ЧЎҚҚИЛАР

осмоннинг кўксига ботар,

осмонлар қуш каби инграр ёзларга,

тоғларнинг тошлари умбалоқ отар,

билмас ўсганини бу парвозларда,

ўсиб кетганини англамайди тоғ,

чўққилар қачондир етгай осмонга,

тупроқни қучоқлаб ураверар оҳ,

ахир, изтироб ҳам парвоздир жонга!

Қониқмас, кўксига тушса эрир қор,

ёнган кўкси гўё ғафлат – мангу хоб,

ҳар битта чўққининг бағрида ганж бор,

демак, ҳар бир чўққи – буюк изтироб,

қай қаро кун эди ўксук бош билан,

қалин қор ётган тоғ кўксига боқди –

қип-қизил рўмоллар яшил тош билан

учаркан, ўкради – ёши булоқдир,

қип-қизил лолалар яшил қанотин

кенг ёзар парвозга, титрар шамолда,

ким тоғдай куйлайди ҳаётнинг отин,

тоғ бўлиш келмайди қай бир хаёлга,

чўққи бўлишни гар ўйласа ҳар ким,

тоғлар изтиробин олсин ўзига,

ва билсин – ҳар бир тоғ ғам бирла чўққи,

ҳар чўққи тоғ эмас, хоксор, ўксиган!

 

ШАМОЛ

қутуради, дўнар бўронга,

қасирлаб уйларга солади ваҳм,

сустлашар, оҳ тортар қайсидир онда,

ёлворгандай бўлар, уйғотар раҳм,

бўрими ё итга ўхшаб увлар гоҳ,

бошини уради остоналарга,

сўфи фиғонига қўшилиб ногоҳ

нола чека бошлар мезаналарда,

тонг чоғида титраб еру кўкни у

фарёдлар солади, сўз қотмоқчими,

 

жамики жонзодни, набототнию

инсонни уйқудан уйғотмоқчими?!

Кимнингдир кўнглига тушиб қўрқувлар,

кўрпага ўранар, пинжга тиқилар,

кимнингдир жонига тегиб қув-қувлар

шамолдай чиқмоқчи,

аммо йиқилар...

шамолнинг каттаси ҳозир ҳукмрон,

қўрқитар ҳаттоки номи ҳам – Бўрон,

бўрон қўшин йўллар дарё ўнгига,

афғон шамолига тузлар қўшилиб,

босилар заминнинг яро кўнглига!”

“Серка таранг, йўл бошлар гаяк эчки –

тоғларда сурувлар ҳоли не кечди?!”

чучмалнинг энг зўри тайтув аталар: –

“иш йўқ, бир кун тинч қўяр катталар!”

Шамол ўз ишин пухта бажарар,

бўроннинг кўксида қолмайди армон:

“ким фармондан чиқса элидан ажрар,

талафотга учрар, ким бузса фармон!”

Алқисса, синов бу – бўроннинг қўли,

рақибингдан ўрган курашмоқ йўлин.

 

ДАРАХТЛАР

қандайдир ўйчан, паришон,

йўллар жимжит, бўм-бўш, ҳазин ва ҳайрон,

қишлоқ ҳам ичига ўраниб олган,

нимадир юз берган, недир йўқолган,

юз берган нарсанинг кўринмас юзи,

йўқотган нарсасин – йўқ ранги, туси.

оқариб кетгандай бир ҳодисадан,

қишлоқ соғинади, сен олисдасан,

қишлоқ эмас асли ўзимиз ғалат,

асли биздан эрур бу иш, бу ҳолат,

меҳмон эмассан-ку, қўй “меҳмонлик”ни,

огоҳлик кетказар паришонликни,

биз эмасми ахир паришон этган,

хабар олмай ойлаб ва йиллаб кетган,

узоқдан кўринар – одам бунча кўп,

ҳовлида куйманиб юришар тўп-тўп,

юрак дукиллайди учганда учоқ

кечиккан йўловчи бундан яхшироқ,

яхшиликка бўлсин қадамларингиз,

тўйга келган бўлсин одамларингиз!

 

ЧИРОҒИМ

 Абдуллоҳ Муродга

 

Шундай чақиради отам ҳам мени –

чироғим дейман мен, оғажон сени,

мени йироқларга тайин чорлаб юр!

Чироқ бўл, йўлимда доим порлаб тур!

Табиат нурин ҳам айлашар таъна,

ҳатто кунни мендан қилишар пана,

шам каби кулбамни кўчирмоқ бўлар –

бир чимдим шуълани ўчирмоқ бўлар,

йўллар ҳам қоронғу, ўйдин чуқурроқ,

шамолда сояси ва тоғ кўчкинроқ,

зил соядан чиқиб ёритсам дейман,

қўлдан келса ғамни аритсам дейман,

ҳатто шу ишни ҳам қизғаниб мендан,

ётиб олар зўр харсанглар кўндаланг,

қаро кўкда пайдо қаро булутлар,

дунё дунёлигин бир дам унутар,

ҳатто чироқ ёди айлар чароғон,

ёд аро йироқда ҳорғин нур кўрдим,

шукр, етиб келди, суяниб юрдим,

ҳассага суянган каби одимлаб,

бир тола нур билан бордим олдинлаб,

шуъла каби йўлда нур ҳам бўзлайди,

ҳатто нур ҳам асли бир нур излайди,

бўлмаса нурга зор, нурзордир гулзор,

инсон нургул бўлар, зиёли дил бор,

зулматли чоғларда келгандинг етиб,

нуруллоҳ бўлганлар кетмас тарк этиб!

 

ЮЛДУЗЛАРДАН

келди муаттар бўйлар,

димоғларни ёриб осмонлар ўтди,

қайларда юрасан, неларни ўйлаб,

куйлаб, фарёд айлаб ёбонлар ўтди,

ҳур гиёҳлар ўтди неча бор куйлаб,

ҳар ёндан баҳорлар – фиғонлар ўтди,

ҳар ёнда сўроқлар мунғайган уйлар,

йўллар эзгин наво, ҳар ёнлар ўтди,

ўтиб бораверар одамлар қайга,

бир жойда турган мен, қўрғонлар ўтди,

юракларни босиб танбурга, найга,

зах жой излаб кўкси куйгонлар ўтди,

давомлайди йўллар, инсон давомлар,

сени сўраб қанча замонлар ўтди,

бўм-бўш кўкси билан қанча авомлар,

зил қопи елкада ҳайронлар ўтди,

қайт, инсон кўнглидир хушбахт маконинг,

Йўлдош менга айтмас, имконлар ўтди.