинг асоси борми? Ҳайвонларнинг бемаҳал овоз чиқариши бирор нарсага далолат қиладими?

Ҳа, бу борада кўплаб саҳиҳ ҳадислар бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم -، قَالَ: » إِذَا سَمِعْتُمْ صِيَاحَ الدِّيَكَةِ فَاسْأَلُوا اللَّهَ مِنْ فَضْلِهِ، فَإِنَّهَا رَأَتْ مَلَكًا، وَإِذَا سَمِعْتُمْ نَهِيقَ الحِمَارِ فَتَعَوَّذُوا بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِنَّهُ رَأَى شَيْطَانًا » (أخرجه البخاري ومسلم والترمذي والنسائي)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар хўрознинг қичқириғини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан фазли ва марҳаматини сўранг. Чунки хўроз фариштани кўрган бўлади. Агар эшакнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки эшак шайтонни кўрган бўлади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насаийлар ривоят қилган).

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ саллаллорҳу алайҳи васаллам:
“Кечаси итларнинг ҳуришини ва эшакларнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки улар сиз кўрмаган нарсани кўради. Кечаси ҳамма ухлаб ётган пайтда камроқ кўчага чиқинглар. Аллоҳ таоло тунда махлуқотларидан хоҳлаганича юборади”, деганлар (Имом Насаий ва Имом Ҳоким ривоят қилишган). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа нарса билан қасам ичиш мумкинми?

Динимизда мўмин мусулмонлар Аллоҳ таолодан ўзганинг номи ила қасам ичишдан қайтарилган. Бу борада кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «لاَ تَحْلِفُوا بِآبَائِكُمْ وَلاَ بِأُمَّهَاتِكُمْ وَلاَ بِالأَنْدَادِ وَلاَ تَحْلِفُوا إِلاَّ بِاللَّهِ وَلاَ تَحْلِفُوا بِاللَّهِ إِلاَّ وَأَنْتُمْ صَادِقُونَ» (رواه أبو داود والنّسائي)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-оналарингиз ва санамлар номи билан қасам ичманг. Фақат Аллоҳ номи билангина қасам ичинг. Ростгўй бўлсангизгина Аллоҳ номи билан қасам ичинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда:

«أَلاَ إِنَّ اللهَ يَنْهَاكُمْ أَنْ تَحْلِفُوا بِآبَائِكُمْ، فَمَنْ كَانَ حَالِفًا فَلْيَحْلِفْ بِاللهِ، وَإِلاَّ فَلْيَصْمُتْ» (رواه البخاري ومسلم).

“Огоҳ бўлинг, Аллоҳ сизларни оталарингиз билан қасам ичишдан қайтарди. Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номи ила қасам ичсин ёки жим турсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда баъзи нарса (анжир, зайтун) ва вақт (чошгоҳ, тун) номлари билан ифодаланган қасамларга келсак, у Аллоҳ таолонинг истаган нарсани азиз ва ҳурматли қилишига ишорадир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намознинг фарзларини айтиб берсангиз.

Намознинг фарзларини баён қилишдан аввал фарз амали ҳақида тўхталиб ўтсак.

Фарз – қатъий далил билан собит бўлган. Уни билиш, қалб билан тасдиқлаш ва бажариш лозим бўлади. Шунинг учун уни инкор қилиш куфр ҳисобланади (“Нурул-анвор”).

Намоздаги фарзларни тарк қилиш намозни бузади.
Намознинг фарзлари қуйидагилар:
– Баданнинг таҳоратсизлик ва нажосатдан пок бўлиши;
– Кийимнинг поклиги
– Намоз ўқиладиган жойнинг нажосатлардан поклиги;
– Авратларнинг ёпилган бўлиши;
– Қиблага юзланиш;
– Ният қилиш;
– Вақтнинг кирган бўлиши;
– Такбири таҳримани айтиш;
– Фарз ва вожиб намозларни тик туриб ўқиш;
– Қироат қилиш;
– Руку қилиш;
– Сажда қилиш;
– Қаъдаи охирда яъни, намознинг сўнгида ташаҳҳуд миқдорича ўтириш (“Ал-Мухтор”, “Ҳидоя”, “Фатовои ҳиндия”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен Россиянинг Иркутск деган жойида тахта кесаман. Овқатни руслар мол гўштидан тайёрлашади, ҳалолми ҳаромми билмайман. Шу масалада аниқлик киритиб беришингизни сўрайман?

Сиз ишлайдиган жойда асосан насронийлар яшайди ва уларни динимизда аҳли китоблар, деб аталади. Уламоларимиз аҳли китоблар сўйган жонлиқни ейиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:

الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

яъни: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).

Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид ва бошқа эътиборли олимлар разияллоҳу анҳум: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар (“Тафсири ибн Касир”).

Аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар, авваламбор мусулмонларга ҳалол бўлган сигир, қўй ва товуқ каби жониворлар бўлиши керак. Кейин эса, жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда Яратувчининг номини тилга олишлари лозим. Сўйилаётган ҳайвон бўғиб, ё уриб ўлдирилса, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Ҳайвоннинг шоҳтомирини кесиш ва қонини оқизиш йўли билан сўйилса, бизга ҳалол бўлади.

Агар насроний жонлиқ сўяётган пайтда ўз тилида «Бисмиллаҳи» деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса ҳам, гўшт ҳалол бўлади, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

Демак, аҳли китоблар юқоридаги қоидаларга кўра сўйган ҳайвоннинг гўштидан таом тайёрланаётган бўлса, ундан ейишингиз жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Кимларга закот бериш ўринли?

Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
5. Мукотаб қуллар;
6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас);

Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган.

Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
1. Бошқа дин вакилларига;
2. Бой кишиларга;
3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва ўғил-қизларга;
5. Эр ёки хотинга;
6. Ҳошимийлар яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига. (“Ҳидоя”, “Ал-Мухтор”, “Фатҳу бобил иноя”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таяммумни соддароқ қилиб тушунтириб беринг илтимос.

Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш”, деган маънони билдиради. Шариатимизда эса поклик ҳосил қилиш учун пок ер жинсини қасд қилиш (яъни, юзга ва қўлга суртиш)дир. Пок ер жинси деганда – тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳоратнинг ҳам, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтади. Аллоҳ таоло айтади:

فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا

яъни: “…(лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилинг…” (Моида сураси, 6-оят)

Қуйидаги ҳадис ҳам ворид бўлган: “Сув топа олмасанг, ҳатто ўн йилгача бўлса ҳам, таяммум сенга етарли бўлади” (Имом Абу Довуд Абу Зардан, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).

Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак. Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:
– Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
– сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
– ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан зарар кўриши аниқ бўлса;
– сув олдида душман бўлса;
– таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
– Қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.

Таямммум қуйидагича қилинади:
– дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок тупроқни қасд қилади;
– кейин икки қўлини пок тупроққа уради, ёпишиб қолган тупроқни қоқиб, қўлларини юзига суртади;
– кейин яна қўлларини тупроққа уради ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилади. Бунда қўлларнинг ҳамма жойини масҳ қилиш шарт;
Таяммумни намоз вақти киришидан олдин қилса ҳам бўлади. Сув топилгунча, битта таяммум билан хоҳлаганча намоз ўқиш мумкин.

Таяммумни таҳоратни бузувчи нарсалар бузади.

Сув топишидан умиди бўлган киши намозни охирги вақтигача кечиктириб туриши мустаҳаб ҳисобланади (“Ал-Мухтор”, “Ал-ихтиёр”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эснаган пайтимизда нима учун қўл билан оғиз беркитилади? Бунинг бир асоси борми?

Эснаш пайтида қўл билан оғизни тўсиш суннатдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » إِذَا تَثَاوَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيُمْسِكْ بِيَدِهِ عَلَى فِيهِ ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَدْخُلُ» .(رواه مسلم)

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз мазкур ҳолатда оғизни чап қўлнинг орқа тарафи билан беркитишни одобдан эканини айтишган. Шунингдек, бошқа ҳадисларда эснаб туриб: “ҳооҳ” деб, овоз чиқариб бўлмаслигини, чунки бунда шайтоннинг кулгисига сабаб бўлинишини ҳам баён қилинган. Яна баъзи ривоятларда Пайғамбарлар алайҳимус-салом ҳеч эснашмагани ривоят қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Шом пайти боламни кўтариб, қўшни аёллар билан кўчада гаплашиб турган эдик, маҳалламиздан бир отахон бизни: “Жину шайтонлар тўзийдиган маҳал ёш бола билан кўчада нима бор сизларга?” деб койиб бердилар. Отахоннинг гаплари қанчалик тўғрилигини билмоқчи эдим.

Отахон жуда тўғри гапни айтибдилар. Аввало, динимиз аёлларни кўчада мақсадсиз гап сотиб ўтиришига рухсат бермайди. Ундан кейин, шом пайтида жин ва шайтонлар изғиб юриши ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идишларингиз устини ёпинг, қопнинг оғзини боғланг, эшикларни қулфланг, кеч кирганида болаларингизни қайтаринглар. Сабаби, (бу пайтда) жинларнинг тарқалиши ва тез ҳаракатланиши бор…” (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисда бир қанча фойдали маслаҳатлар берилмоқда. Кексаларимизнинг “Шомдан кейин кўчага чиқиб бўлмайди”, деган гапи мана шу ҳадисга асосланиб айтилган бўлса, ажаб эмас. Сабаби шом пайтида жинлар ер юзи бўйлаб тарқалади. Бу пайтда жинлар кўчада юрган болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин. Чунки улар оятлар, зикру тасбеҳларни айтиб юришни билишмайди.

Баъзан, болаларнинг инжиқ бўлиб қолиши, уйқусида босинқирашига ҳам ана шу пайт кўчада юриши сабаб бўлади. Бу ноқулайликлардан қутилиш учун ҳадиси шарифдаги кўрсатмаларга амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир икки марта жума намозларида имом домла «қайта тирилиш» деб айтди. Қайта тирилиш ҳақида озгина маълумот бера оласизми?

Ислом ақидаси бўйича бу дунё инсон учун синов майдони холос. Ўлим инсоннинг бу фоний дунёдан боқий дунёга кўчишидир. Биз яшаётган дунёда ҳамма нарса бир кун келиб ниҳоясига етади. Адолатли зот Аллоҳ таоло инсоният бу дунёда қилиб ўтган амалларининг мукофот ёки жазосини тўлиқ олиши учун уни қайта тирилтиради. Ўшанда танамиз ва руҳимиз бирлашиб худди ҳозирги кўринишига келади.

Қиёматда инсонларнинг қайта тирилиши бор эканига имон келтириш динимиздаги энг катта асослардан бири бўлиб, уни инкор қилган киши мўмин ҳисобланмайди. Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ўринда қайта тирилиш кунига ишониш Аллоҳ таолога ишониш билан ёнма-ён зикр қилинган ва мантиқий жиҳатдан унинг ҳақ экани исботланган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُ قَالَ مَنْ يُحْيِي الْعِظَامَ وَهِيَ رَمِيمٌ *قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنْشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ

яъни: “У Бизга: «Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?»– деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди”. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир»” (Ясин сураси, 78-79 оятлар).
XX асрга келиб табиий фанлар, хусусан, биологиянинг бугунги ривожи одамнинг қачондир қайта тирилиши мумкинлигини илмий жиҳатдан исботламоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафақат инсон суякларини йиғишга қодир эканини, балки унинг бармоқ учларигача қайта тиклашга ҳам қодир эканини таъкидлаган:

أَيَحْسَبُ الْإِنْسَانُ أَلَّنْ نَجْمَعَ عِظَامَهُ * بَلَى قَادِرِينَ عَلَى أَنْ نُسَوِّيَ بَنَانَهُ

“Инсон унинг (чириб кетган) суякларини сира тўплай (тиклай) олмайди, деб Биздан гумон қилурми?! Йўқ, Биз (ўша куни) унинг бармоқларини (ҳам тиклаб) текислаб қўйишга қодирмиз!”

Қуръон карим нега айнан бармоқ учлари ҳақида тўхталмоқда? 1880 йилда, Сер Франсис Голт олиб борган тадқиқотдан сўнг, бир кишининг бармоқ излари дунёдаги бошқа ҳеч кимники билан айнан бир хил бўлмас экани, ҳаттоки эгизакларда ҳам бу ҳол фарқланиши аниқланди.

Шундан сўнг бармоқ изларидан фойдаланиш кишилар шахсини тасдиқловчи илмий усулга айланди. Жиноятчиликни аниқлаш борасида ҳам айнан бармоқ изларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Ваҳоланки, Бундан ўн тўрт аср илгари, илм-фан ҳеч қандай ютуққа эришмаган бир пайтда ҳар бир кишининг бармоқ изларигача бус-бутун қайта яратишга урғу берилиши, Қуръоннинг нақадар ҳақ эканини яна бир карра илмий жиҳатдан исботлайди.

Қолаверса, Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бир банда қандай ҳолда ўлган бўлса, шундай тирилтирилади”, деганлар” (Имом Муслим ривояти).

Сизга ушбу мавзуга доир эътиқод ҳақидаги китоблардан кенгроқ маълумот олишингизни тавсия қиламиз. Аллоҳ тавфиқ берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эр-хотин қўшилгандан сўнг ғусл қилиш шартми ёки таҳорат қилса ҳам бўлаверадими?

Эр-хотин қўшилганидан сўнг, ҳатто маний нозил бўлмаса ҳам, ғусл қилиш фарз бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Икки жинсий аъзонинг кесилган жойи тўқнашса ва бош қисми ғоиб бўлса, маний нозил бўладими ё йўқми, ғусл вожиб бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Жунуб бўлган кишига ғусл вожиб бўлишини қуйидаги оятдан билиб оламиз:

وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا

Яъни: “…агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!…” (Моида сураси, 6-оят)

Ғуслда учта фарз бор:
– оғиз чайиш;
– бурун чайиш;
– баданнинг ҳамма жойини ювиш.

Ғусл қилмоқчи бўлган одам, қуйидаги тартибга амал қилиши суннат: аввало қўлини ювади, кейин аврати ва баданидаги нажосатларни кеткизади, сўнг худди намозга қилганидек таҳорат қилади, сўнгра баданининг ҳамма жойига уч марта сув етказиб ювади, оёғи остида сув тўпланадиган бўлса, йиғилган сувдан чиқиб, четроқда оёғини ювади (“Ҳидоя”, “Ал-Ихтиёр”). Ғуслда ният қилиш суннат ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Агар савдогар оз бўлса ҳам ёлғон аралаштирса ундан келган пул ҳалолми?

Сотувчи савдода ёлғон ишлатгани учун ундан келган пули очиқ ҳаром бўлмасада, ёлғони сабабли қаттиқ гуноҳкор бўлади ва топган молининг баракаси ўчади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси шарифларида умматларини омматан, савдогарларни эса хоссатан ёлғон гапиришдан қайтарганлар. Рифоа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, У киши Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: “Эй тожирлар жамоаси!” дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот: “Албатта, тожирлар қиёмат куни фожир ҳолларида тирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Демак, тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу касби унга охиратда надомат келтирар экан.

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

» اَلْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا فَإِنْ صَدَقَا وَ بَيَّنَا بُورِكَ لَهُمَا فِى بَيْعِهِمَا وَاِنْ كَتَمَا وَ كَذِبَا مُحِقَتْ بَرَكَةُ بَيْعِهِمَا «

яъни: “Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёрлари ўзларидадир. Агар улар бир бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмасалар, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, савдо-сотиқ ишлари ростгўйлик ва холислик асосида амалга оширилса, ҳар икки тараф ҳам фойда топиш билан бирга, ризқларида файзу баракага эришади. Акс ҳолда, ушбу савдоларида баракадан маҳрум бўлиб, охиратда надоматга қолишларига сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эшитишимча, кечқурун тунни учинчи ярмида туриб “Ихлос” сурасини 200 марта қироат билан ўқиган одамнинг 50 йиллик гуноҳи кечирилар экан. Шу қанчалик тўғри?

عن أنس بن مالك رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال : » مَنْ قَرَأَ كُلَّ يَوْمٍ مِائَتَيْ مَرَّةٍ : » قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ» مُحِيَ عَنْهُ ذُنُوبُ خَمْسِينَ سَنَةً إِلَّا أَنْ يَكُونَ عَلَيْهِ دَيْنٌ » رواه الترمذي وابن عدي في » الكامل » والبيهقي فى «الشعب»

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни “Қул ҳуваллоҳу Аҳад”ни икки юз марта ўқиса унинг зиммасидаги қарзидан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади”, дедилар”. (Имом Термизий “Сунан”да, Имом Байҳақий “Шуабул-имон”да ва Ибн Адий “ал-Комил”да ривоят қилган).

Уламолар ушбу ривоятни заиф ҳадис дейишган. Унинг санадида Ҳотим ибн Маймун исмли ровий бор бўлиб, барча муҳаддислар унинг ривояти ҳужжат бўлмаслигини таъкидлашган. Шунинг учун Имом Термизий ҳам ҳадисни охирида “Ушбу ривоят ғарибдир”, деганлар. Лекин, фазилатли амалларда бу каби ҳадисларга, гарчи заиф бўлсада, амал қилиш мумкинлигига уламолар иттифоқ қилишган. Қолаверса, “Ихлос” сурасининг фазилатли сура экани борасида кўплаб саҳиҳ ҳадислар бор.

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши бошқа кишининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини қайта-қайта ўқиётганини эшитади. У тонг отгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб унинг “Ихлос” сурасини қайта-қайта ўқийверганини зикр қилади. Гўёки бу билан у шеригининг амалини паст санайди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, “Ихлос” сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривоят қилишган).

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ривоятда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз бир кечада Қуръони каримнинг учдан бирини ўқий оласизми?” – деб сўрадилар.

– Бунга қандай қилиб кучимиз етади? – дейишди.
– “Аллоҳу аҳад, Аллоҳус сомад” (яъни, “Ихлос” сураси) Қуръоннинг учдан биридир”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам (“Ихлос” сурасини назарда тутиб): “Эй, Расулуллоҳ, мен шу сурани жуда яхши кўраман”, деди. Расулуллоҳ: “Уни яхши кўришинг сени жаннатга етаклайди”, дедилар” (Термизий ривояти).

Демак, “Ихлос” сурасини қанча кўп ўқилса, шунча яхши. Айниқса, вақти ва имконияти бор кишилар уни ҳар куни муайян ададда ўқиб юришни одат қилсалар улкан савоб ва фазилатга эришган бўладилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Қиёмат аломатлари ҳакида маълумот берсангиз.

Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари – қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир.

Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин – устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, – дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни махшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада шундай дейилади:

وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.

“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Витр намозида “Қунут” дуосини ўрнига “Ихлос” сурасини уч марта ўқиса бўладими?

Витр вожиб намозлардан ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабига кўра бу ўринда қуйидаги машҳур дуони ўқилади:

اللَّهُمَّ إنَّا نَسْتَعِينُك وَنَسْتَغْفِرُك وَنُؤْمِنُ بِك وَنَتَوَكَّلُ عَلَيْك وَنُثْنِي عَلَيْك الْخَيْرَ كُلَّهُ نَشْكُرُك وَلَا نَكْفُرُك وَنَخْلَعُ وَنَتْرُكُ مَنْ يُفْجُرُك اللَّهُمَّ إيَّاكَ نَعْبُدُ وَلَك نُصَلِّي وَنَسْجُدُ وَإِلَيْك نَسْعَى وَنَحْفِدُ نَرْجُو رَحْمَتَك وَنَخْشَى عَذَابَك إنَّ عَذَابَك بِالْكُفَّارِ مُلْحِقٌ

Бу матннинг ўқилиши қуйидагича:
“Аллоҳумма иннаа настаийнука ва настағфирук, ва нуъмину бика,ва натаваккалу алайка ва нусний алайкал хойра куллаҳ, нашкурука валаа накфурука ва нахлау ва натруку май яфжурук. Аллоҳумма ийяака наъбуду, валака нусоллий ва насжуду, ва илайка насъаа ва наҳфиду. Наржуу роҳматака ва нахшаа азаабак, инна азаабакал бил-куффаари мулҳиқ”.

Ушбу “Қунут” дуосини Умар разияллоҳу анҳудан Имом Абдурраззоқ ўзининг “Мусаннаф”ида саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Қунут дуосини билмайдиган кишилар унинг ўрнига Ихлос сурасини ўқиши жоиз эмас. Чунки бу ўрин дуо ўрни. Ихлос сураси эса, дуо эмас.

Уламоларимиз қунут дуосини ўқий олмайдиган киши унинг ўрнига инсонлардан сўралмайдиган, фақат Аллоҳдангина сўраладиган дуоларни ўқиса бўлади, деганлар. Бу ҳақида Аллома Ибн Обидийн шундай дейдилар:

ومن لا يحسن القنوت يقول ربنا آتنا في الدنيا حسنة وقال أبو الليث يقول اللهم اغفر لي يكررها ثلاثا وقيل يا رب ثلاثا

Яъни: «Қунут дуосини яхши ўқий олмайдиган киши “Роббана отина фид дуня ҳасана…” дуосини ўқийди. Фақиҳ Абу Лайс: “Аллоҳуммағфир лий”ни уч марта айтади, деганлар. Баъзилар: “Я Робб” деб уч марта айтади, деган” (Раддул Муҳтор). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда мана бундай ёзувлар келмоқда: “Рамазон ойи 2019 йил 5 майдан – 3 июнгача экан. Пайғамбаримиз с.а.в. “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” дeган ҳадислари бор”. Шу ҳадис ишончлими? Олдиндан раҳмат.

“Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” мазмунида ҳадис йўқ! Балки, бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган уйдирмалардан биридир. Буни бир неча жиҳатдан асослаш мумкин:

Биринчидан – ушбу тўқима “ҳадис”ни бирор ҳадис тўпламига келтирилмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган исноди – ровийлар силсиласи мавжуд эмас. Зеро, ҳар бир ҳадиснинг исноди бўлиши лозим. Агар бирор ривоятни исноди бўлмаса уни ҳадис деб, аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддислардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи: «Иснод диндандир! Агар иснод бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади», деганлар.
Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси олдиндан ҳеч кимга маълум бўлмайди. Балки, Рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан маълум бўлади. Демак, у ҳақида аввалдан эслатиш мантиқан имконсиз ишдир.

Учинчидан – Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатган кишига дўзах олови ҳаром қилиниши ҳам шариатимизнинг умумий қоидаларига зиддир. Чунки, ким жаннатга кириши, ким дўзахга кириши бу каби амаллар билан белгиланмайди. Балки, шариат кўрсатмаларига амал қилиши билан белгиланади.

Имом Жалолиддин Суютий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг ҳадис илмига бағишланган китобида тўқима ҳадислар ҳақида сўз юритиб, муҳаддис олим ибн Жавзийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтиради:
“Агар бирор ҳадисни ақлга тўғри келмаслигини ёки (саҳиҳ) нақлларга мувофиқ эмаслигини ёхуд асл манбаларга зид эканини кўрсанг, билгинки, у – тўқима ҳадисдир. Асл манбаларга зид эканидан мурод – муснадлар ва машҳур китоблардан иборат Ислом оламидаги (ҳадис) тўпламларига киритилмаганидир” (“Тадрибур-ровий”, 469-бет).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, билиб-билмай турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун бирор ривоятнинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, нақл қилиш яхши эмас.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дедилар”.
(Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Имом Муслимнинг ривоятида:
“Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни билиб туриб тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дейилган.

Яъни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни айтса, у ёлғончилардан биридир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳатто баъзи уламолар уни гуноҳи кабиралардан санаган. Фақат ўша “ҳадис” тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида айтишга рухсат берилган. Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий-асоссиз гапларни ҳадис деб тақатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен деярли ҳар куни уйқудан уйғонсам кийимимда намликни кўраман. Уни мазий, деб қасд қилиб таҳорат билан намоз ўқийман. Тушда эҳтилом бўлганини эсласам ёки кўпроқ намликни сезсам ғусл қиламан. Ўзи уйғоқлигимда ҳам мазий келиш ҳолати кўп кузатилади. Шунинг учун уйғониб ўша доғни кўрсам ғусл қилмаяпман. Бу ишим тўғрими?

Уйқудан турган киши эҳтиломни эсласа ҳамда кийими ва баданида маний ёки мазийни топса, ғусл вожиб бўлади. Шунингдек, эҳтиломни эслай олмаса ва ухлаётганда жинсий аъзоси қўзғалмаган бўлса, уйқудан туриб намликни топса, ғусл вожиб бўлади. Агар ухлаётганда жинсий аъзоси қўзғалиб турган бўлса, ўйғониб намликни топса, ғусл вожиб бўлмайди. Чунки қўзғалиш мазий чиқишига сабаб бўлади. Намликнинг мазий экани устун қўйилади” (“Мароқил Фалаҳ”)

Бу масалада қуйидаги ҳолатлар бўлиши мумкин:
1) Кийими ёки баданида намлик топган киши эҳтиломни эсласа ва намлик мазий эканини аниқ билса ёки маний-мазийлигида шак қилса ҳам, ғусл вожиб бўлади.
2) Кийими ёки баданида намликни топган киши эҳтиломни эслай олмаса қуйидаги ҳолатлар бўлади:
А) намлик мазий эканини аниқ билса, унга ғусл вожиб эмас;
Б) намлик маний ёки мазий эканида иккиланса, Имом Абу Юсуф (токи эҳтиломни эслай олмас экан) ғусл вожиб бўлмайди деганлар. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад эса ғусл вожиб бўлади, дейишган (“Фатовои ҳиндия”).

Ибодат бобида масаланинг эҳтиёти олингани учун чиққан намлик маний бўлган ва тана ҳарорати билан ўзгаришга учраган, дейилади. “Уйқудан турган киши кийимида маний ёки мазийни кўрса, унга ғусл вожиб бўлади” (“Мухтасарул виқоя”, “Ал-Мухтор лил фатво”).

Бу ўринда тушида эҳтилом бўлганини эслай олиши муҳим эмас. Чунки ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عن عائشة قالت: «سُئِلَ رسولُ اللهِ صلى اللهُ عليه وسلَّمَ عن الرجلِ يَجِدُ البلَلَ ولَا يَذْكُرُ إِحْتِلَامًا قال يَغْتسِلُ وعن الرجلِ يَرَى أَنه قد احْتَلَمَ ولا يَجِدُ البللَ قال «لَا غُسْلَ عليه» (أخرجه أبو داود وأحمد والدارقطني والبيهقي)

Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан “Уйғонганда намликни кўриб, эҳтилом бўлганини эслай олмаган киши” ҳақида сўралди. У зот: “Ғусл қилади“, дедилар. “Эҳтилом бўлганини эслай оладию, лекин намликни кийимидан топа олмайдиган киши” ҳақида сўралганда, у зот: “Унга ғусл қилиш вожиб эмас“, деб жавоб бердилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад, Имом Дорақутний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ёшим 34 да. Бир йилдан бери намоз ўқияпман. Намозни бошламасдан аввалги намозларни қандай адо қиламан? Бир танишим суннат намозларининг ўрнига ракатлари тўғри келадиган фарзларнинг қазосини ўқиб юришни тавсия қилди. Шундай қилиш мумкинми?

Қазоси бор одам таъкидланган суннат намозларни ўқийверади. “Суннатларни тарк қилиб, ўрнига ракати тўғри келадиган қазо намозларини ўқишкерак”лиги ҳақида бирор кўрсатма йўқ. Балки, фиқҳий манбаримизда бунинг аксини учратишимиз мумкин. Масалан, “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Ўқилмай қолдирилган намозларнинг қазосини ўқиш нафл намозлар билан машғул бўлишдан кўра яхшироқ ва муҳимроқдир. Лекин машҳур суннат намозлари, Зуҳо намози, Тасбеҳ намози ва хабарларда зикр қилинган, ичида маълум суралар ва машҳур зикрлари бўлган намозлар бундан мустасно (яъни, улар ўқилаверади). Ўқилмай қолдирилган намозлар қазо ниятида, нафл намозлар эса нафл ниятида ўқилади”.

“Қазо намозларини ўқишга белгилаб қўйилган вақт йўқ. Фақат намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтлар: қуёш чиқаётган, тиккага келган ва ботаётганда ўқиб бўлмайди. Қазо намозини жамоат бўлиб ўқилса, жаҳрий намозни жаҳрий, махфий намозни махфий ўқийди (“Фатвои Ҳиндия”).

Қазо намозларга ният қилганда унинг энг аввалги ёки энг кейинги қазосини ўқишни ният қилдим дейиш тавсия этилади. Масалан, бомдод намозининг ниятиди: “Ният қилдим қазо бўлган энг аввалги бомдод намозининг фарзини ўқишни, юзимни қиблага қаратган ҳолда, холисан лиллоҳи таоло аллоҳу акбар”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳаётда қийинчиликларга учраганда қайси дуоларни ўқисак яхши бўлади?

Қийинчиликларга дуч келинганда Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни лозим тутиш керак. Дуо ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

яъни: “Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим», – деб нидо қилган (пайтини эсланг!)” (Анбиё сураси, 87-оят).

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ

Яъни: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят).

Уламоларимиз мана шу оятга мувофиқ кимнинг бошига иш тушса,

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

дуосини кўп айтсин, дейишади. Яна, истиғфор (астағфируллоҳ)ни кўп айтиш ҳам, камбағаллик, бефарзандлик ва қурғоқчилик каби муаммоларни кўтариши Қуръони каримда зикр қилинган (Нуҳ сураси, 10-12 оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат вақтларида қуйидаги дуоларни ўқир эканлар:

1) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат вақтида: “Улуғ ва Ҳалим Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, осмонлару Ернинг Парвардигори ва улкан аршнинг Парвардигори бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” – деб дуо қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ الْعَظِيمُ الْحَلِيمُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَاوَاتِ
وَرَبُّ الْأَرْضِ وَرَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича:
“Лаа илааҳа иллаллоҳул азиймул ҳалийм, лаа илааҳа иллаллоҳу Роббул аршил азийм, лаа илааҳа иллаллоҳу роббус самааваати ва роббул арзи ва роббул аршил карим”.

2) Имом Термизий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига бирон мусибат тушса: “Ё Ҳай, ё Қайюм, раҳматинг ила мадад сўраймиз” – деб дуо қилар эканлар.

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ بِرَحْمَتِكَ أَسْتَغِيثُ

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича:
“Я Ҳаййу я Қойюм бироҳматика астағийс”.

3) Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бошига мушкул иш тушган кишининг дуоси “Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени бир лаҳза ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма ва барча ишларимни Ўзинг ўнгла! Сендан узга илоҳ йўқ” деб айтмоғидир” (Имом Абу Довуд ва имом Аҳмад ривояти).
Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو، فَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ، وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича:
“Аллоҳумма роҳматака аржуу, фалаа такилний илаа нафсий торфата айнин, ва аслиҳ лий шаъний куллаҳуу, лаа илааҳа иллаа анта”.

Ушбу оят ва ҳадисларда келган дуоларнинг маънолари ўзлаштирилганидан сўнг арабчаси айтиб қилингани мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Интернетда 1 февраль куни осмондан қандайдир тош тушар экан, Қиёмат бўлар экан дейишяпти. Ҳаттоки, масжидга қатнайдиган, диндан хабари бор одам ҳам тайёргарликни кўринглар деяпти. Шу гап тўғрими?

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Қиёмат қачон бўлишини сўраганларга Пайғамбаримиз қандай жавоб беришлари керак эканлигини Аллоҳ таолони ўзи очиқ-ойдин ояти каримада ўргатган. Жумладан Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

يَسْأَلُكَ النَّاسُ عَنِ السَّاعَةِ قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِنْدَ اللَّهِ وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّ السَّاعَةَ تَكُونُ قَرِيبًا

“Одамлар Сиздан Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир” – деб айтинг!” (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Қиёмат қачондир бўлишига имон келтирганмиз, лекин айнан қайси кунда бўлиши ҳақидаги маълумотни Аллоҳ таоло сир тутиб, уни бирор бир манбада келтирмаган. Ҳатто, ўз пайғамбарлари ва фаришталаридан ҳам яширган.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиздан “Менга соат (Қиёмат) ҳақида хабар беринг!” деб сўраганларида Пайғамбаримиз: “У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам Қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.

Демак, Пайғамбаримиз ва Жаброил алайҳиссаломлар билмаган нарсани ким, “мен биламан, фалон куни Қиёмат бўлади”, деса, иймонига футур етади. Бир қанча оят ва ҳадисларга қарши чиққан бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ўргимчак тушган сувдан фойдаланиш, таҳорат олиш жоизми?, Баъзилар уни ишлатиб бўлмайди, васваса бўлиб жонига қасд қилади дейишади. Шу тўғрими?

Бу гапнинг қаердан келиб чиққани номаълум. Жумҳур уламолар, шу жумладан ҳанафийлар ҳам ўргимчак, ари, суварак ва капалаклар сингари қонсиз ҳашаротлар идишдаги сув ёки таомга тушса, ҳатто таомнинг қайноқлиги сабаб ўлса ҳам, сув ёки таомни нажосат қилмайди, дейишган. Шунингдек, бу каби ҳашаротлар тушган сувни ичиш ёки таҳорат ва ғусл каби ибодатлар учун ишлатиш ҳам жоиз. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Агар биронтангизнинг ичимлигига пашша тушгудек бўлса, пашшанинг ҳаммасини ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бир қанотида даво бор” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бошқа бир ривоятда: “Агар биронтангизнинг идишига пашша тушгудек бўлса, пашшанинг ҳаммасини ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, унинг бир қанотида шифо, иккинчисида эса касаллик бор” (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар шундай дейдилар: “Ушбу ҳадис агар сувга ёки бирон суюқликка пашша тушиб, ўлса, уни нажосат қилмаслигига ниҳоятда очиқ далилдир. Бу аксар уламолар, шу жумладан ҳанафийларнинг ҳам фикридир. Аллома Ибн Нужайм: “Пашша тўғрисидаги мазкур ҳукм асалари, ўргимчак ва шу каби оқар қони мавжуд бўлмаган ҳашаротларга ҳам тегишли бўлади”, деган (Баҳрур-роиқ).

Ибн Қудома шундай дейди: “Агар пашша, чаён, қўнғиз ва шунга ўхшаш оқар қони бўлмаган ҳашаротлар озгина сувга тушиб, ўлса, сувни нажосат қилмайди” (Ал-муғний). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Саволим шуки, намоз ўқиётган одамнинг олдидан кесиб ўтиб бўлмайди деб ўқиган эдим. Бир одам узоқдан кесиб ўтса бўлади деди. Шу тўғрими?

Агар намозхонни саждага қараб турган ҳолатида олдидан ўтаётган кишини кўзи илғамайдиган даражада узоқроқ жойдан ўтса бунинг зарари йўқ. Акс ҳолда унинг олдидан ўтиши жоиз эмас.

عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً. (رَوَاهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди», дедилар». Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) «Қирқ кун» дедими, ёки «ой», ё «йил»ми, билолмадим», деган» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Намозхоннинг олдидан бирор кимса ўтиши хавфи бўлса намозини бошлашидан аввал олдига бирор тўсиқ қўйиб олиши керак бўлади. Буни шариатимизда сутра деб аталади. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, битта чизиқ чизиб қўйилса ҳам бўлади. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.

Агар намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса, намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.

Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, намозхон уни «Субҳаналлоҳ!» деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан қайтаради. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, қарсак каби овоз чиқариш ила қайтарадилар.

Сутранинг энига чегара белгиланмаган, аммо бўйи, яъни баландлиги энг ками бир зиро (яъни ≈46,2 см) бўлиши керак. Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳозирда баъзи вилоятлардаги асосан аёллар ўртасида жорий бўлиб турган “Мушкулкушод” ва “Бибисешанба” ҳақида динимиз нима дейди?

Мушкул кушод – (“мушкул” – қийин, “кушод” – очувчи) қийинчиликларни очувчи, мушкуллик ва чигалликларни ечувчи маъносини билдиради. “Мушкул кушод” ва “Бибисешанба” – мушкулларни осон килиш мақсадида қилинадиган хурофот амаллардан ҳисобланади.
Аслида, мўмин-мусулмон одамнинг ҳаётидаги ҳар бир жабҳаси Қуръони карим ва суннати набавийя кўрсатмасига мувофиқ бўлмоғи лозим. Ушбу икки манбага зид келган ҳар қандай эътиқод ёки урф-одат рад этилади.

عَنْ عَائشَة رَضِيَ الله عَنهَا قَالَتْ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ أَحْدَثَ فِي أمْرِنَا هَذَا مَا لَيسَ مِنْه فَهُوَ رَدٌّ» (أَخْرَجَهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

Яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳидиси шарифда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад этилгандир”, деганлар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Мушкулни кушод қилувчи яъни, банданинг бошига тушган қийинчиликни енгил қилувчи, мушкул ишларни кушойиш айловчи зот ягона Аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун, «Биби Мушкулкушод» ёҳуд “Бибисешанба” деган маросимларни қилишнинг динимизга мутлақо алоқаси йўқдир.

Бошига оғир иш, мушкул тушган мўмин-мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан келган саҳиҳ ривоятлар асосида Қуръон оятларидан ўқиб, саловотлар айтиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан мушкулни осон қилишни сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Динимизда эр ўз хотинини уруши мумкинми?

Шариатимизга кўра ҳар қандай оилавий келишмовчилик ва можароларни тинч йўл билан, оқилона ҳал этишга ҳаракат қилинада. Бунда айниқса оилада эрдан босиқлик ва ҳикмат билан иш кўриш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сурасида айнан эрларга хитоб қилиб:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

«Аёлларингиз билан тотув турмуш кечирингиз», деган (19-оят).
Шу сабаб эр хотинини арзимас сабабли уриши у ёқда турсин, ранжитиши ҳам Қуръони каримнинг мазкур таълимотига зиддир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли-аёлига яхши муносабатда бўлувчиларингиз ва мен (ичларингизда) аҳли(аёли)га яхшилик қилувчироқман” (Термизий ривояти).

Аммо беш қўл ҳам баробар эмас. Ҳаётда баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай пайтда эр оилада ўз мавқеини сақлаши, хотинини тартибга чақиришида Ислом дини кўрсатмасига мувофиқ йўл тутиши керак. Аллоҳ таоло Нисо сурасиниг 34-оятида шундай деган:

وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

«… Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир».

Ушбу ояти каримада Аёлларни итоатсизлик ҳолатида тарбиялаш йўли таълим берилмоқда. Бунда эр уч босқичда аёлига тарбия бериши керак. Биринчисини амалга оширмай иккинчисини бажариши мумкин эмас. Биринчи босқич, панд-насиҳат қилишдир. Бунда эр сабр-матонат билан, аввало ўзи ҳаётий намуна бўлиб, узоқ муддат насиҳат қилишда бардавом бўлади. Агар эрнинг панд-насиҳатлари фойда берса у асло ҳаддидан ошмаслиги ва иккинчи босқични қўлламаслиги лозим. Агар фойда бермаса, шундагина иккинчи босқичга ўтиши яъни бир уйдан чиқмаган ҳолда ётоқ жойини алоҳида қилиб олиши мумкин. Агар бу ҳам наф бермаса эр аёлини жароҳат етмайдиган тарзда уруши мумкин. Бу аҳли-оилани тарбиялаш учун кўриладиган сўнги чорадир. Уруш деганда дўппослаш эмас, балки, одоб бериш мақсадида унинг кўксига ёки одатда жароҳатланмайдиган жойига бир аста туртиб қўйиш тушунилади. Буюк саҳобалар мазкур ояти каримадани ҳудди шундай изоҳлашган. Баъзи кишилар Қуръонда “урингиз” дейилган, деб аёлларига зулм қилиб қўядилар. Бу жуда катта хатодир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Саволим куйидагича, чет элдан туриб Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Новқатий, Маҳмуд Абдулмўмин исмли шахслар турли диний саволларга жавоблар ва фатволар беришмоқда. Биз улар билан кўриша олмасак, яшаш жойини билмасак, улардан тўғри йўл сўраш, берган фатволарига амал қилиб, эргашиш мумкинми? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат.

Ҳозирда ижтимоий тармоқда сиз номларини айтиб ўтганингиз каби шахслар диний мазмундаги дарслар, саволларга жавоблар бериш орқали жамиятимизда турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлишмоқда. Уларнинг асли ким, илмий салоҳияти, мазҳаби ва ақидаси қандай экани кўпчилик ёшларимизга маълум эмас!
Мисол учун шулардан Абдуллоҳ Зуфар номи билан танилган йигитни олайлик. У Миср Араб Республикасида бироз таълим олган. Кейин Миср ҳукумати томонидан таъқибга учраб, Швецарияга бориб, ўша ерда ўзбек тилида билимсизлик билан турли ихтилофларни қўзғашни бошлаган. Аслида унинг аудио ёзилган гап-сўзлари илмсиз эканини яққол исботламоқда. Оят ва ҳадисларни зоҳирий – юзаки маъносини олиб, мазҳабсизликка тарғиб қилиб, мужассима (Аллоҳ таолога жисм сифатини берувчи тоифа) ва хаворижларни ақидасига тарғиб қилаётгани кўпчилик илм аҳлларига сир эмас. Минг афсуски, сиз айтиб ўтганингиздек, бугунги кунда кўплаб ёшлар ўзларининг диний эҳтиёжларидан келиб чиқиб, унинг гап-сўзларини фарқлай олишмаётир.

Бу каби ҳолатлар фақат бизнинг замонда бўлаётгани йўқ. Аввалги даврларда ҳам гап-сўзга уста, аслида эса, илмсиз ва жоҳил кишилар одамларга “фатво” айтиб, ўзларини машҳур қилишга уринганлар бўлган. Уламоларимиз азалдан “Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак” эканини таъкидлаб келганлар. Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ “Шаръий илм бу – дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”, – деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: «Ушбу илм – диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: «Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар» деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!», – деганлар.

Демак, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмайди. Чунки, фатво бу диндир! Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. “Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш керак”, дейилмайди. Балки, фатво беришга лойиқми ёки йўқми, ишончли уламолардан таълим олганми, динда холисми ёки ғаразли мақсади борми? Шуларга қаралади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен пиёда ҳаж қилмоқчиман, шу масалага динимизда нима дейилади?

Пиёда ҳаж қилиш тўғрисида мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ макруҳ, деганлар. Чунки пиёда ҳаж қилишда сафар машаққати одамнинг хулқига салбий таъсир кўрсатиб, киши феълини тажанг қилиб қўяди. “Мажмаъул анҳур” китобида: “Уловда ҳаж қилиш пиёда ҳаж қилишдан афзалдир ва фатво ҳам шунгадир”, дейилади.

Ҳозирги кунда ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ҳисобга олиб, фақат уюшган ҳолда ва ҳаво йули орқали ҳаж сафари қилинади. Ҳар бир ҳожининг хавфсизлиги, соғлиги ва ибодатларни тўлиқ бажариши махсус ишчи гуруҳ диққат-эътиборида бўлади.

Демак якка тартибда пиёда ва автомобилларда ҳаж сафари қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки пиёда сафар қилинганда бир нечта хорижий давлатлар чегаралари кесиб ўтилади ва йўлнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилиб турганда бир пайтда, жонимизни хавфга қўйиб, пиёда ҳаж қиламан, дейиш маъқул эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

«Солатун-нория» ҳақида маълумот берсангиз. Ҳақиқатда ҳам ишларнинг юришишида унинг ижобий таъсири борми?

Араб тилида «нор» – «олов», «аланга» деган маъноларни англатади. Шундан «солатун-нория» – «оловга оид салавот», деган маънони ифодалайди. Ушбу саловотни бундай номланишининг сабабини баъзи илм аҳллари: «Солатун-нория кўп ўқилиши фитна оловларини ўчириши» билан изоҳлайдилар.

Умумий маънода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтиш дуоларнинг ижобат бўлиши, мушкулларнинг кушойиш этилишига сабаб экани борасида кўплаб саҳиҳ ривоятлар бор. Жумладан:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رضي الله عنه قَالَ : » إِنَّ الدُّعَاءَ مَوْقُوفٌ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ ، لا يَصْعَدُ مِنْهُ شَيْءٌ حَتَّى تُصَلِّيَ عَلَى نَبِيِّكَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ» (رواه الترمذي ، قال ابن كثير : إسناده جيد)

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Набиййинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот айтмас экансан қилган дуойинг ер ва осмонда тўхтаб туради, ундан бирор нарса кўтарилмайди”, деганлар (Имом Термизий ривоят қилган. Ибн Касир: “Бу ривоятнинг исноди яхши”, деган).

Машҳур муҳаддис олим Зайниддин Ироқий: “Ушбу ривоят гарчи Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлсада одатда бу каби хабарлар кишининг фикридан келиб чиқиб айтилмаслиги жиҳатидан марфуъ – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари ҳукмидадир”, деган.

Ҳиббон ибн Мунқиз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳидисда шундай дейилади: “Бир киши “Эй Аллоҳнинг Расули, дуойимни учдан бирини сизга саловот айтиш учун ажратайинми?”, деди. У зот: “Агар хоҳласанг, майли”, дедилар.
– “Учдан иккисини ажратсамчи?”, деди.
– “Майли”, дедилар.
– “Ҳаммасини ажратсамчи?”, деди.
– “Унда дунё ва охиратингдаги ғам-ташвишингга Аллоҳ кифоя қилади”, дедилар. (Имом Табароний “ал-Муъжам ал-кабир” да ривоят қилган).

«Солатун-нория» ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотлардан биридир. Лекин у бирор-бир саҳиҳ ёки заиф ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ёки саҳобалардан ривоят қилинган эмас. У машҳур тариқат пешвоси Шайх Аҳмад Рифоий қуддиса сирруҳудан нақл қилинган бўлиб, у зотнинг тавсиялари асосида баъзи ихлосмандлар томонидан ҳозирга қадар ўқиб келинади. Айниқса, уни 4444 марта ўқилиши натижасида Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳожатларнинг бароридан келиши, дуолар ижобат бўлиши тажрибадан ўтганлиги кўпчилик томонидан эътироф этилган.
«Солатун-нория» матни қуйидагичадир:

اَللّٰهُمَّ صَلِّ صَلَاةً كَامِلَةً وَسَلِّمْ سَلَامًا تَامًّا عَلٰى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِى تَنْحَلُّ بِهِ الْعُقَدُ، وَتَنْفَرِجُ بِهِ الْكُرَبُ، وَتُقْضٰى بِهِ الْحَوَآئِجُ، وَتُنَالُ بِهِ الرَّغَائِبُ، وَحُسْنُ الْخَوَاتِمِ، وَيُسْتَسْقَى الْغَمَامُ بِوَجْهِهِ الْكَرِيْمِ، وَعَلٰى اٰلِهِ وَ صَحْبِهِ فِي كُلِّ لَمْحَةٍ وَنَفَسٍ بِعَدَدِ كُلِّ مَعْلُوْمٍ لَّكَ

Транскрипцияси: «Аллаҳумма солли солатан каамилатан, ва саллим саламан таамман аъла саййидина Муҳаммадинил-лазий танҳаллу биҳил уқад, ва танфарижу биҳил кураб, ва туқзо биҳил ҳавааиж, ва тунаалу биҳир-рағооиб ва ҳуснул-ҳаватим. Ва юстасқол ғамам би-важҳиҳил-карим ва ала аалиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би-аъдади кулли маълуммил-лак». Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мен дорихонада ишлайман. Дори олиш учун келадиган кўпчилик мижозлар “Мана бу дори яхши тузатадими” “яхши тузатадиган доридан беринг” деган гапларни ишлатишади. Манимча бу ширк бўлмоқда (Аллоҳ асрасин). Шу каби ҳолатларда қандай йўл тутайлик?

«Бу дори мени тузатади» дейиш ширк ҳисобланмайди. Балки бунда ўша дори касалликни тузатишда восита бўлиши назарда тутилади. Аслида, касалликларни ёлғиз Аллоҳ таоло тузатишини ҳамма билади. Бу каби ҳолат Қуръони каримда ҳам келган. Масалан, Аллоҳ таолонинг Ўзи ўлим фариштасига ўлдириш феълини нисбат бериб:

قُلْ يَتَوَفَّاكُمْ مَلَكُ الْمَوْتِ الَّذِي وُكِّلَ بِكُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّكُمْ تُرْجَعُونَ

«Айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингиз ҳузурига қайтарилурсиз», деган (Сажда сураси, 11-оят).

Ваҳоланки, аслида ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам ёлиз Аллоҳ таолонинг феъли ҳисобланади. Ўлим фариштаси эса ҳудди дардни тузалишида дори восита бўлгани каби бир воситачи холос. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жума намозида имом қироат қилаётганда баъзи кишилар хам бирга овоз чиқариб қироат қилиши қулоққа чалиниб туради. Шу амал дурустми?

Имом қироат қилаётган пайтда унга иқтидо қилган киши ҳам ичида қироат қилиши макруҳ амал саналади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. Шунда раҳм қилинурсиз», деган (204-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти).

Кўплаб ҳадиси шарифларда имомнинг қироати иқтидо қилган шахс учун ҳам кифоя қилиши очиқ айтиб ўтилган. Масалан Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Имомнинг қироати унга иқтидо қилганнинг қироатидир», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Машҳур муҳаддис олим Бадриддин Айний: “Саксонга яқин саҳобалар имом ортидан қироат қилишдан қайтаришган”, деган (“ал-Биноя фи шарҳил- Ҳидоя”).

Имом Шаъбий айтадилар: “Мен Бадр ғазотида қатнашган саҳобаларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди”.

Ушбу ва ундан бошқа ривоятларга кўра барча мазҳаб фуқаҳолари имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилганда унга иқтида қилган киши қироат қилиши жоиз эмас, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз?

Маҳси таҳорат олингандан сўнг кийилган бўлса, кейинги таҳоратда унга масҳ қилиш мумкин. Масҳ маҳсининг устки қисмига тортилади. Муғийра разияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрганман» (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом: «Маҳсига масҳ тортиш муддати мусофир учун уч кеча-кундуз, муқимга эса бир кеча-кундуздир», деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
Маҳсига қилинган масҳни тўрт нарса бекор қилади:
1. Муддатнинг тугаши.
2. Жунуб бўлиш.
3. Маҳсининг ечилиб кетиши, яъни товоннинг чиқиб кетиши.
4. Оёқнинг кичик уч бармоғи кўринадиган тешик.
Бундай ҳолатларда маҳсини ечиб, оёқни ювиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

“Макруҳ” нима дегани?

Макруҳ ёмон кўрилган маъносидадир. Фиқҳий истилоҳда макруҳ – шундай омилки, уни қилмаган мақталади, қилган койилмайди. Ибодатлар, уларда макруҳ саналган амал қилинса, бузилмайди, лекин нуқсонли ва савоби кам бўлади. Макруҳ амал икки: макруҳи таҳримий ва макруҳи танзиҳийга бўлинади.

Макруҳи таҳримий (المكروه تحريمًا) – (ҳаромга яқин макруҳ). Шариат гумонли, эҳтимолли, зонний далил (яъни, бир неча эҳтимолли оятлар ёки оҳод ҳадислар) билан қатъий тарзда қайтарган амал. Ҳайит куни рўза тутиш, кўзмунчоқни тумор сифатида тақиш кабилар бунга мисол бўлади. Уни қилмаслик билан савобга, қилиш билан эса гуноҳга эга бўлинади. Уни ҳалол санаган одам кофир бўлмайди, лекин шафоатдан маҳрум бўлиб қолиши таъкидланган. “Макруҳ” атамасини Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ гоҳида “ҳаром”нинг ўрнида ҳам ишлатганлар.

Макруҳи танзиҳий (المكروه تنزيهًا) – (ҳалолга яқин макруҳ). Шариат қатъий тарзда қайтармаган амал, лекин уни тарк қилиш устунлиги таъкидланган. Мушук теккан сувни ишлатиш макруҳи танзиҳийга мисол бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мени саволим қуйидагича: Нима учун Аллох таоло Қуръони каримдаги баъзи сураларида “Биз” деб мурожаат қилади? Шуни тушунтириб берсангиз илтимос.

Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Унда Аллоҳ таоло “мен”, деб айтган ўринлар ҳам, “биз” деб айтган ўринлар ҳам мавжуд. Масалан:

إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي

“Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени эслаганингда намозни адо эт!” (Тоҳа сураси, 14-оят).

إِنَّا نَحْنُ نُحْيِي وَنُمِيتُ وَإِلَيْنَا الْمَصِيرُ

“Албатта, Биз (барча жонзотни) тирилтирурмиз ва ўлдирурмиз. Қайтиш эса Бизнинг ҳузуримизгадир” (Қоф сураси, 43-оят).

Араб тилидан яхши хабардор киши биладики, агар бирор шахс ўзининг шаъни ва мартабаси улуғлигини ифодаламоқчи бўлса олмошни бирлик шаклида эмас, кўплик шаклида келтиради. Яъни, “мен” эмас, “биз”, деб гапиради. Аллоҳ таоло энг олий, энг юксак сифатлар эгаси бўлган Буюк Зотдир. Аллоҳ истаса, “Мен”, дейди, “истаса, “Биз”, дейди. Бироқ, Аллоҳнинг “Биз” дейиши У Зотнинг ваҳдониятига зид эмас. Яъни, шериги борлигини билдирмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз зотида, исмларида, сифатларида Яккаю Ягона Илоҳдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Хотиннинг меросдаги улуши қандай бўлади?

Динимизда хотиннинг марҳум эрдан қолган молда ҳаққи бор. Унинг мерос олиши икки хил бўлади.

1. Эрнинг хоҳ шу хотиндан, хоҳ бошқа хотиндан фарзандлари бўлмаса, хотин молнинг тўртдан бирини (1/4) олади. Бу қуйидаги оятга биноандир:

«وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ»

“У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос)дан – агар фарзандларингиз бўлмаса – тўртдан бир (ҳисса) тегур..”

2. Эрнинг фарзанди бўлса, хотин молнинг саккиздан бирини (1/8) олади. Бунинг далили қуйидаги оят:

«فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ»

“Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур”(Нисо сураси, 12-оят).

Агар хотинлар бирдан ортиқ бўлса ҳам юқоридаги улушларни бўлиб олишади.

Эр вафот қилганда унинг никоҳида бўлмаган (собиқ) хотини мерос олмайди. Эслатиб ўтиш жоизки, мерос бўлиш маййит дафн этилганидан кейин, маййитнинг қарзлари адо қилиниб, васиятлари адо этилгач бўлади. Хотин мерос олгандан кейин қолган мол-мулк фарзандларга шариатимизда белгиланган тартибда бўлинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзида жамоатга кеч қолиб, масжидга кириб қоламан, имом намозни бошлаган бўлади. Шундай пайтдаги жамоатга қўшилиб олиш қонун-қоидаларини тушунтирсангиз?

Намозга кеч келиб, имомга иқтидо қилган киши, имомни намознинг қаерида топса ҳам унга иқтидо қилади. Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб (яъни, “Аллоҳу акбар” деб), санони (“Субҳанакаллоҳумма…”) ўқимасдан унга эргашади. Бироқ, бундай ҳолатда, етолмаган ракатини ўқиш учун турганида “сано”, “аъузу…” ва “Бисмиллоҳ…”ни айтиб қироатни бошлайди.

Агар имом овозини чиқармай (махфий) қироат қилаётган бўлса, кеч қолиб имомга эргашган одам санони ўқийди.

Жамоатга кеч қолиб келиб, имомни рукуъ ёки сажда ҳолатида топган киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан бирга рукуни ёки саждани адо эта олишига кўзи етса, санони тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, имомга иқтидо қилади. Имом билан бирга руку қилса, ўша ракатга етган ҳисобланади. Агар имом билан бирга руку қила олмаса, ўша ракатдан кеч қолган ҳисобланади.

Имом салом бериб намозини тугатганидан кейин масбуқ ўрнидан туради ва қолган ракатларни адо қилади.

Шунга кўра, тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракаатига етишган киши имом билан бир ракаат ўқийди, имом салом берганидан кейин туриб, Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Рукуъ ва сажда қилганидан кейин ташаҳҳудга ўтиради. Чунки бу унинг учун иккинчи ракаат ҳисобланади. Ташаҳҳуддан турганида учинчи ракатга турган бўлади. Яна Фотиҳа ва зам сура ўқийди, рукуъ-сажда қилади ва охирги ракатга туради. Шу охирги ракаатда фақат Фотиҳани ўқийди, руку-сажда қилиб, ташаҳҳудга ўтиради ва салом бериб намозни тамомлайди. (Фатавои Ҳиндия, Шарҳи виқоя). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Қуёшдан келган “эртага жавоб берасизлар”, деган овоз ҳақида ижтимоий тармоқларда видеоролик тарқалиб кетди. Шунга мусулмон киши сифатида қандай муносабат билдириш керак.

Биз мўмин-мусулмонлар охират куни ва ундаги ҳисоб-китобга имон келтирганмиз. Аллоҳ таоло ўзига ва охират кунига имон келтирган чин мўминлар ҳақида шундай дейди:

الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

“Улар ғайб (пайғамбар келтирган хабарлар)га имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят).

Демак, фаразан ўша келган овоз рост бўлса, у бизнинг имонимизга қувват бўлади. Агар ёлғон бўлса ҳам охиратга бўлган имонимизга заррача зиён етказа олмайди. Чунки бизга Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримизнинг охират ҳақлиги ва унда ҳар ким қилган иши учун жавоб бериши тўғрисидаги гувоҳлиги етарлидир.

ЕКА (Европа Косми Агентлиги) ҳамда НАСАнинг Қуёш ва Гелиосфера расадхонаси веб-сайти https://www.nasa.gov/feature/goddard/2018/sounds-of-the-sun берган маълумотларга кўра, Қуёшнинг тўлқинларини, эгри чизиқ бўйлаб ҳосил бўлган овозларини, унинг (вулқонининг) отилиш овозларини ёзиб олиш имконига эга бўлинган.
Тадқиқотчилар ушбу Қуёш товушлари 40 кун давомида Қуёш ва Гелиосфера Расадхонаси ҳамда Майкелсоннинг Имитацияси ёрдамида олинган. Тоза овоз тўлқинларини танлаш учун (тахминан 3 гигагерцли тезликда) маълумотни 3 МГТС частотасида фильтрланган ва ниҳоят, маълумотларни сайқаллаб, инсоннинг эшитиш қобилиятига мослаштириш учун уни 42 000 марта тезлаштирилган.

Қуёшдан ёзиб олинган ва эшитиш учун қайта ишланган мазкур товушни аудио шаклда НАСАнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган бўлиб, у турли ижтимоий тармоқда тарқатилган товушдан мутлоқ фарқланади. Уни қуйидаги келтирилган видео файл орқали тинглаб кўришингиз мумкин.

Демак, ушбу аниқланган овоз оддий паст частотали товушлардан бошқа нарса эмас. Уни монтаж қилиб, араб лаҳжасидаги турли ибораларни қўшиб, фейк хабарлар тарқатиш ёҳуд шунга ўхшаш асоссиз хабарларга ишониб, одамлар ўртасида шов-шув кўтаришга уруниш динимиз кўрсатмасига мутлақо зиддир. Мусулмон киши саволда зикр қилинган видеоролик ва шунга ўхшаган ҳолатларда, вазминлик билан мулоҳаза билдириши, ростми-ёлғонми аниқ бўлмагунча бошқаларга тарқатишга ёки айтиб юришга шошилмаслиги керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Беморлиги сабабли туришга қодир бўлмаган киши қандай намоз ўқийди?

Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا…

яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…”(Бақара сураси, 286-оят). Шунинг учун ҳам бемор кимсаларни намоз ўқишларида бир қанча енгилликлар мавжуд. Жумладан:

Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса, (масалан, тик турса беморлиги зиёда бўладиган бўлса, ёки тик турганда шиддатли оғриқ бўлса, ёки боши айланса) ўтирган ҳолда руку (яъни, озгина эгилади) ва сажда қилиб (яъни, соғлом киши саждаси каби сажда қилиб) намоз ўқийди.

Агар ўтиришга қодир бўлсаю сажда қилишга қодир бўлмаса, ўтирган ҳолатида имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Сажданинг имо-ишорасини рукудан пастроқ қилади. Қўллар эса, руку ва сажда пайтида тизза устида туради. Сажда қилиш учун бирор нарсани ердан кўтариб пешонасига теккизмайди.

Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб, бош билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Уламолар чалқанча ётиб намоз ўқишни афзал деганлар. Чалқанча ётганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.

Агар бош билан имо-ишора қилишга ҳам қодир бўлмаса, қодир бўлгунга қадар намозни кечиктириб туради ва агар бу ҳолатда беморлик бир кеча-кундуздан ўтиб кетса, соғайгандан кейин ўтган вақтдаги намозларнинг қазосини ўқимайди. (Фатавои Ҳиндия китобидан). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таҳоратни синдирувчи нарсалар ҳақида маълумот берсангиз.

Таҳоратни қуйидаги амаллар синдиради:
– Олд ва орқа авратлардан чиқадиган ҳар қандай (одатий ва ноодатий) нарсалар;
– Бу икки йўлдан бошқа жойлардан чиққан оқувчи қон, йиринг каби нажосатлар;
– Оғиз тўлдириб қайт қилиш ёки туфук қизарадиган даражада қон қайт қилиш;
– Бирор нарсага суяниб ухлаш;
– Ҳушдан кетиш, жиннилик ва мастлик;
– Балоғатга етган кишининг руку ва саждали намозда овоз чиқариб кулиши (“Ал-Мухтор лил-фатво”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жума намозига келсам одам кўп экан, лекин сафларнинг олдинги 7-8 қаторлари жуда сийрак бўлиб, одамларнинг кўпроғи чордона қуриб ўтиришибди. Шу пайтда мен олдинги сафга ўтиб бўш ўринларни тўлдиришга уринишим яхшими ёки орқага қараб юришим керакми?

Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафни тўлдиришга буюрганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الْأَوَّلِ، ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لَاسْتَهَمُوا وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ، لَاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ، لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا» (رواه البخاري ومسلم)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлабгина имкон топганларида, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга шошилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Яъни, биринчи сафда атиги битта жой қолганида икки киши келиб, уни эгаллаш учун тортишиб қолса, қуръа орқали бу муаммони ҳал қилишарди. Афсуски, ҳозирда ушбу суннатга амал қилишда кўпчилик сусткашлик қилишларини гувоҳи бўлиб қоламиз. Биринчи саф энди ярим бўлганига қарамай кимдир келиб иккинчи сафга турса, қолганлар ҳам унинг ёнига келиб қўшилади. Аслида эса биринчи сафни тўлдирмасдан кейинги сафни тўлдиришни бошланмайди.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «أَقِيمُوا الصُّفُوفَ وَحَاذُوا بَيْنَ الْمَنَاكِبِ وَسُدُّوا الْخَلَلَ وَلِينُوا بِأَيْدِي إِخْوَانِكُمْ وَلَا تَذَرُوا فُرُجَاتٍ لِلشَّيْطَانِ وَمَنْ وَصَلَ صَفًّا وَصَلَهُ اللهُ وَمَنْ قَطَعَ صَفًّا قَطَعَهُ اللهُ» (رواه البخاري ومسلم)

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баравар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) уласин. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйсин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Шундан келиб чиқиб, Сиз жамоат намози олдидан аввалги сафларни тўлдиришга ҳаракат қилишингиз мақсадга мувофиқ саналади. Фақат бунда бошқа намозхонларга озор еткизмаслик лозим бўлади. Агар аввалги сафга ўтишда кимгадир азият бериб қўйиш хавфи бўлса имкон муносиб жойни топиб ўтирилади.

عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُسْرٍ رضي الله عنه قال: جَاءَ رَجُلٌ يَتَخَطَّى رِقَابَ النَّاسِ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطُبُ فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «اجْلِسْ فَقَدْ آذَيْتَ» (رواه أبو داود وابن ماجه) .

Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида бир киши одамларнинг елкасидан хатлаб олдинга ўта бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ўтир, сен одамларга озор бердинг” дедилар»)Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ажали яқинлашган кишининг олдида бўлганлар нима қилишлари керак?

Ажали яқинлашган кишининг оёқлари бўшашади, юзининг ранги ўчиб, бурни бир томонга оғади, териси бўшашади. Ажали яқинлашган киши ёнида бўлганлар уни ўнг томони билан, юзини қиблага қаратиб ётқизиши суннатдир. Агар бунинг имкони бўлмаса, чалқанча ётқизиб, бошини кўтариб, оёқларини қиблага қаратиб, қиблани ҳурматидан тиззасини бироз кўтариб қўйилади. Бу ҳолатлар унга ноқулайлик туғдирадиган бўлса, уни ўз ҳолига қўйилади. Уни ҳузурида таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ) ни эшиттириб айтиб турилади. Аммо унга “айт” дейилмайди. Агар таҳлил калимасини бир марта айтса, бошқа айтилмайди (“Мухтасар”, “Фатавои ҳиндия”, “Ҳидоя”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Хотирасида Қуръон суралари ёзилган телефон билан ҳожатхонага кириш мумкинми?

Мумкин. Уламоларимиз хотирасига оятлар ёзилган уяли телефонни инсон хотирасига ўхшатишган. Аммо телефон экранида оят, ҳар хил зикрлар, Аллоҳ лавзи ёки Пайғамбаримизнинг исмлари кўриниб турса, у билан ҳожатхонага кириб бўлмайди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كَانَ إِذَا دَخَلَ الْخَلَاءَ وَضَعَ خَاتَمَهُ» (رواه الإمام الترمذي).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирганларида узукларини ечар эдилар” (Имом Термизий ривояти). Сабаби, У зотнинг узукларида “Муҳаммадур расулуллоҳ” ёзуви бор эди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ғусл вожиб бўлган ҳолатда тирноқ ва тукларни олиб бўлмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?

Ғусл вожиб бўлган ҳолатда қўлтиқ ёки киндик ости тукларини тозалаш ва тирноқ олиш макруҳдир. Бу ишларни ғусл қилгандан сўнг бажариш керак (“Фатавои ҳиндия”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Фирибгарликнинг ёмонлиги ҳақида маълумот берсангиз.

Фирибгарлик динимизда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки фирибгарлик ўзгаларнинг молини норози қилиб, ҳалол бўлмаган йўллар билан олишдир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай дейилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ

Яъни: “Эй, имон келтирганлар ўзаро молларингни ботил йўллар билан еманглар, фақат сизлардан розилик билан бўлган тижорат бўлса майли” (29-оят).

Фирибгарлик билан топилган пулда барака бўлмайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ»

яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Фирибгарлик билан топилган молни оила аъзоларига сарфлагани учун ҳам гуноҳкор бўлади.

Чунки Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимизни – покиза нарсалардан енглар…» (Бақара сураси, 172-оят).

Фирибгарлик қилган одам қандай тавба қилиши ҳақида қуйидаги ҳадисда айтилади: «Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).

Авваламбор, имкони бўлса, одамлардан ёлғон-яшиқ йўллар билан ундирган маблағларни ўз эгаларига ёки уларнинг меросхўрларига қайтаради. Агар қайтаришга имкони бўлмаса, улардан розилик сўраб ҳаққини ҳалол қилиши керак. Маблағнинг эгасини топа олмаса, унинг номидан садақа қилади. Бунинг устига чин дилдан тавба қилиши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Маҳалладошимизнинг жаноза маросимида бир киши: «Азадорларнинг хонадонида уч кун таом еб бўлмайди», деди. Шу тўғрими?

Азадорларнинг уч кун давомида таом қилиб зиёфат шаклида одамларга беришлари макруҳдир. Бу қабиҳ бидъатдир (Ибнул Ҳимом. «Фатҳул Қодир”).

Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Азадорларнинг биринчи ва еттинчи (каби махсус) кунларда таом тайёрлаб одамларни даъват қилишлари жоҳилият одатларидандир. Бу ҳол Исломда йўқдир. Бу даъватга биноан бориш макруҳдир. Зеро, бу иш мункарга ёрдам бериш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бизларни мункарга ёрдам беришдан қайтарган» (Биркавий, Тариқату-Муҳаммадийя).

Маййит чиқарилган кун ва сўнгги иккинчи, учинчи, еттинчи кунларида таом ҳозирлаш макруҳдир (“Фатавои Баззозия”).

Марҳум хонадонида уч кун ичида таом бериш жоиз эмас (“Хулоса”). Лекин узоқдан келган қариндошлар ва азадор билан узоқ муддат бирга турувчилар учун қўшнилар таом тайёрлаб беришлари мумкин. Маййит учун уч кун аза тутишнинг зарари йўқ. Аммо бунда махсус жойлар ва таомлар қилиш каби ман этилган нарсалар бўлмаслиги шарт (Табйинул ҳақоиқ).

Мусибат кунлари зиёфат шаклида таом бериш макруҳдир. Зеро, бу иш ғам-ғусса кунларига муносиб эмас. Аммо меросхўрлар ичида сағир бўлмаса, таом тайёрлаб камбағалларнинг уйларига тарқатиш яхшидир (“Фатовои Қозихон”).

Демак, аза кунлари ва махсус (3, 7, 40-) кунларда маййит руҳига савоби етиши учун таом тайёрлаб, зиёфат бериш ношаръийдир.

Дунёдан ўтган киши сувга чўкаётган киши каби тез ёрдамга муҳтождир. У яқинлари ва дўстларидан мадад кутади. Ортда қолганларнинг марҳумга кўрсатадиган биринчи мададлари Аллоҳ таолога илтижо қилиб уни қабр ва оташ азобидан асрашни сўраб дуо қилишларидир.

Садақа қилиш, таҳлил ва тасбеҳ айтиш, Қуръони карим оятларини холисона ўқиш ва уларнинг савобини марҳум руҳига бағишлаш мумкин. Буларнинг савоби марҳум руҳониятига етади ва унга фойда беради (“Раддул Муҳтор”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Айримлар бирор авлиё номига атаб жонлиқ (ҳўкиз, эчки ёки товуқ) сўйишади ёки таомлар (ширгуруч, шавла сингари) пиширишади. Шу тўғрими?

Бирор жонлиқни Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйиш, мутлақ мумкин эмас. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ

«У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди…» (Бақара, 173).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لَعَنَ اللهُ مَنْ ذَبَحَ لِغَيْرِ اللهِ

яъни: “Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйган кишини Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, мусумон инсон бошига қандай мушкил иш тушса унинг кушойиш бўлишини фақат Аллоҳ таолодан сўраши, шариатга хилоф тарзда турли хурофотларга берилмаслик лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Кейинги пайтларда қарзга пул берувчилар орасида пул бериб устама ҳақ (фоиз) олиш кенг тарқалган. Натижада қарз олган кишилар қарзига қўшиб устамасини ҳам тўлайман, деб ночор аҳволларга тушиб қоляптилар. Бунинг шариатдаги ҳукми қандай бўлади?

Сўнгги пайтларда судхўрлик кўп учраб турибди. Улар ҳозирги маишатни кўзлаб, охират азобини унутиб қўймоқдалар. Натижада кўпчилик қарздорлар қийин аҳволга тушиб қолишмоқда.

Баъзилар буни худди тижорат каби касб, дейдилар. Аммо Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол қилиб, рибони ҳаром қилган.

Судхўрлик энг катта гуноҳлардан. Қуръони каримда судхўрлик билан шуғулланувчиларга дунё ва охиратда аламли азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз» (Оли Имрон сураси, 130-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам судхўрликни ҳалокатга олиб борувчи еттита гуноҳи кабиралардан бири эканлигини айтганлар. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини ҳам, унга вакил бўлганни ҳам лаънатладилар” (Имом Муслим ривояти).

Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Бир куни тунда менинг олдимга икки киши келиб, мени муқаддас ерга (Байтул Мақдисга) олиб бордилар. Тепага кўтарилиб, тўлиб қон оқаётган дарё бўйига келдик. Дарё бўйида қўлига тош ушлаган бир киши турибди.

Дарёнинг ичида эса бир киши сузиб юрибди. Қирғоққа яқинлашиб, дарёдан чиқаман деса, қирғоқдаги киши унинг оғзига тош билан уради. У киши яна дарёнинг ўртасига бориб тушади. Яна чиқаман деб сузиб келади, яна тош отилади, яна орқага қайтади. Мен ёнимдагилардан дарёдаги киши кимлигини сўрадим, улар: бу судхўрлик қилган киши, деб жавоб бердилар».

Аллоҳ таборака ва таоло адли билан, киши кўзига зийнатли бўлиб кўринган барча ҳаром нарсалар ўрнига ҳалол нарсаларни ҳам ато этган. Масалан, рибони (судхўрликни) ҳаром қилган бўлса, ундан эваз қилиб, ҳалол тижоратга рухсат берган. Фолни ҳаром қилган бўлса, ўрнига истихора намозининг таълимини берган. Қиморни ҳаром қилиб, унинг эвазига мусобақада ғолиб бўлиб, мукофот олишни ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилган бўлса, ўрнига никоҳлик турмушни ҳалол қилди. Маст қилувчи ичимликларни ҳаром қилиш эвазига бадан ва руҳга фойдали бўлган лаззатли шарбатларни ҳалол қилди.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий (сав)дан ривоят қиладилар:

فَخُذُوا مَا حَلَّ لَكُمْ ، وَذَرُوا مَا حَرَّمَ اللهُ (رواه ابن ماجه)

яъни: “…Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар” (Ибн Можа ривояти).

Демак, пул қарз бериб, уни фоиз орқали кўпайтириб олиш шариатимизда қайтарилган. Ризқ инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий неъмат экан, буни ҳалол йўллар билан излаш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Одамлар орасида ғийбат қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. Илтимос, бунга динимизнинг кўрсатмаси ҳақида маълумот берсангиз.

Ғийбат гуноҳи кабиралардан биридир. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: “Бир кишидаги айб-нуқсонни бошқаларга айтиб юриш ғийбатдир. У қилмаган ишни ёки унда йўқ нарсани айтиш туҳматдир”.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ

«Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат килмасин!

Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?!» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Исро кечаси бир қавм танасидаги бир қисм гўштни кесиб, уни еб турганларида, уларнинг олдидан ўтиб қолдим. Шунда уларга Жаброил алайҳиссалом “Биродарларингизнинг гўштини еганингиздек, еяверинглар”, деб айтди. Мен ҳайратланиб: “Эй Жаброил, улар кимлар эди?” деб сўрадим. Жаброил: “Улар умматларингиз орасидаги ғийбатчилардир”, деб жавоб берди» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ит боқса бўладими?

Ислом шариатига кўра заруратсиз ҳолатда ит боқиш мутлақо жоиз эмас. Абу Талҳа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмаслар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки ит боқса ҳар куни савоб ишларига бериладиган ажрларидан бир қийрот ёки икки қийрот камаяди. Қўриқчи, подачи ва овчи итлар бундан мустаснодир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда айтилган “қийрот” сўзининг изоҳи борасида Имом Муслим ривоятида “Унинг кичиги Уҳуд тоғидек», дейилган.
Ривоятларда келтирилишича, “Қиёмат аломатларидан бири кишиларнинг ит боласини боқишни одат қилишларидир. Ҳатто бу ишни улар ўз фарзандини парваришлагандан ҳам юқори даражага қўйишади” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилган).

Ҳадисдан маълум бўладики, уй қўриқлайдиган, подага қарайдиган ва овчи итлардан бошқасини боқиш мумкин эмас. Демак, сабабсиз ёки қизиқиш учун уйда ит сақлаш ва боқиш шариатда қайтарилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Вафот этган кишининг қарзини ким тўлайди? Қарз берган одам вафот этиб қолса, ундан олинган қарз кимга берилади?

Вафот этган одамнинг қарзларини қолдирган мол-мулкдан тўланади. Киши ўлганидан кейин ундан қолган мол-мулк аввал уни дафн этишга сарфланади. Сўнг ундан қарзлари тўланади. Агар васият қилган бўлса, қолган молининг учдан биридан васияти адо этилади. Шулардан қолгани мерос вакиллари ўртасида тақсимланади. Бу шариат кўрсатмаси бўлиб, Фароиз илмида батафсил баён қилинган.

عنَ أَبِي مُوسَى الأشْعَرِيَّ عَنْ أَبِيهِ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «إِنَّ أَعْظَمَ الذُّنُوبِ عِنْدَ اللَّهِ أَنْ يَلْقَاهُ بِهَا عَبْدٌ بَعْدَ الْكَبَائِرِ الَّتِي نَهَى اللَّهُ عَنْهَا أَنْ يَمُوتَ رَجُلٌ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ لا يَدَعُ لَهُ قَضَاءً»
(رَوَاهُ الامَامُ أبُو دَاوُدَ)

Яъни, Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло наздида Аллоҳ наҳий қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ, бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у зотга рўбарў бўлишидир” деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишидан оғир нарса йўқлигини ушбу ҳадисда баён қилинди.

Агар қарз берган одам ўлиб кетган бўлса, унинг болаларига, энг яқин қариндошларига тўланади. Ҳеч кими йўқ бўлса, шу қарз миқдоридаги маблағ қарз берган одамнинг номидан камбағалларга садақа қилиб юборилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эҳтикор нима?

Эҳтикор, луғатда, нарсанинг баҳосини ошишини кутиб, сақлаб туришдир. Шариатда одамлар ва ҳайвонлар озуқасини сотиб олиб, нархини ошишигача сақлаб туриш эҳтикор ҳисобланади. Мазкур нарсаларни сотиб олиб, сақлаб туриши агар кишиларга зиён қилса, макруҳ бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Ким бирор таомни қирқ кунгача эҳтикор қилса, у Аллоҳ таолодан, Аллоҳ таоло эса ундан безор бўлган бўлур» (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Ҳоким ривоят қилишган).

Киши ўз даласида етиштирган ҳосилини сақлаб туришда ва четдан олиб келинган махсулотларда эҳтикор бўлмайди (“Ҳидоя”, “Мухтасарул Виқоя”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Нафси аммора (ёмонликка амр қилувчи нафс) ва шайтони лаъин васвасаларидан омонда бўлиш учун кўпроқ нима амалларни бажариш керак?

Аллоҳ таолони кўп зикр этиш, Қуръон тиловат қилиш, тасбеҳ айтиш, намоз ўқиш ва бошқа яхши амалларни бажариш лозим. Жумладан, “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ” ва “Муваззатайн” (Нос ва Фалақ суралари)ни ўқиб, Раббил оламиндан паноҳ сўраб, мунтазам дуою илтижолар қилиш лозимдир. Шунингдек, шаръий илмларни пухта эгаллаган, илмига амал қиладиган олимларнинг тез-тез суҳбатида бўлиш ҳам тавсия этилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Хаёлга келадиган ёмон фикрлар эътиқодимизга зарар қилмайдими?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зоти шарифнинг ҳузурларига келиб: «Бизнинг хаёлимизга гапириш жуда оғир нарсалар келади», дейишди. Шунда у Зот: «Мана шундай (васвасалар) келадими?» дедилар. Улар «Ҳа», дейишди. Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу ҳақиқий имондир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Сизларнинг бирларингизга шайтон келади-да, «Буни ким яратди? Мана бунисини-чи?» деб, ҳатто «Раббингни ким яратди?» дейди. Шундай ҳолат бўлса, Аллоҳдан паноҳ тиланг (яъни «Аъузу биллаҳи минашшайтонир ражийм» денг) ва у хаёлни унутинг» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Қалбдаги васвасаларни гапирмаса ва амал қилмаса, гуноҳ бўлмайди. Ёмон хаёллардан қутулиш учун Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб, зикрлар айтиш зарур. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ҳозирги кунда омма томонидан қўлланилаётган «насия»га сотиш ёки сотиб олиш мумкинми?

Насияга мол сотиш ва сотиб олиш мумкин. Насияга сотишда (олишда) пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши (масалан, фалон ойнинг фалон кунида пулини берасиз, дейиш каби) лозим. Акс ҳолда савдо фосид – бузуқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Яқинда «Дин насиҳатдир» – деган ҳадисни ўқиб қолдим. Шу ҳақда баён этсангиз?

Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш шахслар, жамиятлар ва халқларнинг ҳаётидаги муҳим амалдир. Мусулмонлар бу фарз амални тўла бажарса, жамият соғлом бўлади, яхшилик ва баракот кўпайиб, ёмонлик йўқолади. Аммо бундай масъулиятли иш тарк этилса, жамиятда турли хил низо ва келишмовчиликлар юзага чиқади.

Тамим Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дин насиҳатдир», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз…» (Оли Имрон, 110).

Ояти каримада яхши уммат бўлиш, бир-бирлари билан ўзаро насиҳатлашиб туриш нақадар улуғ иш экани маълум бўлади.

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).

Демак, мусулмон киши ёши катта ёки кичикми ким насиҳат қилса, унинг насиҳатига қулоқ тутиши лозимлиги шариатимиз талабидир. Айниқса, ёшларимиз улуғларимизнинг насиҳатларига қулоқ тутсалар кам бўлишмайди, иншоаллоҳ! Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мусофир кишининг намози ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

Бир киши уч кеча-кундузлик (≈96 км) масофани ният қилиб, ўз шаҳридан чиқса мусофир ҳисобланади. Қасд қилган жойига боргандан кейин, 15 кун ёки ундан ортиқ вақт туришни ният қилса муқим (мусофир бўлмаган) киши ҳукмида бўлади. Аммо 15 кундан оз муддатда қайтиш режаси бўлса ёки қачон қайтиши номаълум бўлса, мусофир ҳукмида қолади.

Шариатимизда мусофирга тегишли алоҳида ҳукмлар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари қуйидагилар:
Мусофир тўрт ракатли фарз намозларни қисқартириб икки ракат қилиб ўқийди. Агар тўрт ракат қилиб ўқиса макруҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло томонидан берилган қулайлик ва имкониятдан юз ўгирган бўлади. Суннатларни тўлиқ ўқийди. Шом ва витр намозларини эса ўз ҳолича уч ракат ўқийди.

Мусофир муқимга тўрт ракатли намозда иқтидо қилса, тўрт ракатни тўлиқ ўқийди, аммо муқим мусофирга иқтидо қилса, мусофир салом бергандан кейин, муқим ўрнидан туриб, яна икки ракаат ўқийди. Мусофир киши имом бўлганда, иқтидо қилгувчиларга мусофирлигини билдириши керак бўлади.

Мусофир мусофирликдаги қазо бўлган намозларини қаср қилиб, муқимликдаги қазоларини эса тўлиқ қилиб ўқийди. Мусофир маҳсига уч кеча-кундуз масҳ тортиши мумкин. (Ҳидоя китобидан). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Типратикан ва илоннинг гўштини еса бўладими?

Ҳанафий мазҳабимиздаги барча мўътабар китобларда типратикан ва илоннинг гўштини ҳалол эмас дейилган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай деган:

وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ……

яъни: “…(Пайғамбар) нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…” (Аъроф сураси, 157-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламдан типратикан ҳақида сўралганда, У Зот: “У нопок (ҳайвонлар)дан биридир”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳу бобил иноя” китобида: “Типратикан ва илоннинг гўшти ҳалол эмас, чунки, инсон табиати уларнинг гўштини ейишдан ҳазар қилади”, деган. Демак, мазҳабимизга биноан, бу икки ҳайвоннинг гўштини ейиш ҳаром ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Маҳалламиздаги ўзига тўқ кишилар хайр-эҳсон қилишади, етимларга ва кам таъминланган оилаларга ёрдам қилишади. Кўплаб хайрли ишларда ҳомийлик қиладилар. Аммо ўзлари намозини ўқимайди. Уларнинг охирати қандай бўлади?

Мусулмон киши қандай солиҳ амал қилмасин, Аллоҳнинг ризосини топиш, савобга эришишни ният этса, Аллоҳ таоло унинг ниятига қараб савоб бераверади. Масалан, бир киши намоз ўқимаса-да, аммо хайру эҳсон, садақа қилиш билан Аллоҳдан савоб умид этса, намоз ўқимагани учун гуноҳкор бўлади, лекин хайру садақаси учун савоб олади.

Бироқ шуни яхши билиш керакки, хайру эҳсонлар туфайли эришилган савоблар тарк қилинган намоз эвазига орттирилган гуноҳга каффорат бўлмайди. Балки, мўмин киши ўқилмаган намозлар учун Аллоҳдан истиғфор сўраб, тавба қилиши ва бундан кейин бирор вақт ҳам намозни тарк қилмасдан ўқиши шарт. Бу оламлар парвардигори Аллоҳ таолонинг буйруғидир. У Зот Қуръони каримда шундай деган:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

“…намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса(яъни ўз вақтида ўқимаса), Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Дунё ҳаёти инсонга берилган имтиҳон муддати бўлиб, ҳеч ким умри қандай ҳолатда ниҳоясига етишини олдиндан билмайди. Шундай экан, инсон тавба ва истиғфорда бардавом бўлиб, аввало, ўзи учун, қолаверса, бошқалар учун ҳам Аллоҳдан солиҳ амалларга муваффақ қилишини, ҳаёти дунёда фарз амалларни адо этишга муяссар айлашини дуо қилиб сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аллоҳ таоло бошлаган ишларингизни хайрли қилсин. Саволим шуки, саломга алик олмаслик гуноҳ деб эшитдим. Шу тўғрими?

Салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш вожибдир. Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари савобли ишлардан ҳисобланади.

Саломни «Ассалому алайкум» ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» деб тўлиқ айтиш лозим. Жавобда «Ва алайкум ассалом» ёки «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ بْنِ سَهْلٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ قَالَ : السَّلامُ عَلَيْكُمْ كُتِبَتْ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ ، وَمَنْ قَالَ: السَّلامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ كُتِبَتْ لَهُ عِشْرُونَ حَسَنَةً ، وَمَنْ قَالَ: السَّلامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ كُتِبَتْ لَهُ ثَلاثُونَ حَسَنَةً» (رَوَاهُ الطَّبَرَانِي فِى الْمُعْجَمِ الكَبِيْرِ)

Абу Умома Суҳайл ибн Ҳанифдан, у отасидан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким “Ассалому алайкум” деса, унга ўнта яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳма-туллоҳ” деса, унга йигирмата яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деса, унга ўттиз яхшилик бор”, дедилар» (Имом Табароний “Муъжамул кабир”да ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу: «Агар бир киши бир қавмга салом берса, унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса, фаришталар унга алик олишади вау қавмни лаънатлашади», – деган.

Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни етказса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, у ҳолда ҳам жавоб лозим бўлади. Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломни ораларингизда ёйинглар», деганлар. Зеро, салом бериш билан бир-биримизга соғлик ва тинчлик неъматларини тилаймиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Почча қайинсинглисига маҳрам бўладими?

Почча қайинсингилга номаҳрам ҳисобланади. Шунинг учун қайинсингил ўз поччаси билан ёлғиз қолиши мумкин бўлмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَأَنْ تَجْمَعُوا بَيْنَ الْأُخْتَيْنِ

«…Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)» (Нисо, 23).

Агар киши никоҳидаги хотинини талоқ қилиб, иддаси чиқса ёки аёли вафот этса, унинг синглисига ё опасига уйланиши мумкин. Ҳазрат Усмон разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қизларига уйланганлар. У вафот этганидан кейин иккинчи қизларига уйланадилар. Шунинг учун у зотни «Зуннурайн», яъни «Икки нур соҳиби» дейилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Саволим шуки, тезак (таппи)ни тандирга ёқиб нон қилса, шу нонни еса бўладими?

Нажосатни поклашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, ювиш, артиш, ерга суртиш. Фуқаҳоларимиз ўзларининг фатво китобларида жумладан шундай дейдилар:

وَمِنْهَاالْإِحْرَاقُ ، السِّرْقِينُ إذَا أُحْرِقَ حَتَّى صَارَ رَمَادًا فَعِنْدَ مُحَمَّدٍ يُحْكَمُ بِطَهَارَتِهِ وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى

“Нажосатни поклашнинг яна бир йўли ёқишдир. Тезакни ёқилса ва у кулга айланса, Имом Муҳаммаднинг наздида поклигига ҳукм қилинади. Шунга фатво берилган” (“Хулосатул фатаво”, “Фатавои Ҳиндия”).

Аллома Ҳаскафий эса бундай дейди:

( لَا ) يَكُونُ نَجِسًا ( رَمَادٍ قَذَرٍ ) وَإِلَّا لَزِمَ نَجَاسَةُ الْخُبْزِ فِي سَائِرِ الْأَمْصَارِ

“Тезакнинг кули нажас ҳисобланмайди. Акс ҳолда барча диёрларда нонни (тезак билан пишириш оқибатида) нажас бўлиши келиб чиқарди” (Дуррул мухтор).

سُعِّرَ التَّنُّورُ بِالْأَخْثَاءِ وَالْأَرْوَاثِ يُكْرَهُ الْخُبْزُ فِيهِ وَلَوْ رَشَّهُ بِالْمَاءِ بَطَلَتْ الْكَرَاهَةُ كَذَا فِي الْقُنْيَةِ .
Агар тандир тезак билан қиздирилса, унда нон ёпиш макруҳ, агар тандирга сув сепилса, макруҳлик йўққа чиқади. (“Фатавои ҳиндия”, “Қуня”)

Демак, тезак ёқиб нон пиширилса, нон пок ва истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қолаверса, бу иш азалдан одамлар орасида оммавий эҳтиёжга айланган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Витр намозида қунут дуоси ёдимдан чиқиб, саждага кетибман. Намозим бузиладими ёки саждаи саҳв қилсам намозим комил бўладими?

Намозингиз бузилмайди, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш билан дуруст бўлиб кетади. Бу ҳақда “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَمِنْهَا الْقُنُوتُ ، فَإِذَا تَرَكَهُ يَجِبُ عَلَيْهِ السَّهْوُ ، وَتَرْكُهُ يَتَحَقَّقُ بِرَفْعِ رَأْسِهِ مِنْ الرُّكُوعِ

“Витрда қунут дуосини ўқиш намознинг вожибларидан бири. Уни тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади. Рукудан бош кўтариши билан қунутни тарк қилган ҳисобланади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мусулмон киши тилла ёки кумуш тиш қўйдириши мумкинми?

“Мўтабар тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам зарурат бўлганда тилла ва кумушдан тиш қўйдириш ёки қимирлаб қолган тишни мустаҳкамлашни жоиз деб билганлар” (Қувайт Фиқҳ энциклопедияси).

Кумуш тиш қўйиш дурустлигига мужтаҳид имомларимиз иттифоқ қилишган. Тилла тиш борасида Имом Аъзамдан икки хил (яъни, дуруст ва дуруст эмас, деган) ривоят келган (Имом Таҳовий, “Мушкилул осор”).

Имом Ҳоким “Мунтақо” китобида шундай дейди: “Агар бир кишининг тиши қимирлаб қолса ва уни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлаб қўйса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф наздида зарари йўқ” (“Фатавои Ҳиндия”).

“Имом Муҳаммад қимирлаб қолган тишни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлашни жоиз кўрган” (“Раддул муҳтор”).

Бу масаланинг ечими борасида мазҳаб ичидаги мужтаҳид даражасига етган олим Имом Кархий, тишларни тилла билан қотириб қўйишни жоиз, деб билганлар (Бадоиус саноеъ).

Машҳур олим Зафар Аҳмад Усмоний шундай дейди: “Тилла тиш қўйишнинг жоизлиги биз моил бўлган ишдир. Имом Аъзам ҳақида, (иккинчи сўзларида) шу фикрга қайтганлар, деб биламиз”.

Қолаверса, салафи солиҳлардан Куфа амири Муғийра, Ҳасанул Басрий, Муса ибн Талҳа, Басра қозиси Абдуллоҳ ибн Ҳасан, Абу Ҳамза, Абу Навфал, Язийд Ришк раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқаларнинг тилла тиш қўйдирганлари ва тишга тилла қоплаганлари ҳақидаги ривоятлар бор (Эълоус сунан).

Демак, зарурат бўлганда (яъни, фақат зийнат учун эмас, балки тишлар касалланганда) эркаклар ҳам тилладан тиш қўйдириши мумкин.

Тишлар қопланганда остига сув тегмай қолади, деган эътирозга олимлар: “Тишларнинг усти қопланиши “жабира” (жароҳат устига боғланган латта) ҳукмида бўлади ва остига сув тегмаса зарари йўқ. Киши қоплама тиш қўйдираётган пайтда таҳоратли бўлса, ҳар хил шубҳа ва мулоҳазаларга ўрин қолмайди”, деб жавоб берадилар. Таҳорат ва ғуслда қоплама тишнинг усти ювилса, остини ювгандек бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим. Беморнинг яқинлари шомдан сўнг касал кўрилмайди, деб мени беморнинг олдига қўйишмади. Шу тўғрими?

Шомдан кейин ҳам беморларни зиёрат қилса бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис очиқ-ойдин далил ҳисобланади.

عن عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ عَادَ مَرِيضًا بَكَرًا شَيَّعَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، كُلُّهُمْ يَسْتَغْفِرُ لَهُ حَتَّى يُمْسِيَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ، وَإِنْ عَادَهُ مَسَاءً شَيَّعَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، كُلُّهُمْ يَسْتَغْفِرُ لَهُ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ» (رواه الإمام أبو داود).

яъни: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва кун ботгунича у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Кун ботганидан кейин касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, кечаю кундуз беморларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳими беморга малол келадиган вақтда зиёрат қилмаса бас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Таҳажжуд намози қайси вақтда ўқилади?

Хуфтон намозини ўқиб, бироз ором олгандан кейин ўқиладиган намоз таҳажжуд намози, дейилади. Таҳажжуд намозини бомдод вақти киргунича ўқиса бўлади. Кечанинг охирги учдан бир қисмида ўқимоқ афзалдир. Чунки, бу муборак вақтни баракали эканлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ يَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ»
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم).

яъни: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: «Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қиламан? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини бераман? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечираман” дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Имом Термизий ривояти).

Таҳажжуд намозининг энг ками 2 ракаат, кўпини чегараси йўқ. Баъзи уламолар саккиз ракаат ўқиса бўлади деганлар.

Таҳажжуд намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Уни икки ёки тўрт ракаатдан ўқиса бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари 12 та деб ўқиганман. Баъзи маълумотларда 9 та деб берилган экан. Қайси бири тўғри? Илтимос шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Барча сийрат уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг тўққиз нафар эканига иттифоқ қилишган. Улар қуйидагилар:

1) Ҳорис ибн Абдулмутталиб (онаси Сафий бинти Жундуб);
2) Зубайр ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
3) Абу Толиб (исми Абдуманоф) ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
4) Абу Лаҳаб (исми Абдулъуззо) ибн Абдулмутталиб (онаси Лубно бинти Ҳожир);
5) Ғайдоқ (ёки Ҳажл) ибн Абдулмутталиб (онаси Муманнаъа бинти Амр);
б) Муқаввим (ёки Абдулкаъба) ибн Абдулмутталиб (онаси Ҳола бинти Вуҳайб); .
7) Зирор ибн Абдулмутталиб (онаси Нутайла бинти Жаноб);
8) Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Ҳола бинти Вуҳайб);
9) Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Нутайла бинти Жаноб).

Баъзилар: “Ўнта бўлган, ўнинчиси Қусамдир”, деса, айримлари: “Ўн Иккита бўлган ўнбиринчиси Абдулкаъба ўн иккинчиси Ҳажлдир», дейишади. Лекин муҳаққиқ уламолар: «Муқаввим билан Абдулкаъба битта одам, Ғайдоқ билан Ҳажл ҳам бир одамдир ва Қусам исмли амакиларининг бўлгани собит эмас”, дейдилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида колгейт (colgate) тиш пасталари таркибида чўчқа ёғи бор экан деган хабарни ўқиб қолдим. Келтирилган рус сайтлари манбасидан бу маълумотни излаб топа олмадим. Биз оиламиз билан кўп йиллардан буён колгейт тиш пасталаридан фойдаланиб келамиз. Саволим шундан иборатки, интернет орқали ижтимоий тармоқларда тарқалган колгейт тиш пасталари хақидаги маълумотлар тўғрими, тўғри бўлса, шу кунгача ишлатиб келганимиз хукми қандай бўлади? Жавобингиз учун Рахмат.

“Фалон тиш пастасида чўчқа ёғи бор, шунинг учун уни ишлатиш ҳаром” дейиш учун аниқ далил-ҳужжатлар етарли бўлиши керак. Етарли бўмаган ва исботини топмаган хабарларга асосланиб бирор махсулотни ҳаром ёки ҳалол дейиш эса жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ

“Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар” (Наҳл сураси, 116-оят).

Бизда бор маълумотларга кўра кўпгина тиш пасталари, шу жумладан колгейт (colgate) тиш пастасига Малайзия “Ҳалол” стандарти ҳамда “Таиланд Марказий Исломий мажлис”и томонидан “Ҳалол” сертификати берилган. Албатта, бу каби сертификатлар қаттиқ текширув ва назоратлардан кейин тақдим этилади. Шундан келиб чиқиб, колгейт (colgate) тиш пастасидан фойдаланишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоз ўқиганда сажда ҳолатида кўзни юмиш мумкинми?

Жумҳур уламолар намозда кўзни юмиш танзиҳий макруҳ амал дейишган. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إِذَا قَامَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاَةِ فَلاَ يَغْمِضْ عَيْنَيْهِ

яъни, «Сизлардан бирингиз намозда турганда кўзини юммасин», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Адий ривоят қилган).

Уламоларимиз мазкур ҳадисни шарҳлаб ҳар бир аъзони ибодатдан ўз ҳаққи бўлгани каби кўзни ҳам ҳаққини адо этиш керак, дейишган.
Фуқаҳоларимиз сажда ҳам намознинг бир бўлаги бўлгани эътиборидан унда кўзни юмиш макруҳ эканини айтишган.

Аллома Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳ) “Раддул муҳтор”да: “Агар намозхон фикрини жамлашлик, қалбини ҳозирлаб, хушуъга эришиш мақсадида кўзини юмишга тўғри келса буни макруҳлиги йўқ”, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ота ёрдамга муҳтож бўлиб таҳорат қила олмаса, ўғил отанинг авратига қараши жоизмас, шунинг учун бошқа кишини ёллаб ёрдам бериш керак, дейишди. Бу масалага қандай жавоб берилади?

Динимиздаги асосий қоидалардан бири шуки, Аллоҳ таоло бандаларига кучлари етадиган ишни буюради. Уларга тоқатидан ташқари мажбурият юкламайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…” (Бақара сураси, 286-оят).

Бошқа бир оятда эса:

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

“… (Аллоҳ) динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят).

Ибодатларда ҳам банда имкон даражасида ҳаракат қилади. Масалан, туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқийди. Ўтириб ўқий олмаса, ётиб ўқийди ва ҳаказо.

Сиз сўраган масала ҳақида “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Таҳорат қила олмайдиган касал кишининг хотини ёки чўриси бўлмаса, лекин ўғли ёки ака-укаси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Истинжо қилдирмайди, чунки (ўғил отасининг) жинсий аъзоларини ушлаши мумкин эмас. Ундай кишидан истинжо соқит бўлади. “Муҳит”да шундай дейилган. Таҳорат қила олмайдиган аёлнинг эри бўлмаса, лекин қизи ёки синглиси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Ундан истинжо соқит бўлади. “Фатаво Қозихон”да шундай келтирилган”.

Демак, ўзи истинжо қила олмайдиган эркакнинг фақат хотини, аёлнинг эса фақат эри истинжо қилдириб қўйиши мумкин. Хотини бўлмаган кишини хоҳ ўғли бўлсин, хоҳ ёлланган бегона киши бўлсин, истинжо қилдира олмайди. Бундай ҳолатда истинжо соқит бўлади. Лекин таҳорат қилдириб қўяди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жаноза намозида уч, беш саф бўлиб, тоқ бўлиб сафланинглар, деб айтганларини эшитиб қоламиз. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

Ҳадиси шарифларда жаноза намозида сафлар учтага етиши маййитнинг кечирилишига сабаб бўлиши айтилган. Чунки жаноза намози маййитнинг ҳаққига дуо қилишдир. Унда қанча кўп одам иштирок этса, шунча фазилатли бўлади. Лекин сафларнинг тоқ бўлиши шарт қилинмаган, мабодо сафлар жуфт бўлиб қолса ҳам зарари йўқ. Бу мавзуда Аллома Муҳаммадамин ибн Обидин “Раддул Муҳтор” номли китобида шундай дейди: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам:

مَنْ صَلَّى عَلَيْهِ ثَلَاثَةُ صُفُوفٍ غُفِرَ لَهُ

“Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, – деганлар. Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган ва ҳасан ҳадис, деган. Имом Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Имом Муслимнинг шартига биноан саҳиҳ ҳадис, деган. Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобидан айтилади:
“(Жанозада) уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.”.

Демак, одам кам бўлсада сафларни учтага етказиш мустаҳаб амал экан. Сафлар учтадан ошиб кетгандан кейин унинг тоқ ёки жуфт бўлишининг фарқи йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Узоқ йўлга чиққанда машинада ўтириб намоз ўқиб кетса бўладими?

Уловга миниб намоз ўқиш ҳақида Мулла Али Қори шундай дейдилар: “Нафл намозларни шаҳар ташқариси (яъни, мусофир намозни қаср қиладиган ўринлар)да уловга минган ҳолда, қибладан бошқа томонга қараб ҳам имо ишора билан ўқиб кетиш мумкин. Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни Хайбар томонга юзланиб, уловлари устида намоз ўқиётганини кўрдим”, дейилади. Бошқа ривоятда “…Бу ишни (яъни, уловда намоз ўқишни) фарзларда қилмас эдилар”, деб келади. Фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторида бўлади. Фақат Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқийди, чунки у бошқаларига нисбатан таъкидланиб келган, деганлар.

Фарзларни, жумладан витрни ҳам уловда ўқиб бўлмайди. Фақат узр бўлсагина, уловдан тушса касали зиёда бўладиган бўлса, йиртқичдан ёки душмандан қўрқса ёки ер лой бўлиб, саждада юзи лойга ботиб кетадиган бўлсагина жоиз. Худди шундай, назр қилинган намозлар, бузиб қўйилган нафлнинг қазоси, жаноза намози, ерда тиловат қилинган сажда ояти уловга миниб адо этилмайди (“Фатҳи бабил иноя”).

Демак, фарз ва вожиб намозларни улов ва машиналарда ўтириб ўқиб бўлмайди. Нафл намозларни мусофирчиликда улов ва машиналарда ўтириб, қайси йўналишда кетаётган бўлса ҳам, ўқиса бўлади. Фақат уловни ёки машинани ҳайдаётган бўлмаслиги керак. Нафл намозларни муқимликда улов устида фақат қиблага қараб ўқиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Баъзи пайтларда хуфтон намозини ўқиётганимда мени чақириб қолишади. Мен шундай вазиятда фарз ёки суннат намозини бузсам бўладими?

Ушбу масаладаги асл қоида шуки, киши ўқий бошлаган фарз ёки суннат намозларини бузиши жоиз эмас. Бундан бир қанча ҳолатлар истисно қилинади.

Аллома Шурунбулолий ўзининг “Нурул изоҳ” номли асарида шундай деган:
“Намоз ўқувчига муҳтож одам, оғир вазиятда нажот истаб чақириши сабабли намозни бузиши вожиб бўлади. Лекин (одатий ҳолатда) ота-онасининг чақириши билан намозни бузмайди (“Имом Таҳовий: «Бу гап фарзларга тегишли. Нафл намозларда бўлса, Ота-онаси унинг намозда эканини билиб чақирса, жавоб қайтармаса (намозни бузмаса), зарари йўқ. Агар ота онаси уни намоздалигини билмасдан чақирса, намозни бузиб, жавоб қайтаради»” “Мароқул фалаҳ”);

Доя туғиладиган боланинг ўлиб қолишидан қўрқса, намозни бузиши вожиб бўлади.

Намозни бузиш жоиз бўлган ўринлар қуйидагилар:

Ўзининг ёки ўзганинг бир дирҳам (тақрибан саксон минг, юз минг сўм)га тенг моли ўғирланса;

Қўйларига бўри ҳужум қилишидан қўрқса (ва шунга ўхшаш ҳолатларда);

Кўр киши чуқурга тушиб кетишидан қўрқиб уни қутқариш учун ёки шунга ўхшаган нарсалардан қўрқса (намозни бузиш жоиз)” Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситиш деган маънода ҳадис бор экан. Шу ҳадисни шарҳлаб берсангиз. Ҳакни инкор қилиш деганда нималарни ўз ичига олади. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин.

Сиз айтган ҳадиснинг матни қуйидагича:

عَن عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ» ، قَالَ رَجُلٌ: «إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا، وَنَعْلُهُ حَسَنَةً» ، قَالَ: إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ» (رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَالتِّرْمِذِي، وَأَبُو دَاوُدَ، وَابنُ مَاجَه، وَأَحْمَد)

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қалбида зарра миқдорида кибр бўлган одам жаннатга кирмайди», дедилар. Бир киши: «Албатта, киши кийими ва пойафзали чиройли бўлишини хоҳлайди (бу ҳам кибрми?)», деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади. Кибр – ҳаққа унамаслик ва одамларни (қадрини) пастга уриш», – дедилар.
(Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб Мулла Али Қори шундай деган: “Мазкур ривоятдаги келган «батарун» сўзининг луғавий маъноси «қаттиқ хурсанд бўлиш»дир. Ҳадисдаги маъноси эса, неъмат келганда туғёнга кетиш, Аллоҳ таоло ҳақ қилган (тавҳид, ибодат)ни инкор қилиш, ҳақ келганда кибрланиб қабул қилмасликдир”
(“Мирқотул мафотиҳ”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мени Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми? Олдиндан раҳмат.

Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний «Бадоиус саноиъ» китобида шундай дейди:

إنَّهُ لَا يُكْرَهُ لِمَنْ عَلَيْهِ قَضَاءُ رَمَضَانَ أَنْ يَتَطَوَّعَ

«Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди».

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида шундай дейилган:

الأَمْرُ بِالقَضَاءِ لَا يَجِبُ فِي وَقْتٍ مُعَيَّنٍ مِنَ الأَوْقَاتِ، وَإِنَّمَا يَجِبُ فِي مُطْلَقِ الوَقْتِ

“Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади”. Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Саволим, эр-хотин жинсий муносабатдан кейин ювинмай ухласа бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Агар намоз вақти киргунича маълум вақт бўлса, жинсий муносабатдан кейин дарҳол ғусл қилиш вожиб бўлмайди. Фуқаҳоларимиз бу борада шундай деганлар:

الْجُنُبُ إذَا أَخَّرَ الِاغْتِسَالَ إلَى وَقْتِ الصَّلَاةِ لَا يَأْثَمُ

«Жунуб киши ювинишни намоз вақтигача кечиктирса гуноҳкор бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия», «Муҳит»).

Шунингдек, Имом Таҳовийнинг “Шарҳи маонил осор” китобида қуйидаги ривоят келтирилган:

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ قَالَ: » رَخَّصَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، لِلْجُنُبِ ، إذَا أَرَادَ أَنْ يَنَامَ ، أَوْ يَشْرَبَ ، أَوْ يَأْكُلَ ، أَنْ يَتَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ «.

Аммор ибн Ясир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб киши ухламоқчи бўлса, ёки еб ичмоқчи бўлса, худди намозга таҳорат қилганидек таҳорат қилиб олишга рухсат бердилар».

«Жунуб киши таҳорат қилмасдан ҳам ухлаши ва яна хотинига қўшилишининг зарари йўқ, лекин шу ишларни таҳорат қилгандан кейин қилса, яхши бўлади» («Фатавои Ҳиндия», «Сирожул Ваҳҳож» ). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бир ғайридин ҳамкасбим Исломни қабул қилмоқчи. У мусулмон бўлиши учун нима қилиши керак?

Ғайридин мусулмон бўлиши учун шаҳодат калимасини айтиши яъни, «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» дейиши керак. Бунга тил билан иқрор бўлиб, уни қалби билан тасдиқлаши лозим. Имоннинг шартлари еттита: улар Аллоҳ таолога, фаришталарга, нозил қилинган Китобларга, Пайғамбарларга, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига, қиёмат кунида қайта тирилишига қатъий ишонишдир.

Ғайридин кимса Исломни қабул қилгач, унинг ўтган барча гуноҳлари кечирилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ислом ўзидан олдинги (гуноҳ)ларни ўчиради” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Уламолар янги имон келтирган одамнинг ғусл қилиб олишини мустаҳаб дейишган. Ғайридин Исломга кириб, мусулмон бўлганидан сўнг Ислом динига оид зарурий илмларни ўрганиши, намозни жамоат билан ўқиши, моли нисобга етса закот бериши, Рамазон рўзасини тутиши, агар йўлга қодир бўлса, ҳаж қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Ой-куни тўлмай тушиб қолган болага жаноза намози ўқиладими?

Агар бола тирик туғилса ёки унга далолат қилувчи аломат (масалан, қимирласа, йиғласа) бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Аммо ўлик туғилса, унга жаноза ўқилмайди, исм қўйилиб, ювиб, матога ўраб дафн қилинади (Ҳидоя). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Бугунги кунда масжидларимизда намозхонлар ҳар хил шаклда намоз ўқишмоқда. Ҳар ким ўз ихтиёри билан хоҳлаган мазҳабига эргашиши мумкинми?

Мутааххир (кейинги) уламолар мусулмонларни муайян бир мазҳабга эргашишлари вожиб, деганлар. Чунки ҳар бир мусулмон ўзи тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисдан ҳукмларни олиш имкониятига эга эмас. Ва яна ҳар ким ўзи билганича амал қиладиган бўлса, омма ўртасида турли ихтилоф ва низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобларида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатаво” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиши вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшагувчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Демак, бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайнинг мазҳабига амал қилиш, турли ихтилофлар келиб чиқишига сабабчи бўлмаслик лозим экани маълум бўлмоқда. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намозга ният қилишда ракатлар ададини ҳам айтиш керакми?

Фарз ва вожиб намозларнинг ниятида ракатлари сонини таъйин қилиш шарт эмас. Намознинг ўзини ният қилиш кифоя (Мажмаул анҳур). Яъни, “пешин намозини ўқишни ният қилдим”, дейиш каби қайси намозни ўқишини дилдан ўтказишни ўзи кифоя. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Аввалги пайтда уламоларимиз томонидан қибла қандай аниқланган, шу ҳақида маълумот берсангиз.

Бизнинг диёримизда Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг қибла тўғрисида берган фатвоси асос қилиб олинган. Имом Сарахсий ўзининг “Мабсут”ида нақл қилишича Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ёзнинг энг узун кунида қуёш ботган жойни белгилаб қўй! Сўнгра қишнинг энг қисқа куни қуёш ботган жойни ҳам аниқлаб, белгилаб қўй! Шу икки аломат ўртасидаги оралиқни учга бўлиб, ўнг томонингга икки ҳиссасини, чап томонингга бир ҳиссасини тақсимлаб, чап томондан энг биринчи ва иккинчи бўлаклар туташган чизиққа юзлансанг, шу қибладир”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жинларнинг таъсиридан қандай сақланиш мумкин?

Жинларни инсонлар кўра олмайди. Чунки улар жуда латиф ва тезда ўзгара олиш қобилиятига эгадир. Киши билмаган ҳолида қайноқ сув сепиб юбориб, бавл қилиб ва ҳоказо ишлар билан уларга озор етказганида жинлар унга зарар бериш билан интиқом олади.

Жинлардан сақланишнинг йўли эҳтиёткорликдир. Улар кўпинча шомдан кейин, яъни қоронғи тушаётган маҳалда чиқишади, нажосат, ахлатхоналарда озиқланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
«Хуфтонда идишларнинг устини ёпиб, мешлар оғзини боғлаб, эшикларни тамбалаб ва болаларингизни (уйда) ушлаб ўтирингиз, чунки (шу вақтда) жинлар атрофга тарқалишади…» (Имом Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Намоздан сўнг нима деб дуо қилиш керак?

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):
«Эй Парвардигорим, мени, бандаларингни жамлайдиган, тирилтирадиган кунда азобингдан сақла!», деб дуо қилар эканлар (Имом Муслим ривояти).

Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар намоздан сўнг:
«Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Ҳаракат, ғайрат ҳам, буюклик ҳам Сендандир!», деб дуо қилганлар (Имом Бухорий, Аҳмад ва Муслим).

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муъоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)га ҳар бир намоздан сўнг:
«Аллоҳумма Рабби, аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик», деб дуо қилишни ўргатганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Фол кўрувчилар жинлар билан ишлайдими?

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради» деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Фолбинларнинг гапларига ишониш қуфрдир (Аллоҳ асрасин). Ҳадиси шарифда: «Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди», дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Араб тилини яхши билган киши Қуръондан ўзича ҳукм чиқарса бўладими?

Йўқ, Араб тилини яхши билишнинг ўзи Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм чиқариш учун кифоя қилмайди. Балки, бунинг учун киши бир қанча шаръий илмларни ҳам билиши шарт. Жумладан, биринчи навбатда араб грамматикасини (наҳв, сарф) ва балоғат илмини мўтабар манбалар асосида таълим олган бўлиши даркор. Кейин Қуръон ва ҳадис илмини, ундаги оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмоғи, носих-мансуҳ, мутлақ ва муқайяд, омм ва хос каби усулул-фиқҳ қоидаларини пухта билиши ва улардан ўз ўрнида фойдалана олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўз фикрича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, – деганлар (Имом Термизий ривоят қилган). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

“Барзах” ҳаёти нима? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

“Барзах” сўзи луғатда икки нарсанинг ораси деганидир. Шариат истилоҳида эса инсон вафот этганидан сўнг то қиёматда қабрдан тирилгунча ўлган вақтини “барзах” ҳаёти дейилади.
Инсон қабрга қўйилганидан сўнг икки фаришта – Мункар ва Накир Аллоҳ ва Унинг расули, дини ҳақида сўраши, шундан кейин қабрда роҳат ёки азобнинг бўлиши ҳақдир (“Фиқҳул Акбар”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Эрнинг хотини олдидаги вазифалари ҳақида маълумот беринг

Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ

سورة النساء/34.

яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” – деган.

Пайғамбаримиз с.а.в. эрнинг аёли олдидаги вазифаси хусусида шундай марҳамат қилганлар; Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَنْ تُطْعمَهَا إِذَا طَعِمْتَ ، و تَكْسُوهَا إِذَا اكْتَسيْتَ وَ لاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ ، وَ لاَ تُقَبِّحْ ، وَ لاَ تَهْجُرْ إِلاَّ فِى الْبِيْتِ (رواه ابو داود)

яъни: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир.

Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Албатта, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ шундай деб марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ»
(رواه الترمذي).

яъни: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Ваҳолангки, мен ҳам ичингизда аҳлимга энг яхши (муносабатда)ман” (Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Қазо бўлган намозларни ўқиш қонун-қоидаларини тушунтирсангизлар. Илтимос.

Киши ухлаб қолиб ёки унитиб бирор намозни қазо қилиб қўйган бўлса, уйқудан уйғониши ёки эсига тушиши билан кечиктирмай уни ўқиб олиши лозим.

Қазо намози ҳам худди вақтида ўқиладиган намоз каби азон ва иқомат айтиб ўқилади. Бир нечта қазо намозларни ўқимоқчи бўлган киши бошида битта азон айтиб, қолганларини иқоматни ўзи билан ўқиса ҳам бўлади.

Қазо намозларнинг фақат фарзлари ва хуфтоннинг витри ўқилади, суннатлари қазо қилинмайди. Бугунги бомдод намозининг қазосини завол вақтигача ўқийдиган киши суннатини ҳам бирга қазо қилиб ўқийди, заволдан кейинга қолса фақат фарзи ўқилади.

Қазо бўлган намозга қуйидагича ният қилинади: (Масалан, бомдод намозининг нияти) “Ният қилдим қазо бўлган бомдод намозининг фарзини ўқишни, юзимни қиблага қаратган ҳолда, холисан лиллоҳи таоло аллоҳу акбар”.

Мусофирликда қазо бўлган намознинг қазосини муқимликда ўқимоқчи бўлса қаср қилиб ўқийди. Муқимликда қазо бўлган намозларнинг қазосини мусофирликда ўқимоқчи бўлса тўлиқ қилиб ўқийди.

Қазо намозларни куннинг уч маҳалида яъни, қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтлардан бошқа барча вақтларда ўқиса бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Жунуб киши ғусл учун тайёрланган челакдаги сувнинг ҳароратини билиш учун пок қўлининг қанча қисмини сувга ботирса сув оби мустаъмалга айланади. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

Таҳоратсиз, жунуб ва ҳайздан пок бўлган кишилар сувдан ҳовучлаб олиш учун қўлини сувга тиқса, бунга зарурат бўлгани учун, сув оби мустаъмалга айланмайди (Фатавойи ҳиндия).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам масжидининг эшиги ёнига сув идиши қўйилар ва ундан суффа аҳли таҳорат ва бошқа нарсалар учун қўллари билан ҳовучлаб сув олишарди. Чунки бунга зарурат ва ҳожат бор эди (Фатҳи бобил иноя).

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан машҳур ривоятга кўра сув оби мустаъмал бўлиши учун тўлиқ бир аъзони унга киргизиш шарт қилинади. «Муҳит» китобида шундай дейилган. Битта ёки иккита бармоқни сувга тиқиш билан сув оби мустаъмалга айланмайди, балки сувга кафтни тиқиш билан мустаъмалга айланади. «Зоҳирийя» китобида шундай келтирилган (Фатавойи ҳиндия).

Юқоридаги масалалар қўлда нажосат бўлмаган ҳолатга тегишлидир. Агар қўлда нажосат бўлса, албатта, сув нажосатга айланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Мусофир киши намознинг суннатларини ўқийдими?

Мусофир киши суннатларни тўлиқ ўқийди. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларидан бири бўлмиш Имом Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китобида шундай дейилади: “Сафар сабабли суннат ва нафл намозлар қаср қилинмайди. Сафарда фарз намозлар қаср қилиб (қисқартириб) ўқилади, лекин суннат ва нафл намозлар қаср қилинмайди. Уларни ўзи аслида неча ракаат бўлса, шунча ўқилади. Чунки, сафарда намозни қаср қилиб ўқиш Аллоҳ таолонинг амри билан бўлган ва у амр фақат фарз намозларига тегишлидир”.

Бу масала ҳақида “Бадоеъус-саноеъ” китобида шундай дейилган: “Сафарда суннат ва нафл намозларини қисқартириб ўқиш йўқ. Чунки, (фарз намозларини) қисқартириш Аллоҳ таолонинг амри билан бўлган. Суннат ва нафл намозлари ҳақида бундай амр йўқ”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Телефон орқали Қуръони каримни тинглаш жоизми?

Қуръони каримни телефон ёки шунга ўхшаш бирор восита орқали тинглаш жоиз амал бўлиб, савобли амал саналади. Фақат унинг ўзига яраша одобларига риоя қилиниши шарт.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. шунда раҳм қилинурсиз», деган (204-ояти).

Мазкур ояти каримага кўра Уламолар Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун бирор иш билан машғул бўлиб, Қуръон эшитиш жоиз эмас. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Телефонга азон овозини ўрнатиб, ундан будильник сифатида фойдаланиш мумкинми?

Уламолар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун будильник сифатида фойдаланиш жоиз деганлар. Лекин айнан ўша уламолар агар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун эмас, балки, умумий уйқудан уйғотувчи восита сифатида фойдаланиш яхши иш эмас, балки, бундан сақланилган маъқул, дея таъкидлашган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar