ШУКРОНА

Йиғлаб келдим дунёга – дилимда исён топдим,

Адашмай юрай дедим, яшашга имкон топдим.

 

Манзилим бўлди йироқ, ўқинмай юрдим бироқ,

Гоҳ йўлимда майсамас, ботгувчи тикон топдим.

 

Англаш учун дунёни, излай-излай давони,

Кезиб қанча маъвони дардимга дармон топдим.

 

Толиқмадим, синмадим, ҳаракатдан тинмадим,

Ёлғон нима билмадим, гуллаган бўстон топдим.

 

Кўнглига тош жойлаган, қулай фурсат пойлаган,

Йиқитишни чоғлаган иғвою бўҳтон топдим.

 

Қайтмади аммо шаштим, яхшиларга эргашдим,

Ҳақ зикрига энгашдим – инсофу имон топдим.

 

Ғанимларим енгилиб, толе сабоси елиб,

Шукр, шу кунга келиб, давр ила даврон топдим.

 

Мақсадим бўлди Йўлдош, йўлим ёритди қуёш,

Эзгулик деб аталган манзилу макон топдим.

 

* * *

Гоҳ қалампир, гоҳ асал –

Бўлди ёшлик кунларим.

Китоб бўлар бир тугал –

Чеккан ҳасрат, унларим.

 

Уруш, жудолик, алам...

Оталар жанг қиларди.

Даладан қайтган онам

Мени қучиб йиғларди.

 

Нон ўрнига онамнинг

Оҳ-ноласини чайнадим.

Тонглар туриб юзимни

Кўз ёшимга чайқадим.

 

Йигитлигим саҳрода

Шўр тупроққа буланди.

Гоҳида енгил-елпи

Гармселга таландим.

 

Кўзларим қумга тўлиб,

Тополмай турсам йўлим...

Сирдош, суянчиқ бўлиб,

Яхшилар тутди қўлим.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ

Фарғона