Носир МУҲАММАД

Омон бўл, она ер!
Қурт еган олмадай Еримиз ночор,
Дайди шамолларда титрагай банди.
Биз эса берурмиз бағрига озор,
Ва ё эмасмизми унинг фарзанди?!

Қувурлардан “қора олтин” оқади,
Қазилма конлардан вужуди яра.
Ўрмонлар ёнғини бағрин ёқади,
Тутунлардан бўлар кўк юзи қора.

Танклар залворидан титрайди карахт,
Оромин бузади бомбалар портлаб.
Цунами, тўфонлар солади даҳшат,
Қуриган кўллардай қолар ташналаб.

Кундан-кун ортади ҳаёт шиддати,
Гоҳида чўмаман мунгли хаёлга.
Наҳотки Аллоҳнинг буюк неъмати
Бандалари сабаб етса заволга.

Ишонгим келади – сўлмагай дунё,
Коинотдай сирли, мукаррам инсон.
Мушкуллар чақилур ёнғоқдай гўё
Эзгу бўлса ният, бут бўлса имон.

Неча тўфонларни кўрган бу ҳаёт,
Дарёлар ўзандан тошган лим тўлиб.
Ва лекин қутқарган Соҳиби нажот
Гоҳ Нуҳ, гоҳ Муҳаммад сабабчи бўлиб.

Она ер, ўзингсан бизларга таянч,
Оғушинг инсонга шарафли макон.
Қадринг билмасларнинг аҳволи аянч,
Фарзандлар бахтига омон бўл, омон.

Осмондаги ўйлар
“Боинг” парвоз қилар само баҳрида,
Гўё жонлангандек қадим рўёлар.
Пастга тикиламан, замин бағрида
Қон томирлар каби йўллар, дарёлар.

Оппоқ момиқ каби булутлар сузар,
Гўёки пахтадан уюлган хирмон.
Қуёш шуъласидан уфқларда зар,
Ер каби туюлар шу дамда осмон.

Сузиб борар экан ҳаво кемаси
Силкиниб олади ҳорғин қушдай гоҳ.
Учоққа илк минган гўдак чамаси
Ваҳима босади кўнглимни ногоҳ.

Ҳис этдим: бу буюк кенгликлар аро
Бизнинг ҳаётимиз заррадир фақат.
Дилимда қўрқинчу тилимда дуо,
Бир томчи сув каби умр омонат.

Меҳр-ла боқаман ерга дам-бадам,
У гўё харита – рангларга тўлиқ.
Кўринмас на шаҳар, на бирор одам,
Тиканли симлару чегаралар йўқ.

Қани у давлатлар, эллар, элатлар,
Ирқу фирқа аро ғавғою низо?
Англадим, самодан боқилса агар,
Шу тупроқ барчага ягона маъво.

Дунёни талашиш етар энди, бас,
Қўлни қўлга беринг, яшнасин ҳаёт.
Бахтини осмону фалакда эмас,
Шу заминда топар ахир одамзот.